24-МАШҒУЛОТ.
Машғулот мақсади: ихтиёрий (актив) диққатни, моторикани (йирик ва
майда), фазовий тасаввурни ривожлантириш, сўз бойлигини ошириш.
1) “Эслаб қол” машқи.
Йўриқнома: Болалар доира шаклида ўтирадилар ёки турадилар.
Педагог-психолог бирор сўзни айтади. Биринчи бола педагог-психолог сўзини
такрорлайди ва ўзининг сўзини айтади. Кейин навбатдаги бола
педагог-психологнинг сўзини, биринчи боланинг сўзини такрорлайди ва
ўзининг сўзини айтади. Ўйин шу тартибда давом этади. Энг кўп сўзни эслаган
бола ғолиб бўлади, ва уни ҳамма олқишлайди.
2) “Бурдон тести”.
Йўриқнома: Болалар, педагог-психолог томонидан олдиндан (ҳар бир
бола учун алоҳида) тайёрланган шаклдан (9-илова) ҳарфни (масалан, “Т”)
топади ва ўчирадилар. Топшириқни бажариш вақти 5 дақиқа. Кейинги
машғулотда бошқа ҳарфни топиб, ўчиришлари мумкин).
3) “Саноқни давом эттир” ўйини.
Йўриқнома: Педагог-психолог исталган рақамни айтиб, болаларга тўпни
ташлайди, тўпни олган бола педагог-психолог айтган рақамдан кейингидан
10 гача тартиб билан саноқни давом эттиради.
Масалан, психолог “беш” деб тўпни Ботирга берди, Ботир: “олти, етти,
саккиз, тўққиз, ўн” деб санайди. Вазифани қийинлаштириш учун: Ботир: “олти,
етти, саккиз” деб санаётганда, уни тўҳтатиб тўпни олиб Саидага бериш мумкин,
Саида: “тўққиз, ўн” деб санаши керак бўлади. Адашса ўйиндан
четлаштирилади.
4) График диктант (баён).
Йўриқнома: болалар катак дафтарда педагог-психолог томонидан айтиб
турилган нақш (чизиқ)ларни чизиш билан топшириқларни бажарадилар.
Эслатма: педагог-психолог катта катак вароққа расмни бошланиш
жойига катак бурчагига нуқта билан белгилар қўяди (масалан, 11-иловадаги
(қизча, 1-расм)нинг ўнг қўлини чизишда. Шундай қилиб педагог-психолог
томонидан айтилган вазифани болалар бажарадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |