Бухгалтерия молиявий ҳисобининг континентал модели
Бухгалтерия молиявий ҳисобининг ушбу модели, манбаларга кўра, XIX асрда Пруссияда вужудга келган. Бу моделнинг асосий характерли жиҳати шундаки, унда бухгалтерия ҳисоби тизими бевосита солиққа тортишнинг тамойиллари ва қоидаларига бўйсиндирилган, яъни бухгалтерия ҳисоби бевосита солиққа тортиш қоидалари асосида шаклланади ҳамда юритилади. Шу боис, бу модел бошқачасига «солиқ» модели ҳам деб аталади.
Бухгалтерия ҳисоби «континентал модели» асосида ташкил қилинган мамлакатларда бухгалтерия ҳисобини солиққа тортиш тизимига боғлиқлик даражаси ҳар хил. Чунончи, Германияда бу боғлиқлик ўта кучли бўлса, Францияда кучли таъсирда, бошқа мамлакатларда кучсизроқдир.
Континентал моделнинг ижобий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
- оддийлик ва ҳисоб методологиясининг ягоналиги (яъни молиявий ҳисобот ягона қоидага асосан тузилади);
- даромад, мос равишда, фойда пул келиб тушгандан кейин тан олинади;
- ягона ҳисоб тизими мавжудлиги сабабли акциядорлар ва солиқ органлари учун икки хил молиявий натижа келиб чиқмайди.
Континентал моделнинг асосий салбий жиҳати бўлиб бухгалтерия ҳисобининг хаддан ташқари бюрократлаштирилганлиги, инвесторлар ва кредиторлар манфаатларини тўлиқ ҳисобга олинмаслиги, давлат солиқ органлари мансабдор шахсларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашиши ва маълум даражада ўз тазъиқини ўтказишдан холи эмаслиги каби ҳолатлар ҳисобланади.
Бухгалтерия молиявий ҳисобининг
«Жанубий Америка модели»
Бухгалтерия молиявий ҳисобининг ушбу модели ўз моҳиятига кўра «Континентал модель»га яқин ҳисобланади. Бу моделнинг характерли жиҳатларига бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш тизимларининг узвий боғлиқлиги, молиявий ҳисоботни қатъий регламентлаштирилганлиги, уни асосан давлат органлари, айниқса солиқ идоралари талабларига бўйсиндирилганлиги ҳисобланади. Бухгалтерия ҳисобининг «Жанубий Америка модели» Бразилия, Прагвай, Уругвай, Перу, Аргентина, Чили ва бошқа Жанубий Америка мамлакатларида қўлланилади. Ушбу мамлакатларда ҳам махсус солиқ ҳисоби юритилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |