Врачлар учун маъруза матни
Download 115.5 Kb.
|
ўлат
Йирингли лимфаденитларда (стафилококкли ва стрептококкли), қўзғатувчилар кирган жойда яллиғланиш жараёни қайд этилади. Яллиғланган лимфа тугунлари атрофи унча катта бўлмайди, контурлари аниқ, харакатчан бўлади. Бубон унча оғриқли бўлмайди, беморнинг ахволи қониқарлигича қолади.
Туляремиянинг бубон шакли ўткир бошланиб, беморнинг тана харорати 38-390С гача кўтарилади, совуқ қотиб қалтирайди. Бубоннинг ўлчами кичик, оғриқли, контурлари аниқ, лимфа тугунлари бирлашиб, яхлит қаттиқ конгломерат ҳосил қилади ва бубон ҳаракатчан бўлади. Ўлатнинг ўпка шаклини круппоз зотилжамдан, ўпка сили ва грипп зотилжамидан фарқлаш анча мушкул. Круппоз зотилжамда балғам дастлаб сариқ ёки занг рангида бўлади, ўлатнинг ўпка шаклидагида эса балғам суюқроқ бўлади. Грипп зотилжамида бемор йўталганда шиллиқли, йирингли балғам келади, ринит, герпес кузатилади. Ўлатнинг тери, септик ва ўпка шаклларини куйдиргининг худди шу шаклларидан фарқлаш керак. Ўлатнинг сепсис шакли яшин тезлигида кечадиган менингококцемияни, гриппнинг гипертоксик шаклини, ўлат менингити эса менингококкли менингитни эслатади. ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ Бемор махсус шифохонага ётқизилади. Ўлатга чалинган беморлар аксарият ҳолларда кеч аниқланади ва оғир аҳволда ётқизилади. Беморлар касалликни асосан табиий ўчоқларида, яъни чўл, тоғ ҳудудларида юқтириб олишади. Ўлатга чалинган беморни даволашда антибиотикларнинг аҳамияти катта. Касалликни даволашда стрептомицин гурухига мансуб антибиотиклар энг самарали ҳисобланади. Этиотроп даволашда тетрациклин гурухи, левомицетин ва уларнинг гурухига мансуб дори воситалари хам ишлатилади. Беморга ўз вақтида ўтказилган дезинтоксикацион терапия – тузли суюқликлар (холосоль, квартасоль, трисоль) ва коллоидли эритмалар (реополиглюкин ва б.) яхши самара беради. Беморнинг ахволига қараб, юрак фаолиятини яхшиловчи препаратлардан кофеин, камфора, кордиамин, эфедрин буюрилади. ПРОФИЛАКТИКАСИ Ўлат касаллиги зооантропоноз касаллик бўлганлиги учун бу касалликни хам хайвонлар, хам одамлар ўртасида олдини олиш чораларини кўриш лозим. Чунки бошқа эооноз касалликлардагидек ўлат касаллигида ҳам ўлат бўйича эпизоотик вазият барқарорлигини таъминламасдан туриб, эпидемиологик бақарорликка эришиб бўлмайди. Ўлат касаллигининг олдини олиш чора – тадбирлари асосан икки йўналишда амалга оширилади: -касалликнинг ҳудудимизга четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш; -ўлат касаллиги бўйича табиий ўчоқли ҳудудлардаги аҳолини ўлат касаллигидан муҳофазалаш. Ҳудудимизга ўлат касаллигининг четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларини кесиб ўтиш жойларида санитария назорат пунктлари (СНП) ташкил этилган. Бу СНПлари ўз фаолиятини асосан чегара, божхона, ветеринария хизматлари билан ҳамкорликда амалга оширади. Давлат чегарасидан кираётган барча чет эл фуқаролари ва сайёҳлар ўта хафли юқумли касалликлар бўйича сўраб суриштирилиши керак, бунда айниқса ўлат бўйича эндемик нохуш ҳудудлардан келаётланларга кўпроқ эътибор қаратилиши лозим. Бундан ташқари, чет элдан олиб келинаётган озиқ- овқат махсулотлари ва ноозиқ махсулотларининг, бўғимоёқлилар билан зарарланган - зарарланмаганлигига эътибор қаратилиши керак. СНП ларида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади: - мамлакатимизга ўлат бўйича эндемик нохуш худудлардан келган фуқаролар келган вақтидан бошлаб 6 кун мобайнида тиббий кузатувга олинади; - самолёт ёки кемада ўлат касаллиги билан касалланган одам ёки кемирувчи топилган бўлса, унда шу транспорт воситаси ўлат билан зарарланган деб бахоланади; - агар самолёт ёки кемада ўлатнинг ўпка шакли билан зарарланган бемор бўлиб, у 6 кунлик изоляцияга жалб этилмаган бўлса хам, самолёт ёки кема ўлат билан зарарланган, деб хисобланади. Зарарланган ёки зарарланди, деб шубха туғдирган кема ёки автомобил траспорти, самолёт ёки поездда ўлат касаллигига чалинган (гумон қилинган) одам аниқланса, қуйидаги тадбирлар ўтказилади: - етиб келган вақтдан бошлаб 6 кун муддат давомида экипаж аъзолари ва йўловчилар устидан тиббий назорат ўрнатилади; - юк, буюмлар, ўрин- кўрпа, чойшаблар, мулоқатда бўлганларнинг кийимлари, транспорт эса тўлиқ дезинфекция, дезинсекция, дератизатия қилинади. Транспорт воситасида кемирувчилар аниқланса, дезинфекция ва дезинсекция билан биргаликда дератизация хам ўтказилади. Амалга оширилган дезинфекция тадбирлари ўтказилганлигини тасдиқловчи гувохнома берилади. Республикамизнинг салкам 3/2 қисми ўлат касаллиги бўйича табиий ўчоқли ҳудуд ҳисобланади. Шу боис ҳам республикамизда биринчи навбатда ўлат касаллиги бўйича табиий ўчоқли ҳудудларда аҳолини ўлат касаллигидан муҳофаза этиш бўйича чора тадбирлар кенг кўламда ташкил этилиши ва олиб борилиши керак. Ўлат касаллиги бўйича бу табиий ўчоқларда доимий равишда эпизоотологик ва эпидемиологик назорат олиб бориш Республика КЎХЮКММ ҳамда унинг жойлардаги филиаллари, бўлимлари томонидан амалга оширилади. Республика КЎХЮКММ мутахассислари ўлатнинг табиий ўчоқларида мунтазам равишда экспедициялар уюштириб, текшириш натижаларига қараб, эпизоотологик ҳолатни аниқлайди. Олиб борилган текширишлар натижалари бўйича ҳокимликларга, шунингдек жойлардаги соғлиқни сақлаш, ДСЭНМ, ветеринария ва бошқа даҳлдор ташкилот рахбарларига ўлат касаллиги бўйича юзага келган эпизоотик вазият ва олиб борилиши лозим бўлган тадбирлар бўйича тегишли тавсиялар беради. КЎХЮКММ отрядлари (мутахассислардан иборат гурух) томонидан маълум майдондаги кемирувчилар (уларнинг мурдалари) ва бургалар сони ўрганилади ҳамда вазият бахоланади. Ёввойи хайвонлар тутилиб, ўлатга серологик ва бактериологик текширувлардан ўтказилади. Эпизоотологик кузатувлар ўтказилганда ўлат бўйича эпизоотологик жихатдан хавфли ҳисобланган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли сони, уларнинг хизмат доираси, нималар билан шуғулланиши, касаллик манбалари ва қўзғатувчиси билан мулоқотда бўлиш даражаси, шунингдек туячилик хўжаликларининг мавжудлиги, улардагитуялар сони, ишлайдиган ишчи хизматчилар сони, бундан ташқари, ҳудудддаги мўйнали ёввойи ҳайвонлар тури, сони, уларни овлаш билан шуғулланадиган, тери қабул қилиш пунктларининг ҳолати, уларда санитария-ветеринария талаблари, бу қоидаларга риоя қилиниши, аҳоли яшайдиган ҳудудлардаги уй сичқонлари ва яқин жойлардаги дала каламушларининг жойлашиши ўрганилади. Ўлат касаллиги бўйича мураккаб эпизоотик вазият аниқланган доимий ва вақтинчалик аҳоли яшайдиган ҳудудлар ҳисобга олиниб, барча профилактик чора-тадбирлар амалга оширилади. Республика КЎХЮКММ ва унинг жойлардаги филиаллари, бўлимлари томонидан ўлат бўйича эпизоотик хавфли ҳисобланган ҳудудларда дала каламушлари ва бургаларни қириш (дератизация ва дезинсекция) ишлариолиб борилади. Ўлат касаллиги бўйича эпизоотик хавфли худудларда туяларнинг касалланиб қолиши ва улардан одамларга касаллик юқишини олдини олишга эътибор кучайтирилади. Туялар устидан кузатув ветеринария хизмати ходимларитомонидан олиб борилади. Ўлат бўйича эпизоотологик нохуш худудлардан туялар бошқа ҳудудларга кўчирилиши масаласи ветеринария хизмати тавсияси бўйича амалга оширилиши керак. Даволаш – профилактика муассасалари, айниқса ўлат бўйича табиий ўчоқларда жойлашган тиббиёт ходимлари ўлат касаллигининг эпизоотологияси, эпидемиологияси, клиникаси, ташхисоти ва профилактикаси, шунингдек, бирламчи чора-тадбирлар бўйича пухта тайёргарликдан ўтказилиши шарт. Тиббиёт ва ветеринария хизмати ходимлари томонидан аҳоли ўртасида ўлат касаллигининг олдини олиш бўйича мунтазам санитария-тарғибот ишлари олиб борилиши керак. Ўлат касаллигининг олдини олиш бўйича махсус профилактика, яъни ўлатга қарши вакцина ишлаб чиқарилган. Одамларни ўлатга қарши эмлаш учун тирик қуритилган ЕV вакцинасидан фойдаланилади. Ўлат касаллигига қарши ахолини эмлаш ишлари Республика КЎХЮКММ, ДСЭНМлар тавсиялари асосида амалга оширилади. ЭПИДЕМИЯГА КАРШИ ЧОРА-ТАДБИРЛАР Ўлат касаллиги аниқланганда қуйидаги эпидемияга қарши чора тадбирлар ўтказилади: -беморлар аниқланган жойда уларни бирламчи изоляция қилиш; -ташхис қўйиш ва махсус шифохонага ётқизиб, даволаш; -беморлар тўғрисида белгиланган тартибда хабар бериш; -беморлар билан мулоқатда бўлганларни аниқлаш, изоляция қилиш, профилактик даволаш; -ўлганларни аниқлаш: бактериологик текшириш ва қатъий қоида асосида кўмиш; -ўчоқни зарасизлантириш (дезинфекция, дезинсекция, дератизация); -вакцинация; -касалликка гумон қилинганларни провизор бўлимига ётқизиш, уларни текшириш ва даволаш; -ахоли устидан тиббий назорат олиб бориш; -санитария-тарғибот ишларини ташкил қилиш. Download 115.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling