368-модда. Офертанинг чақириб олинмаслиги
Қабул қилувчи тараф олган оферта уни акцептлаш учун белгилаб
қўйилган муддат мобайнида чақириб олиниши мумкин эмас, башарти
бошқача тартиб офертанинг ўзида шарт қилиб қўйилган бўлмаса
ёки таклифнинг моҳиятидан ёхуд у йўлланган пайтдаги вазиятдан
англашилмаса.
1. ФКнинг 365-моддасига мувофиқ оферта йўллаган шахс унинг
акцептини олган пайтда шартнома тузилган ҳисобланади. ФКнинг
367-моддасига мувофиқ оферта уни йўллаган шахсни оферта
йўлланган шахс билан у офертани олган пайтдан бошлаб боғлайди.
Ушбу қоидалардан келиб чиқиб, шарҳланаётган моддада қабул қилиб
олган шахс томонидан олинган оферта унинг ўзида акцептлаш
учун белгилаб қўйилган муддат мобайнида ёки қонунда белгилаб
қўйилган ана шундай муддат ичида чақириб олиниши мумкин
эмаслиги тўғрисидаги қоида белгилаб қўйилган.
Айни пайтда оферта чақириб олинмаслиги тўғрисидаги меъёр
диспозитив бўлиб ҳисобланади. Офертани фақат акцепт муддати
тугагунча чақириб олиниши мумкинлиги офертанинг ўзида
белгилаб қўйилган бўлса, таклифнинг моҳиятидан офертани чақириб
олиш мумкинлиги аён бўлиб турса ёки таклиф киритилган вазият
офертанинг чақириб олиш имконини берсагина чақириб олиниши
мумкин. Вазият билан боғлиқ чақириб олинишига офертанинг
қўрқитиш, зўрлик, алдов туфайли амалга оширилганлигини киритиш
мумкин. Бундай ҳолда оферта бир томонлама битим сифатида
ФКнинг 123-моддасига мувофиқ суд қарори билан ҳақиқий эмас деб
топилиши мумкин.
2. шунга ҳам эътибор бериш зарурки, шарҳланаётган модданинг
меъёрлари фақат уни акцептлаш учун муддат белгилаб қўйилган
оферталар учун тегишлидир. Бундан ташқари, агар оферта
йўлланган шахс томонидан ҳали олинмаган бўлса, унинг чақириб
олинмаслиги тўғрисида гапириш учун асоснинг ўзи ҳам йўқдир.
ФК 367-моддасининг 4-қисмига кўра, агар офертани чақириб олиш
тўғрисидаги билдириш офертанинг ўзидан олдин ёки у билан бир
вақтда келган бўлса, оферта олинмаган ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |