Тарихий манбашунослик


Download 1.58 Mb.
bet149/175
Sana10.02.2023
Hajmi1.58 Mb.
#1186849
1   ...   145   146   147   148   149   150   151   152   ...   175
Bog'liq
manbashunoslik

16.2.14. «Матлаб ут-толибин»
«Матлаб ут-толибин» («Ҳақиқат изловчиларнинг мақсади») Тожиддиннинг ўғли Абулаббос Муҳаммад Толиб томонидан 1663/64 йили ёзиб тамомланган. Унда машҳур Жуйборий хожалардан хожа Муҳаммад Ислом, хожа Саъд, хожа Тожиддин Ҳасан, хожа Абдураҳим (1575-1629 йй.), Абдихожа (1577-1607 йй.) ва Муҳаммад Юсуфхожа (1595-1652 йй.)ларнинг ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти баён этилган.
«Матлаб ут-толибин» фақат биографик асар бўлиб қолмай, унда мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий аҳволига оид ҳамда Бухоро хонлиги билан Ҳиндистон ўртасида муносабатларга тегишли ўта муҳим маълумотлар мавжуд. Шунинг учун ҳам ундан В.Л.Вяткин ва П.П.Иванов Жуйборий хожаларнинг кр-суви ва мол-мулкини тадқиқ этишда асосий манбалардан бири сифатида фойдаланишган.
Муҳаммад Толиб ҳақида қуйидагилар маълум. Асарда учраган баъзи маълумотларга қараганда, отаси 1608 йили вафот этганида у 39 ёшда бўлган. Шуни эътиборга олинадиган бўлса, муаллифнинг туғилган йили 1569 йил бўлиб чиқади. У хожа Тожиддин Ҳасаннинг иккинчи ўғли бўлиб, ҳамма вақт отаси билан бирга Бухорода истиқомат қилган. 1623 йили ота-бола Балхга борганлар. Муҳаммад Толибнинг ҳам ҳам хўжалиги катта бўлган. Отасидан олган улушидан ташқари, 1632-1633 йиллари беварзанд холасининг ер-суви ва бошқа мулки ҳам унга берилган. Мулк отаси тириклигида 400 минг тангага баҳоланган.
«Матлаб ут-толибин» таркиби анъанага биноан муқаддима, хотима ва саккиз бобдан иборат.
Муқаддимада анъанавий фотиҳа ва ҳамду санолардан кейин, мазкур асарни ёзишда муаллиф ўз олдига қўйган вазифалар ҳақида сўз юритилади ва асар мундарижаси келтирилади.
Асарнинг энг қимматли маълумотлар мавжуд қисми унинг IV-VIII бобларидир.
Тўртинчи бобда хожа Саъднинг кароматлари«Матлаб ут-толибин», мол-мулки ва хизматкорлари, ХVI асрнинг 80-ймлларида мавжуд сиёсий вазият ҳақида муҳим маълумотлар келтирилади. Айтишларича, хожа Саъднинг Бухоро, Миёнқол, Самарқанд, Саврон, Туркистон, Ахсикат, Насаф, Ҳисор, Термиз, Қубодиён, Балх, Бадахшон, Ҳирот, Марв, Мурғоб, Меҳна, Машҳад, Чоржўй ва Андхуд вилоятларида катта мол-мулки, ер-суви, кўп сонли мол-қўйлари, дўконлари, ҳаммомлари, сардобалари ва қуллари бўлган. Масалан, ҳазрат эшоннинг тилга олинган вилоятларда 2000 жуфт гов110 экин ери, 2500 бош қўйи, 1500 оти, 12 ҳаммоми, 10та сардобаси, кўплаб бозорлари, савдо дўконлари ва устахоналари, 100 нафар қули ва бошқа бойликлари бўлган. Унинг ҳар бир вилоятда ғалла омборлари бўлган. Фақат Бухоройи шарифнинг бир ўзида шундай омборлардан тўрттаси қурилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 100 манн111 ғалла сақланган. Хожа Саъднинг йиллик даромади 60.000 тангага баробар бўлган. Ҳазрат хожанинг мол-мулкини кўп сонли ва турли лавозимдаги саркор, вакил, дафтардор, соҳиби хирож, керак яроқ, баковул, қози, доруға, миришкор каби мансабдорлар бошқариб турганлар.
Тўртинчи бобда келтирилган сиёсий воқеалар ичида Абдуллахон сонийнинг Андижон ва Хоразм устига ХVI аср 80- йилларида қилган ҳарбий юришлари, Абдуллахон билан Ўзбек султон ўртасидаги келишмовчиликлар, Шайбоний қўшинларининг Иссиқкўл вилояти устига қилган ҳарбий юриши ҳақидаги маълумотлар ўта муҳимдир.
Яна шу бобда баён қилинган воқеалар ичида Самарқанд ҳокими Шайбонийзода Ибодулла Султон, Абдуллахон сонийнинг инисининг ўлдирилиши сабаблари ҳақида айтилган фикрлар зўр аҳамиятга эгадир. «Абдулланома» муаллифининг сўзларига қараганда, Ибрлуооа султоннинг ўлимига унинг шариат қоидаларини бузганлиги, яъни рамазоннинг биринчи куни рўза тутмай, ичкилик ичганлиги сабаб бўлган. Лекин, 1586 йили Бухоро ва Самарқандда бўлиб ўтган воқеаларни чуқурроқ таҳлил этадиган бўлсак, бу фақат бир баҳона, сабаби эса тамоман бошқача бўлган. Масалан, «Матлаб ут-толибин»да келтирилган маълумотларга қараганда, ХVI асрнинг 80-йиллари бошида Шайбоний султонлар, хусусан Ибодулла султон билан Абдуллахон ўртасида муносабатлар бир қадар бузилиб қолган. Бунга Абдуллахоннинг 1583 йили Андижон устига, Исфандиёр султонга қарши қўшин тортгани сабаб бўлган. Асарда келтирилган маълумотларга қараганда, 1586 йилнинг 3 август куни Тошкент ҳокими Дўстим султон, Андижон ҳокими Исфандиёр султон ва Ҳисор ҳокими Ўзбекхон, ва Самарқанд ҳокими Ибодулла султоннинг элчилари Самарқандга тўпланиб кенгаш ўтказганлар ва гапни бир ерга қўйиб Абдуллахон сонийга қарши ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузганлар. Орадан кўп вақт ўтмай, Ибодулла султон Абдуллахоннинг йўқлигидан фойдаланиб, Самарқанд теварагидаги туманларни босди ва талон-тарож қилди.
«Матлаб ут-толибин» муаллифи яна қуйидагиларни ёзади; «(Ибодулла) султон рамазон ойи бошларида қаттиқ ичиб маст бўлгани сабабдан Мирзо Абдураҳим кечаси махфий равишда унинг хонасига кирди ва ханжар зарби билан уни ўлдирди. Ўша кунлари ҳазрат эшон (хожа Саъд) Ҳисори шодмонда эдилар. Тун яримлаганда дин суянчиғи бўлмиш амир ул-умаро Қулбобо кўкалтош (ҳазрат эшоннинг ҳузурига) кириб келди ва Ибодулла султоннинг ўлдирилганлигини айтди. Бундан сал аввал ҳазрат эшон онасини тушида кўрганлигини ва мулозимларига «Яқин орада Ибодулла султон бу дунёни тарк этса керак», деб айтган. Асарда келтирилган бу маълумотларни диққат билан таҳлил қилинганда Ибодулла султон Абдуллахоннинг одамлари томонидан ўлдирилганлиги ўз-ўзидан маълум бўлади.
Яна шу бобда Абдуллахоннинг 1583 йили Андижон устига, Исфандиёр султонга қарши, ва сал кейинроқ Хоразмга қўшин тортгани ҳақида маълумотлар бор.
Асарнинг бошинчи боби хожа Тожиддин Ҳасаннинг туғилган кунидан то вафотигача Мовароуннаҳрда кечган воқеалар ҳақида ҳикоя қилинади. Бу ерда келтирилган маълумотлар орасида ҳокимиятнинг Шайбонийлардан Аштархонийлар сулоласи қўлига ўтиш вақти ҳақидаги маълумотлар қимматлидир. Маълумки, баъзи китобларда ва хронологияларга оид асарларда, масалан, С.Лейнпул, Е.Цамбаур китобларида, бу воқеа ҳижрий 1006, мелодий 1598 йилда содир бўлган деб қайд қилинади. Лекин кейинроқ атрофлича ўрганилган «Баҳр ул-асрор», «Тарихи оламоройи Аббосий», «Силсилат ус-салотин» асарларида бу воқеа ҳижрий 1009, мелодий 1601 йили содир бўлгани очиқ айтилган. «Матлаб ут-толибин»да шу фикр аниқ ва ишонарли далиллар билан эътироф қилинган.
Яна шу бобда Абдуллахон соний билан унинг ўғли ва тахт вориси Абдулмўъмин султон ўртасида бошланган зиддият ҳақидаги маълумотлар тарихимизнинг яхши ёритилмаган масалаларига аниқлик киритишда муҳим аҳамият касб этади. Бу жиҳатдан бешинчи бобда келтирилган маълумотлар жиққатган сазовордир.
Булардан бири, Жуйборий хожаларнинг мол-мулки йил сайин ортиб боришидир. Масалан, хожа Саъднинг вориси хожа Тожиддин Ҳасаннинг мол-мулклари орасида янгилари, янги қурилган Ҳасанобод қишлоғи, 50 нафар чорбоғ, 20 қатор112 туя ва бошқалар ҳам бўлган. Шуни ҳам айтиш керакки, хожа Тожиддин фиқҳ, ҳадис ва тарихга оид қимматли китоблар йиғишга ҳам эътибор берган. «Матлаб ут-толибин»да келтирилишича, унинг кутубхонасида 1000 жилд қимматли қўлёзмалар сақланган. Уларнинг айримлари безакли, тилла суви бериб ёзилган китоблар бўлган.
Иккинчиси Абдуллахон билан унинг ўғли ва тахт вориси, Балх ҳукмдори Абдулмўъмин султон ўртасида ХУ1 асрнинг 80-йилларидан бошлаб кучайиб кетган зиддиятлар ва Абдуллахоннинг вафоти хусусидадир. «Матлаб ут-толибин»да қуйидагиларни ўқиймиз; «Абдуллахон мамлакатни 44 йил идора қилди. Отаси Искандархон тириклиги чоғида 28 йил унинг номидан, отаси вафот этгандан кейин 18 йил мустақил идора қилди. Салтанатнинг бир учи Андижонда, бир учи Хоразмда, учинчи учи Дашти қипчоқда, тўртинчиси Хуросон ва Сеистонда бўлган. Айтишларича, Абдумўъминхон Муҳаммад Боқибий билан тил бириктириб, отасининг овқатига заҳар қўшдириб берган ва хон ҳижрий 1006 йили вафот этган.
«Матлаб ут-толибин»нинг олтинчи боби Жуйборий хожаларнинг яна бир намоёндаси хожа Абдураҳимнингҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолиятига бағишланган. Б«Матлаб ут-толибин»у бобда йирик хўжадикларда қул меҳнатидан фойдаланиш, ер эгалигининг танхоҳ ва суюрғол шакллари, керак яроқ лавозими ва унинг вазифалари, Бухоро хонлиги билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар ҳақида қимматли маълумотлар келтирилади.
Керак яроқчи ҳақида бу асарда, масалан, бундай дейилади; «Мулла Мирмуҳаммад хожа (Абдураҳим)нинг хизматкорлари жумласидан эди. Унинг зиммасига керак яроқчилик вазифаси юклатилганди. Унинг зиммасига хожанинг хонадони учун керак бўлган ҳарир матолар ва бошқа нарсаларни топиб келтириш мажбурияти юклатилганди. Бир пайт ҳисобчилар мулла Мирмуҳаммад керак яроқчини тафтиш қилганларида унга хожанинг саркорлигидан берилган нақд пулдан ташқари, унинг савдогарлар ва бошқа шаҳарлардан 90 минг хоний қарз олганлиги, лекин шу ҳақдаги тилхатлардан 1000 хоний маблағ тилхатларда хожа (Абдураҳим)нинг муҳри йўқлиги аниқланди. Шундан кейин хожа (Абдураҳим) уни ҳузурига чақириб; «Нега айтилган қарз ҳақида ўз вақтида бизша маълум қилмадингиз ва тилхатларни бизга кўрсатмадингиз?», деб сўраганда, мулла Мирмуҳаммад (хожага) бундай жавоб қилган; «Биз сизнинг соҳиби ҳимматлигингизга ишонган эдик». Шундан кейин хожа мулла Ҳожибек девонбеги билан мутаваллийни чақиртириб, мулла Мирмуҳаммаднинг барча қоғозларини йўқ қилиб юборишни буюрган.» Келтирилган парчадан керак яроқчининг вазифалари ва ҳуқуклари, ортиқча изоҳсиз ҳам кўриниб турибти.
Асарнинг сўнгги, еттинчи боби Абдихожанинг ҳаёти, фаолияти ва кароматлари баёнига бағишланган. Лекин тадқиқотчи учун ўта зарур бўлган далил ва маълумотлар, масалан, Бухоро хонлигининг Абдуллахон соний вафотидан, 1598 йилдан кейинги ички аҳволи, Жуйборий хожаларнинг, масалан, Абдихожанинг бундаги ўрни ва вазифаси, Шайбонийлар давлатининг тузилиши, хусусан, девонбеги, мирохур, оталиқ, шиғовул, ясовул, нақиб, қози, баковул, қурчи боши, додхоҳ, парвоначи, шайхулислом, кўкалтош, кадхудойи даҳа (даҳабоши), чироқчи, мунший ва бошқа лавозимлар ҳақида, шунингдек, ўзбек халқининг этник таркибига кирган сарой, қўнғирот, найман, қатағон, юз, арғин, кенагас ва бошқа қабилалар ва уларнинг мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган.
Абдихожанинг ХVI асрнинг охири ва ХVII асрнинг бошларида Бухоро хонлигининг мчкм аҳволи ва унинг мамлакатнинг сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва мавқеъи ҳақида асарда қуйидаги маълумотларни учратамиз. Сўнгги Шайбоний Пирмуҳаммад Соний (1598-1601 йй.) даврида мамлакатнинг ички аҳволи беқарорликка юз тутди. Шу пайт Абдихожа Бухорони тарк этиб Самарқандга борди. Унинг ҳокими Аштархоний Боқи Муҳаммаднинг омади юришиб, тож-тахтни эгаллагудай бўлса, иккалари давлатни биргалашиб бошқаришга аҳд қилдилар. «Матлаб ут-толибин»да Боқи Муҳаммадхоннинг мана бу сўзлари келтирилади; «Агар биз Бухоро билан Балхни эгаллашга муяссар бўлсак, унда мамлакатни Сиз, мен ва Вали Муҳаммад ўртасида учга тақсимлаймиз...» Эртаси куни эрталаб, нонушта пайтида Абдихожа Боқи Муҳаммадхонга мурожаат қилди; «Табриклаймиз, улуғ аждодларимиз Сизга пойтахт шаҳар Бухорони инъом қиладилар.» Боқи Муҳаммадхон (ичига сиғмай) суюниб кетди ва синглисини Абзихожага хотинликка берди. Абдихожа ҳаммаси бўлиб Бухорода бир йилга яқин истиқомат қилди. Шундан кейин Абдихожанинг нувузи ортти. Муҳаммад Толиб бу ҳақда мана буларни ёзади; «Ҳазрат хожанинг улуғлиги ва куч-қудрати шу даражага бориб етдики, жиноят содир этган киши унинг ҳузурига қочиб бориб, унинг хизматига киргудек бўлса, у жахога тортилмаган. Хожанинг таъсири барча вилоятларда шу қадар кучли эдики, бирон зот унинг сўзини қайтармас эди. Кайфияти йўқ пайтларда Боқи Муҳаммадхонни ҳам менсимас эди. Агар хон бирор шахсни остонасидан қувиб юборгудай бўлса, хожа уни ўз ҳимоясига олар эди. Хожа тех-тез хонга ўзгалар олдида танбеҳ берар эди. Одамлар ва ҳарбийлар фақат хожага ёрдам сўраб мурожаат қилар эдилар. Хулласи калом, йирик мансабдорлар, аслзодалар ва сипоҳийлар шуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳазрат хожанинг паноҳига қочиб ўта бошладилар. Баъзи сипоҳийлар хожага; «Сиз бизнинг пушти паноҳимизсиз. Биз Сизни подшоҳ этиб сафламоқчимиз», деб мурожаат қила бошладилар.
«Матлаб ут-толибин» чоп этилмаган. Унинг қўлёзма нусхалари кўпгина кутубхоналарда мавжуд. ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинасида унинг нусхалари сақланмоқда.



Download 1.58 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   145   146   147   148   149   150   151   152   ...   175




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling