Узбекистон банк тизими тарихи
Download 33.57 Kb.
|
банк тизими
узбекистон банк тизими тарихи. Ўзбекистон тижорат банклари, аввало, ихтисослашган кредит институтлари сифатида кўзга кўрина бошлади. Бу, бир томондан хўжаликларнинг вақтинча бўш маблағларини жалб этиши, бошқа томондан эса жалб этилган маблағлар ҳисобидан корхоналар, хусусий тадбиркорлар ва аҳолининг молиявий эҳтиёжларини қондириши билан долзарб аҳамият касб этди. Хорижий ва маҳаллий экспертларнинг қайд этишича, сўнгги йиллар давомида республикада асосий тамойил — ихтисослашувдан узоқлашиш ва банк фаолиятида универсаллаштиришни чуқурлаштириш кузатилмоқда. Бу эса банк операциялари мазмуни ва кредит муносабатлари моҳиятини олдиндан белгилаб беради.
Мазкур йўналишда банклар ўз фаолиятини дунёвий амалиётнинг “олтин” принципидан келиб чиққан ҳолда олиб бордилар. Яъни, аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг жозибадорлиги тадбиркорларнинг кредитлардан фойдаланиш кенг имконияти билан мутаносиб ҳолда ривожлантирилди. Давом эттирилган ислоҳотлар банк фаолиятини аҳолининг турмуш даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этувчи, илгари қабул қилинган “Истеъмол кредити тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги қонунлар доирасидаги фаоллигини янада кучайтирди. Ўзбекистон тижорат банклари республикамиздаги ва жаҳон банк ҳамжамиятидаги янги воқеликка жавобан ўзлари таклиф этаётган хизматлари тўпламини кенгайтирди, бозорга янги банк маҳсулотларини чиқарди ва айни пайтда молия институтлари фаолиятининг халқаро стандартларини фаол жорий этишга киришди.
Ўзбекистон Республикасининг“Истеъмол кредити тўғрисида”ги Қонуни истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур қонун турар-жой ва маиший шароитларни яхшилаш борасида аҳолининг имкониятларини янада кенгайтиришга, бинобарин, банкларда истеъмол кредитлаш ҳажмининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилади. 2006 йилнинг октябрь ойида эса Ўзбекистон Республикаси “Ипотека тўғрисида”ги қонуни кучга кирди. Кўчмас мулкни харид қилиш учун кредитлар ажратишнинг ҳуқуқий механизмини ўзида мустаҳкамлаган ушбу қонун ҳужжати банк ипотекавий кредитлаш ривожида муҳим аҳамият касб этди. Ундан кўзланган асосий мақсад кўчмас мулкка гаров қўйишда юзага келувчи муносабатларни тартибга солишдан иборат эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 16 февралдаги “Уй-жой қурилиши ва уй-жой бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида уй-жойлар қурилишини узоқ муддатли ипотекавий кредитлаш тизимида бир қатор механизмлар жорий этилди. Бу даврда, шунингдек, банкларнинг стратегиялари нақд пул муомаласини мустаҳкамлашга, ҳар бир филиалда нақд пул заҳираларини шакллантиришга ва ўз фаолиятида самарадорликни оширишга қаратилди. “2005–2007 йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш дастури”да белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши банклар капиталлашув даражаси ва кўрсаткичларининг барқарор ўсишини таъминлаган ҳолда, банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва либераллаштиришда муҳим омил бўлди. Бу борада пул муомаласини мустаҳкамлаш ва миллий валюта, унинг айирбошлаш курси барқарорлигини ошириш, банкларда аҳоли омонатларини кўпайтиришни рағбатлантиришга устувор йўналишлар сифатида эътибор қаратилди. Ривожланиш сари доимий равишда интилаётган тижорат банкларига мамлакатимиз ҳукумати томонидан ўз вақтида тақдим этилган имтиёзлар кредит муассасалари ўз янги инструментларини ишлаб чиқадиган ва таклиф қиладиган банк-молия бозорининг шаклланишини олдиндан белгилаб берди.
Шу тариқа, асосий эътибор пул муомаласини мустаҳкамлаш ва миллий валюта, унинг айирбошлаш курси барқарорлигини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилди. Бу эса фуқароларда катта рағбат уйғотиб, уларнинг банкларга нисбатан ишончини янада орттирди. Аҳолининг банкларда депозит ҳисобрақамлар очишга киришиши билан боғлиқ ижобий ҳолатлар кўпайди. Банкларнинг депозит базаси ҳажми ошди, банк хизматлари бозори шакллана бошлади. Эътиборлиси, банк маҳсулотлари қаторидан янги хизмат турлари, масалан, лизинг хизматлари жой ола бошлади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда чакана хизматлар ривожи халқаро банк ва молия капиталини кенг жалб қилган ҳолда қўшма банкларнинг ташкил этилишига таъсир кўрсатди. Республикамиз банк бозори 100 фоизли хусусий капитал асосидаги янги банкларнинг вужудга келиши натижасида тубдан ўзгарди. Хусусий банкларнинг хизматлар бозоридаги рақобатни кучайтириб юборгани мамлакат банк тизими ривожида энг муҳим босқичлардан бири бўлди. Мамлакатимиз ҳукумати ва Марказий банки солиқ имтиёзлари ва кадрларни тайёрлаш жараёнида техникавий кўмак тақдим этган ҳолда уларнинг ривожланишини мунтазам рағбатлантириб бормоқда. Айни пайтда хусусий банклар сони тижорат банклари умумий сонининг қарийб ярмини ташкил этади. Республикамизда хусусий банклар ривожланишини изчил рағбатлантириш рақобатни кучайтиришга, кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини яхшилашга ва молиявий ресурсларнинг самарали тақсимотига туртки берди. Бу эса, ўз навбатида, хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш ва ривожлантириш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. 2003–2004 йиллар Мамлакатимизда либераллаштириш ва ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнида банк тизимини ривожлантириш даври. Бу даврда аҳолининг банк тизимига ишончини мустаҳкамлаш, банкларни республикамиздаги янгиланишларнинг молиявий таянчига айлантириш мақсади қўйилди. Унинг муваффақияти банкларнинг келгуси ривожида долзарб аҳамият касб этиши лозим эди. Корхоналарни акциядорлаштириш ва уларнинг мулкчилик шаклини ўзгартириш жараёнлари жадаллашди. Банклар мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг янги босқичи талабларидан келиб чиқиб, ўз ривожланиш концепциясига риоя этган ҳолда стратегиясини такомиллаштириб борди. Уларнинг ресурс базасини кенгайтириш ва капиталлашув даражасини ошириш ўз фаолиятини диверсификациялаш, янги акциядорларнинг маблағларини жалб этиш, IT-технологиялар асосида янги банк маҳсулотлари ва инструментларини ишлаб чиқиш ҳисобига амалга оширилди. Валюта бозорини либераллаштиришни давом эттириш ва жорий халқаро операциялар бўйича сўм конвертациясини таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратиш билан боғлиқ бўлган омиллар ҳам банклар фаолиятига бевосита таъсир кўрсатди. Чунончи, 2003 йилнинг 15 октябридан Ўзбекистон Республикаси Халқаро Валюта жамғармаси Битимининг VIII моддасидаги мажбуриятни қабул қилди. Натижада корхоналар жорий операциялар бўйича конвертацияни амалга ошириш имкониятига эга бўлди. Бу масала юзасидан Ўзбекистоннинг ташқи маблағларни жалб этмай, амалда ўз ресурсларига таяниб мақсадга эришгани юксак эътирофга сазовор. Мазкур чоралар миллий валюта конвертациясидан фойдаланган маҳаллий тадбиркорлар фаолиятини кенгайтиришга яқиндан ёрдам берди. Бу ҳақиқатан ҳам бой ва сермаҳсул фаолиятнинг қизиқарли даври эди. Марказий банкнинг валюта сиёсати инфляция даражасини ушлаб туриш ва миллий валюта курси кескин тебранишининг олдини олиш баробарида экспортни рағбатлантириш ҳамда валюта ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган эди. Ўзбекистоннинг асосий экспорт товарларига нисбатан дунё бозорларида қулай нарх конъюнктураси, шунингдек, экспортга йўналтирилган валюта сиёсатининг олиб борилиши экспорт ва олтин-валюта захиралари ҳажмининг ошишига имкон берди. Банк тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ишлар давом эттирилди. Унинг асосий йўналишлари сифатида банклар бошқарувида акциядорларнинг ролини ошириш орқали корпоратив бошқарув тизимини мустаҳкамлаш, банклар молиявий барқарорлигини уларнинг активлари, жумладан, валюта активлари сифатини яхшилаш эвазига кучайтириш, банк ишини янада такомиллаштириш ва банклар томонидан кўрсатиладиган хизмат турларини тобора кенгайтириш, тижорат банкларининг инвестицион жараёнлардаги ролини ошириш ва мулкчиликнинг барча шаклидаги тадбиркорлик тузилмаларининг кредит ресурсларидан (жумладан, халқаро молиявий ташкилотларнинг линиялари бўйича ҳам) фойдаланиш механизми такомиллаштирилганини қайд этиш жоиз.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни доирасида Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди ташкил этилди. Давлат-тижорат Халқ банкидан ташқари, республикамиз ҳудудида ўз фаолиятини олиб борувчи барча банклар унга аъзо бўлди. Ишончлилик, хизмат кўрсатишнинг юқори сифати, барча мижозлар билан ўзаро шериклик муносабатлари Ўзбекистон банклари фаолиятида асосий принципларга айлана борди. Банк тизими фаолиятининг институционал асослари такомиллаштирилди. Банк секторини либераллаштириш ва ислоҳ қилишни кўзда тутиб қабул қилинган дастурий ҳужжатлар унинг самарадорлигини оширишни олдиндан белгилаб берди. Мазкур ҳужжатлар замирида банк фаолиятини либераллаштириш жараёнининг тизимли ва босқичма-босқичлик тамойиллари ётади. Ушбу тамойилларга амал қилиш аҳолининг мамлакат банкларига нисбатан ишончини янада мустаҳкамлаш имконини берди. Бундай ёндашув, шубҳасиз, барқарор ва ишончли банк тизимини ташкил қилиш жараёнида улкан ютуқдир.
Бу вақтда банк тизими билан хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада ривожланди. Мазкур ҳамкорлик ривожига туртки берган муҳим омиллар сифатида банклар томонидан хизмат кўрсатиш сифатининг тобора яхшиланиши, банкларда рақобатчилик муҳитининг юзага келиши, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ жараёнларни кўрсатиш мумкин. Айнан шу даврда банклар кредитлаш сиёсати кучайганини, мижозлар сўровларини синчковлик билан ўргана бошлаганини ва банк ходимларида мижозларнинг талаб-эҳтиёжларига жавобан тез ҳаракат қилиш қобилияти шаклланганини яққол кузатиш мумкин. 2000-2010 йиллар Мазкур давр Ўзбекистон банк тизимини мустаҳкамлашда салмоқли ютуқларга эришилгани билан аҳамиятлидир. Айнан шу йилларда замонавий инфратузилмага эга самарали банк тизимини ташкил этиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилди. Банк тизими олдига унинг ривожланиш истиқболларини белгилаб берувчи стратегик вазифалар қўйилди. Вазифаларнинг биринчиси банклар молиявий барқарорлигини ошириш ва ички бозорда молиявий хизматлар доирасини кенгайтиришдан иборат бўлса, иккинчиси — Ўзбекистон банкларининг халқаро капитал бозорида фаоллигини таъминлашдир. Мазкур даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мамлакатимиз молия-банк тизимини ривожлантириш, унинг фаолиятини мустаҳкамлаш ва сифат жиҳатидан яхшилаш масалаларига янада кўпроқ эътибор қаратди. Шу муносабат билан қатор етакчи банклар (“Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака” банки ва бошқалар)нинг капиталлашув даражасини ошириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Микрокредитбанк” устав фондини кўпайтириш тўғрисида”ги Фармони мазкур банкни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиялаштириш бўйича асосий кредит марказларидан бирига айлантирган ҳолда унинг фаолиятини сифат жиҳатидан янада яхшилади. Ушбу даврдаги ҳар бир йил мамлакат банк-молия тизимининг изчил ривожланишида янги босқич сифатида қайд этилади. 1999–2000 йиллар Ушбу йилларда валюта сиёсати янада либераллаштирилган ҳолда, биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валюталар савдоси механизми амалга киритилди. Мазкур механизм ваколатли банкларнинг хорижий валютада талаб ва таклифдан келиб чиқиб, ўз мижозларидан шартнома асосида эркин курс бўйича валюталарни сотиб олишини кўзда тутади. 1998 йил Ушбу йилда республика банклари Базель тавсияларига мувофиқ ҳолда фаолият кўрсатиш учун зарур тадбирлар амалга оширилди. Банк назорати ва халқаро амалиёти бўйича Базель қўмитасининг тавсияларидан келиб чиқиб, тижорат банклари фаолиятини молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари доирасида тартибга солувчи комплекс меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Бунда тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида улар балансида мавжуд муаммоларни олдиндан аниқлаш ҳамда банк ликвидлиги пасайиши ва капитал тугаши юзага келишидан олдин огоҳлантирув чораларини кўриш тамойилларидан фойдаланилди. 1997 йил Ушбу йилда ислоҳотларнинг стратегик йўналишларидан бири банк секторида хусусий капитал оқимини рағбатлантиришдан иборат бўлди. Мазкур жараён 1997 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий тижорат банкларини ташкил қилишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинганидан сўнг жадаллашди. Унда жисмоний шахсларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган улуши билан банклар очиш учун имтиёзлар тақдим этиш кўзда тутилган эди. 1997 йил банк тизимининг ривожланиш тарихида банк фаолиятида ахборот тизимларини жорий этиш бошлангани билан аҳамиятлидир. Маълумки, ўша вақтгача республика ҳудудида амалдаги барча ҳисоб-китоблар кун бўйи олиб борилар эди. 1997 йилнинг март ойидан янги дастурий таъминот жорий этилиб, барча ҳисоб-китоблар автоматик режимда амалга оширила бошланди. Бу эса тўловларни республика ташқарисида 15 дақиқа мобайнида, Тошкентдан чекка жойларда атиги 3 дақиқада амалга ошириш имконини берди. Айнан ўша вақтда ҳисоб-китоблар механизми ишлаб чиқилди ва банклараро электрон тўловларнинг замонавий тизими жорий этилди. Банкларга ўша вақтдаги ноёб имконият — компьютер ва телекоммуникация ускуналарини харид қилиш ва департаментларни улар билан жиҳозлаш имконияти берилди. Улар маблағларни ўз фаолияти учун зарур ускуна-анжомларни модернизация қилишга йўналтириши ҳисобга олиниб, қатор солиқ тўловларидан озод қилинди. Шу тариқа, молиявий ва иқтисодий ахборотнинг сифат жиҳатидан янги истеъмолчилари – маҳаллий ва хорижий инвесторлар пайдо бўлди. 1996 йил Ушбу йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни иккинчи даражали банк тизими — тижорат банклари фаолиятининг ҳуқуқий асосини конкретлаштирди. Банк тизимига тааллуқли икки асосий ҳужжат — “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ҳамда “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларининг ишлаб чиқилишида ривожланган молия тизимига эга мамлакатлар тажрибаси инобатга олинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур қонунлар, шунингдек, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун нодавлат банкларнинг хусусий ва акциядорлик-тижорат шаклида ташкил этилишига қулай ҳуқуқий шароит яратди. Бу даврда банк тизими ривожига алоҳида таъсир этган икки омилни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчиси, олиб борилган ислоҳотлар натижасида 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки монетар бошқарув ва банк назоратининг тўла ҳуқуқли органи бўлди. Иккинчиси, Ўзбекистон Республикаси “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни иккинчи даражали банк тизими – тижорат банклари фаолиятининг ҳуқуқий асосини аниқ-пухта белгилаб берди. Унда банк активларини диверсификациялаш ва хорижий капитал жалб қилиш асосида универсал тижорат банкларини шакллантириш принциплари мустаҳкамланган. Бу даврда иқтисодиётнинг алоҳида тармоқларига хизмат кўрсатувчи кредит-молия ташкилотлари ташкил этилди. Бундай ихтисослашув қишлоқ хўжалиги, автомобиль саноати, авиасозлик каби халқ хўжалигининг муайян соҳа ва тармоқларини молиялаштириш зарурати билан боғлиқ эди. Келгусида ихтисослашган банклар ўз операциялари ва мижозлари доирасини мамлакат иқтисодиёти ривожланишининг янги даражаси ва бизнес-муҳит талабларига кўра кенгайтира боради. Мазкур даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг банк секторини бошқарувчи ва назорат қилувчи орган сифатида шаклланиш жараёнлари давом этди. Банк тизимига тааллуқли қонунчилик базаси сифат жиҳатидан янгиланиб, халқаро банк амалиёти билан мувофиқлаштирилди. 1995 йил 1995 йил банк қонунчилигини такомиллаштириш даври бўлгани билан ажралиб туради. Тарихий муҳим ҳужжат — “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонун нафақат банк тизимининг ҳуқуқий асосини бойитди, балки Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг янги, алоҳида мақоми ва ваколатларини, асосий мақсад-вазифаларини аниқ-равшан белгилаб берди. Шу билан бир қаторда мазкур йилда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, шунингдек, кредит ва депозит бозорларида рақобат муҳитини шакллантириш учун зарур шароитлар яратилди. Банкларнинг капитал ҳажмига жалб этиладиган аҳоли жамғармалари миқдорини чекловчи қоида бекор қилингач, банк муассасаларининг имкониятлари сезиларли даражада кенгайди ва рақобат кучайди. Бунинг самараси дарҳол намоён бўлди. Агар 1994 йил бошида аҳоли жамғармаларининг 98,5 фоизи Жамғарма банки (ҳозирги Халқ банки), 1,5 фоизи эса бошқа банклар ҳиссасига тўғри келган бўлса, ўша йил охирида бошқа тижорат банкларининг ҳиссаси ҳам кўпайиб, бу борадаги кўрсаткич 12,8 фоизга етди. Бугунги кунга келиб, бу борадаги кўрсаткич 83,2 фоизни ташкил этмоқда. 1993–1994 йиллар 1993–1994 йилларда банк тизимидаги ислоҳотлар давом этди. 1994 йилнинг 1 июлидан эътиборан миллий валюта — сўмнинг муомалага киритилгани мустақил банк тизимининг, умуман, Ўзбекистон иқтисодиётининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этди. Бу Марказий банк ўз фаолиятида тўлиқ мустақил бўлганини, келгусида бозор инструментлари орқали миллий пул тизимини тартибга солиш самарали ташкил этилишига ёрдам бериши мумкин эканини англатар эди. Айнан шу вақтдан бошлаб Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатини юритиш, валютага оид ишларни тартибга солиш, банк фаолиятини бошқариш ва кейинчалик самарали тўлов тизимини яратиш бўйича фаолияти тўлақонли равишда миллий валютанинг барқарорлигини таъминлашга қаратилди. 1991 йил 1991 йилда қатор банклар шакллана бошлади. Улар Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг ўзгарувчан шароитларида фаолият юритиб, замонавий иш услубларини ўзлаштирган ҳолда тобора янги қирраларга эга бўла борди. 1991-1992 йиллар банклар фаолиятига доир қарашларда чинакам бурилиш йиллари бўлди. Ўзбекистон Республикаси "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши икки даражали банк тизимининг таркиб топиши ва мамлакат Марказий банки зиммасига янги вазифалар юкланиши учун асос бўлиб хизмат қилди. Унинг олдига пул муомаласини тартибга солиш, тижорат банклари тизими ҳамда тўлов тизимини шакллантириш вазифалари қўйилди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларини молиялаштириш энди ташкил этиладиган, замонавий тамойил ва талаблар асосида фаолият юритувчи ихтисослашган тижорат банклари томонидан амалга оширилиши лозим эди. 2.Марказий банк Download 33.57 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling