89-модда. Давлат ижрочиларининг ижтимоий ҳимояси
Давлат ижрочилари республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат мажбурий суғуртасидан ўтказилиши керак.
Давлат ижрочилари ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ ҳолда майиб бўлган ёки уларнинг соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилган ёҳуд улар ҳалок бўлган тақдирда давлат ижрочисига ёки ҳалок бўлган шахснинг оиласига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда бир йўла бериладиган нафақа тўланади.
Давлат ижрочилари ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ ҳолда уларнинг мол-мулкига етказилган зарар республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиб, бу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.
(89-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 июлдаги ЎРҚ-551-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.07.2019 й., 03/19/551/3493-сон)
891-модда. Мажбурий ижро бюросининг фаолиятини ташкил этиш
Мажбурий ижро бюроси органларининг фаолиятини ташкил этиш, ушбу органларнинг вазифалари ва функциялари, шунингдек Мажбурий ижро бюросида хизматни ўташ тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Мажбурий ижро бюроси органлари ижро ишларини юритиш ҳужжатларини ҳисобга олиш ва сақлашни қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ таъминлайди. Ижро ишларини юритишдаги ижро ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларни олиб қўйишга фақат суд қарори асосида ёки Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда йўл қўйилади.
Ижро ишларини юритиш, шу жумладан уларни шакллантириш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан белгиланади.
Мажбурий ижро бюроси Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан қўзғатилган ижро ишлари тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базасини юритади.
(891-модда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 июлдаги ЎРҚ-551-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.07.2019 й., 03/19/551/3493-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |