«Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди. Албатта, Унинг Ўзи эшитгувчи ва билгувчи зотдир». (34)
Аллоҳ қайси йўл билан бўлса ҳам, Юсуфни бу фитнадан қутқарди. Муҳими шу бўлгани учун қандай қилиб, нима восита билан қутқаргани айтилмади. Асосийси, банда чин қалбдан Аллоҳга илтижо қилиб сўраса, Аллоҳ унинг дуосини ижобат этиб, сўраганини беришидир.
«Бас, Робби унинг (дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрини ундан нари қилди».
Юсуф алайҳиссалом ҳам жуда қийин ҳолатга тушиб қолишларига қарамай, собит турдилар, ўзларини ҳаромдан олиб қочдилар ва Аллоҳдан тинмай ёрдам сўрадилар, оқибати хайрли бўлди. Аллоҳ хотинларнинг макрини у кишидан нари қилди.
«Албатта, Унинг Ўзи эшитгувчи ва билгувчи зотдир».
Бандаси илтижо қилса, сўраса, албатта, эшитади, банданинг ҳолини ва ниятини билади ҳамда шунга қараб, ўзи билиб тасарруф қилади.
ЮСУФ ҚАМОҚДА
«Сўнгра оят-аломатларни кўрганларидан кейин уларга уни бир муддат қамашлари аён бўлди». (35)
Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг, Азиз ва унинг атрофидагиларга, хотиннинг аҳлига Юсуфнинг беайб эканлиги аломатлари зоҳир бўлиб, кўзлари билан кўрганларидан кейин, уни бир муддат қамашлари аён бўлди.
Қизиқ ва мантиқсиз иш, лекин аччиқ ҳақиқат. Одатда, соғлом жамиятда биров туҳматга учраса, текширганларида унинг айбсизлиги аён бўлса, узр айтиб, ҳақиқат тикланади. Буларнинг жамияти бўлса, кўйлакнинг орт томонидан йиртилганини кўрди. Хотин кўпчиликнинг олдида, мен унинг нафсини хоҳладим, аммо у ўзини олиб қочди, деб эътироф қилди. Шунингдек, бошқа аломатлар ҳам бўлгандир.
Қисқаси, Юсуф алайҳиссаломнинг покликлари юз фоиз исбот қилингандан кейин «Сенинг поклигинг собит бўлди. Баракалла, кел, энди сени қамаб қўяйлик», дейишмоқда.
Бундай ажойиботлар айни ишрат кетидан тушиб, ор-номусни йўқотган ҳукмдор, зодагон табақаларда бўлиши мумкин, холос. Ҳамма фитнани қўзғаган, айбнинг борини қилган ва кўпчилик олдида, «ишни мен қилдим», деб фахрланиб турган хотинга эса, ҳеч гап бўлгани йўқ.
Аммо пок бўла туриб, ўзини тутган бечорани бегуноҳлиги аниқ бўлгандан сўнг ўзларининг обрўларини сақлаш учун қамашмоқда. Авом халқ унинг қамалганини эшитса, ҳа, ўзидан бир гап ўтган бўлса керак, бўлмаса, қамашмасди, дейди-да.
Шундай қилиб, Юсуф алайҳиссаломнинг бошларига янги синов келди. У киши қамоққа тушди.
Do'stlaringiz bilan baham: |