95-модда. Маҳкумларнинг моддий жавобгарлиги
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар:
меҳнат вазифаларини адо этиш чоғида етказилган зарар учун — меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда;
бошқа хатти-ҳаракатлар оқибатида етказилган зарар учун — фуқаролик қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда ва тартибда моддий жавобгар бўладилар.
Нотўғри чегирилган сумма маҳкумга қайтарилиб, унинг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.
96-модда. Маҳкумлар ижтимоий суғуртаси ва пенсия таъминоти
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ажратилмайди.
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазодан озод бўлганларидан сўнг қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлади.
14-БОБ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШГА ҲУКМ ҚИЛИНГАН ШАХСЛАРГА ТАРБИЯВИЙ ТАЪСИР КЎРСАТИШ
97-модда. Маҳкумлар билан тарбиявий иш олиб бориш
Тарбиявий иш озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни ахлоқан тузатишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб, маҳкумларда қонун талабларига ва жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор қоидаларига риоя этишга, шунингдек билим ва маданий савиясини оширишга интилишни шакллантиришга қаратилган.
Жазони ижро этиш муассасаларида маънавий, ҳуқуқий, жисмоний ва бошқа тарбия олиб борилади.
Тарбиявий иш якка тартибда, гуруҳ билан ва оммавий шаклда олиб борилади.
Тарбиявий иш дифференциация асосида, муассаса турини, жазо муддатини ва сақлаш шароитини, шунингдек маҳкум шахсининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.
Маҳкумлар билан тарбиявий иш олиб боришда матбуот, радио, телевидение, кинофильмлардан, кутубхона ва бошқа воситалардан фойдаланилади.
98-модда. Маҳкумларнинг тарбия жараёнидаги иштироки
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг фойдали ташаббусини кучайтириш, уларнинг меҳнати, маиший ҳаёти ва бўш вақтини ташкил этиш масалаларини ҳал этишда қатнашиш, интизомни ва ички тартибни сақлаб туришда муассаса маъмуриятига кўмаклашиш мақсадида маҳкумларнинг турли ташкилотлари тузилиши мумкин.
Маҳкумлар ташкилотларини тузиш ва уларнинг ишлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |