Ота-оналар тузилмаси ҳар доим ҳам эр-хотинликни назарда тутмайди, зеро, уни ёлғиз момо, хола ёки тўнғич фарзанд ҳам ташкил этиши мумкин. Шунинг учун терапевтик муолажаларда ёки маслаҳатларда ота-оналар тузилмасини айнан ким ташкил этишини билиш аҳамиятлидир. Ота-оналар энг аввало оиланинг хавфсизлиги, унда самимият муҳитининг бўлиши, тарбия жараёнларининг қандай кечишига жавобгардир. Улар шу оиладаги барча фарзандларнинг келажагини, керак бўлса, жуда яхши камол топиши учун ўз билим ва тажрибасини сафарбар этадиган инсонлардир.
Ака-опа-укалар тузилмаси – оилада фарзандларнинг ҳаётни ўрганишлари, бир-бирларини тушунишлари баъзан тортишиб, баъзан дўстона муомалани йўлга қўйишлари жуда муҳимдир. Одатда оилада шаклланган ва сайқал топган ака-ука, опа-сингилчилик муносабатлари кейинчалик дўстлар, ҳамкасблар, рақиблар билан бўладиган мураккаб ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш учун зарур бўлади.
Муаммоли оилалар деб, Минухин оила ичидаги мавжуд тузилмалар ўртасидаги муносабатларнинг бузилишини тушунади. Масалан, “pa-de-de” типидаги оила (французча pas de deux – икки киши рақси маъносини билдиради) одатда фақат икки кишидан иборат бўлиб, бундай оилада фарзанд бўлмайди. Ёки фарзандлари аллақачон “учирма” қилинган бўлиб, ота-она хонадонини тарк этган бўлади. Бу каби оилалардаги ўзаро муносабатлар анчагина таранг бўлиб, аксарият ҳолатларда бундай кечинмалар вақтинча характерга эгадир. Унда наслни давом эттириш, бола тарбияси каби муаммоларнинг мавжудлиги эр-хотин муносабатларига раҳна солади.
Кўп фарзандли оила (“чориқ” типли оила) муносабатлар тизими серқирра бўлган оиладир, унда баъзан, фарзандларнинг тўнғичи ота-оналардай юқори поғонага ҳам кўтарилиб қолади. Бундай оиладаги муносабатларнинг яхши бўлиши учун ота-она ҳар бир оила аъзосининг вазифалари ва оиладаги мақомларини аниқ тасаввур қилиб, бўлиб бериши, тўнғич бола билан кичиклар ўртасидаги муомала қоидаларини болаликдан бир маромда йўлга қўйилган бўлиши талаб этилади. Бу ерда ота-она тузилмаси, яъни, ота-онанинг мавқеи, обрўси кучли ва етакчи бўлиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |