Тахмини. Ўлим ҳолати эндокардит ривожланганда учраши мумкин.
Профилактикаси. Ку иситмаси профилактикасини ветеринария ва тиббиёт хизматлари биргаликда икки йўналишда:
1)қишлоқ хўжалик ҳайвонлари орасида ва 2) одамлар орасида олиб борилади.
Санитар –гигиена қоидаларига риоя қилиш, касал ҳайвонларни парваришлаганда махсус кийим кийиш ва уни дезинфекцияловчи препаратлар билан қайта ишлаш, хавфли гуруҳлар тери ичига тирик М – 44 вакцина билан эмланади. Санитар–оқартув ишларини олиб бориш касалланишни камайтиради.
ГЕМОРРАГИК ИСИТМАЛАР
Геморрагик иситма касалликларини арбовируслар, ареновируслар ва филовируслар қўзғатади. Бугунги кунда дунё бўйича беш юздан ортиқ арбовирус турлари аниқланган, шуларнинг 100 тасидан кўпроғи одамларда касаллик чақиради. Республикамизда одамларда касаллик чақирадиган 20 турга яқин арбовируслар аниқланган.
Геморрагик иситама касалликлари қўзғатувчиларининг резервуарлари қишлоқ хўжалик ҳайвонлари, кемирувчилар, қушлар, калтакесаклар ва бошқалар ҳисобланади, ҳамда уларнинг организмларида бу касаллик субклиник ёки латент шаклида намоён бўлади.
Арбовируслар қўзғатадиган геморрагик иситмалар асосан трансмиссив йул билан, яъни қон сўрадиган бўғимоёқлиларнинг чақиш жараёнида юқади. Ареновируслар, филовируслар қўзғатадиган геморрагик иситмалар эса маиший – мулоқот, ҳаво ва парентерал муолажалар орқали ўтади.
Ер юзида учрайдиган геморрагик иситма касалликларининг эпидемиологик ва географик белгиларига асосланган ҳолда М.П. Чумаков биринчи бўлиб уз таснифини таклиф этган. Бу тасниф бўйича геморрагик иситмалар уч гурухга бўлинган:
1.Каналар орқали юқадиган геморрагик иситмалар (Крим-Конго геморрагик иситмаси, Омск геморрагик иситмаси, Кьясанур геморрагик иситмаси).
2. Чивинлар орқали юқадиган геморрагик иситмалар (Сариқ иситма, Денге геморрагик иситмаси, Чикунгунья геморрагик иситмаси).
3.Контагиоз зооноз геморрагик иситмалар (Буйрак синдроми билан ўтадиган геморрагик иситма, Аргентина геморрагик иситмаси, Боливия геморрагик иситмаси, Марбург геморрагик иситмаси ва х.к).
Геморрагик иситма касалликлари кўп жихатлари билан ўхшаш бўлсада, касалликнинг кечиши, ривожланиши, эпидемиологик жараённинг намоён бўлиши, қўзғатувчиларининг ўзига хослиги, касаллик қўзғатувчиларининг манбалари ва юқиш механизмлари билан бир-биридан фарқ қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |