Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги академияси
Download 2.15 Mb.
|
Ҳуқуқшунослик
20-§. Оила.
Оила тушунчаси ва унинг мақоми. Оила ўзаро қариндош бўлган шахсларнинг ижтимоий ва юридик нормалар асосида доимий биргаликда умумий рўзғор асосида яшашига асосланади. Ҳар бир шахс оилада камол топади. Инсонлар азал-азалдан оила бўлиб яшайдилар. Уларнинг ҳаётий фаолияти оилада кечади. Оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади, яъни жамият асосан оилалардан таркиб топади. Жамиятнинг тараққий этиши ёки заволга юз тутиши ундаги оилалардаги муҳитга, оила аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатларга боғлиқ ҳисобланади. Агар оилаларда соғлом муҳит бўлса, оила аъзолари маънавий-ахлоқий қадрятлар ва қонунлар асосида ҳаёт кечирсалар бундай оилалар ижтимоий соғлом оила ҳисобланади ва ўз навбатида жамиятнинг тараққий этиши ҳамда унинг барқарор бўлишига хизмат қилади. Оилавий муносабатлар жуда мураккаб ва доимий характерга эга бўлган муносабатлар ҳисобланиб шахснинг муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳуқуқларини ифодалайди. Инсон бир умр оилавий муносабатларда иштирок этади. Оила жамият ва давлат томонидан муҳофаза этилади ва оилани мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуриш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш каби мақсадларга эришиш учун тегишли чоралар кўрилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 4-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясида бўлиб, оналик ва оталик иззат-икромга ҳамда ҳурматга сазовор ҳисодланади. Она ва бола манфаатларини муҳофаза қилиш, аёлларнинг меҳнати ва соғлиғини сақлашга доир махсус тадбирлар кўриш, меҳнатни оналик билан боғлаб қўшиб олиб бориш учун аёлларга шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўли билан таъминланади. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши. Никоҳ шахснинг шахсий ҳуқуқи бўлиб, унинг эркин ҳоҳишига асосланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 63-моддасининг 2-қисми ҳамда Оила кодексининг 14-моддасига асосан никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилигига асосланади. Никоҳланувчиларнинг ўзаро розиликлари ва уларнинг никоҳ ёшига етганликлари никоҳ тузишнинг асосий шартлари ҳисобланади. Мажбуран никоҳ тузишга йўл қўйилмайди. Аёлни эрга тегишга ёки никоҳда яшашни давом эттиришга мажбур қилиш ёхуд аёлнинг эркига хилоф равишда у билан никоҳда бўлиш учун ўғрилаш, шунингдек, аёлнинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш учун ҳамда ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Оила кодексининг 2-моддасига кўра оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади. Ота-оналар ўз фарзандларини боқиш ва тарбиялаш мажбуриятлари. Ота-оналарнинг оилавий муносабатлар доирасидаги мажбурятларидан бири ўз фарзандларини боқиш ва тарбиялаш ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддаси, ҳамда Оила Кодекснинг 73-моддаларига кўра ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт. Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари зарур. Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Етим болаларни боқиш ва тарбиялашнинг кафоланланиши. Конституциянинг 64-моддасига асосан Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради. Шунингдек, Оила кодексининг 106-моддасига кўра, ота-онаси вафот этганлиги оқибатида етим қолган вояга етмаган болаларга таъминот бериш, уларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш давлат томонидан тўлиқ амалга оширилади. Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасаларига, ўрта махсус, таълим муассасаларига тарбияга берилган кундан эътиборан тўлиқ давлат таъминотида бўлади. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болаларга ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим бериш, уларни уй-жой, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари билан таъминлаш, улар таълим муассасаларини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари сотиб олиш учун нафақа тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишлари. Конституциянинг 66-моддасига ҳамда Оила кодексининг 109-моддасига асосан вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди. Вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Download 2.15 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling