БИЗГА ТАЪБИР АЙТ
У қамоққа кириб, Юсуфни топди, унга қараб:
«У: «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғининг таъбирини айт. Шоядки одамларга қайтиб борсам, улар ҳам билсалар», деди». (46)
Соқий йигит Юсуф алайҳиссаломни «сиддиқ»–ростгўй зот, деб атамоқда. Чунки, у Юсуфнинг ростгўйлигини тажрибада синаб кўрган. Сўнгра у подшоҳнинг тушини таъбир қилиб беришни сўради, кейин уларга бориб етказиши зарурлигини ҳам таъкидлади. Юсуф алайҳиссалом унга қуйидагиларни айтдилар:
«У: «Кетма-кет етти йил зироат қиласизлар. Йиғиштириб олган ҳосилингизни бошоғида қолдиринг. Магар озгина ейдиганингизни (қолдирмасангиз ҳам бўлур)». (47)
Яъни, подшоҳ тушида кўрган еттита семиз сигир ва яшил бошоқнинг таъбири шулки, етти йил жуда серҳосил келади. У йилларда сизлар кетма-кет дон экиб, зироат қиласизлар. Ҳосил тўплайсизлар. Ўшанда тўплаган ҳосилларингизни бошоғида қолдиринг. Яхши сақланади. Чиримайди, қурт-қумурсқалар тешиб кетолмайди. Фақат ўзингиз учун ейишга ярашасини олсангиз, бўлаверади.
«Сўнгра, ундан кейин еттита шиддатли (йил) келур, улар олдиндан тайёрлаб қўйганингизни ейдилар. Магар озгина асраб қўйганингизгина қолур». (48)
Яъни, серҳосил етти йилдан кейин яна шунча шиддатли, қаҳатчилик йиллари келади. Подшоҳнинг тушидаги етти ориқ сигир ва қуруқ бошоқ шунга ишорат. Ўша етти шиддатли, қаҳатчилик йили ўзидан олдинги етти серобчилик йилини ейди.
Бошқача қилиб айтганда, етти мўл-кўлчилик йилида тўпланган ҳосилни етти қаҳатчилик йилида ейсизлар. Фақат уруғ учун сақлаб қўйган озгина донгина ейилмай қолади.
«Сўнгра ундан кейин бир йил келадики, унда одамлар сероб қилинурлар ва унда (меваларни) сиқурлар», деди». (49)
Бу оятда келаётган башорат подшоҳнинг тушидан ташқаридадир. Яъни, Миср подшоҳи кўрган тушда бундай йилга таъбир қилинадиган ишора йўқ. Бу кейингиси Юсуф алайҳиссаломнинг Пайғамбарлик мўъжизаларидир.
Етти йиллик серобчиликдан кейинги етти қаҳатчилик йили тугаб, ундан сўнг келадиган йилда ниҳоятда серобчилик бўлар экан. Унда одамлар устидан барака ёғиб, фаровонлик, мўл-кўлчилик бўлар, одамлар еганларидан ташқари турли меваларни сиқиб, лаззатли ичимликлар ҳам тайёрлашар экан.
Юсуф алайҳиссалом соқийга ушбу гапларни айтганларидан кейин бу кўриниш тамом бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |