МАЪЛУМОТ - у икки маънода ишлатилиб, иккиси хам педагогикага тегишли.
1. Хабар – ўқиш жараёнини амалга оширувчи восита. Билимли кишининг унга талабгор бўлганларга билим бериши, етказиши. Маълум қилиш деб, тил ва кўргазмалар ёрдамида уни бошқаларга билдиришдир. 2. Билим даражаси. Ўқиш, билиш, яъни борлиқдаги объектив мавжуд қонуниятларни ҳис қилиш натижасида олинган билимлар йиғиндиси –паст маълумотли, ўрта ва юқори маълумотли ва хоказо.
МАЪРУЗА – билимни сўз билан ифодалаш услубларидан бири сифатида бериладиган билимларни оғзаки баён қилишни кўзда тутиб, ўз ҳажмининг катталиги, мантиқий қурилиши, образли исботлаш ва умумлаштиришнинг мураккаблиги билан ҳикоядан ажралиб туради.
ПЕДАГОГИК ТЕХНОЛОГИЯ - таълим ва тарбия жараёнига янгича ёндашув бўлиб, педагогикада ижтимоий-муҳандислик онг ифодасидир. У педагогик жараённи техникавий тафаккур асосида стандарт ҳолга солиб, унинг оптимал лойиҳасини тузиб чиқиш билан боғлиқ тушунчадир.
Бирлашган миллатлар ташкилотининг нуфузли идораларидан ЮНЕСКОнинг таърифи бўйича, «ПЕДАГОГИК ТЕХНОЛОГИЯ – бу билим бериш ва уни эгаллашда техника ва инсон ресурсларини ўзаро узвий боғлиқ ҳолда кўриб, бутун таълим жараёнини лойиҳалашда ва амалда қўллашда мажмули ёндашув усулидан фойдаланишдир».
ПЕДАГОГИК ТАМОЙИЛ (ПРИНЦИП)лар – ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги муносабатда бериладиган билим тури, ҳажми ва мазмуни, шунингдек ўқув қуроллари ва тарбияланувчиларнинг руҳий хусусиятлари ва шулар ораларидаги зарурий боғлиқлик (қонуният)лардан келиб чиққан қоидалар.
ПЕДАГОГИК ТАЖРИБА - таълим-тарбия берувчи томонидан маърифатнинг тамойиллари ва таълим-тарбия беришнинг муайян усул ва услубларини тўлиқ ўзлаштириш ҳамда уларни амалда қўллашдаги реал шарт-шароитларни, болалар жамоаси ва ҳар бир шахснинг ўзига хосликларини ҳисобга олган ҳолда амалиётда татбиқ этишдир.
ПЕДАГОГИК МУХИТ – таълим-тарбия мақсадларига мувофиқ равишда тузилган шахслараро муносабатлар мажмуи.
Do'stlaringiz bilan baham: |