Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти
Download 0.96 Mb. Pdf ko'rish
|
yuristning nutq madaniyati 071120101613
Ҳуқуқ ва тил
Ҳар қандай ижтимоий алоқа, фикрлашув ва мулоқот, жумладан, барча ҳуқуқий муносабатлар ҳам тил орқали намоён бўлади. Тилсиз фикрни ифодалаш мумкин бўлмаганидек, тил ҳам ўз ифодасини фикрсиз шакллантира олмайди. Бинобарин, ҳуқуқ инсонларнинг асосий эҳтиёжлари ва манфаатларини таъминлайдиган, кафолатлайдиган восита бўлса, тил ана шу ҳуқуқнинг воқе бўлишида, реаллашувида асосий омил бўлиб хизмат қилади. Ҳуқуққа оид ҳар қандай фикр, тушунча, белги, ҳаракат-ҳодиса ва муносабат сўзларда ўз ифодасини топади, яъни сўзлардан, иборалардан, атама ва терминлардан таркиб топган ифода қолипига, ифода шаклига тушмагунча муносабат, ижтимоий алоқа, муомала (фикрлашув) юзага чиқмайди. Фикрнинг, хусусан юридик фикрнинг воқелиги ҳам, мавжудлиги ҳам тилда намоён бўлади. Тилсиз, сўзсиз ҳеч қандай аниқ ва тайёр ҳолдаги юридик фикр бўлмайди. Юридик тилда фикр сўзлар, терминлар ва булар иштирокида тузилган муайян синтактик қурилмалар - гап моделлари орқалигина шаклланади ва нутқда ўз ифодасини топади: тил ҳуқуқнинг «яшаш» шартидир. Шунинг учун ҳам тил ва ҳуқуқ жамиятга хизмат қилувчи ижтимоий, маънавий-маърифий ва руҳий ҳодисалар ҳисобланади, тил ҳуқуққа руҳ бахш этади. Дарҳақиқат, тил юристнинг тафаккур юритиш қуроли бўлибгина қолмасдан, балки ҳуқуққа оид ўтмиш билимларни ҳозирги авлодга етказиш, ҳуқуқий меъёрлар билан фуқароларни таништириш қуроли ҳамдир. Бугунги 7 бой маънавий меросимиз бўлган ҳуқуққа оид барча билим ва таълимотларнинг мавжудлиги ва "тириклиги" ҳам тил туфайлидир. Демак, ҳуқуқ тармоқларига оид кашфиётларнинг сифати, қонунларнинг устуворлиги бевосита бамисоли уммон бўлган тил воситаларидан моҳирона фойдаланишга ҳам боғлиқдир. Ҳуқуқий демократик жамиятни янада такомиллаштириш сари амалий қадамлар қўйилаётган ҳозирги жараёнда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, қонунларнинг устуворлигига эришиш, давлат бошқарувининг изчил ва мукаммал тизимини жорий этиш билан боғлиқ ислоҳотлар кетаётган бир пайтда қонунлар тили ва услуби, юридик терминология, юриспруденция тармоқларига оид дарслик ва қўлланмаларнинг "янги авлоди"ни яратиш энг долзарб масалалардан бўлиб турибди. Мустақил давлатчилигимиз янада такомиллаша бораётганлиги туфайли инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ хилма-хил қонунларнинг қабул қилиниши, ўз навбатида, ҳуқуққа оид минглаб янги терминларнинг юзага келишига ҳам сабаб бўлмоқда, чунки ижтимоий ҳаётда ҳар қандай тушунча ёки ҳодисанинг туғилиши унинг инъикоси сифатида терминларнинг бойишига сабаб бўлади. Бироқ юзага келаётган ҳуқуққа оид тушунчалар, тилда сўз ёки термин сифатида ўз инъикосини топар экан, улар миллий тилнинг ўз қонуниятлари асосида ифодаланмоғи ва шаклланмоғи шарт. Айтайлик, танланаётган ва кундалик мулоқотга кириб бораётган юридик терминлар воқеа-ҳодиса ва белги- тушунчаларнинг аниқ номини ифодалаяптими, бошқа тиллардан ўзлашаётган терминларнинг ўзбек тилидаги муқобили адабий тил меъёрларига мувофиқ келаяптими ёки йўқми? Бу масалалар юристлар билан филологлар ҳамкорлигида ўзининг аниқ ечимини топса, мақсадга мувофиқ бўлади. Бўлажак юристларимизнинг давлатчилик, қонунчилик ҳамда юриспруденция тармоқларига оид билимларни давлат тили заминида, шу тилнинг ўзига хос қонуниятлари, услубияти ва терминологияси билан узвий боғлиқ ҳолда ўрганмоқлари ҳаёт тақозосидир. Давлатимизда ҳуқуқий ислоҳотлар ўтказилаётган ҳозирги шароитда қонунлар тили ва услуби, ҳуқуқ терминологияси муаммолари ҳамда замонавий юристнинг нутқ маданияти масалалари муҳим аҳамиятга эга. Ҳар қандай ислоҳотлар қонунларни ўзгартирмасдан амалга оширилмайди, бу эса ўз-ўзидан, янги-янги тил бирликлари (сўз ва терминларнинг) ва шаклларнинг ривож топиши учун замин ҳозирлайди. Қонун тилида нотўғри қўлланилган биргина товуш, қўшимча ва сўз, ҳатто, биргина тиниш белгиси қўпол мазмуний ва услубий хатоларни, нуқсонларни, ғализликларни келтириб чиқаради. Масалан, Бу воқеаларнинг барчаси менга ёд. Бу воқеаларнинг барчаси менга ёт. Мисолда келтирилган ёд ва ёт сўзлари пароним, яъни талаффузи ва шакли бир-бирига яқин сўзлар бўлса-да, маънолари ҳар хилдир. Уларнинг ўрнини алмаштириб қўллаш гапнинг мазмунини тубдан ўзгартириб юборади. Ёки қуйидаги мисолга эътиборни қаратайлик: 1. Ўлим йўқ, шафқат. 8 2. Ўлим, йўқ шафқат. Кўриниб турибдики биргина вергулнинг ўрнини алмаштириш нафақат услубий хато ҳисобланади, балки жиноятни юридик баҳолашда ҳам кечириб бўлмайдиган хатоларни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам юристларимиз тергов ҳужжатларини ёзишда, қонун лойиҳаларини тайёрлашда, суд ҳукми матнларини тузишда ўта зийрак ва зукко, билимдон ва эҳтиёткор бўлмоқлари лозим. Чунки тергов, суд жараёни билан боғлиқ ҳужжатлар ёхуд қонунлар моддаларининг ҳар бирида инсон тақдири ётади. Шундай қилиб, ҳуқуқ ва тил бир жараённинг икки томони бўлиб, ҳуқуқ мазмун бўлса, тил ўша мазмуннинг воқе бўлишидаги воситадир. Мазмун билан шаклнинг уйғунлашуви эса ақл соҳибининг қобилиятига боғлиқ бўлади. Download 0.96 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling