Германия, Франция, Испания, Словения ва қатор бошқа давлатлар конституциявий амалиётида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари миллий ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги белгиланган.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилишига оид қоидаларнинг белгиланиши бевосита халқаро ҳуқуқнинг “Pacta sunt servanda” (лотинчадан – “шартномалар бажарилиши лозим”) тамойилидан келиб чиқади. Ушбу тамойил БМТ Устави ҳамда Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена Конвенциясида белгиланган бўлиб, унга мувофиқ давлатлар халқаро шартномаларга кўра ўз зиммасига олган мажбуриятларни виждонан бажаришлари шарт.
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда ҳуқуқий тизимнинг таркибий қисми сифатида конституция даражасида белгиланиши давлатимизнинг халқаро миқёсидаги нуфузининг янада ошишига, ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат миллий қонунчилик, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳимояланишини таъминлайди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади (19-модда).
Инсон туғилганидан бошлаб унга тегишли бўлган табиий ва ажралмас ҳуқуқлар сирасига инсон ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, озодлиги, тенглиги, эркин бўлиши, хавфсизлиги, дахлсизлиги кабилар киради ва бу ҳуқуқлар қонунларда белгиланганлиги ёки белгиланмалигидан қатъий назар инсонга азалий тегишлидир, деб эътироф этилади.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлиши Ўзбекистон иштирокчиси бўлган инсон ҳуқуқларига оид
80 га яқин халқаро ҳужжатларда ҳам белгиланган.
Бу асосий ҳуқуқ ва эркинликлар инсоннинг туғилиши ва унинг умри давомида у билан доимо бирга бўлади. Айни шу мақсадда Конституциямизга инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмасдир ҳамда улар ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади, деган муҳим қоида киритилмоқда.
Ушбу қоида билан инсоннинг фундаментал ва ажралмас ҳуқуқларини таъминлаш давлат ва жамиятнинг энг асосий вазифаси сифатида Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда. Бу эса ҳар бир инсон мазкур ҳуқуқларга эгалик қилиш учун бирор-бир расмийлаштирув талаб қилинмаслигини ҳамда улар давлат томонидан кафолатланишини англатади.
Мазкур норманинг Конституцияга киритилиши “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясига мос бўлиб, инсонни жамиятда эмин-эркин ва хавфсиз яшашига, ўз қобилият ва истеъдодини тўлиқ намоён этишига хизмат қилади.
Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак (20-модда).
Азалдан ҳар бир вазиятда инсонийлик ва адолатлилик анъаналарига содиқ ҳолда иш тутиш халқимизга хос бўлган фазилатдир. Давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда ҳам шундай қадриятларга асосланиш жамиятда ижтимоий адолат таъминланишига олиб келади.
Қонуннинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборат бўлиб, кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юкламаслиги керак. Аксинча, қонунлар инсонлар оғирини енгил қилиб, турмуш тарзини фаровон кечишини таъминланиши лозим.
Лекин, қонунда шахсга нисбатан унинг ҳаракатига мутаносиб бўлмаган ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилса-чи? Ушбу ҳолатни қуйидаги мисолда кўриб чиқамиз. Яъни, фуқаронинг ипотека кредитидан 3 миллион сўмлик уч ойлик қарзи бор. Амалдаги қонунчилигимизга кўра, банк қарздорни судга беради. Лекин, бу масалада даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, балки кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади. Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божи ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион давлат божини қандай тўлайди? Бу мисолдан кўриш мумкинки, суд қўллаган ҳуқуқий таъсир чораси мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб эмас.
Шу нуқтаи назардан, ушбу қоида давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш имкониятини кенгайтиради ҳамда инсонга қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |