Тил структураси ва унинг ўрганилиши


Download 76.5 Kb.
bet3/3
Sana12.10.2023
Hajmi76.5 Kb.
#1699620
1   2   3
Bog'liq
Til strukturasi

Тил ва нутқ фаолияти
Тил ва нутқ ўртасидаги муносабатларни ўрганиш ҳозирги замон тилшунослигининг энг муҳим вазифаларидан биридир. Бу масала алоҳида бир миллий тилни ёки умуман тилларни назарий таърифлашдаги бошланғич нуқтадир. Тил ва нутқ ҳодисаларини фарқлаш аксарият тилшунослар томонидан тан олинади, аммо уларнинг моҳиятини, чегарасини аниқлаш мезонлари ҳақидаги фикрлар турли-туман.
Ф.Соссюр тил ва нутқни нутқ фаолиятининг икки ажралмас бўлаги деб ҳисоблаб, уларни «бир пайтнинг ўзида физик, физиологик ва психик, бундан ташқари, индивидуал ва ижтимоий муносабатларга дахлдор» жараёнлар деб таърифлаган эди (Соссюр 1977: 48).
Тил, Соссюрнинг фикрича, нутқ фаолиятининг ижтимоий ва психик томонларидир, нутқ эса унинг индивидуал ва психофизик томонлари, ёки «одамлар нимани гапирса, ўшаларнинг йиғиндисидир».
«Тил фаолият маҳсули эмас, балки фаолиятнинг ўзидир» (Звегинцев 1964, ч. 1: 91) деган ғояни илгари сурган В. фон Ҳумбольдтдан фарқли ўлароқ, Соссюр «тил фаолият эмас, балки сўзловчи томонидан пассив қайд қилинадиган тайёр маҳсулот, нутқ маҳсулидир» дейди. Унинг таъкидлашича, «тилнинг воқелиги, ўз табиатига кўра нутққа нисбатан кам эмас» (Соссюр 1977: 53).
Л.В.Щерба худди Ф.де Соссюр сингари нутқ фаолиятини алоҳида ҳодиса сифатида ажратиб, уни «гапириш ва тушуниш жараёни» деб тушунади. Олимнинг фикрича, тажрибадан биз фақат нутқ фаолиятини кузатамиз ва кейинчалик ундан «тил материали» ажратиб олинади. Тил материалига эса «гапириладиган ва тушунадиганларнинг барчаси», шунингдек, «матнлар», яъни адабиёт, қўлёзмалар, китоблар ҳам киради.
Бу ўринда Л.В.Щербанинг тил материали ҳақидаги тушунчалари Соссюр «нутқ» деб таърифлаган тушунчага яқин эканлигини пайқаш қийин эмас.
Л.В.Щерба яна шуни таъкидлайдики, гапириш ва тушуниш актлари материали ва шунингдек, кейин мутахассисларнинг илмий хулосалари асосида луғатлар ва грамматикалар яратилади. Уларни оддийгина тил деб эътироф этсак ҳам бўлаверади, бироқ биз уларни «тил системалари» деб атаймиз (Щерба 1974: 25).
Соссюрдан фарқли ўлароқ, Щерба тилни ёки тил системасини конкрет эмас, балки мавҳум ҳодисалар қаторига киритади, бироқ ҳар иккала тилшунос тил ижтимоий ҳодиса эканлигини қайд этишади.
А.И.Смирницкий тил ва нутқ муносабатларини таҳлил қилар экан, нутқий фаолият тушунчасини четлаб ўтади, аммо у Соссюр ва Щербага қараганда умумий инсоният нутқи тушунчасига кўпроқ мазмун бағишлашга ҳаракат қилади. Жумладан, олим нутқ қуйидаги шаклларда мавжудлигини алоҳида таъкидлайди:
1) ташқи товушли белгили оғзаки нутқ;
2) ташқи график белгили ёзма нутқ;
3) ҳеч қандай реал белгиларга эга бўлмаган ботиний нутқ (Смирницкий 1957: 10).
А.И.Смирницкийнинг фикрича, нутқнинг оғзаки ва ёзма шаклларда мавжуд бўлиши унинг объектив томонини ташкил этади ва улар ташқи нутққа тегишли бўлади, ички нутқ эса фақат субъектив шаклда мавжуд бўлади ва тафаккурдаги фикрни ифодалайди. Шунингдек, «инсон нутқи сон-саноқсиз ва чекланмаган миқдордаги турли-туман нутқий ҳаракатлар натижасидир» ва унинг турлича кўринишида айнан бир хил компонентлар ва бу компонентларнинг қўлланишидаги қонуниятлар аниқланади. Турлича нутқ бўлакларининг мажмуаси ва бу компонентларнинг ишлатилиши тўғрисидаги қонуниятлар ва қоидалар умумийликда муайян бир системани ташкил қилади, яъни ўзаро бир-бирларига боғланган бирликлар мажмуасини ва улар орасидаги муносабатларни ҳосил қилади. Бирликларнинг бундай тизими тилдир (Смирницкий 1957: 11-12).
Олимнинг фикрича, нутқ умуман олганда «тадқиқот учун хом материалдир», тил эса бу «материалга асосланган тадқиқот предметидир».
Ф. де Соссюр, Л.В.Щерба ва А.И.Смирницкийлар фақат бир масалада ҳамфикрдирлар, яъни тил нутқдан ҳосил бўладиган маҳсулотдир ва у тилшунослар учун илмий тадқиқ предметидир.
Айрим тадқиқотчилар тил ва нутқ муносабатига бошқача ёндашадилар. Уларнинг фикрича, нутқ тилдан ҳосил бўлади, яъни тил мутахассисларнинг лингвистик фаолиятининг натижаси эмас, балки нутқда ўз ифодасини топадиган объектив мавжуд ҳодисадир. Масалан, Т.П.Ломтевнинг фикрича, «Тил шундай маъно-мазмунни англатадики, унинг мавжуд бўлиши ва ифодаланиши нутқ орқали амалга ошади» (Ломтев 1976: 58).
Ўрганилаётган масала бўйича билдирилган турли-туман нуқтаи назарларни умумлаштириб, шуни айтиш мумкинки, тил нутқий фаолиятнинг ҳосиласидир, бироқ турли тушунчаларни ифодаловчи бу атамалар турли маъноларда ишлатилиб келинмоқда. Тил бир томондан нутқ ҳосил қилинадиган ва тушуниладиган қурилма сифатида талқин қилинса, иккинчи томондан, мутахассислар нутқ фактларидан хулоса қиладиган қоидалар тизими, бирликлар мажмуасидир. Бу тушунчаларнинг ҳар иккаласи ҳам ўзаро бир-бирларига боғлиқдир, чунки тил қурилма сифатида моҳиятни англатади, бу моҳиятни унда мавжуд бўлган қоида ва бирликлар орқали билиш мумкин.
Нутқ, биринчидан, фикр-мулоҳаза билдириш жараёни, иккинчидан, у тил қурилмаси фаолияти натижасидир.
Тил ва нутқ ҳақида билдирилган бундай фикрларга асосланиб хулоса қилиш мумкинки, улар ўзаро боғлиқ, бир-бирини тақозо этувчи ҳодисалардир ва айни пайтда, улар ўртасида муайян фарқлар ҳам мавжудки, буларни алоҳида эслатиш лозим бўлади.
Тил потенциал ҳодиса бўлиб, кишилар онгида болаликдан ўзлаштирилган гапириш қобилияти ва нутқ орқали ифодаланган фикрни тушуниш воситаси сифатида мавжуд бўлади.
Нутқ эса мавжуд имкониятни воқелантириш ва сўзлашув қобилиятини аниқ муҳитда амалга ошириш жараёнидир.
Нутқ ҳар бир алоҳида кишини индивид ва шахс сифатида характерловчи энг самарадор воситалардан биридир. Инсонлар мулоқоти нутқ орқали амалга оширилади. Унинг ёрдамида одам ўз фикрини, ҳиссиётларини, кайфиятини, истакларини ифодалайди. Нутқ индивидуал ҳодиса бўлса-да, аксарият ҳолларда биз бир-биримизни тушунамиз. Тушуниш сўзлашиш фаолиятида айрим ўзига хос ва умумий хусусиятларнинг мавжудлиги туфайли юз беради. Бундай хусусиятлар муайян тил жамоаси ишлатадиган бирликлар (фонемалар, морфемалар, сўзлар, гаплар) ва улардан фойдаланиш қоидаларининг умумийлигидадир. Умумий бирликлар ва қоидалар тил тизимига мансуб бўлиб, уларнинг индивидуал нутқда ишлатилиши нутқнинг структуравий асосини ташкил қилади. Айнан шу асосда нутқнинг мулоқот жараёнидаги вазифаси амалга оширилади.
Гапириш ва тушуниш жараёни одамлар орасида фикр алмашинув, ҳиссиётларини билдириш, ахборот узатиш эҳтиёжи туфайли рўй беради ва буларнинг ҳаммаси ижтимоий муносабатларга асосланади. Нутқнинг айнан мана шу ижтимоий асосини тил тизими ташкил қилади. Демак, нутқ умумий ва ижтимоий хусусиятга эга бўлган тилга нисбатан индивидуал муносабатдаги ҳодисадир.
Шундай қилиб, нутқ «ҳамма вақт маълум мақсадга йўналтирилган ва вазиятга боғлиқдир» (Звегинцев 1973: 238). Айни пайтда, тил бирликлари ва қоидалар вазиятга боғлиқ эмас. Улар нутқий бирликларни ташкил қилиш воситаси бўлиб хизмат қилади ва ўз навбатида сўзловчидан мулоқот вазиятидаги экстралингвистик шарт-шароитларга мослашувни талаб қилади. Нутқнинг мақсадга йўналтирилганлик характери суҳбатдошга ва унинг тушунилишига асосланган. Хуллас, нутқнинг мақсадга йўналтирилганлиги экстралингвистик вазиятга боғлиқ, аммо тил бундай хусусиятларга эга эмас.
Тил кўп ўлчамли ҳодисадир. Унинг бирликлари ўртасидаги боғлиқликлар, алоқалар ҳам турли-тумандир. Тил бирликлари ўртасида бундай муносабатларнинг мавжудлиги уни яхлит бир бутунликка, системага айланишга олиб келган.
Тил бирликлари орасидаги боғлиқликларнинг турли-туманлиги тил тизимида беҳад кўп жумлавий тузилмалар ясаш имконини беради ва нутқда айнан бир фикрни вазиятга қараб турлича усулларда баён қилиш имкониятини ҳам яратади.
Тилнинг кўп ўлчамлилигига қарама-қарши ҳолда нутқ кетма-кетлик хусусиятига эга, яъни у маълум замонда (оғзаки нутқ) ва маконда (ёзма матн) амалга оширилиши мумкин. Нутқ элементлари ифодаланаётган фикр кечишига қараб жумлалар матнда маълум бир тартибда кетма-кет жойлашади. Худди шундай кетма-кетлик нутқни идрок қилиш жараёнида ҳам кузатилади. Биз нутқ ахборотини айнан ана шундай кетма-кетликда, бирликларнинг маълум қоидаларга бўйсунгани ҳолда ифодаланиши асосида идрок қиламиз ва тўғри тушунамиз.
Download 76.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling