Тиббиёт институтлари талабалари учун ўҚув адабиёти


Download 1.43 Mb.
bet23/149
Sana26.06.2023
Hajmi1.43 Mb.
#1655967
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   149
Bog'liq
ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРДА ҲАМШИРАЛИК ИШИ

Эпидемиологияси. Ичбуруғ инфекциясининг асосий манбаи бўлиб, одам ҳисобланади. Ўткир ичбуруғ билан оғриган одамлар эпидемиологик жиҳатдан энг хавфли ҳисобланадилар, чунки ўткир ичбуруғда қўзғатувчилар организмдан жуда кўп ажралади.
Ўткир ичбуруғ билан оғриган беморлар касалликнинг яширин давридан бошлаб қўзғатувчини ташқарига чиқара бошлайдилар ва колит синдроми авж олган даврида қўзгатувчи кўплаб ташқарига чиқарилади.
Ичбуруғнинг атипик шакллари билан оғриган беморлар ҳам катта эпидемиологик аҳамият касб этади. Асосан Зонне қўзғатувчилари қўзғатган ичбуруғ кўпинча енгил кечиши билан фарқ қилади ва бу эса ўз навбатида ташхис қуйишда хатоликларга олиб келади. Айрим шахслар касалликнинг белгисиз шаклларини оёқда ўтказадилар ва аксарият врачга мурожаат қилмайдилар, даволанмайдилар ва инфекцияни фаол равишда ташқарига чиқариб турадилар. Сурункали ичбуруғ билан оғриган шахсларнинг фақатгина 17- 35,5%и касаллик манбаи бўлишлари мумкин.
Шундай қилиб ичбуруғ инфекциясининг асосий манбаи бемор бўлиб, реконвалесцентлар эса қўшимча манбадир.
Нажас – оғиз механизми ичбуруғ юқишида асосий бўлиб ҳисобланади. Ичбуруғ қўзғатувчилари организмга озиқ-овқатлар, сув ва маиший мулоқот йўллари билан тушадилар.
Озиқ-овқат омили ичбуруғ инфекциясининг юқишида асосий ҳисобланади. Ичбуруғ қўзғатувчилари билан озиқ-овқатларнинг ифлосланиши уларнинг тайёрлашда, сақлашда ва истеъмолга чикариш вақтида юз беради ва асосан термик қайта ишлов берилмайдиган, ҳамда етарли даражада қайта ишлов берилмайдиган маҳсулотлар: сут маҳсулотлари, нон маҳсулотлари, яхна ичимликлар, сабзавот мевалар ва бошқалар ифлосланади.
Озиқ-овқат омили Зонне ичбуруғининг асосий тарқалиш йўли эканлиги, Зонне шигеллаларининг ташқи муҳитга чидамлилиги, озиқ-овқатларда кўпайиш хусусиятига эгалиги билан тушунтирилади.
Сув омили ҳам шигеллалар тарқалишининг асосий йўлларидан биридир. Чунки шигеллалар сувда 3 ойгача тирик сақлана оладилар. Шигеллалар билан ифлосланган сувни истеъмол қилинганда жуда кўп киши касалланади. Ю. П. Солодовников (1975) айтишича, сув омили Флекснер ичбуруғида асосий юқиш йўли бўлиб ҳисобланади. Ташқи муҳит шарт шароитлари ва объектлари ҳам ичбуруғ тарқалишида муҳим омиллардан бири ҳисобланади; булар асосан идиш товоқлар, ўйинчоқлар, оқликлар ва бошқалар. Маиший-мулоқот Григорьев-Шик қўзғатувчиси учун асосий юқиш йўлидир.
«Ифлос қўллар» омилининг ичбуруғ тарқалишида роли борлиги қадимдан маълум. Кўпчилик олимлар ичбуруғни «ифлос қўллар касаллиги» деб эътироф этганлар. Ювилмаган қўллар терисида шигеллалар 2-2,5 соат сақланади, ювилгандан кейин эса 20-25 минут яшайди. Бу омил асосан 2 ёшгача бўлган болаларнинг ичбуруғ билан оғришида ўрин эгаллайди.
«Пашша омили» нинг ҳам ичбуруғ тарқалишидаги эпидемиологик аҳамияти каттадир. Буни ичбуруғнинг пашша кўп вақтида кўпроқ учраши билан тушунтириш мумкин, бошқача қилиб айтганда пашшалар асосан одамлар истеъмол қиладиган озиқ-овқатлар билан озиқланадилар. Ичбуруғ билан чақалоқлар ҳам, кекса ёшдагилар ҳам касалланаверадилар. Аммо касалликнинг асосий қисми 2-4 ёшдагиларга тўғри келади. Улар организми иммун тизимининг етарли такомиллашмагани ва болалар орасида ичбуруғ тарқалишининг эпидемиологик хусусиятларига боғлиқ. Ичбуруғ иссиқ иқлимли ўлкаларда кўп учрайди. Ичбуруғ мавсумийликка ҳос касаллик бўлиб, у асосан ёз ойларида кўпроқ қайд қилинади.
Патогенези. Ичбуруғда патологик жараён ривожланишида бир неча босқичлар тафовут қилинади: эпидемиологик, бирламчи–регионар инфекция, токсинемия, энтерал, патология (ички аъзолар зарарланиши) ва оқибатлар босқичидир.

Эпидемиологик босқич – шигеллаларнинг организмга киришидан йўғон ичак дистал қисми зарарланишигача бўлган даврни ўз ичига олади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, шигеллаларнинг организмга тушиши ҳамма вақт ҳам касаллик ривожланиши билан намоён бўлавермайди. Касаллик ривожланиши микробларнинг хусусиятига ва макроорганизмнинг ҳолатига боғлиқдир. Шигеллаларнинг вирулент, токсиген, чидамли штаммларигина касаллик қўзғатади. Макроорганизм эса унинг ҳимоя функциясининг сусайиши туфайли қуйидаги ҳолатларда: овқатланишнинг бузилиши, гиповитаминозлар, гипотрофия, асаб системасининг бузилишлари, организмнинг аллергик фони, ташқи муҳит ҳароратининг кескин ўзгариши, ичак дисбактериози, ичак фаолияти бузилиши касаллик ривожланиши учун қулай шароит туғдиради.
Шигеллалар организмга оғиз орқали киради. Биз юқорида шигеллаларнинг организмга тушиши ҳамма вақт ҳам касаллик юзага келтиравермаслигини таъкидлаб ўтган эдик. Шигеллалар ичак сақланмалари билан ичак йўлида ҳаракатланади, йўғон ичак дистал қисмида эса ўзининг энтеротроп хусусиятини намоён қилиб, шиллиқ қаватнинг юза қисмига сўрилади. Унинг натижасида эпителийнинг ўчоқли зарарланиши юзага келади. Шигеллалар ҳужайра ичи паразитлигини намойиш қилиб ичак дисбактериозини юзага келтиради. Бу босқичда қўзғатувчиларнинг кўпайиши юзага келади.
Бу босқичнинг клиник кўриниши ичбуруғ заҳарланиши бўлиб ҳисобланади. Бу эса токсинларнинг бирламчи ўчокдан қонга сўрилиш оқибатидир. Айрим ҳолларда (Григорьев – Шиг ичбуруғи) бактериемия бўлиши мумкин, лекин бу ичбуруғ учун аҳамиятга эга эмас. Ичбуруғ токсини қон орқали айланиб МАТга, ички органлар интерорецепторларига таъсир қилиб, умумий ва тери сенсибилизациясига сабаб бўлади. Токсиннинг ички аъзолари интерорецепторларига таъсири оқибатида ошқозон ичак йули фаолияти бузилиши, унинг мотор, секретор фаолияти издан чиқиши, ҳамда юрак қон томир тизими фаолиятининг издан чиқиши кузатилади.
Бемор организмидаги ўзгаришлар нафақат шигеллалар токсини таъсири, балки организмнинг жавоб реакцияси ҳамдир. Касалликнинг биринчи кунидан бошлаб ҳимоя механизмлари ишга киришиб, қўзғатувчининг организмдан чиқариш йўлларини излайди. Йўғон ичакда эса биринчи кунларданоқ яллиғланиш-дегенератив ўзгаришлар билан бир вақтда репарацион (тикланиш) жараёни ривожланади.
Висцерал патология босқичида умумий заҳарланиш белгилари камайиб, дистал колит белгилари яққол намоён бўлиши ва ошқозон, ингичка ичак, жигар, ошқозон ости безида функционал ва морфологик ўзгаришлар юз бериши билан таърифланади.
Токсин таъсирида юзага келган йўғон ичак дистал қисмидаги ўзгаришлар, қон айланишининг бузилиши натижасида чуқурлашади. Ичак деворидаги токсинларнинг таъсирида мейснер ва ауэрбах нерв чигаллари зарарланади ва МАТда ўзига ҳос қўзғалиш ўчоғи вужудга келади. Бундан ташқари патологик жараён ривожланишида биологик фаол моддалар – гистамин, ацетилхолинларнинг таъсири ҳам бор.
Унинг маҳаллий ва умумий таъсири натижасида йўғон ичак силлиқ мушакларининг қисқариши кузатилади. Ичакда морфологик ўзгаришлар (гиперемия, томирлар ўтказувчанлигининг ошиши, шиллиқ ҳосил бўлишининг кўпайиши) билан бир қаторда ҳаракат, секретор, сўрилиш фаолиятлари бузилади, булар эса клиник жиҳатдан қоринда хуружсимон оғриқлар, ичнинг суюқ ўтиши, тенезмлар, ёлғон чақирувлар ва нажасда қон ҳамда шиллиқ мавжудлиги билан намоён бўлади. Ичак дисбактериози чуқурлашади, бунга антибиотикотерапия ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Умумий аллергик ва аутоиммун реакциялар кузатилади.
Оқибатлар босқичи – иммунитет ва бошқа ҳимоя механизмлари оқибатида 76 – 80% ҳолларда касаллик клиник соғайиш билан тугайди. Организм функцияларининг тикланиши, десенсибилизация ва репарация жараёнлари касалликнинг 3 – 4 ҳафталарида рўй беради.
Сурункали ичбуруғнинг патогенези ўткир ичбуруғ патогенезига нисбатан бир оз мураккаброқдир, чунки асосий патологик жараёнга қўшимча омилларнинг таъсири қўзғатувчининг ролини камайтиради.
Ўткир ичбуруғнинг сурункали шаклга ўтишига бир қанча экзоген ва эндоген омиллар таъсир қилади. Экзоген омилларга: беморларни кеч госпитализация қилиш, нотўғри даволаш, касалхонадан эрта жавоб бериш, беморларнинг овқатланиш қоидаларига риоя қилмаслиги, супер – ва реинфекция ва бошқалар киради. Эндоген омилларга: иммунологик реактивликнинг сусайиши, организмнинг турли аллергенларга сенсибилизациясининг ошиши, ошқозон – ичак йўлининг преморбид ҳолати, ошкозон – ичак йўлининг бирор жойида турли зарарланишлар мавжудлиги (чайнаш аппаратидаги дефектлар, ичакнинг турли аномалиялари, гастрит, яра касаллиги, аппендицит, панкреатит, гепатит, ҳолецистит); сурункали инфекциялар (сил, безгак, қора оқсоқ) нинг мавжудлиги; содда жониворлар ва штамлар бўлиши; дисбактериоз, эндокрин безлари фаолияти бузилиши, ёш омили ва бошқалар. Асаб тизимдаги ўзгаришлар ҳам алоҳида ўрин тутади.

Download 1.43 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   149




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling