банк амалиёт куни — банк иш кунининг бир қисми бўлиб, банкка келиб тушган барча пул ҳисоб-китоб ҳужжатларини қабул қилиш, расмийлаштириш ва бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақларида акс эттириш учун ажратилган вақт;
банк бухгалтерия аппарати — пул ҳисоб-китоб ҳужжатларини расмийлаштириш, банк операцияларини ички назоратдан ўтказиш ҳамда уларни ҳисоб регистрларида қайд этиш билан шуғулланувчи ходимлар гуруҳи;
банк иш куни — қонун ҳужжатлари билан белгиланган кун ичида ўрнатилган иш вақти;
банк операциялари ички назорати (бундан кейинги ўринларда ички назорат деб юритилади) — банк раҳбарияти ва барча банк ходимлари томонидан кунлик банк операцияларини амалга ошириш жараёнида уларнинг қонунчиликка мослиги, самарадорлиги, юқори малакада бажарилиши ва молиявий ҳисоботларнинг ишончлилигини таъминлаш тизими;
Ички назорат маълум ёки аниқ вақт мобайнида амал қилиниши лозим бўлган тартиб ёки қоида бўлмасдан, балки у банкнинг барча бўғинларида кунлик банк операцияларнинг бошланишидан тортиб тугагунга қадар доимий юритиладиган банк фаолиятининг ажралмас қисмидир.
Ички назорат ўз навбатида дастлабки назорат, жорий назорат ва якуний назоратга бўлинади;
бош китоб — ҳисобварақлар режасидаги иккинчи тартибли ҳисобварақлари қолдиқларининг рўйхати;
бухгалтерия ҳисоби регистрлари — иккиёқлама ёзув усулида операциялар қайд этиладиган журналлар, қайдномалар, дафтарлар ва тасдиқланган бланклар;
Бэк-офис — банкнинг таркибий қисми бўлиб, Фронт-офис томонидан дастлабки назоратдан ўтган ва ижро учун тақдим қилинган операцияларни жорий назоратдан ўтказиш ва банк операцияларини амалга оширувчи бухгалтерлар гуруҳи.
Бэк-офиснинг асосий вазифаси Фронт-офис томонидан дастлабки назоратдан ўтказилиб, маъқулланган барча банк операцияларни қайтадан жорий назоратдан ўтказиб, уларни иккиёқлама ёзув ёрдамида бухгалтерия регистрларида қайд этиш ва тегишли ҳисоботлар тайёрлашдан иборат.
Бэк-офис мижозлар билан бевосита мулоқотда бўлмайди. У, мижозлар операцияларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш бўйича Фронт-офис билан, банкнинг ички молиявий-хўжалик операцияларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш бўйича банк маъмурияти билан алоқада бўлади.
Бэк-офисга Бэк-офис бошлиғи раҳбарлик қилади ва у ўз навбатида банк раҳбарига бўйсунади;
Do'stlaringiz bilan baham: |