Тарихий манбашунослик


Филипп Назаровнинг эсдаликлари


Download 1.58 Mb.
bet163/175
Sana10.02.2023
Hajmi1.58 Mb.
#1186849
1   ...   159   160   161   162   163   164   165   166   ...   175
Bog'liq
manbashunoslik

18.2.11. Филипп Назаровнинг эсдаликлари
Филипп Назаровнинг ҳаётига оид маълумотлар жуда кам, 1789 йили Омск шаҳрида Осиё билим юртини тугатиб, 1804 йили Тобольск губерниясидаги Иртиш чизиғидаги Чарлаковск чегара постига таржимон бўлиб хизматга кирган. Ундан кейин хизмат юзасидан бошқа чегара пунктларига ҳам бориб ишлаган. Қўқонга жўнаб кетиши (1813 йил) олдидан «Алоҳида Сибирь полки»да таржимон бўлиб ҳизмат қилган.
1813 йили Ғарбий Сибирь генерал-губернатори Глаземаннинг махсус топшириғи билан Петербургдан юртига қайтишда йўлда, Петропавловск (Шимолий Қозоғистон)да ўлдирилган Қўқон хонининг элчиси билан боғлиқ жанжални тинчитиш учун Қўқонга юборилди. Шу билан бирга унинг хотира ёзувларидан маълум бўлишича, унга Қўқонга Сибирь орқали олиб бориладиган йўллар, йўл устидаги шаҳар ва қишлоқлар, хонликнинг иқтисодий ва сиёсий аҳволи, унинг мудлфаа салоҳиятини кузатиш ҳам юклатилган.
Филипп Назаров Қўқонга сибирлик рус савдогарлари карвонига қўшилиб, 1813 йил 16 май куни жўнаб кетди. Карвон Қозоғистон чўллари ва Жанубий Қозоғистондаги Сузоқ ва Чимкат орқали Тошкентга, ундан 1813 йил октябрь ойи бошларида Қўқонга кириб борди. У Қўқонда бир йил атрофида турди ва 1814 йилнинг август ойида, Қўқон хони Умархон (1810-1822 йй.)нинг элчиси билан бирга Петропавловск шаҳрига қайтиб кетди.
Филипп Назаров бир йил мобайнида хонлик пойтахти Қўқондан ташқари, Марғилон, Андижон, Наманган, Янгиқурғон ва Хўжанд шаҳарларида бўлди ва бу шаҳарлар, уларнинг халқи ҳамда машғулоти ҳақида қимматли маълумотлар тўплади.
Булардан айримларини намуна сифатида келтирамиз:
«Қўқон катта ва аҳолиси кўп шаҳар. Унда 400 га яқин масжид бор. Текисликда жойлашган, хон саройидан бошқа мустаҳкам бирон иморати йўқ. Теварак атрофи обод қишлоқлар, булоқларга мўл жилға ва экинзорлар билан ўралган. Замини тузли, кўчалари тор. Ерга кўпроқ пахта экилади.Уйлари гувала ва лойдан қурилган. Шаҳар ўртасида тошдан бунёд этилган учта бозор бор. Бозорларда савдо ҳафтасига икки марта бўлади. Хон саройи олдида арғумоқлари учун пишиқ ғиштдан қурилган катта отхона жойлашган.
Қўқон ва унга қарашли ерларда пахта етиштирадилар, ипак қурти боқилади. Етиштирилган пахта ва ипакдан мато тўқийдилар ва уни бухороликларга россиядан келтирилган моллар эвазига, масалан, темирга, сусар териси, тўтиё, бўёқ, қозон, темир ва пўлатдан ясалган уй-рўзғор буюмлари ва бошқаларга алмашадилар».
Марғилон. Шаҳарнинг айланаси тахминан 300 верст. Ермозордан бошқа ҳеч қандай ҳарбий истеҳкоми йўқ. Унда 20 000 аскар туради. (Марғилондаги) уйлар ҳам лойдан қурилган, кўчалари тор, уйларининг деразаси йўқ...Бозорлари қатор расталардан иборат, ҳафтада белгиланган икки кун аоли келиб эртадан кечгача савдо-сотиқ қилади. Шаҳарда ҳар турли корхоналар кўп. Уларда Эронда ишлаб чиқарилган парчалар, бахмал, шарқ газмоллари ишлаб чиқарилади ва Бухоро ва Кошғарга олиб бориб сотилади. Кошғардан эса чой, чинни идишлар, кумуш, хитой атласи, бўёқ ва бошқа зарур хитой моллари олиб келадилар...Шаҳарликлар тўқ ва осуда турмуш кечирадилар...
Бизларни Марғилондан бир кузатувчи билан кечик шаҳар Андижонга жўнатдилар...Андижон Кошғар билан чегарадош. Теварак-атрофи обод қишлоқлар, мевазор боғлар билан ўралган. Аҳолиси ипак қурти боқиш, пахтадан ип-газлама ишлаб чиқариш ва деҳқончилик билан шуғулланади. Яқин атрофда кўчиб юрган қирғизлар билан савдо-сотиқ олиб борадилар. Андижонда ҳокимнинг уйидан бошқа бирон мустаҳкам қўрғон йўқ. У ерда 10 000 аскар туради.
Наманган. Андижонда икки кун туриб, у ердан Наманганга бордик. Йўлда Қўқон ҳокимига қарашли ва ариқлар билан ўралган (икки бетида) қамиш ўсиб турган жилғаларни кўрдик. Жилғаларда ов ўилиш учун бу ерга ҳокимнинг ўзи, мулозимлари билан келиб туради.
Наманганнинг ҳам ҳокимнинг маҳкамасидан бошқа, мустаҳкам иморати йўқ. Шаҳарда 1 500 га яқин киши истиқомат қилади...Қоғоз ишлаб чиқарадиган корхоналари бор, тут дарахти куп ўсади. Тут меваларини Қўқоннинг барча шаҳарларига олиб бориб сотадилар. Шунингдек, (теварк-атрофдаги) қирғизлар билан ҳам савдо-сотиқ олиб борадилар. Йўлда бир-бирларига туташ жуда кўп қишлоқларга дуч келдик. Янгиқўрғоннинг ҳам, ичига 200 аскар сиғадиган шаҳар бошлиғининг ҳовлисидан бошқа, бирон мудофаа иншоотини учратмадик.
Янгиқўрғонда бир неча кун тунаб, шаҳардан 10 верст нарида оқиб турган Сирдарёдан ўтдик ва тахминан 12 верст йўл босиб Қорақалпоқ деган жойга бориб тушдик. Халқи гилам ва жундан мато тўқир экан.
1814 йили Қўқонга қайтдик...
Қўқон ва унга қарашли бошқа шаҳарларда укумат савдогарлар ўлчов ва тарозидан уриб қолмасдиклари устидан қаттиқ назорат ўрнатган. Қўқонда бўлганимда бир одамни матони газга солишда уриб қолгани учун яланғоч қилиб, қамчилаб шаҳар айлантирганини кўрдим. Қамчи зарбидан у тез-тез «мен газдан уриб қолдим», деб қичқириб борди. Қўқонликлар суд ишини ҳеч қандай ёзувсиз олиб борадилар. Икки киши гувоҳлик берса ва жиноятчи қасам ичса бас.
Ўғрилик қилгани учун қўлини кесадилар...»
Филипп Назаров ва унинг ҳамроҳлари Қўқон хонлигига қарашли Хўжанд шаҳрини ҳам бориб кўрганлар. Масалан, Хўжанд ҳақида унинг эсдаликларида қуйидагиларни ўқиймиз: «Хўжанд ҳажм жиҳатдан Қўқондан кичик эмас. У Бухоро тарафдан баъзи ерлари нураб қолган девор билан, бошқа тарафдан Сирдарё билан ҳимояланган. Шаҳардан ариқ ва каналлар ўтказилган. Қўқондагига ўхшаш корхоналари ва ходиқ чиқарадиган ерлари кўп...»
Филипп Назаровнинг эсдаликлари «Филипп Назаров: Записки о некоторых народах и землях Средней Азии» номи билан икки марта 1821 ва 1968 йиллари нашр этилган.
Россия ҳарбийлари Ўрта Осиё хонликларини ғарб тарафдан, Астрахан, Каспий ва Орол денгизи орқали ҳам тафтиш қилдилар. Н.Н.Муравьёв (1819-1926 йй.), Г.И.Данилевский (1842-1843 йй.) ва А.Н.Бутаков (1848-1849 йй.) экспедициялари шундай мақсадларга хизмат қилган.



Download 1.58 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   159   160   161   162   163   164   165   166   ...   175




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling