«Эй ҳамзиндон дўстларим, сизлардан бирингиз хўжасига хамр соқийлиги қилади. Бошқаси бўлса, осилади ва қушлар унинг бошидан ейди. Сиз билмоқчи бўлган иш битди», деди». (41)
Юсуф алайҳиссалом туш таъбирини айтишда жуда риоя билан, одоб билан иш тутдилар. Ҳалиги йигитларга, сенинг тушингнинг таъбири бу, сеники бу демадилар. Балки тушининг таъбири нохуш бўлган шахсга оғир ботмаслиги учун:
«сизлардан бирингиз хўжасига хамр соқийлиги қилади. Бошқаси бўлса, осилади ва қушлар унинг бошидан ейди», дедилар.
Албатта, шунинг ўзи ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб турибдики, тушида шароб сиқаётган йигит яна бориб, хўжаси–подшоҳ саройида соқий бўлиб хизмат қилар экан. Тушида бошида нон кўтариб юрган, ўша нондан қушлар чўқиб еяётганини кўрган шахс эса, осилади ва қушлар келиб, бошини ейди.
«Ва у ўзи икковларидан нажот топгувчи деб билган шахсга: «Хўжанг ҳузурида мени эсга ол», деди. Шайтон унга хўжасига эслатишни унуттирди. Бас, у қамоқда бир неча йил қолди». (42)
Юсуф алайҳиссалом икки ҳамзиндон дўстларига тушларининг таъбирини айтиб бўлганларидан сўнг, улардан нажот топади, деб билган шахсга, яъни, соқийга:
«Хўжанг ҳузурида мени эсга ол», дедилар.
Чунки туш таъбири бўйича, бу йигит яна саройга кириб, хўжаси подшоҳга соқий бўлиши кутиларди. Худди ўша подшоҳ Юсуф алайҳиссаломни суриштирмай-нетмай, турли иғво-бўҳтонлар асосида қамашга амр қилган эди. Унга яқин бўлган соқий қамоқда ноодил ҳукм ила бир мазлум ётганини эслатса, бирор кушойиш бўлармикан, деган хаёлга бордилар.
Дарҳақиқат, тушнинг таъбири тўғри чиқди. Ҳалиги йигит қамоқдан озод бўлиб, яна подшоҳга соқийлик қила бошлади. Аммо Юсуф алайҳиссаломнинг илтимосини бажо келтирмади.
«Шайтон унга хўжасига эслатишни унуттирди».
Яъни, шайтон соқийга подшоҳ ҳузурида Юсуф алайҳиссаломни эслатишни унуттирди. Оқибатда:
«Бас, у қамоқда бир неча йил қолди».
Бу эса, бандалар воситаси ила эмас, фақат Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила ишлар ҳал бўлишидан бир дарс эди. Аллоҳга муқарраб бўлган бандалар доимо унинг ўзидан сўрашлари ва кутишлари лозимлигининг яна бир таъкиди эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |