11-§. Жазо тайинлашда инобатга олинадиган ҳолатлар.
Жазо тайинлаш мураккаб процессуал жараён бўлиб, бунда содир этилган жиноят юзасидан барча ҳолатлар ҳисобга олиниб аниқ жазо тури ва миқдори белгиланади. Тайинланган жазонинг адолатли ва мақсадга мувофиқ бўлиши учун жиноят қонунчилигида жазо тайинлашда инобатга олинадиган ҳолатлар белгилаб қўйилган.
Жазо аниқ жиноят учун белгиланган миқдор доирасида ҳамда қуйидаги омиллар ва ҳолатлар инобатга олнган ҳолда тайинланади:
содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси;
қилмишнинг сабаби;
етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдори;
айбдорнинг шахси;
жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар.
12-§. Жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар.
Қуйидаги ҳолатлар жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топилади:
айбни бўйнига олиш тўғрисида арз қилиш, чин кўнгилдан пушаймон бўлиш ёки жиноятни очиш учун фаол ёрдам бериш;
етказилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиш;
оғир шахсий, оилавий шароитлар оқибатида ёки бошқа мушкул аҳволда жиноят содир этиш;
мажбурлаш ёки моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёхуд бошқа жиҳатдан қарамлик сабабли жиноят содир этиш;
жабрланувчининг зўрлик, оғир ҳақорат ёки бошқача ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли вужудга келган кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида жиноят содир этиш;
зарурий мудофаанинг, охирги заруратнинг асосли чегарасидан четга чиқиб жиноят содир этиш, ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашда, касб ёки хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлган асосли таваккалчиликда зарар етказиш;
вояга етмаганнинг жиноят содир этиши;
ҳомиладор аёлнинг жиноят содир этиши;
жабрланувчининг ғайриқонуний ёки ахлоққа зид хулқ-атвори таъсири остида жиноят содир этиш.
Жазо тайинлашда суд юқорида назарда тутилмаган бошқа ҳолатларни ҳам енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин.
Енгиллаштирувчи ҳолат Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддасида жиноят таркибининг зарурий белгиси сифатида назарда тутилган бўлса, жазо тайинлашда ҳисобга олинмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |