Тарихий манбашунослик
Download 1.58 Mb.
|
manbashunoslik
9.2.5. “Вақойиъ”
“Вақойиъ”- воқеалар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳонга “Бобурнома” номи билан машҳур бўлган шоҳ асарининг асл номидир. Муаллиф асарда ўзининг ўн икки ёшида Фарғона вилояти подшоҳи, деб кўтарилган вақтидан бошлаб, ҳаётининг охирига қадар бўлиб ўтган воқеаларни йилма-йил баён қилган. Дунёда мавжуд асарнинг барча қўлёзмаларида бир неча йил, хусусан 1509-1518, 1521-1524 йил воқеалари баёни тушиб қолган. Бобур Фарғона вилояти ҳокими Темурий Умар Шайх Мирзонинг (1461-1494 йй.) тўнғич ўғли, 1483 йилнинг 14 февралида Андижон шаҳрида туғилган. У 1494 йилнинг 5 июнида, ҳижрий исобда ўн икки ёшида ҳалок бўлган отаси ўрнига Фарғона тахтига ўтқазилади. Лекин орадан кўп вақт ўтмай, мамлакатда авж олган ўзаро кураш натижасида мағлубиятга учраб, Фарғонани ташлаб чиқишга мажбур бўлади. Унинг 1497-1500 йиллари Самарқанд тахти учун олиб борган кураши ҳам муваффақиятсизликка учрайди. Бобур 1504 йилга қадар Фарғона ва Самарқанд учун курашди, аммо Темунийлар ўзаро бирлаша олмадилар. Натижада, у тажрибали Шайбонийхон билан бўлган жангларда мағлуюиятга учраб, ўз юртини тарк этиб, омад ва бахт излаб Кобулга йўл олди. Кобулни эгаллаган Бобур ўз мавқеини аста-секин мустаҳкамлаб борди. 1511 йилнинг кузида Бобур Озарбайжон ва Эрон подшоҳи Шоҳ Исмоил Сафавийнинг (1502-1524 йй.) ҳарбий ёрдамига таяниб, Самарқандни учинчи бор эгаллашга муваффақ бўлди. Аммо унинг ўз халқи эътиқоди – сунний мазҳабни инкор этиб, кишиларга шиалар кийимида кўриниши, аҳолини ундан ихлосини қайтарди. Бу сафарги Бобурнинг бобо мерос пойтахт Самарқанддаги ҳукмронлиги бир йилга ҳам етмади. 1512 йилнинг баҳорида Кўли Малик (Хайробод билан Қоракўл орасида жойлашган мавзеъ) деган жойда бўлиб ўтган жангда Шайбонийлардан Убайдуллахон, Муҳаммад Темур Султон, Жонибек Султон ва бошқаларнинг бирлашган кучлари унинг қўшинларини тор-мор келтирди. Бобур Ҳисори шодмон томонга чекинди ва қарийб икки йил мобайнида ўша вилоятда кун кечирди ва 1514 йили яна Кобулга қайтди. У 1514-1525 йиллар орасида Шимолий Ҳиндистонга, уни бўйсундириш мақсадида беш марта қўшин тортади, лекин фақат сўнгги юриши (1525 й.) натижасида бой ва улкан мамлакатни эгаллади. Бобур тарихда янги салтанатга асос солди. Унинг давлати ғарбда янглиш Буюк мўғуллар номи билан машҳур бўлиб кетган, аслида эса бу Ҳиндистондаги Темурийлар ёки Бобурийлар давлатидир. Бобур 1530 йилнинг 26 декабрида Ҳиндистондаги пойтахти Агра шаҳрида вафот этди. Аммо унинг васиятига кўра, кейинча унинг хоки Кобул шаҳридаги ўзи асос солиб обод қилган боғга кўмилди. Унинг қабр тоши кейинча чевараси Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир (1605-1627 йй.) томонидан ўрнатилган. Бобур истеъдодли қалам соҳиби сифатида икки девон-шеърлар мажмуаси, аруз илмига оид рисола, ислом қонуншунослиги масалаларига бағишланган “Мубаййин” номли маснавийси, Убайдулла Хожа Аҳрорнинг “Волидия” рисоласининг туркий таржимаси, мусиқа ва ҳарбий ишга оид рисолалари муаллифи, махсус янги алифбо “Хатти Бобурий” ихтирочиси ҳамда “Вақойиъ” асарининг ижодкоридир. “Вақойиъ” мемуар – хотира типидаги асар бўлиб, ўзининг баён услуби билан “Темур тузуклари”ни эслатади. Китобда Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Ҳисори шодмон, Чағониён, Кобул, Хуросон пойтахти Ҳирот ҳамда Шимолий Ҳиндистоннинг ХУ аср иккинчи ярми ва ХУ1 аср биринчи ўттиз йиллигидаги ижтимоий-сиёсий аҳволи батафсил ёритилган. Асар мазмунини шартли уч қисмга бўлиш мумкин: Фарғона ва Мовароуннаҳр воқеалари даври (1494-1504 йй.); Кобул ва Хуросон воқеалари даври (1504-1525 йй.); Ҳиндистон воқеалари даври (1525-1530 йй.). Сиёсий воқеалар баёнидан ташқари, асар географик ҳамда этнографик маълумотларга бой. Ундан Фарғонанинг турк-мўғул қабилалари, кўчманчи ўзбеклар қўшини тузилиши, Мовароуннаҳр, Хуросон ва Ҳиндистон халқларининг урф-одатлари, ҳайвоноти, набототи, паррандалари ва бошқалар тўғрисида тафсилотлар ҳам ўрин олган. “Вақойиъ” асари асл матни уч марта, биринчи марта 1857 йили Қозонда Н.И.Ильминский томонидан Бухоро қўлёзмаси ва икки марта 1905 ва 1970 йиллари Англиянинг пойтахти Лондон шаҳрида А.Бевериж хоним томонидан Ҳайдаробод қўлёзмаси асосида чоп қилинган эди. 1995-1996 йиллари япон олими Эйжи Ману “Вақойиъ” асари матнини тўртта туркий ва учта форсий қўлёзмалари асосида тузиб, унга мукаммал кўрсаткичларни алоҳида жилд сифатида илова қилди. Бу тадқиқотчи кейинча япон тилида таржима ва кўрсаткичларни икки жилдда чоп этди. Кирилл-рус алифбосида 1948-1949 йиллари икки жилдда С.Мирзаев ва П.Шамсиев томонидан биринчи бор ва 1960 йили бир жилд сифатида чоп қилинган эди. 2002 йили С.Ҳасанов томонидан П.Шамсиев, С.Мирзаев ва Эйжи Ману нашрлари асосида “Вақойиъ” асар матнини чоп этди. Аммо булар ва бошқа нашрлар ушбу жаҳонга машҳур асарнинг асл нусхасининг илмий академик нашри эмас. Гарчи “Вақойиъ” асл нусха матни илмий асосда тикланмаган бўлса-да, уни таржима қилиш, ўрганиш ҳали асар тўла тугамасдан олдин бошланган эди. Илк марти “Вақойиъ” асарини форс тилига таржима қила бошлаган ва бир қисмини таржима қилган шахс Бобурнинг сафдоши ва садри Шайх Зайн Хаврфий (ваф.1534 й.) эди. Асар бутунлай тугамасдан туриб, ундан бир нусхани Бобур кўчиртириб Мовароуннаҳрга жўнатган эди. “Вақойиъ” билан тасодифан танишган Бобурнинг чевараси Султон Салим, бўлғуси Жаҳонгир оталиғи, маънавий устози Қутбиддин Муҳаммад Бекларбеги ўғли Беҳрузхон Наврангхондир. У Мирзо Поянда Ҳасан Ғазнавийдан асарни форс тилига таржима қилдира бошлайди. Аммо таржимон вафот этгач, Муҳаммад Қули Ҳисорийни бу ишга жалб этиб, 1586 йили таржима ниҳоясига етади. Учинчи марта “Вақойиъ”ни форс тилига таржима қилиш ташаббускори Бобурнинг набираси Жалолиддин Муҳаммад Акбар (1556-1605 йй.) эди. У асарни Байрамхон ўғли Абдураҳимхонга таржима қилдириб, унинг кўплаб нусхаларини нафис мўъжаз расмлар билан безаттирган. Форсий тилдаги ушбу уччала таржима асл матнни тиклашда катта илмий аҳамиятга эга. “Вақойиъ” асари ғарб олимлари ичида машҳур ва жуда катта обрў-эътиборга молик. Асар инглиз тилига уч марта 1826, 1921 ва 1990 йиллари тўла таржима қилинган бўлса, унинг ихчам ва қисқартирилган нашрлари ўн бешдан зиёддир. Айтиш мумкинки, сўнгги икки юз йил давомида инглиз шарқшунослари “Вақойиъ” асарини жуда жиддий ўрганмоқдалар ва махсус Бобуршунослик илмий йўналишига асос солганлар. Асарнинг форсий тошбосма матни ҳам мавжуд. Китоб яна икки марта француз тилига, немис, турк, япон, ҳинд, урду, турк, қозоқ тилларига таржима қилинган. Умуман, шарқ тарихига оид асарлар ичида “Вақойиъ” бксак мавқега эга. Шундай тарихий обида тўғрисида уч марта академик С.Азимжонова томонидан рус тилида китоблар чоп этилган бўлса-да, ўзбек тилидаги тадқиқотлар асосан филологик йўеалишда амалга оширилган. “Вақойиъ” биринчи галда тарихий манба ва у бошқа соҳа мутахассислари учун ҳам бебаҳо обида ва ибратли намунадир. Download 1.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling