Биринчи давр – ҳуқуқий таълимнинг қадимги даври – давлат ва ҳуқуқ пайдо бўлишидан
то ислом ҳуқуқи ўрнатилгунига қадар (мил. ав. VI-V асрдан милоднинг VII асригача) бўлган
даврни ўз ичига олади. Ушбу даврда Ўзбекистон ҳудудида илк ҳуқуқий нормалар ва ғоялар
турли хилдаги диний-фалсафий ғоялар негизида шаклланган. Авестода илк ҳуқуқий қарашлар
ўз ифодасини топган. Зардуштийликнинг муқаддас китоби – “Авесто”, шунингдек, одат
ҳуқуқи, Сўғд ҳуқуқи каби манбаларда баён этилган таълим-тарбияда қўлланилган усул ва
воситалар натижасида болалар она замин ва унинг табиати, табиат ҳодисалари, одамларнинг
кундалик ҳаёт тарзи, ҳайвонот ва жонсиз олам ҳақида тасаввурга эга бўлган.
“Авесто”даги мулкий муносабатлар масалаларини парчаланиш босқичида турган,
кўпроқ ёки камроқ ривожланган товар-пул муносабатлари, классик тушунчадаги мулкий
ҳуқуқ йўқлиги билан характерланувчи Авесто жамиятининг ижтимоий-иқтисодий
ривожланиш даражаси ҳисобга олинган ҳолда тадқиқ этиш лозим. Ушбу манба
шартномалардаги, қонундаги мажбурий муносабатларни ва етказилган зарарни тўлашни
тартибга солувчи нормаларни ҳам ўз ичига олган. Мажбуриятлар шакллари сифатида
«варуна» номи остидаги тантанали касамёд ва “митра” деб аталган битим ва шартнома тан
олинади. Ҳар иккала ҳолда ҳам ана шу шаклларнинг асосини инсоннинг чин сўзи ташкил
этганлигини қайд этиш муҳим. “Авесто”га кўра, Митра — шартнома тангрисидир, у
ҳаммасини кўради, тузилган шартноманинг бажарилишини кузатади ва уларни бузганлик
учун жазолайди.
“Вандидод”га мувофиқ, шартномалар икки шаклда: оддий сўзлар ва қўлни қўлга
ишқалаш, яъни қўл беришиб кўришиш билан тузилган. “Авесто”да ёзма равишда
шартномалар тузилганлиги ҳақида эслатмалар йўқ, бу бирмунча кейинроқ замонларда пайдо
бўлган. Шартномавий муносабатларнинг хусусиятларидан бири шундан иборат бўлганки,
шартноманинг тузилиш шакли ва айирбошлаш нарса-буюмнинг қиймати унинг аҳамиятидан
гувоҳлик берган[3, 226-227] .
Do'stlaringiz bilan baham: |