Тоғли минтақаларда мевачилик


Download 16.42 Kb.
Sana24.12.2022
Hajmi16.42 Kb.
#1054624
Bog'liq
Тоғли минтақаларда мевачилик (3)


Тоғли минтақаларда мевачилик
Таянч иборалар – тоғли ҳудуд, қиялик, иқлим, намлик, терраса, контур, олма, ёнғоқ, ўрик, дўлана, дарахтларни парваришлаш, шакл бериш, ҳосилни чамалаш, териш, сақлаш.
Марказий Осиё мамлакатларида 60 млн гектарга яқин тоғли ерлар мавжуд. Бунинг 10 % и Туркманистонда, 15 % и Ўзбекистонда, 25 % и жанубий Қозоғистондадир. Тожикистоннинг 90 % ери тоғли ерлардир, Қирғизистонда эса бу кўрсаткич салкам 95 % ни ташкил қилади. Тоғли ҳудудлар асосий сув манбаи ҳисобланади. Куз, қиш, баҳор ва қисман ёз фаслларидаги ёғингарчилик ҳисобига тоғларда катта сув манбалари ҳосил бўлади.
Тоғли ҳудудларда қишлоқ хўжалигининг кўп тармоқларини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд.
Токка нисбатан мева дарахтлари намни кўп талаб қилади. Шунинг учун, ҳам йиллик ёғин миқдори 600-700 мм га етадиган ва ундан ошадиган тоғ қияликларида лалмикор боғдорчилик билан шуғулланса бўлади. Кўпчилик тоғ қияликларидаги ерлар унумдор бўлиб, тупроғида 1-2 %, ҳатто 3-4 % чиринди (гумус) бўлган ерлар ҳам бор. Тоғли ерларда текисликка нисбатан мевазор боғлар барпо қилиш анча қийин. Ер текис бўлмаганлиги учун тоғ қияликларида ҳаводан тушадиган намни тупроқ қатламларида сақлаб қолиш учун махсус зинапоя (терраса) лар қилинади.
Тупроғи унумдор бўлган тоғли ҳудудларда боғ барпо қилишда йиллик фойдали ҳарорат йиғиндисини ва табиий нам миқдорини эътиборга олиш керак.
Профессор Л.М.Молчанов маълумотларига кўра, денгиз сатҳидан ҳар 100 метр кўтарилган сари, қишда ҳарорат 0,3-0,50С, 0,6-0,80С совийди, шунда меваларнинг ўсув даври 5-10 кунга қисқаради. Денгиз сатҳидан қанчалик баландга кўтарилган сари мева дарахти кўчатларининг ўсув даври пастликда жойлашган ҳудудларга нисбатан бирмунча қисқаради.
Тоғ қияликларида мевали боғ барпо қилинганда шу жойнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади, чунки бунда дарахтларнинг илдизлари ернинг 1-2 метр ва ундан чуқурроқ қатламига таралиши туфайли тоғ қияликларидаги унумдор тупроқ қатламини сел ва ёмғир ювиб кетмайди.
Маълумки, тоғ қияликларида мева дарахтлари, тол ва бошқа кўп йиллик манзарали дарахтлар, буталар экилмаган майдонларда кўпинча апрел-май, айрим пайтларда июн ойларида кўпинча сел ёғиб ернинг устки унумдор қатламини ювиб кетади ва у катта дарёларга, сув омборларига ҳамда ариқларга оқиб тушиб, уларни лойқа босади. Ҳар йили бу сув манбаларини тозалаш учун кўп меҳнат сарфланади. Шунинг учун тоғ қияликларига кўп йиллик экинларни экиб ер қатламларини мустаҳкамлаш зарур (50, 51, 52 – расмлар).
Нишаби 8-100 бўлган ерларни 50-60 см чуқурликда плантаж пулугида ҳайдаб терраса олмасдан мевазор барпо қилса бўлади. Лекин, бунда ерларни кўндалангига ҳайдаш тавсия қилинади. Шунда қор ва ёмғир сувлари ер қатламларига яхши шимилади, ерни ёппасига ҳайдаш имкони бўлмаса, кўчат экиладиган 1,5-2,0 м ли кенгликлар чуқур ҳайдалса ҳам бўлади.
Террасалар оралиғи дарахтлар шох-шаббасининг ҳажмига, ён бағрларнинг қиялигига қараб белгиланади. Масалан, тез ўсадиган дарахтлар учун бу оралиқ 7-8 м; ён бағирларнинг қиялиги 300 бўлганда 9 метргача, 350 бўлганда эса 12 метргача бўлади. Мева дарахтлари ён бағирларидаги 2-2,5 м лик майдончаларга шахмат тартибида жойлаштирилади. Терраса ва майдончалардаги нам ер қатламларига яхшироқ шимилиши учун улар ички томонга 2-30 нишаб қилинади.
Тоғ қияликларида террасалардан ташқари, диагонал ҳамда ёйсимон (Чирчиқ типида) нам сақлагич майдонча ҳам қилинади. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чирчиқ” ва “Бурчимулла” ўрмон хўжаликлари оддий қишлоқ хўжалик машиналари юраолмайдиган қияликларда майдончаларга кўчат экиш, шу билан тоғ қияликларини ўзлаштириш мумкинлигини тажрибада исботладилар ва туманда катта майдонларда мевазор боғлар барпо этилди.
Террасалар олишда асосий эътибор, шу ерда йиғилган сув миқдори талабга тўлиқ жавоб беришига қаратилган бўлиши лозим. Шундагина боғларда ўтказиладиган агротехника тадбирларини механизация ёрдамида бажариш мумкин бўлади.
Террасалар олишда П-5-35 плуг, ПП-70 грейдер, Д-20 ва ТР-2 террасер каби механизмлардан фойдаланиш мумкин.
Маълумки, янги барпо этилган боғларда дастлабки йилларда ёш кўчат илдизи жойлашган қатламда нам етарли бўлиши керак. Террасада етарли миқдорда нам тўпланиши ва унинг ювилиб кетмаслиги учун нишаби қуйидагича бўлиши мақсадга мувофиқдир. Нишаби 20-270 бўлган қияликларда 70, 270 дан ошиқроқ бўлганда 100.
Лалмикор қияликларда боғ ташкил қилишда кўчат экиш муддатининг аҳамияти катта. Шунинг учун кўчатлар кузда совуқ тушгунга қадар ёки баҳорда куртаклар уйғонгунча экиш тугатилса энг яхши кўрсаткичга эришилади.
Плантаж плугида ҳайдалган ерларда кўчат экиладиган чуқурлар экишдан олдин қазиб қўйилиши керак. Чуқурчанинг катталиги 60х60х60 см, оддий плугда ҳайдалган майдонларда эса 70х60х60 см. Лалмикор ерларга яхши ривожланган 1 ёшли кўчатлар экилгани маъқул.
Тупроқ таркибида гумус кам ва эрозияга учраган қияликларда боғ барпо қилишда ҳар бир чуқурга 4-5 кг дан чириган гўнг солинади. Чуқурлар ЯН-1 маркали машинада қазилади, у бир иш кунида 1000 та ўра қазиши мумкин.
Кўчат экилган ерлар ёзда 2-3 марта култивация қилинади, терраса атрофлари бегона ўтлардан тозалаб турилади.
Тупроқда нам сақлаш мақсадида, июн ойида терраса оралиғи 5-6 см қалинликда мульчаланади. Мульча сифатида шу ерда ўсиб турган ўтдан фойдаланиш мумкин. Ҳар бир кўчат атрофига 5-8 кг дан чириган гўнг сочиш ҳам яхши самара беради. Булар кузда кўчат атрофини юмшатиш вақтида тупроққа аралаштириб юборилади.
Ўзбекистон шароитида олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари натижаларига кўра, денгиз сатҳига нисбатан ҳар хил баландликларда маълум бир мева экини турини экиш мақсадга мувофиқлиги аниқланган. Натижада денгиз сатҳида 1000-2000 м баландликдаги ён бағирларда олма, 900-1700 м баландликдаги шимолий ва жанубий ён бағирларда нок, 800-1500 м баландликдаги шимолий ва ғарбий ён бағирларда ўрик ва шафтоли, 1000-1700 м баландликдаги ён бағирларда олхўри, 1000-2000 м баландликдаги шимолий ён бағирларда тоғолча, 800-1500 м баландликдаги шимолий ва шарқий ён бағирларда гилос, 1000-1500 м баландликдаги ён бағирларда ёнғоқ, 800-1400 м баландликдаги ҳамма ён бағирларда бодом, 700-1200 м баландликда чилон жийда ва 600-1200 м баландликдаги ён бағирларда писта ва ҳар хил баландликдаги жанубий, ғарбий ва шарқий ён бағирларда дўлана ўстириш мумкинлиги исботланган.
Террасаларда ёнғоқ кўчатлари 8-18 м, олма, ўрик, гилос ва нок кўчатлари 6-7 м, олхўри кўчатлари 5 м, бодом кўчатлари 4 м оралиқда экилади.
Қолган агротадбирлар текисликлардаги сингари бажарилади.
Муҳокама учун саволлар:
1. Ўзбекистоннинг тоғли мевачилик ривожланган ҳудудлари ?
2.Тоғли ҳудудларнинг иқлим ва тупроқ шароитининг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?
3. Тоғли ҳудудларда қайси мева экинларини ўстириш мақсадга мувофиқ ?
4. Тоғли ҳудудларда олма ўстириш хусусиятларини айтинг.
5. Тоғли ҳудудларда ёнғоқ ва бошқа мева экинларини ўстириш хусусиятлари, экинларни парваришлаш, ҳосилни териш, ташиш ва сақлаш жараёнларини айтинг.
Download 16.42 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling