Ўзбекистон республикаси хавфсизлиги ва мудофаасини таъминлашнинг конституциявий асослари


-§. Мамлакат мудофаасини таъминлашнинг


Download 56.19 Kb.
bet4/4
Sana07.04.2023
Hajmi56.19 Kb.
#1337214
1   2   3   4
Bog'liq
Хавфсизлигимиз ва мудофаамизни таъминлашнинг конституциявий асослари

4-§. Мамлакат мудофаасини таъминлашнинг
конституциявий - ҳуқуқий асослари

Ҳарбий хавфсизлик соҳаси ижтимоий муносабатларнинг бир хилдаги турини ташкил этади, уни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бир хилдаги ҳуқуқий нормаларнинг алоҳида мажмуасига таянган ҳолда амалга оширилади. Ҳарбий ҳуқуқ тармоғининг ўзи мажмуавий хусусиятга эга бўлиб, бу соҳадаги бир қатор муносабатлар ҳуқуқнинг бошқа тармоқлари, масалан, маъмурий, молиявий, ерга оид, жиноят тўғрисидаги ва шу каби ҳуқуқий нормалар воситасида тартибга солинади.


Мудофаа ва давлатнинг ҳарбий фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларнинг тартибга олиниши билан ҳарбий ҳуқуқ бошқа тармоқлардан фарқланади. Бу муносабатлар қамров доираси бўйича бўлинади. Аввало, улар қурилиш, бошқарув, таъминот, Қуролли Кучларни, бошқа қўшинларни, ҳарбий бўлинмалар ва органларни ҳозирлаш ва мамлакат мудофааси мақсадларида қўлланиш жараёнида юзага келадиган муносабатлардир. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг умумий ҳарбий мажбуриятни ижро этиши ва ҳарбий хизматни ўташи билан боғлиқ муносабатлар алоҳида гуруҳни ташкил этади. Ҳарбий интизомни сақлаш, ҳуқуқ-тартиботни, ҳарбий адлия органлари фаолиятини йўлга қўйишда юзага келувчи муносабатлар бошқа бир гуруҳни ташкил этади. Халқаро ҳуқуқнинг ҳарбий ҳамкорлик масалалари, ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш билан, шунингдек, гуманитар ҳуқуқнинг нормаларини бузганлик учун жавобгарлик билан боғлиқ нормалари ёрдамида бошқариладиган муносабатлар кейинги гуруҳга киради.
Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий ҳуқуқ манбаалари орасида Конституция алоҳида ўрин тутади. Унда ҳарбий соҳани тартибга солувчи йўналишларнинг нормалари акс эттирилган. Бу фақатгина 125, 126-моддалардагина эмас, балки 52, 57, 93-моддаларда ҳам ўз аксини топган. Бу нормаларнинг барчаси мудофаани ташкил қилишга йўналтирилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасини бевосита қуролли ҳимоя қилишга ва қуролли ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлардан иборатдир.
Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари мудофаа мақсадларида ташкил қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари урушлар ва қуролли можароларни қайтариш ҳамда олдини олиш Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳамда аҳолининг тинч ҳаётини ҳимоя қилиш учун давлат томонидан ташкил этилган ва сақлаб турилган ҳарбий бирлашмалар, қўшилмалар ва қисмларни, шунингдек бошқа ҳарбий тузилмаларни ўз ичига олади.
Конституциянинг 125 ва 126-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади. Қуролли Кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун ("Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тўғрисида"ги қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қонунчилик фаолияти режасига киритилган ва у ишлаб чиқилиш жараёнида турибди) билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга. Конституциянинг 93-моддаси 20-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош Қўмондони ҳисобланади, Қуролли Кучларнинг олий қўмондонларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади, олий ҳарбий унвонлар беради. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 2-бандига мувофиқ Президент Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, миллий давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўради.
Қуролли Кучларни ташкил этиш ҳарбий тадбирлардан бири бўлиб, фуқароларнинг ҳарбий хизматга бўлган муносабатини аниқлаш принципи ҳам шулар жумласига киради. Конституциянинг 52-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.
Конституция мудофаани ташкил этишда ҳарбий тадбирлардан ташқари сиёсий тадбирларни ҳам назарда тутади. Сиёсий тадбирларга уруш ҳолатини эълон қилиш , ҳарбий ҳолатни жорий этиш, хавфсизликни кафолатлаш ва бошқалар, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 18-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш ва қабул қилган қарорни уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тасдиғига киритиш ҳам Республика Президенти ваколатига кириши белгилаб берилган.
Сиёсий тадбирлар жумласига қуролланган гуруҳлар, уюшмалар, урушни тарғиб этувчи бирлашмаларни ман қилиш ҳам киради.
Шундай қилиб, Конституция ҳарбий ҳуқуқнинг энг муҳим манбаси ҳисобланади. Ҳарбий ҳуқуқнинг бошқа манбаалари қаторига “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги, “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида”ги, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар, Умумий қўшин низомлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва ҳукумат қарорлари, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси (мазкур Концепция асосида Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди) ва шу каби ҳужжатлар киради.
Шунингдек, ҳарбий ҳуқуқнинг махсус манбалари ҳам бўлиб, улар жумласига ҳарбий бошқарувнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини, чунончи - буйруқлар, қоидалар, йўриқномалар ва бошқаларни киритиш мумкин. Улар қонуности ва фармойиш тусидаги ҳужжатлардир.
Мамлакатимизда мудофаанинг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш уч босқичда ўтди. Биринчи босқичда "Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Муқобил хизмат тўғрисида”ги (1992 йил 3 июль) қонунлар қабул қилинди. Улардан олдинроқ "Республика ёшларини ҳарбий хизматга чақириш ва ҳарбий хизматни ўташни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (04.09.1990 й. N ПФ-52), "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини ташкил этиш тўғрисида” (06.09.1991 й. N ПФ-243) Президент фармонлари эълон қилинган эди. Шунингдек, Президентимизнинг "СССР Ички ишлар вазирлигининг ички қўшинлари ва ўқув юртлари тўғрисида” (10.01.1992 й. N ПФ-318), "Ҳарбий ва махсус унвонларни бериш тартиби тўғрисида" (19.02.1992 й. N ПФ-345), "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий-ўқув юртлари тўғрисида” (20.02.1992 й. N ПФ-347), "Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида жойлашган чегара қўшинларининг бўлинмалари тўғрисида" (24.03.1992 й. N ПФ-365), "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштирилган ҳаво-десанти қўшинлари, ҳарбий-транспорт авиацияси, разведка қисмлари ва таъминот қисмлари тўғрисида” (18.05.1992 й., N ПФ-434), “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги кимёвий қўшинлар ҳарбий қисмлари тўғрисида” (13.11.1992 й., N ПФ-496), “Ўзбекистон Республикаси давлат чегараларини қўриқлашни янада мустаҳкамлаш тўғрисида”ги (26.04.1993 й., N ПФ-600) фармонлари ва бошқа ҳужжатлар ҳам шулар жумласидандир.
Бу даврда мамлакатимиз ҳарбий тизими мураккаб бир ҳолатда эди. Аслини олганда, миллий Қуролли Кучларни қайта ташкил этиш, миллий ҳарбий доктринани шакллантириш ва умуман ҳарбий қурилиш замирида нима ётса, уларнинг барчасини қайтадан қуришга тўғри келарди.
Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб тезкор, яхши тайёргарликдан ўтган ва замонавий қуролланган армияни ташкил этиш ҳарбий қурилишнинг бош йўналишига айланди.
Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қиларкан, ўзининг тинчликсевар давлат эканлигини баралла ошкор этди ҳамда ўзининг мудофаа сиёсати батамом тинч-тотув яшаш, бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашмаслик, уларнинг суверенитети ва мустақиллигини ҳурматлаш, шунингдек, мавжуд давлатларо чегараларнинг дахлсизлиги ва ўзгармаслиги принципларига асосланишини маълум қилди. Давлатимизнинг асосий саъй ҳаракати барча давлатлар билан икки ва кўп томонлама алоқалар ўрнатиш ва ривожлантиришга, ялпи тинчликка, ҳамма ерда ижтимоий-сиёсий барқарорлик ўрнатилишига эришишга ва ҳарбийлаштиришга барҳам беришга қаратилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз ўз фуқароларининг ҳаётини ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга бўлган ажралмас ҳуқуқ БМТнинг Уставига мувофиқ амалга оширилишини таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олди.
Давлатнинг мудофаа қудрати асосида мамлакат иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаб бориш мақсади ётади. 90-йилларнинг ўрталарида Ўзбекистонда қўшинларнинг устувор турлари учун юқори малакали офицерларни тайёрлаш мақсадига хизмат қиладиган бир қатор ҳарбий ўқув юртлари ташкил этилди. Тўртта ҳарбий билим юрти, шу жумладан, учувчилар билим юртидан ташқари 1993 йилда Тошкент алоқа электротехника институти (ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университети) ҳузурида алоқа хизмати мутахассисларини тайёрлайдиган ҳарбий факультет очилди. 1994 йилда Қуролли Кучлар Академияси ташкил этилиб, бу ерда олий ҳарбий малакали офицер кадрлар тайёрлашга киришилди. Шунингдек, армиянинг техник жиҳозланишини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари кўрилди.
Ҳарбий хавфсизлик ҳуқуқий асосларини ривожлантиришнинг иккинчи босқичи ҳарбий инфратузилманинг ривожлантирилиши ва ҳарбий қурилишнинг ҳуқуқий базасининг янада мустаҳкамланиши, ҳарбий соҳада халқаро ҳамкорликнинг кенгайтирилиши билан тавсифланади. Мазкур босқич Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Миллий хавфсизлик Кенгашининг тузилганлигидан бошланди. (Бу Кенгаш Ўзбекистон Реаспубликаси Президентининг 01.05.1995 йилда эълон қилинган ПФ-1149-сонли “Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик Кенгаши тўғрисида”ги Фармонига биноан ташкил топди). Масалан, 1995 йилнинг 30 августида Ҳарбий доктрина қабул қилиниб, унда давлатлараро ҳарбий можаро ва зиддиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этишда фаол қатнашиш белгиланган бўлиб, бунда қарама-қаршиликларнинг кескинлашуви сабабларини дипломатик йўл билан ҳал этишга урғу берилди.
Давлат мудофааси ва хавфсизлигини таъминлашда Ҳарбий доктрина катта аҳамиятга эга.
У расмий қоидалар мажмуасидан иборат бўлиб, ҳарбий хавфсизликнинг сиёсий, стратегик ва иқтисодий асосларини белгилайди, умумий қоидаларни, сиёсий ва ҳарбий-ташкилий жиҳатларни қамраб олади.
Унинг сиёсий қисмида республиканинг урушга муносабати, Ўзбекистон Республикасининг уруш чиқишини бартараф этиш соҳасидаги халқаро фаолиятининг асосий вазифалари, йўналишлари ва мезонлари тушунтириб берилади.
Ҳарбий доктринанинг ҳарбий-сиёсий қисмида Марказий Осиё минтақасининг ҳарбий-стратегик хусусиятлари баён этилади, ҳарбий хавф-хатарнинг потенциал манбалари аниқлаб берилади. Ҳозирги замон урушларининг стратегик хусусияти ва оқибатларига баҳо берилиши асосида доктринада бош ҳарбий-стратегик вазифалар, Қуролли Кучларнинг қурилиши ва уларни стратегик қўллаш принциплари, шунингдек, улардан фойдаланиш шартлари тилга олинади, республика иқтисодиётини, ҳудудини ва аҳолисини мудофаага тайёрлаш масалалари ҳам ўз ифодасини топади.
Ҳарбий доктрина Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва республиканинг ҳарбий хавфсизлигига тажовузларга қарши ҳаракатларни ташкил этишда, мамлакатни мудофаага тайёрлаш борасидаги давлат фаолиятини, Ўзбекистон Республикасининг ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимоя қилиш учун Қуролли Кучларни қўллашни тартибга солувчи қонунларга асосланар экан, БМТ Уставидан, Хельсинкида имзоланган Якунловчи актдан, Стокгольм конференцияси ҳужжатидан, шунингдек, иккитомонлама ва кўптомонлама шартномалар ҳамда битимлардан, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг умумэътироф этилган нормаларидан келиб чиқувчи барча халқаро мажбуриятларга қатъий риоя этилишини кафолатлайди, ташқи ҳарбий таҳдиднинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича иккитомонлама ва кўптомонлама муносабатларни йўлга қўйиш зарур эканлигини қайд этиб ўтади.
Мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ташқи сиёсат Қўшилмаслик ҳаракати принципларига ҳам таянади. Бу принциплар миллий қонунчилигимизда ҳам ўз ифодасини топган (1996 йил 26 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг асосий принциплари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси, 2001 йил 11 майда янги таҳрирда қабул қилинган “Мудофаа тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддаси). Мазкур принцип мантиқан куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик принципидан келиб чиқади ҳамда умуман олганда Конституциянинг руҳига, унинг тинчликсевар моҳиятига ва мафкуралаштиришдан холи йўналишига мувофиқ келади.
Миллий хавфсизлик манфаатлари халқаро ҳамкорликнинг иттифоқлар, ҳамдўстликлар ва бошқа давлатлараро тузилмалар шаклидаги асосий йўналишини белгилаб беради.
Миллий хавфсизликни таъминлаш манфаатларини кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг НАТО билан ҳамкорлиги ривожланиб бормоқда, бу иш 1994 йилдан бери "Тинчлик йўлида шериклик” дастурида иштирок этиш орқали таъминланмоқда. Мазкур дастур НАТО аъзолари бўлмаган мамлакатлар учун яратилган. Ушбу шериклик нафақат ҳарбий вазифаларни (буларга қуйидаги вазифалар киради: миллий мудофаани режалаштиришда ва ҳарбий бюджетни шакллантиришда кўпроқ очиқ-ошкораликка эришиш; Қуролли Кучлар устидан демократик назоратни мустаҳкамлаш; миллий салоҳиятни қўллаб-қувватлаш ва тинчлик ўрнатиш операцияларига ҳисса қўшишга шайлик; Шимолий Атлантика Иттифоқи билан биргаликдаги ҳарбий тайёргарлик ва машқларни режалаштириш ҳамда ўтказиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш; шерик-давлатлар армиялари, шунингдек, НАТО мамлакатлари Қуролли Кучлари билан ҳамкорликни ривожлантириш), балки ноҳарбий руҳдаги фавқулодда вазиятлар шароитида ҳаракатларни режалаштириш соҳасида, илмий ва иқтисодий дастурларни амалга оширишда ҳамкорликни таъминлаш; шерик давлатлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш вазифаларини ҳам қамраб олади.
Ўзбекистон 1995 йилдан бошлаб Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Вена ҳужжатини ҳарбий соҳадаги ишонч мезонлари бўйича ҳам амалга оширишда қатнашиб келмоқда, ЕХҲТ Котибиятига ўз ҳарбий кучлари ва мудофаа соҳасидаги режалари тўғрисида ахборот йўллаб турибди.
Шу аснода республиканинг чет эл мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳарбий-сиёсий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлиги жараёнлари кучайди.
Ҳарбий қонунчиликни ривожлантириш сиёсати ўзида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари, бошқа қўшинлар, ҳарбий тузилмалар ва органлари тизимининг қурилиши жараёнини акс эттиради. Бу 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг асосий принциплари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тўққизинчи сессиясида 1997 йил 29 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси, мамлакат Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги (04.03.1996 й. N ПФ-1378), "Ўзбекистон Республикаси умумқўшинлар Низомини тасдиқлаш тўғрисида”ги (09.10.1996 й. N ПФ-1571), "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг интизом қисми ҳақидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида"ги (09.10.1996 й. N ПФ-1572), "Ўзбекистон Республикаси ҳарбий қисмларида интизомни мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги (23.02.1998 й., N ПФ-1932) Фармонларида ўз ифодасини топди.
Ҳарбий қонунчилик тараққиётининг учинчи босқичи 1999 йилда содир бўлган воқеалар билан боғлиқ ҳарбий ислоҳотдан бошланди. Бу ислоҳотнинг моҳияти ҳарбий қурилиш муаммоларини ҳал этишга янгича ёндошувлар ва мамлакат Қуролли Кучларини сифатли модернизация этишдан иборат.
Ҳарбий ислоҳотнинг асосий қоидалари Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг Олий Мажлис сессияларида қилган қатор маърузаларида чуқур очиб берилди ва миллий армиянинг тузилишини ўзгартиришни таклиф этди. Энг аввало гап контракт асосида ҳарбий хизмат қилишга ўтиш орқали армияни қисқартириш хусусида борди. Марказий Осиё шароитида самарали жанговар ҳаракатлар олиб боришга қодир профессионал армияга асос бўлиб қолиши ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари жанговар тайёргарлигини таъминлашнинг устувор вазифалари орасида қўшинларни тайёрлашда миллий ғоя, миллий мустақиллик мафкурасига таянган ҳолда тарбиявий ишларни ташкил этишнинг бутун тизимини қайта тузишга киришилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Мамлакат Президенти ташаббуси билан Қуролли Кучларнинг резервчилари институти таркиб топганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлди. Резерв сафини тўлдиришнинг мақсади, вазифалари, принциплари ва уруш вақтида резервдан фойдаланишнинг механизми белгилаб қўйилди.
Минтақамиздаги ва мамлакатимиз чегаралари яқинидаги мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият, бутун жаҳонда экстремистик кучлар кучайганлиги Президентнинг 2000 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган янги Мудофаа доктринасини ишлаб чиқиш заруриятини юзага келтирди, унга мувофиқ мамлакат Қуролли Кучлари ўзида Мудофаа вазирлиги бўлинмалари, Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий хавфсизлик хизматининг махсус бўлинмалари ва бошқа идораларнинг ҳарбий тузилмаларини бирлаштирди.
Мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ўтказиш ҳамда ривожланган демократик давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиш асосида Қуролли Кучлар устидан самарали фуқаролик назоратини ўрнатиш мақсадида Мудофаа вазирлиги ҳамда республиканинг мудофаа ва хавфсизликни таъминловчи бошқа тузилмалари олдида турган вазифалар қайта кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири этиб ҳарбий бўлмаган шахс тайинланди.
Қуролли Кучларнинг Бирлашган штаби ташкил этилди ва у Ўзбекистон Республикасининг суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини қуролли ҳимоя қилиш бўйича қарорларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ягона қўмондонлик органига айланди.
Компьютер технологияларидан, моделлаштириш, чалғитиш услубларидан ва бошқа замонавий таълим шаклларидан фойдаланиладиган, ҳарбий хизматчиларни тайёрлашнинг мутлақо янги шакллари ҳисобланадиган сержантлар мактаблари ва тайёрлов марказлари жорий этилди.
Ўзбекистон ҳарбий хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ҳам шуларга мувофиқ равишда ривож топиб, эндиликда қонун ҳужжатларининг бутун бир мажмуини ташкил этади.
1999 йилдан бошлаб “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида” (1999 йил 20 август), “Фуқаро муҳофазаси тўғрисида” (2000 йил 26 май), “Терроризмга қарши кураш тўғрисида” (2000 йил 15 декабрь), янги таҳрирдаги "Мудофаа тўғрисида” (2000 йил 11 май), “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида” (2002 йил 12 декабрь) ва “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида” (2003 йил 25 апрель) каби қонунлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасини ташкил этиш тўғрисида” (30.03.1999 й. N ПФ-2277), “Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судини ташкил этиш тўғрисида” (23.09.1999 й. N ПФ-2421) ва бошқа Фармонлари ҳам эълон қилинди.
Қонунчилик - жамиятнинг ҳуқуқ ва эҳтиёжларига монанд ҳолда тинимсиз ривожланиб борадиган жонли организмдир. Шунга мувофиқ равишда ҳарбий ҳуқуқни тегишли фан тармоғи сифатида ривожлантириб бориш зарур. Ҳарбий қонунчилик тизимида рўй бераётган ўзгаришлар норматив-ҳуқуқий бошқарувнинг мазкур соҳадаги тартиботларини чуқур тадқиқ қилиш натижаларига асосланиши керак. Бундан ташқари, миллий хавфсизлик ҳуқуқи тизимини, унинг тузилмалари ва таркибини талқин ва баён этишда янгича ёндошувларга эҳтиёж сезилмоқда. Бу вазифанинг талаб даражасида ҳал этилиши қонунчиликдан барчанинг фойдаланиш эркинлигини таъминлаш ва қонунлардаги такрорийликнинг олдини олиш имконини беради, миллий хавфсизликни таъминлаш соҳасида юзага келадиган муносабатларни бошқариш тизимига тааллуқли нормаларнинг ўзаро уйғун бўлиши ва тўғри қўлланишига олиб келади.
Шубҳасиз, миллий хавфсизликни таъминлашга доир ҳуқуқ тизимини ривожлантириш жараёни ҳали ниҳоясига етганича йўқ. Ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш предмети ўзгармоқда, унинг механизми такомиллашмоқда. Янги муаммолар ҳам вужудга келмоқда, уларни ҳал этиш учун илмий асосланган янгича ёндошувлар талаб қилинаётир. Табиийки, ижтимоий муносабатлар ривожи юридик муносабатлар ривожига нисбатан илдамроқ бўлади. Қонунчилик ҳамиша сиёсий-ҳуқуқий ва иқтисодий маданиятнинг йиғма маҳсулоти, тегишли ижтимоий муносабатларга измини ўтказишнинг йўл қўйиш мумкин бўлган чегарасини белгилашга нисбатан жамиятнинг англаб етилган эҳтиёжларининг амалга оширилишидир.
Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонунчиликнинг ривожи, шунингдек, қабул қилинаётган қонунлар ижроси устидан назорат қилиш механизмларининг самарадорлигини ошириш, бизнинг назаримизда, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик концепциясида кўзда тутилган мақсадларга эришишнинг асосий омилларидир.
Download 56.19 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling