Тортинчоқлик психологияси
БОЛАЛАРДА ТОРТИНЧОҚЛИК ҲИССИ НАМОЁН БЎЛИШИДА
Download 445 Kb.
|
tortinchoqlik psixologiyasi
БОЛАЛАРДА ТОРТИНЧОҚЛИК ҲИССИ НАМОЁН БЎЛИШИДА
ОИЛА МУҲИТИНИНГ ТАЪСИРИ Маълумки, оилада вояга етаётган фарзандларнинг, таълим тарбияси ва шахсини шакллантириш, ишларини тўғри йўлга қўйиш учун аввало, инсоннинг гўдаклик чоғиданоқ унинг ўсиб, улғайиб бориши жараёнидаги ўзига хос сир-асрорлар, ривожланишнинг айрим умумий қонуниятларини ота-оналар билишлари керак. Дунёга келган гўдак, унинг атрофидаги одамлар ва олам учун тўлиқ тобе ва боғлиқ бўлади. Унинг ота-онаси учун хулқ-атвори оддий ва тушунарли бўлиб туюлса-да, вақт ўтиши ҳамда бола улғайиши билан унинг ички олами ўзга кўзлардан ҳоли, хулқ-атвори эса ноаниқ ва тушунарсиз бўла бошлайди. Кичик мактаб ёш даври инсон ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлиб, бу даврдаги болаларда ўзига хос бўлган, ўз-ўзини англаш туйғуси, ўз-ўзига баҳо бериш, ишонувчанлик, очиқлик, ташқи таъсирларга берилувчанлик, хавотирланиш, соддалик хислатлари шаклланиб борар экан ва шу билан бирга, уларда тортинчоқлик ҳисси ҳам намоён бўла бошлайди. Кичик мактаб ёшидаги болаларда тортинчоқлик ҳисси намоён бўлишида оила муҳитининг бевосита таъсири мавжуд, айнан ота ва она дастлабки ижтимоий кўникмаларни бола онгига сингдирувчи, унинг иродасини чарҳловчи инсонлардир. Оиланинг тўлиқ бўлиши, яъни унда ҳам ота, ҳам онанинг тинчлик тотувликда яшашлари ва унда нормал инсоний муносабатлар, соғлом маънавий муҳитнинг мавжудлиги боланинг ҳар томонлама яхши ривожланиши, соғлом ақлли, кучли ирода соҳиби бўлиб етишига имкон беради. Шунингдек, оилада бу даврда тортинчоқликнинг юзага келишида ота-она томонидан фарзандга ўта қаттиққўллик билан муносабатда бўлиши, беэътиборсизликлари, фарзанди билан тўғри муомаланинг ўрнатилмаганлиги ҳам сабаб бўлади. Биз биламизки, ота-она ва фарзанд ўртасидаги мулоқот аҳамиятли ҳисобланади, агар ота-она бола билан мулоқотга киришганда, ота-она қўполлик кўрсатса, улар орасидаги девор, тўсиқ пайдо бўлишига олиб келади. Бундан ташқари боланинг уятчанлиги фақатгина бир чеккада ўтиришда, ҳеч ким билан мулоқотга киришмасликда, итоаткор бўлишдагина эмас, балки хатоларга йўл қўйиш оқибатида қайсарлик, ўжарлик кучаяди. Бу фақат улар ўртасида деворнинг ўсишига эмас, балки боланинг хатти-ҳаракати ота-онанинг ғашини келтириши мумкин. Боланинг мулоқот кўникмаларини яхши ривожланмаганликнинг айрим сабаблари мавжуд бўлиб, булар: Оилада болага мутлақо қарама-қарши талаблар қўйилиши; Эркалаш, рағбатлантириш ва юпатиш ҳолатлари камлиги ва бу ҳолатдан болани бирдан танқид қилишга ўтиш ҳолатлари; Болалар тез-тез танбеҳ қилиб турилиши, бунда боланинг нотўғри хатти ҳаракати эмас, балки шахси кўпроқ танқид қилинади; Фарзандининг саволлари жавобсиз қолдирилиши; Боланинг аввалги муваффақиятсизликлари кўп эсга олиниши; Ота-она томонидан фарзандга қўпол ва қаттиқ оҳангда гапирилиши; Фарзандга нисбатан ишончсизликнинг намоён қилиниши ва бошқа кўпгина сабаблар кичик мактаб ёшидаги болаларда тортинчоқликни келиб чиқишига олиб келади. Эътиборли жиҳатларидан бири шуки, болалар кўпинча катталар таъқиқ ва танбеҳларининг мазмунини эътиборсиз қолдириб, унинг оҳангига ўта сезгир бўладилар, танқид мазмунидан қатъий назар танқид қилиниш ҳолатининг ўзини катталарнинг салбий муносабати сифатида қабул қиладилар. Мисол тариқасида қўйидагиларни келтиришимиз мумкин: «Ваҳтлироқ ёт, сен ҳали кичкинасан» дегандан кўра, «Кеч бўлди, энди ётақол» деб айтган маъқул, «Унга бақирма» деб айтгандан кўра, «Одамларга бақириш мумкин эмас» деб айтган маъқул. Баъзи таъқиқ фикрларни билдиришда турли предметларни асл вазифасини таъкидлаш ижобийрок натижага олиб келади: «Стулдан дарҳол туш» дегандан кўра, «Стулда оёқ билан турилмайди, унда ўтирилади» деб айтиш, «Китобни йиртма, унга чизма» деб айтгандан кўра, «Китобга чизилмайди, у ўқиш учун ишлатилади» деб айтган маъқулдир. Ота-оналар томонидан таъқиқлар бола шаънини камситмайдиган ҳолатда билдирилиши лозим. Бу ёш даврига келиб, бола яна ўзига хос ҳусусиятларни кўрсата бошлайди. Бу ёшдаги болалар хатти-ҳаракатлари ва мотивлари уларнинг ўзларига берадиган баҳоларига қараб «Мен яхши боламан» эмас, балки бу хатти-ҳаракатлар ўзгалар кўз ўнгида қандай намоён бўлишига қараб баҳоланишини тушуна бошлайдилар. Ўз «Мен» ини англаб, таъкидлашни жуда ҳам ҳоҳлайди. Бирданига соддалик, сизга боғликлик йўқолиб ўз муносабатларини турли тарзда ифодалай бошлайди. Масалан: «Меники», «Мен шуни ҳоҳлайман», «Мен ранжидим», «Менга керак», «Мен шуни бажаришим керак» каби сўзларини айтиб, бу сўзларни маъносини тушуна бошлайди. Ота-онанинг болага нисбатан меъёрдан ортиқ талаблари болада ишончсизликни уйғотади. Бу эса ўз-ўзидан болани кўнгли қолишига олиб келади. Мисол учун: Ота-она боладан боғчада «энг қобилиятли бола» бўлишини кутган бўлса, бу ҳолатни улар ундан мактабда ҳам кутадилар. Ака-сингилларга келсак, ота-оналар уларни бир-бирига таққослашни яхши кўрадилар. Бирининг жуда яхши ютуғини, иккинчисини оддий кўрсаткичлари билан бир-бирига таққослайдилар. Бу рақибчилик боланинг ака ёки синглисидан кўнгли қолишига ва улар орасидаги яхши муносабатнинг бузилишига олиб келади. Шу билан бирга, психологик қўллаб-қувватлаш ҳам – зарур бўлган омилларнинг биридир. У катталар билан болалар ўртасидаги муносабатларни яхшилашга жуда фойдали. Адекват қўллаб-қувватлаш кам бўлганда ёки умуман бўлмаганда бола ҳафсаласи пир бўлиб, ҳар хил ёмон ишларга берилиши мумкин. Болани қўллаб-қувватлаш – бу болага ишониш демакдир. Ота-болага, вербал ва новербал унинг кучига ва қобилиятига ишонишини айтади. Болани қўллаб-қувватлашга фақат ёмон аҳволда қолганда эмас, балки яхши ҳолатида ҳам муҳтож бўлади, шу нарсани яна қайта айтишимиз керакки, болаларни қўллаб-қувватловчи катталар болани қилаётган ишининг ҳаммасини эмас, балки шу ишнинг бола учун алоҳида ижобий томонларини кўра билиши керак. Қўллаб-қувватлаш шахснинг ўзига ишончини орттиришга, ҳаёт қийинчиликларини ўзи учун аҳамиятли шахс билан бирга енгиб ўтишга асосланган. Юқоридаги фикрларга асосланиб, кичик мактаб ёшидаги болаларнинг соғлом, ақлли, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, ўзига ишонадиган, кучли иродали шахс сифатида вояга етишида, болада ўзига ишонч ҳиссининг ривожланишида, ота-она болага унинг керакли оила аъзоси эканини, бола шахсининг нормал ривожланишида ва ҳар томонлама етук баркамол бўлиб ўсишида оила муҳитининг таъсири муҳимдир. Катталар болаларнинг амалий жиҳатдан ўз вақтларини тўғри тақсимлаш борасида яхши ўқиш, ўйнаш, сайр қилиш ва бошқа нарсалар билан шуғулланишга ўргатишлари ва оила аъзолари, атрофдагилари унга ёш боладек эмас, балки ўз вазифалари, мажбуриятлари бор бўлган, ўз фаолият натижасига кўра ҳурматга сазовор бўлиши мумкин бўлган алоҳида шахс сифатида муносабатда бўлишлари, оилада ва инсоний муносабатлар тизимида, бола у билан ҳисоблашадиган, маслаҳатлашадиган янги бир ўринни эгаллаб бориб, бунинг натижасида боланинг ўз-ўзидан оиласида, синфда ва бошқа жамоалардаги ўз ўрнини англай бошлаганини кўриш мумкин. Download 445 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling