Назорат саволлари
Оптик сигнални қабул қилувчи модул қандай тузилган?
Оптик сигнални қабул қилувчи модулнинг вазифаси нимадан иборат?
12- МАЪРУЗА
Режа:
1. Рақамли толали оптик алоқа тизимларининг линия тракти.
2. Ретрансляторлар, уларнинг турлари: регенератор ва оптик кучайтиргичлар.
3. Оптик сигналларни регенерациялаш. Регенераторнинг тузилиши ва иш принципи.
12.1. Рақамли толали оптик алоқа тизимларининг линия тракти
Оптик нурланишни берилган тўлқин узунлигида узатувчи ва кабелдаги сўнишларни йўқотишни, дисперcия туфайли бузилган сигналларни тўғрилашни, берилган шовқиндан ҳимояланганликни таъминловчи оптик алоқа линиясининг техник қурилмалар йиғиндиси оптик линия тракти дейилади.
Оптик сигналлар тола бўйлаб узатилганда ёруғлик нурини оптик тола материалида ютилиши ва сочилиб кетишидан сўнади. Дисперсия эса сигналнинг спектрал ва мода ташкил этувчиларини вақт бўйича сочилиб кетишига, яъни уларни турли вақтларда тарқалишига олиб келади. Дисперсия туфайли оптик сигнал импульсларини давомийлиги ва кўриниши ўзгаради, импульслар кенгайиб кетади.
Бу ҳолатларни ҳаммаси оптик толали узатиш тизимларининг ретрансляторсиз участкасининг максимал узунлигини чегаралайди. Агар узатгич ва қабул қилгич орасидаги рухсат этилган максимал узунлик оширилса, у ҳолда линия трактининг оралиқ станцияларида бир ёки бир неча ретрансляторларни жойлаштириш керак.
ТОА линиялари бўйлаб сигналларни узатиш сифати минимал рухсат этилган сигнал-шовқин нисбати ёки шовқиндан ҳимояланганлик билан баҳоланади. Рақамли узатиш тизимларини аналог узатиш тизимларига қараганда бир қанча афзалликларга эгалиги сабабли рақамли ТОА тизимларини шовқиндан ҳимояланганлиги 20-25 дБқ дан, аналог узатиш тизимлари учун эса 50-60 дБқ дан кам бўлмаслиги талаб этилади.
Электр кабелли тизимларнинг линия трактидан фарқли равишда оптик тизимларнинг частота оралиғи (ёки узатиш тезлиги) бир неча марта катта. Бу оптик ташувчиларни жуда ҳам юқори частотага (1015Гц гача) эгалиги билан тушунтирилади. Оптик кабелларда сўниш жуда кичиклиги ( l=1,55 мкм да a=0,2 дБ/км гача) сабабли регенераторлар орасидаги масофа 100 км гача бўлиши мумкин. Бу ҳам оптик линия трактининг аҳамиятли томонидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |