Ўзбекистон республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти


«Меҳнат иқтисодиёти» фанининг инновацион ривожланиш шароитларидаги вазифалари


Download 4.25 Mb.
bet13/104
Sana27.10.2023
Hajmi4.25 Mb.
#1726645
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   104
Bog'liq
МЕХНАТ Маъруза мажмуа 2023

2.3. «Меҳнат иқтисодиёти» фанининг инновацион ривожланиш шароитларидаги вазифалари


Иқтисодий адабиётларда кенг ишлатиладиган «унумли» ва «унумсиз», «жонли» ва «ўтмишдаги-моддийлашган», «мавҳум» ва «аниқ», «зарурий» ва «қўшимча» меҳнат тушунчаларига ҳам тўхталиб ўтмай бўлмайди.
1. Унумли ва унумсиз меҳнат. Бу масала иқтисодий адабиётларда турлича талқин қилинади, шунинг учун биз уни икки хил талқинини келтирмоқчимиз. Биринчи гуруҳ олимларининг эътироф этишича унумли меҳнат - ижтимоий бойлик, ялпи ижтимоий маҳсулот, миллий даромаднинг табиий-буюмли шаклини яратишда бевосита қатнашувчи меҳнатдир. Бу шундай меҳнатки, унда моддий неъматлар, хизматлар яратилади ва у фойда келтиради. Унумсиз меҳнат ҳам ижтимоий ва маънавий неъматларни яратадиган меҳнат бўлиб, бундай меҳнатнинг тури ҳам ижтимоий фойдалидир, лекин у унумли меҳнат бўлмайди, чунки моддийлашмайди, алоҳида бир маҳсулотда мужассамлашмайди ва фойда келтирмайди.
Иккинчи гуруҳ олимлари унумли ва унумсиз меҳнат тўғрисидаги тушунчаларга муносабат билдириб, назарий таҳлилларга таянган ҳолда меҳнат унумсиз бўла олмайди, деган хулосага келадилар. Ҳар қандай меҳнат – кишиларнинг эҳтиёжларини қондирадиган неъматларни, фойдали нарсаларни ишлаб чиқаришдир. У унумли, моддий ва номоддий бўлиши мумкин, лекин бунда улар неъмат бўлмасдан қолмайди. Олим яратган илмий кашфиёт, худди шунингдек, ҳуқуқшунос, санъаткор, ижодкор, педагог, спортчи, шифокор, экскурсовод, сартарошнинг меҳ­нати – барчаси кишиларнинг муайян эҳтиёжларини қондирадиган номоддий неъматлардир. Номоддий неъматлар инсоннинг маданий, эстетик, билиш эҳтиёжларини қондирадиган маънавий неъмат бўлиши мумкин. Улар кишиларнинг саломатлик, дам олиш, озодалик, саранжом ташқи кўриниш ва ҳоказолар борасидаги табиий эҳтиёжларини қондирадиган маиший неъмат бўлиши ҳам мумкин. Кишиларнинг нотариус, адвокат, прокурор ва судьялар бажарадиган меҳнат натижасидаги ҳуқуқий ҳимояланганлиги ҳам, ваколатли ва ижроия ҳокимият органларининг бошқариш фаолияти ҳам ва моддий ишлаб чиқариш соҳасига дахли бўлмаган кўплаб бошқа меҳнат маҳсуллари ҳам неъмат бўлади.
2. Жонли ва ўтмишдаги меҳнат. Жонли меҳнат – ҳозирги пайтда сарфланаётган ва натижалари ҳали номуайян бўлган меҳнатдир. Ишчи маълум бир ишни бажараётганда бунга бирмунча иш вақти – жонли меҳнат сарфлайди. Лекин ишчи маҳсулот ишлаб чиқараётганида ўтмишдаги меҳнатни ҳам сарфлайди. Ўтмишдаги меҳнат ўзида илгари яратилган натижани мужассамлайди, булар хомашё ва материаллар, энергия, дастгоҳлар, асбоблар, компьютерлар ва ҳоказолардир. Фан-техника тараққиёти жараёнида жонли меҳнат билан ўтмишдаги меҳнат сарфлари ўртасидаги нисбат ўзгаради.
«Мавҳум» ва «аниқ», «зарурий» ва «қўшимча», «жонли» ва «ўтмишдаги (моддийлашган)» меҳнат тўғрисидаги тушунчаларни материалистлар ўз иқтисодий назарияларига киритиб, ишлатган эдилар.
Уларнинг «зарурий» ва «қўшимча» меҳнат тўғрисидаги қоидалари хатодир. Ҳар қандай меҳнат ҳам зарурдир. Уларнинг қўшимча меҳнат деб номлагани, меҳнатдан ташқари ишлаб чиқариш ва бошқа омиллар ҳам амал қилишининг натижасидир.
Материалистлар жонли меҳнат деб кишиларнинг реал меҳнатини, ўтмишдаги (моддийлашган) меҳнат деб эса кишиларнинг ўтмишдаги меҳнати натижаси сифатидаги жамики ишлаб чиқарилган маҳсулотларни номлаган эдилар. Замонавий иқтисодий назария шуни ишончли тарзда исботламоқдаки, маҳсулот ер (табиат), капитал, меҳнат ва тадбиркорлик қобилияти каби ишлаб чиқариш омилларининг амал қилиши натижасида юзага келади. Бинобарин, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни фақат меҳнат, функция бажаришнинг натижаси деб ҳисоблаш, истеъмол қилинган ишлаб чиқариш воситаларини эса ўтмишдаги меҳнат деб номлаш нотўғридир.
Шу боис, «мавҳум» ва «аниқ», «зарурий» ва «қўшимча», «жонли» ва «ўтмишдаги» меҳнат тўғрисидаги тушунчалардан ҳозирги замон иқтисодий назариячилари фойдаланмайдилар.
Меҳнатнинг фойдаланиладиган буюмли элементлари ва инсоннинг меҳнатда қатнашиш даражаси бўйича у қуйидаги турларга бўлинади:
1) қўл меҳнати – мутлақо қўлда ёки меҳнатнинг қўл қуроллари ёрдамида бажарилади;
2) механизациялаштирилган меҳнат – меҳнатнинг механизация-лаштирилган қуроллари ёрдамида амалга оширилади (масалан, электродрел ёрдамида пармалаб, тешик ўйиш, пневматик асбобда метални ямаш);
3) машиналашган меҳнат – асосий иш меҳнат буюмининг шакли, катталиги, ташқи кўринишини ўзгартириш учун ходим томонидан бевосита жисмоний куч-ҳаракат сарфламаган ҳолда бошқа­риладиган машина ёрдамида бажарилади. Бунда ходим машинани бошқариш ва уни озиқлашга оид ёрдамчи ишларнинг элементларинигина қўлда бажаради;
4) автоматлаштирилган меҳнат – асосий иш элементлари тўлиқ автоматлаштирилган, ёрдамчи иш элементлари эса тўлиқ ёки қисман автоматлаштирилган бўлади. Бу жараёнда ходим ускуналар тўғри ва доимий созланишини ҳамда уларнинг иш билан таъминланишини назорат қилади.
Кишиларни меҳнатга жалб этиш усуллари бўйича қуйидагилар фарқланади:
1) иқтисоддан ташқари мажбурлайдиган меҳнат, бунда тўғридан-тўғри мажбурлаш ўрин олган бўлади. Бундай меҳнат шахсий эркинликнинг чекланиши билан тавсифланади, бунга бевосита қуллик ва қарздорлик оқибатидаги қуллик мисол бўла олади. Бевосита мажбурлашдан ташқари, бундай меҳнатга маъмурий ёки қонунчилик тартибида белгилаб қўйилган меъёрлар мавжудлиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, меҳнат қилиш умумий мажбурийлигининг ўрнатилиши ҳам худди шунинг ўзидир, собиқ шўролар даврида шундай бўлган эди;
2) иқтисодий мажбурлайдиган меҳнат, яъни зарурат бўйича тирикчиликка маблағ ишлаш учун қилинадиган меҳнат. Бундай меҳнат кишиларнинг аксарият оммасига хос бўлган жараёндир;
3) кўнгилли меҳнат, яъни инсоннинг ўз ихтиёри билан қиладиган меҳнати. Бундай меҳнат жараёнида инсон иқтисодий жиҳатдан етарлича таъминланган бўлиб, ишламаслиги мумкин бўлса-да, ўзининг маънавий ва умуминсоний салоҳиятини юзага чиқариш учун ишлаганида амалга оширади. Бундай инсон учун меҳнат қилиш - ўзини намоён этиш, ўз шахсини маънавий жиҳатдан юзага чиқариш воситасидир. Турли мезонлар бўйича меҳнат турларининг йиғма таснифи
2.4-чизмада берилган.
Шундай қилиб, биз меҳнатнинг ҳар хил турларини кўриб чиқдик. Шуни айтиш керакки, бошқа ҳар қандай тасниф каби, ушбу тасниф ҳам шартли тусга эга ва меҳнатнинг муҳим белгиларини ажратиб кўрсатишга мўлжалланган. Реал ҳаётда ҳар бир аниқ меҳнатда юқорида санаб ўтилган барча белгилар турлича бирикувларда муҳайё бўлиши мумкин.

1.2-чизма. Меҳнат турларининг таснифи





Download 4.25 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   9   10   11   12   13   14   15   16   ...   104




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling