Тиббиёт институтлари талабалари учун ўҚув адабиёти


Download 1.43 Mb.
bet91/149
Sana26.06.2023
Hajmi1.43 Mb.
#1655967
1   ...   87   88   89   90   91   92   93   94   ...   149
Bog'liq
ЮҚУМЛИ КАСАЛЛИКЛАРДА ҲАМШИРАЛИК ИШИ

Менингококкцемия. Менингококк бактериемияси баъзан менингеал белгиларсиз ўтади, бошқа ҳолларда эса менингит ҳам бошланади. Охирги йилларда 1-2 фоиз беморларда менингитсиз ўтадиган менингококкцемия учрамоқда. Менингитсиз ўтадиган менингококкцемиянинг клиникаси турлича бўлади. Баъзан менингококкцемия енгил ўтади, бунда беморнинг аҳволи оғирлашмайди. Менингококкцемиянинг бундай хилида ташхисни аниқ белгилаш қийин.
Менингококкцемия аксари бирдан бошланади, 6-8 соат давомида ҳарорат 38-40 даражагача кўтарилади. Умумий заҳарланиш билан бир вақтда менингизм белгилари пайдо бўлади: бош қаттиқ оғриб, бемор талвасага ҳам тушади, кўпинча қайт қилади ва беҳуш бўлиб ётади. Шуниси борки, мия пардаларининг яллиғланишига хос ушбу белгилар бўлгани ҳолда орқа мия суюқлигида яллиғланишга алоқадор ўзгаришлар топилмайди. Касаллик бошланганидан кейин 8-12 соат ўтгач бемор баданида геморрагия аломатлари кўринади, майда петехиал тошмалар билан бир қаторда 0,5-1 см катталикдаги қонталашлар пайдо бўлади. Бадандаги тошманинг шаклан юлдузчаларга ўхшаш бўлиши жуда характерлидир. Бу тошмалар кўпинча думба, сон, болдир, кўз қовоғи, кўз склераси ва баъзан юзда пайдо бўлади (22-23-расм).
Иситма 1-2 кун юқори бўлиб туради (30-40оС ) сўнгра у турлича кўринишда давом этади, кейинроқ субфебрил даражага тушади.Кучли заҳарланиш вақтида тахикардия, гипотония, ҳансираш аниқланади.Бемор тили караш билан қопланади, у кўп чанқайди, чақалоқ болаларда диспепсия белгилари (қусиш, ич кетиш) кўрилади.
Менингококкцемияда баъзан бўғимларнинг синовиал пардаси зарарланиб полиартрит белгилари пайдо бўлади, кўзнинг томирли пардаси яллиғланади (увеит, иридоциклит, хореоидит юз беради).Бунда шох парданинг ранги ўзгариб, тўқ қизил тусга киради. Эндокардит ва пневмония камроқ учрайди. Қон текширилганда анчагина лейкоцитоз (20000-40000), нейтрофилёз борлиги, лейкоцитар формула чапга сурилгани аниқланади, анэозинофилия ҳам бўлади.Менингококкцемияга ўз вақтида тўғри даво қилинса, касаллик кўпинча беморнинг соғайиши билан якунланади.
Яшин тезлигида ўтадиган менингококкцемия жуда кучли заҳарланиш бўлиши билан таърифланади.Касаллик бошланишидаёқ бемор ҳушини йўқотади ва ҳар хил тартибсиз ҳаракатлар қилаверади, уни кетма-кет тутқаноқ тутиб туради. Беморнинг юзи қизарган ва бўртган бўлади. Шиллиқ пардалар ва тери ранги ўзгариб, кўкариб туради. Касаллик бошланишида тахикардия ўрнига брадикардия аниқланади, қон босими кўтарилади.Нафас аритмияси ва бош мия шишувига хос белгилар пайдо бўлиши хатарли аломат ҳисобланади. Мана шундай ҳолда ётган беморнинг бирданига нафаси тўхтаб, ўлиб қолиши мумкин. Бош мия шишганда узунчоқ мия катта энса тешигига кириб қолиб эзилиши мумкин.
Баъзан ўта ўткир менингококк сепсисида буйрак усти безларига қон қуйилади ва Уотерхауз-Фридериксен синдроми кўринади.Бу синдром жуда кучли заҳарланиш, қайталаниб турадиган комплекс белгилари ва бош мия зарарланганига хос бўлган бошқа белгилар билан таърифланади. Бу ўзгаришлар тўсатдан бошланади, бемор эти увишиб қалтирайди. Ҳарорат жуда юқорига кўтарилиб, бемор хушидан кетади, қусади. Касаллик бошланишиданоқ бадан терисига қон қуйилади, петехия тошмаси кўринади. Пульс жуда тез ва суст уради, кейинчалик мутлақо қўлга илинмайди. Қон босими борган сари пасаяверади. Бемор ҳансираб нафас олади. Менингеал синдром аниқланади. Қонда юқори лейкоцитоз ва нейтрофиллар формуласининг чапга сурилиб қолгани кўзга ташланади. 15-30 соат ичида бемор кома холатига тушиб, ўлиб кетади.Беморнинг бунчалик эрта ўлишининг сабаби буйрак усти безлари қон қуюлишидир.
Сурункали менингококкцемия. Менингококк инфекциясининг бу хили кам учрайди, бир неча хафтадан бир неча йилгача давом этади. Ҳарорат доимий иситма ёки интермиттенс кўринишида бўлади. Апирекция даврида бемор аҳволи анча яхшиланади, баданидаги тошмалар ранги ўчади. Сурункали менингококкцемияда баъзан артрит, полиартритлар бошланади, кўпинча гепатолиенал синдром аниқланади. Қонда лейкоцитоз, нейтрофиллёз ЭЧТнинг тезлашгани кўринади. Сурункали менингоэнцефалитда гломерулонефрит, эндокардитлар бошланиши мумкин.
Менингококкцемиянинг менингит билан ўтадиган хили. 25-50 фоиз ҳолларда учрайди. Бунда менингококкцемия белгиларидан ташқари бош мия юмшоқ пардасининг зарарланганига хос белгилар аниқланади. Менингококк инфекциясининг кам учрайдиган хиллари аксари полиартрит, эндокардит, иридоциклит кўринишидаги касалликлардан иборат бўлади.
Менингит. Яширин давр 4-6 кун давом этади. Касаллик тўсатдан бошланади, бемор эти увишиб, қалтирайди, ҳарорати 39-40оС даражагача кўтарилади, боши қаттиқ оғрийди, кетма-кет қайт қилади. Заҳарланиш тез кучайиб бориб, бемор ҳадеб безовталанаверади. Баъзи ҳолларда, айниқса болаларда тутқаноқ тутади. Иситма турлича шаклда бўлиб 2-3 кундан 7-14 кунгача, гоҳ 20-25 кунгача чўзилади. Иштаҳа бўғилади, биринчи кунданоқ баданда геморрагик тошма пайдо бўлади. Баъзан бадан терисида (касалликнинг оғир формасида) майда тошмалардан ташқари 0,5-1 см катталикдаги қонталашлар кўзга ташланади. Бундай геморрагия белгилари склера, конъюнктива, танглай, бурун шиллиқ пардасида ҳам учрайди. Баъзан меъда, бачадон, буйракдан қон кетади. Бемор безовталаниб, алаҳлайди, уни уйқу тортаверади, лекин ухлай олмайди
Беморнинг башараси, кўзи қизарган ва бўртган бўлади, у қуёш ёки электр нурига қарай олмайди. Касалликнинг 2-3 куни учуқ тошади. Жигар ва талоқ озгина катталашади. Менингеал белгилар пайдо бўлади: энса мушаклари тортишиб қисқариб туради(25-расм), Кернинг( 26-расм) ва Брудзинский белгилари яққол аниқланади. Болалар бошини орқасига ташлаган ҳолда ётади, катта ёшдаги беморлар эса боши орқага ташланган, оёқлари қорнига тортилган ҳолда бўлади (24-расм). Кернинг белгиси ва энса мушакларининг тортишиб, қисқариб туриши баъзан 4 ёшгача бўлган соғлом болаларда ҳам учрайди. Бу касаллик аломати бўлмасдан, балки нормал физиологик ҳолатдир. Чақалоқ болаларда менингитнинг энг характерли белгиси ликилдоқнинг таранг тортиб, бўртиб туришидир.
Талваса катталардагига қараганда болаларда кўпроқ бўлади. Агар бемор болани қўлтиқ остидан ушлаб кўтарилса, унинг оёқлари қорнига тортилган ҳолатда бўлади. Бош мия нервларининг зарарланишига оид белгилар пайдо бўлади: анизокария, конвергенция ва аккомодациянинг бузилиши, кўзнинг ғилай тортиши, стробизм шулар жумласидандир. Кўпинча горизонтал нистагм борлиги намоён бўлади.
Булардан ташқари оёқ-қўлларнинг фалажи, яримфалаж аломатлари учрайди. Россалимо, Бабинский белгилари аниқланади. Ўз вақтида тўғри даво чоралар амалга оширилса, кўпчилик беморлар касалликнинг 12-14 кунларига бориб соғая бошлайди.
Эпендиматит синдроми билан ўтадиган менингит. Менингит диагнози кеч аниқланган ва унга нотўғри даво қилинган ҳолларда эпендиматит белгилари пайдо бўлади. Беморни уйқу тортаверади, мушаклар қисқариши кучлироқ бўлади, бемор бетартиб ҳаракат қилади, кундан-кунга озиб кетади (кахексия).
Серозли менингит. Менингит баъзан серозли менингит кўринишида ўтади. Бунда менингеал синдром яққол кўринмайди. Орқа мия суюқлиги тиниқ бўлади, плеоцитоз (1мм да 200-800 ҳужайра) аниқланади. Плеоцитоз асосан лимфоцитлар ҳисобига бўлади.
Менингоэнцефалит. Касалликнинг бу хили кам учрайди. Менингеал синдром суст ифодаланган бўлади, асосан энцефалит белгилари аниқланади. Касаллик бирданига бошланади, бемор руҳияти бузилиб, уни талваса тутади, оёқ-қўллари фалаж ёки ярим фалаж бўлиб қолади. Менингококк энцефалити кўпинча беморнинг ўлими билан тугайди.

Download 1.43 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   87   88   89   90   91   92   93   94   ...   149




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling