Шаҳриёр сафаров
Download 1.63 Mb. Pdf ko'rish
|
прагмалингвистика-сафаров ш.
ўзига хос (Искандарова 1993; Мўминов 1997): қизлар
нутқи иффат, ибо этикаси доирасида шакл топади ва воқеланади. Шу сабабли, катталар ва йигитлар берадиган саволларга қизлар билвосита жавоб бериш йўлини излайдилар, баъзан сукут сақлаб қўя қолишади. Нутқий вазият симметрик муносабат доирасида юзага келса, фикр изҳори анча очиқ, коммуникатив мақсадлар аниқ ифодаланаётган нутқий ҳаракатлар ижросида кечади: 161 -Бугун қандай баҳонани ўйлаб келаяпсиз? – дея қарши олди у (хотин). -Оббо!-Тоҳирнинг тишлари ғижирлаб кетди. – Яхши гап йўқ эканда бу уйда. Қачон қараса, тергагани тергаган. -Тергашимга асос бор, - деди Гўзал тап тортмай. – Қолаверса, яхши гапга қорин тўймайди (Зулфия Қуролбой қизи. Ёвузлик фариштаси. Т., 2005. -47 б). Аммо симметрик вазиятда ҳам мулоқот тагмаъноли, тумтоқ иборалар воситасида, лўнда ифодада кечиши ҳеч ҳам истисно эмас: -Овқатинг тайёрми? -Йўқ. -Нима сабабдан? -Билмайман. -Истамадингми? -Ҳа. -Нега? -Шундай. Нутқий мулоқотнинг юқорида эслатилган ҳамкорлик ва ҳурмат тамойиллари асосан тингловчи - адресантнинг «фойдаси»ни кўзловчи тамойиллардир. Бу тамойиллар симметрик ва носимметрик нутқий вазиятларда бир хилда фаоллашадилар. Шахслараро мулоқот жараёнида сўзловчи ўз фойдасини ҳам унутмайди, у ўз шахсиятининг қимматини кўрсатишга, ўз ҳурматини сақлашга уринади. Шахсий қадрини сақлашга йўналтирилган тамойил кўпинча носимметрик муносабатлар вазиятида намоён бўлади. Ушбу тамойил, масалан, киноя мазмунидаги нутқий ҳаракатлар ижросида фаоллашади, чунки табақа пиллапоясида юқорироқ ўрин эгаллаган шахс – сўзловчи пастки поғонада турган тингловчига киноя воситасида таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Киноя қўполлик ва қатъиятни бир оз бўлса-да, юмшатиш имконини беради (Leech 1983: 142). 162 Маслаҳат мазмунидаги нутқий акт ҳам кўпинча мулоқот асимметрик шароитда кўчаётганда ҳосил бўлади. Т.Ҳадсоннинг таъкидича, маслаҳатга эҳтиёж суҳбатдошлардан бири қийин ҳолатга тушганда туғилади ва маслаҳат берувчи шахс уни қўллаб-қувватлашга уринади (Hadson 1990: 286). Демак, маслаҳат бериш ҳуқуқига ижтимоий мавқеи юқори бўлган (бу мавқе доимий ёки турли шароитларга нисбатан ўзгарувчан бўлишини ҳам унутмайлик) шахс эгадир. Маслаҳат вазиятининг ўзгариб туриши сабабли бўлса керакки, сўзловчи ўз фикрини етказишда унчалик қатъият билдирмасдан, ўзини холисона тутишга, бетарафдек кўрсатишга ҳаракат қилади. Агарда қатъийлик кўрсатилса, холисликдан йироқлашилса, авторитар вазият юзага келиб, муносабатларнинг носимметриклиги кучаяди. Буйруқ, фармойиш, кўрсатма каби авторитар хусусиятга эга бўлган нутқий фаолият жараёнида тингловчи бўлғуси ҳаракатни танлаш ихтиёридан қарийб маҳрум, у, сўзсиз, ижрога маҳкум. Бундай шароитда мулоқот ҳамкорлиги бузилади, у бир томонлама ҳамкорлик тусини олади. Директив нутқий ҳаракатларнинг қатъийлиги «талаб ижроси учун ажратилган вақтни чегаралаш йўли билан белгиланиши мумкин (Пушкин 1990: 29). Масалан, «Зудлик билан етиб келинг!», «Ҳозироқ жавоб қайтаринг!», «Бир ҳафта муддатда ижроси таъминлансин!» каби фармойишлар кўрсатилган вақтда бажарилиши лозим. Хуллас, оламнинг ранг-баранг ва унда кечаётган воқе-ҳодисаларнинг турли-туман бўлгани каби мулоқот вазиятлари ҳам турли хусусиятларга эгадир. Улар ҳар хил шароит, муҳитларда ҳосил бўладилар, мулоқот иштирокчиларининг муносабатлари ижтимоий мавқега бир хилда эга бўла олмайди. Айнан шу турли-туманлик мулоқот тизимининг социопрагматик кўрсаткичларини, ижтимоий дейксис қобиғини ташкил қилади. 163 Социопрагматик белгиларни эътиборга олмаслик нутқий ҳаракатлар жўялилиги тамойилининг талаблари бузилишига олиб келади. Профессор Н.Маҳмудов яқинда эълон қилган мақоласида нутқнинг жўялилик сифатини таъминлаш учун сўзловчи, ифодаламоқчи бўлган мазмундан ташқари, нутқий вазиятни, тингловчи хусусиятларини, унинг ижтимоий мақоми, маданий- маърифий савияси каби факторларни назардан қочирмаслиги лозимлигини яна бир карра уқтирди. Олим жўялилик тамойили талаби қондирилмаганлиги қандай оқибатга сабаб бўлишини кичкинтойларга «Соғликда кўришайлик! Омон бўлсак, албатта, кўришамиз!» каби расмий мулоқот шаклидаги жумлаларни ўргатишга интилиш мавжудлиги мисолида изоҳлаб берди (Маҳмудов 2007: 16). Ҳақиқатдан ҳам, нутқ вазияти, суҳбатдошларнинг ижтимоий мавқеи, улар бажарадиган нутқий ҳаракатларнинг ахлоқий-маънавий нормаларга оид хусусиятлари кабилар мулоқот тизимининг муҳим белгиларидир. Уларни тўлиқ бир мажмуа сифатида тадқиқ қилиш прагмалингвистиканинг долзарб вазифаларидандир. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling