Тошкент молия институти мустақил изланувчиси Абдуллаева Назокат Амруллоевна томонидан


Download 64.46 Kb.
Sana28.03.2023
Hajmi64.46 Kb.
#1304984
TuriДиссертация
Bog'liq
Тақризх - Каримқулов Ж.1doc


Тошкент молия институти мустақил изланувчиси Абдуллаева Назокат Амруллоевна томонидан 08.00.07–“Молия, пул муомаласи ва кредит” ихтисослиги бўйича “Суғурта компанияларининг фонд бозоридаги фаолиятини такомиллаштириш” мавзусида иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация ишига
ТАҚРИЗ
Бугунги кунда инновацион иқтисодиётни ривожлантириш шароитида, молия бозорининг ажралмас қисми ҳисобланган фонд ва суғурта бозорларини ўзаро фаолиятини такомиллаштириш мамлакат олдида турган устувор вазифалардан бири саналади. Фонд бозорининг ривожланиши иқтисодий фаолиятнинг кенг кўламли жиҳатлари билан боғлиқлиги, бутун иқтисодиёт ривожига таъсир кўрсатадиган энг муҳим омил сифатида кўринади. Шунингдек, суғурта бозори ҳам унинг фаолиятига ҳамда ривожланишига таъсир кўрсатадиган асосий тармоқлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда фонд ва суғурта бозорининг иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнидаги ролини ошириш ҳамда уларнинг ўзаро фаолиятини такомиллаштириш мамлакат иқтисодиёти равнақида, аҳолини ижтимоий-иқтисодий аҳволини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Cўнгги йилларда иқтисодий-ижтимоий соҳада ўта муҳим ва зарур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган мамлакатни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналишини белгилаб берган Ҳаракатлар стратегияси асосидаги мазкур янгиланишлар бугунги кунга келиб дастлабки натижаларини ва қатор устунликларини намойиш этмоқда. Бу эса албатта, фонд ва суғурта бозорларига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.
Айниқса, қонунчилик томонидан бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди ва қилинмоқда, жумладан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонунларга ўзгартириш киритилганлиги шунингдек, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинганлиги соҳани ривожлантиришда асосий дастак бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 августда қабул қилинган “Суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4412-сонли, 2021 йил 23 октябрда қабул қилинган “Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги 5265-сонли қарорларида суғурта компанияларининг фонд бозоридаги фаолияти такомиллаштиришга оид вазифалар белгилаб қўйилганлиги тадқиқот ишини яна ҳам долзарблигини белгилаб беради.
Айниқса, суғурта компанияларида маълум даражада пул оқимларининг тўпланиш ва тақсимланиш тамойили уларнинг капитал тузилиши ва таркибини белгилаб, ўзининг асосий фаолиятидан ташқари бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши бевосита фонд бозори билан боғлиқ жараён ҳисобланиши билан бошқа соҳалардан ажралиб туради.
Шу нуқтаи назардан суғурта компанияларининг фонд бозоридаги фаолият йўналишларини самарали ташкил этиш, хусусан, мазкур соҳанинг назарий-услубий, ҳуқуқий ва амалий муаммоларини илмий асосда тадқиқ этиш ҳамда уни инновацион ривожлаштириш юзасидан аниқ таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш зарурати мазкур диссертация ишини долзарблигини белгилайди.
Суғурта мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий барқарор ривожланиши, ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш, иш бажариш)нинг рақобатбардошлигини ошириш, иқтисодиёт субъектларининг ресурс, ишчи кучи, маҳсулот экспорти ҳамда импорти, ишлаб чиқариш интеграцияси билан узвий боғлиқликдаги кенг қамровли фаолиятларини кафолатли ҳимоялаш, шунингдек, фаолиятини кенгайтириш, инвестицияларни ишончли жойлаштириш, кредит олиш имкониятларини оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Фонд бозори эса, юридик ва жисмоний шахсларда мавжуд бўш турган маблағларни иқтисодиётнинг барча тармоқларига трансфармацияланишига имконият яратади. Суғурта компаниялари учун ҳам фонд бозоридаги фаолиятини такомиллаштириш юқорида санаб ўтилган муҳим омилларини ташкил қилишда, уларни амалга оширишда, реал ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқлигини таъминлашда, қўшимча ресурслар жалб қилинишида асосий қадам бўлиб хизмат қилади.
Мазкур диссертация иши кириш, 3 та боб, 8 та параграф, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхати ҳамда иловалар каби таркибий қисмлардан ташкил топган бўлиб, ишнинг кириш қисми тадқиқотнинг долзарблиги ва аҳамиятига асосланган, шунингдек, тадқиқотнинг мақсади ва вазифалари, тадқиқот объекти ва предмети, тадқиқотнинг илмий янгилиги, тадқиқотни амалиётга жорий қилиш, натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти баён қилинган.
Диссертация ишининг биринчи боби суғурта компанияларининг фонд бозоридаги фаолиятининг концептуал асосларини назарий ёритишга бағишланган бўлиб, мазкур бобда, суғурта ва фонд бозорининг ривожланиш босқичлари, шаклланиш хусусиятлари, суғурта компанияларининг фонд бозоридаги фаолият йўналишлари ўрганилган. Шунингдек, эмитентлик, инвесторлик фаолиятларидан келиб чиқган ҳолда уларни такомиллаштиришнинг назарий иқтисодий асосларига дахлдор амалий натижа ва хулосалар шакллантирилган.
Диссертация ишининг иккинчи боби суғурта компанияларининг фонд бозоридаги эмитентлик, инвесторлик, инвестиция воситачилик фаолиятларида молиявий муносабатлар ва уларнинг самарадорлик таҳлили ҳамда хориж тажрибаси ўрганилган. Шу билан биргаликда, фонд бозоридаги риск турлари кенг ёритилган, уларни суғурта йўли орқали минималлаштириш бўйича назарий ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
Диссертациянинг учинчи боби суғурта компанияларининг фонд бозоридаги фаолият йўналишларини ривожлантириш масалаларига бағишланган бўлиб, унда суғурта компанияларининг эмитентлик, инвесторлик, инвестиция воситачилик фаолиятларидаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари, фонд бозоридаги рискларни суғурталашда янги инновацион суғурта маҳсулотларини яратиш услубиётини такомиллаштириш каби масалалар тадқиқ қилинган.
Диссертация ишининг хулоса қисмида суғурта компанияларининг фонд бозоридаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича илмий, амалий ва услубий таклифлар баён қилинган.
Шунингдек, тадқиқот ишининг муҳим илмий натижалари сифатида қуйидагиларни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим:

  • суғурта компанияларининг фонд бозоридаги фаолияти 4 та йўналишга бўлиб ўрганилган;

  • суғурта компанияларининг молиявий ресурларини жойлаштиришда давлат томонидан белигиланган нормативлар хориж давлатлари билан таққосланган;

  • фонд бозоридаги рисклар ва уларни суғурта йўли орқали минималлаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар берилган;

  • суғурта компанияларининг фонд бозоридаги инвестицион фаолиятини ўрганишда кўп омилли корреляцион – регрессион таҳлиллардан фойдаланилган;

  • суғурта компанияларининг инвестиция тамойилларига мос келадиган молиявий инструментлар рўйхати келтирилган ва уларни хориж тажрибаси асосда Ўзбекистон амалиётига қўллаш бўйича таклиф ва тавсиялар берилган.

  • суғурта ва фонд бозорининг ўзаро фаолиятига таъсир қилувчи омиллар ва уларнинг таъсир даражаси кўрсатиб берилган;

  • хулоса қисмида эса уларни ўзаро фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилган.

Мустақил изланувчи Назокат Абдуллаева томонидан тайёрланган диссертация иши ўзининг ижобий жиҳатлари билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжуд. Хусусан,

  1. Тадқиқот ишининг 1.1 бобида хориж, МДҲ давлатлари, маҳаллий иқтисодчи олимларнинг диссертация мавзусига боғлиқ фикрлари ўрганилган аммо, тадқиқотчининг ўз фикр-мулоҳазалари тўлиқ баён этилмаган.

  2. Диссертация ишининг 1.3-бобида хориж тажрибаси кенгроқ ўрганилмаган ҳамда Ўзбекистон амалиётида фойдаланиш имкониятларига баҳо берилмаган.

  3. тадқиқотчи томонидан ишлаб чиқилган жадвал ва расмларга берилган изоҳлар турлича номланган, масалан, тадқиқотчи томонидан ишлаб чиқилди ёки муаллиф томонидан тайёрланди.

  4. тадқиқот ишининг 100 бетида келтирилган 2.7-расмдаги маълумотларнинг бир қисми ингиз тилида келтирилган. Буни ўзбек тилига таржима қилиш мақсадга мувофиқ саналади.

  5. тадқиқот ишининг 27 бетида келтирилган 1.1-жадвал кўрсаткичлари суғурта бозорининг 2021 йил йиллик ҳисоботи мавжудлигига қарамасдан эски йил яъни 2020 йил кўрсаткичлари асосида тайёрланган.

  6. 77 бетда келтирилган 2.5 жадвал манбаси кўрсатилмаган.

  7. диссертация иши матнида таҳрирга муҳтож жумлалар, ҳамда орфографик хатолар мавжуд.

  8. фойдаланилган адабиётлар рўйҳати билан келтирилган ҳаволаларни бир-бирига мувофиқлигини таъминлаш лозим.

Аммо юқорида келтирилган камчиликлар мазкур диссертация ишининг илмий савиясига кескин таъсир кўрсатмайди, балки ушбу камчиликлар бартараф этилса тадқиқот ишининг илмий-амалий савиясининг ошишига хизмат қилади.
Умуман олганда Тошкент молия институти мустақил изланувчиси Абдуллаева Назокат Амруллоевна томонидан “Суғурта компанияларининг фонд бозоридаги фаолиятини такомиллаштириш” мавзусида тайёрланган диссертация иши “Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисида” ги Низом талабларига жавоб беради ва Тошкент молия институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.03/30.12.2019.I.17.01 рақамли Илмий кенгашда 08.00.07–“Молия, пул муомаласи ва кредит” ихтисослиги бўйича ҳимояга тавсия этиш мумкин.


Тақризчи:
Тошкент молия институти
Магистратура бўлим бошлиғи”
и.ф.д, профессор Ж.И.Каримқулов


Download 64.46 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling