35-боб. Солиқ ставкалари. Солиқ даври
258-модда. Солиқ ставкалари
Агар ушбу Кодекснинг 36-бобида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида белгиланади.
Ушбу Кодекснинг 36-бобида назарда тутилган ҳолларда солиқ ставкаси 0 фоиз миқдорида белгиланади.
259-модда. Солиқ даври
Ушбу Кодекснинг 39-бобида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, бир ой солиқ давридир.
36-боб. Ноль даражали ставка бўйича солиқ солинадиган айланма
260-модда. Экспорт операцияларига ва уларга
тенглаштирилган операцияларга солиқ солиш
Ноль даражали ставка бўйича солиқ солиш қуйидагилар реализация қилинганда амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан экспорт божхона
тартиб-таомилига олиб чиқилган товарлар;
илгари Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилган товарлар ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни қайта ишлаш натижасида олинган (ҳосил бўлган) товарлар (қайта ишлаш маҳсулотлари, чиқиндилар ва (ёки) қолдиқлар);
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилган ғамлаб қўйилган нарсалар. Ушбу модда мақсадида ҳаво кемаларидан рисоладагидек фойдаланилишини таъминлаш учун зарур бўлган ёқилғи ва ёнилғи-мойлаш материаллари ғамлаб қўйилган нарсалар деб эътироф этилади;
чет элдан келтирилган товарларни ташиш чоғида божхона транзити божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни бевосита Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етиб келиш жойидаги божхона органидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш жойидаги божхона органигача ташиш ёхуд транспортда ташиш билан бевосита боғлиқ бўлган хизматлар;
халқаро ташишлар билан бевосита боғлиқ бўлган хизматлар.
Ноль даражали ставкани айрим ҳолларда қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари ушбу Кодекснинг 264-моддасида белгиланган.
Ноль даражали ставкани қўллаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар солиқ ҳисоботи билан бирга тақдим этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |