Натурал даромад меҳнат ҳақи ҳисобига олинадиган ва уй хўжаликларининг ўз истеъмоллари учун ишлаб чиқарган маҳсулотларидан иборат бўлади.
Жамият аъзолари даромадлари даражаси улар турмуш фаровонлигининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланиб, шу билан бирга алоҳида шахсларнинг дам олиши, билим олиши, соғлиғини сақлаши, энг зарур эҳтиёжларини қондириши имкониятларини белгилаб беради. Аҳоли даромадлари даражасига бевосита таъсир кўрсатувчи омиллар орасида иш ҳақидан ташқари чакана нарх динамикаси, истеъмол бозорининг товарлар билан тўйинганлик даражаси кабилар муҳим ўрин тутади.
Президентимиз И.Каримов таъкидлаб ўтганларидек: «Мустақиллик йилларида одамларимизнинг тафаккури, дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати ҳам тубдан ўзгарди. Турмуш даражаси, оиласининг фаровонлиги, энг аввало, ўзига боғлиқ эканлигини тушуниб етаётган одамлар тобора кўпайиб бормоқда».1
Аҳоли даромадлари даражасига баҳо бериш учун номинал, ихтиёрида бўлган ва реал даромад тушунчаларидан фойдаланилади.
Номинал даромад – аҳоли томонидан маълум вақт оралиғида олинган даромадларининг пул кўринишидаги миқдори ҳисобланади.
Ихтиёрида бўлган даромад – шахсий истеъмол ва жамғарма мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлган даромад. Бу даромад номинал даромаддан солиқлар ва мажбурий тўлов суммасига кам бўлади.
Реал даромад – нарх даражаси ўзгаришини ҳисобга олиб, аҳолининг ихтиёрида бўлган даромадга сотиб олиш мумкин бўлган товар ва хизматлар миқдорини кўрсатади, яъни даромаднинг харид қувватини билдиради.
Аҳолининг номинал пул даромадлари турли манбалар ҳисобига шаклланиб, улардан асосийлари қуйидагилар ҳисобланади:
а) ишлаб чиқариш омиллари ҳисобига олинадиган даромад;
б) давлат ёрдам дастурлари бўйича тўлов ва имтиёзлар шаклидаги пул тушумлари;
в) молия-кредит тизими орқали олинадиган пуд даромадлари.
Республикамизда 2004 йилда аҳолининг номинал пул даромадлари 2003 йилга нисбатан 17,6 фоизга ўсиб, 7571,4 млрд. сўмни ташкил этди. Истеъмол нархлари индекси бўйича ҳисобланган аҳолининг реал даромадлари эса 16% га ўсган. Аҳоли реал даромадларининг ошишида асосий омил бўлиб макроиқтисодий шароитнинг қулайлиги, иқтисодий ўсишнинг тез суръатларда ошиши, инфляциянинг сезиларли даражада пасайганлиги, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар ва аҳолини аниқ ижтимоий ҳимоя қилишнинг кучайганлиги ҳисобланади.
Аҳолининг ёлланиб ишловчи қисми оладиган даромадларининг асосий улушини иш ҳақи ташкил қилади. Даромаднинг бу тури истиқболда ҳам пул даромадлари умумий ҳажмининг шаклланишида ўзининг етакчи ролини сақлаб қолади.
Аҳоли пул даромадлари даражаси давлат ёрдам дастурлари бўйича тўловлар сезиларли таъсир кўрсатади. Бу манбалар ҳисобига пенсия таъминоти амалга оширилади ва турли хил нафақалар тўланади.
Аҳолининг молия-кредит тизими орқали олинадиган пул даромадлари қуйидагилардан иборат: давлат суғуртаси бўйича тўловлар; шахсий уй қурилишига ва матлубот жамияти аъзоларига банк ссудалари; жамғарма банкига қўйилмалар бўйича фоизлар; акция, облигация баҳосининг кўпайишидан олинадиган даромад ва заём бўйича тўловлар; лотерея бўйича ютуқлар; товарларни кредитга сотиб олиш натижасида ташкил топадиган, вақтинча бўш маблағлар; ҳар хил турдаги компенсация тўловлар ва ҳ.к.
Кейинги йилларда мамлакатимиз аҳолисининг пул даромадлари шаклланиш манбалари бўйича қуйидаги маълумотлар орқали тавсифланади (2-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |