Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги фарғона давлат университети мамуржон отажонов
Download 0.58 Mb.
|
Психол. тарихи Отажонов М.Ю. (7)
Когнитив психология
Бугунги кунда когнитив психология психологиянинг бошқа йўналишлари қаторида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб, келажаги бор ва янги йўналиш сифатида қатор таърифларга эга. Когнитив психологиянинг расман пайдо бўлиши – 1956 йил, 11 сентябр ҳисобланади, айнан шу куни Массачусетс технология институтида электр ва электрон инженерия Институтининг ахборот назарияси билан шуғулланувчи махсус гуруҳи йиғилган. Айнан шу учрашув психологияда когнитив инқилоб бошланишига асос солган, деб ҳисобланади. Когнитив психологиянинг ривожи гештальпсихологияда амалга оширилган тадқиқотлар билан бевосита боғлиқ. Маълумки гештальтпсихологлар идрок, самарали ижодий тафаккур соҳасидаги тадқиқотлари билан ушбу муаммоларга диққатни жалб қилганлар. Когнитив психологиянинг пайдо бўлишида шунингдек, қуйидаги омиллар ҳам ҳал қилувчи рол ўйнаган: Бихевиоризмнинг “омадсизлиги”. Бихевиоризм ташқи қўзғовчиларга реакцияларни ўрганди, бироқ, инсон хулқининг турли-туманлигини тушунтириб бера олмади. Шу нарса аниқ бўлдики, қўзғовчилар билан бевосита боғлиқ ички фикрлаш жараёнлари хулққа таъсир кўрсатар экан. Айрим тадқиқотчилар бу ички жараёнларни аниқлаш мумкин ва уларни когнитив психологиянинг умумий назариясига қўшса бўлади, деб ҳисоблайдилар. Алоқа назариясининг пайдо бўлиши. Алоқа назариясининг пайдо бўлиши сигналларни аниқлаш, диққат, кибернетика ва ахборот назарияси соҳасидаги тадқиқотлар ўтказишга туртки берди – бу соҳалар эса когнитив психология учун аҳамиятли ҳисобланади. Замонавий лингвистика. Билиш билан боғлиқ муаммолар доирасига тил ва грамматик қурилмаларга янгича ёндашувлар кириб келди. Хотирани ўрганиш. Вербал ўрганиш ва семантик ташкилотлар бўйича тадқиқотлар хотира назарияси учун мустаҳкам пойдевор яратди, бу ўз навбатида хотира тизими моделларининг ривожланишига ва бошқа когнитив жараёнларнинг текшириш мумкин бўлган моделларининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Компьютер фани ва бошқа технологик ютуқлар. Компьютер фани ва унинг бўлимларидан бири ҳисобланган — сунъий интеллект — ахборотни хотирада сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, тилга ўрганиш ҳақидаги қоидаларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилди. Тадқиқотлар ўтказиш учун пайдо бўлган янги қурилмалар тадқиқотчиларнинг имкониятларини янада кенгайтирди. Билимлар репрезентациясининг илк концепцияларидан тортиб энг янги тадқиқотларгача, билим асосан кирувчи сенсор сигналларга таянади, деб ҳисобланган. Хозирда шундай фактлар пайдо бўлдики, реалликнинг кўплаб ички репрезентациялари — бу ташқи реалликнинг айнан ўзи эмас — яъни улар изоморф (айнан бир хил) эмас. Толменнинг лаборатория жониворлари билан ўтказган тажрибалари сезги органлари орқали олинган ахборот абстракт (мавхум) репрезентациялар кўринишида сақланиши хақида тахмин қилишга мажбур қилади. (Репрезентация – кўрган, эшитган, ҳис қилганни қайта тиклаш). Когнитив карталар ва ички репрезентациялар мавзусига бироз кўпроқ аналитик ёндашувни Норман и Румельхарт (1975) танладилар. Экспериментлардан бирида улар коллеж ётоқхонасида истиқомат қилувчилардан ётоқхона биносининг режасини юқоридан тасвирини чизиб беришни сўрашди. Кутилганидек, талабалар меъморий деталларнинг рельеф хусусиятлари — хоналарнинг жойлашуви, асосий қулайликлар ва мосламаларни тўғри тасвирлашди. Аммо камчиликлар ва шунчаки хатолар ҳам бор эди. Кўпчилик балконни бинонинг ташқи қисми билан бир текисда тасвирлаб берган, аслида у бинонинг ташқи қисмидан чиқиб туради. Бино схемасида топилган хатолардан одамнинг ахборот хақидаги ички тасаввурлари хақида кўп нарсани билиб олишимиз мумкин. Норман ва Румельхарт шундай хулосага келишди: “Хотирадаги ахборот репрезентацияси реал ҳаётнинг аниқ қайта тиклангани эмас: аслида бу бинолар ва умуман дунё хақидаги билимлар асосидаги ахборот, хулосалар ва қайта қуришларнинг бирикмасидан иборат холос. Шуни таъкидлаш муҳимки, талабаларга уларнинг хатолари кўрсатилганда, улар ўзлари чизган нарсадан хайратда қолишди”. Шундай қилиб, олам хақидаги тасаввурлар унинг хақиқий моҳияти билан айнан бир хил бўлиши шарт эмас. Албатта, ахборот репрезентацияси сенсор аппарат қабул қилаётган қўзғовчилар билан боғлиқ, лекин бу қўзғовчилар сезиларли ўзгаришларга учрайди. Бу ўзгариш ёки модификациялар натижаси билимларимизнинг бой ва мураккаб тармоғи бўлган олдинги тажрибамиз билан бевосита боғлиқ. Шундай қилиб, биз қабул қилаётган ахборот абстракциялаштирилади (ва маълум даражада бузилади) ва кейин одам хотираси тизимида сақланади. Концептуал ва когнитив психология. Экспериментни амалга ошириш ёки кузатиш жараёнида пайдо бўлган янги тушунчалар — бу, фан тараққиётининг кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Олим табиатни ўзгартирмайди, лекин табиатни кузатиш олимнинг табиат хақидаги тасаввурларини ўзгартиради. Когнитив моделлар, шунингдек концептуал фаннинг бошқа моделлари кузатиш натижаларидир, лекин маълум маънода булар — кузатишнинг ҳал қилувчи омиллари ҳам ҳисобланади. Таъкидлаганимиздек, когнитив психология XX асрнинг 50-йилларининг охири ва 60-йилларининг бошида АҚШда ўша пайтдаги хукмрон таълимот - бихевиоризм томонидан психик жараёнлар ички ташкилотининг ролини инкор қилишга жавоб тариқасида пайдо бўлди. Жан Пиаже ва Джером Брунерларнинг тадқиқотлари янги йўналишнинг пайдо бўлишига катта ҳисса қўшди. Джордж Армитаж Миллер биринчи когнитив психология Марказини ташкил қилди ва билиш жараёнларини ўрганишнинг янги методларини қўллай бошлади. Ульрих Найссер 1967 йилда “Когнитив психология» китобини нашрдан чиқарди, бу китобда у йўналишнинг асосий қоидаларини тушунтириб берди. Дастлаб, когнитив психологиянинг бош вазифаси сенсор ахборотнинг рецептор юзасига келиб тушгандан жавоб олингунга қадар ўзгаришини ўрганишдан иборат бўлган (Д. Бродбент, С. Стернберг). Бунда тадқиқотчилар одамда ва ҳисоблаш қурилмасида ахборотни қайта ишлаш жараёнлари ўртасидаги ўхшашликка асосланишган. Билиш ва ижро жараёнларининг кўплаб структуравий ташкилий бўлаклари, шунингдек, қисқа муддатли ва узоқ муддатли хотира турлари аниқланди (Дж. Сперлинг, Р. Аткинсон). Тадқиқотларнинг бу йўналиши хусусий психик жараёнлар структуравий моделлари сонининг кўпайиб кетиши билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келди, натижада когнитив психологиянинг асосий вазифаси субъект хулқида билимнинг ҳал қилувчи ролини исботлашдан иборат бўлиши керак, деган хулосага келинди (У. Найссер). Бундай кенг ёндашув доирасида когнитив психология бихевиоризм ва психоанализни интеллектуалистик ёки менталистик позициядан танқид қиладиган ҳамма йўналишларни қамраб олади. (Ж. Пиаже, Дж. Брунер, Дж. Фодор). Субъект хотирасида билимларни ташкил қилиш, шу жумладан эсда олиб қолиш ва тафаккур жараёнларида вербал ва образли бўлакларнинг нисбати марказий муаммога айланади (Г. Бауэр, А. Пайвио, Р. Шепард). Эмоцияларнинг когнитив назариялари (С. Шехтер), индивидуал фарқлар (М. Айзенк) ва шахс когнитив назариялари (Дж. Келли, М. Махони) синчиклаб ўрганила бошланди. Когнитив психологиянинг шаклланишига психологияга ёндош техник фанлар, масалан инженерлик психологиясининг ютуқлари ҳам таъсир кўрсатди. Замонавий психология фанида когнитив психология одам ва хайвонлар психикасида билиш (когнитив) жараёнларни ўрганишга йўналтирилган психология сифатида тушунилади; когнитив психология диққат, хотира, тасаввур, идрок, нутқ, мантиқий тафаккур, муаммони ҳал қилиш жараёнлари, одам интеллекти ва сунъий интеллект, ахборотни қабул қилиш, уни тизимлаштириш, ундан фойдаланиш ва уни қайта тиклаш билан боғлиқ ҳамма жараёнларни ўрганади ва тадқиқ қилади. Ҳамма билиш жараёнлари ахборотни олиш, сақлаш ва қайта тиклашнинг турли босиқичларида ишга туширилади. Когнитив психологияда билиш жараёнлари психиканинг ахборотни олиш, сақлаш, қайта ишлаш ва узатиш билан боғлиқ функцияси сифатида ўрганилади, яъни когнитив психология билимда ахборотни қайта ишлаш жараёнини, тушунчалар ва ассоциациялар шаклланиши жараёнини кўриб чиқади ва ўрганади. Когнитив психологияда одам бош миясининг ишлаши компьютернинг ишлашига қиёсланади. Когнитив психологлар “ахборотни қайта ишлаш” атамасини ўзлаштириб, уни ўзларининг илмий психологик асарларида муваффақиятли қўлламоқдалар. Шундай қилиб, когнитив психология одамни атроф оламдаги объектлар ва ходисалар хақидаги маълумотларни қидирадиган, шунингдек, келаётган ахборотни сақлайдиган ва қайта ишлайдиган тизим сифатида тасаввур қилади. Когнитив психологларнинг фикрича, ҳар бир билиш жараёни ахборотни қайта ишлашнинг ҳар хил босқичини амалга оширишни таъминлайди. Шундай тахмин қилинадики, ахборот босқичма-босқич қайта ишланади, ҳар бир босқичда у маълум вақт бўлади ва турлича шаклда тақдим қилинади. Когнитивн психологиянинг асосий ғояси шундан иборатки, одам томонидан эгалланган ҳамма билимлар – схемалар ёки шаблонларга айлантирилади, шу кўринишда хотирада сақланади ва керак пайтда у ердан чиқариб олинади. Шаблоннинг яратилиши кейинги ўхшаш таъсирларга жавобни тезлаштиради. Бироқ, булар ўзгармас схемалар бўлмай, балки динамик, ўзгариб турувчи схемалар бўлиб, одам томонидан янги билимлар ўзлаштирилганда улар ҳам ўзгаради, чунки, билиш фаолияти тўхтовсиз амалга ошади. Айнан билим вазиятдан тажриба орттиришга ёки тўғри қарор қабул қилишга имконият беради. Шундай қилиб, янги схемалар пайдо бўлади ва эскилари янгиланади. Шу позициядан ёндашганда когнитив психологиянинг вазифаси, психиканинг ахборотни олиш ва қайта ишлаш бўйича ишининг юқори даражада самарали ва табиий методикаларини топишдан иборат. Шу вазифага мос равишда, когнитив психологиянинг мақсади билиш жараёнларини тушуниш ва моделлаштириш, мия функциялари иши алгоритмларини шакллантиришдан иборат. Қўлга киритилган тадқиқотлар натижалари асосида когнитив ёндашув яратилди, унинг марказида – хотира, тафаккур, диққат, тасаввур, идрок, сезгилар каби хулқ сохасидаги барча психик жараёнлар туради, яъни когнитив ёндашув шуларнинг ҳаммасини қамраб олади. Когнитив ёндашув - когнитив психология қоидаларига асосланган ва таълим жараёнида онглилик принципига таянишни, алохида гуруҳда таълим олувчиларга хос бўлган турли когнитив стилларни, улар фойдаланадиган ўқув стртегияларини ҳисобга олишни кўзда тутадиган таълимга ёндашувдир Бундай ёндашувга биноан, таълим олувчилар нафақат ўқитувчининг таълим бериш объектлари ҳисобланишади, балки таълим жараёнининг фаол иштирокчилари бўлишади. Бунда таълим олувчилар таълим вазиятларидаги ўзаро мулоқотда тушуниш ва қўллаш мумкин бўлган ўзларининг когнитив жараёнларига ва мавжуд билимларига таянишади. Агар когнитив ёндашувни умумий тарзда таърифланса, одам қандай қилиб борлиқ хақидаги ахборотни мазмунини очиши ва ундан қарор қабул қилишда қандай фойдаланишидан иборат. Психологияда когнитив ёндашув илмий ёндашув ҳисобланади, шунинг учун унга тадқиқотнинг аниқ методи зарур – шунинг учун лаборатория эксперименти когнитив ёндашувнинг асосий методи сифатида тан олинган. Лаборатория эксперименти идрок, хотира, диққат асосларини, дунёнинг когнитив манзарасини қуриш усулларини тадқиқ қилишга имкон беради. Бунда асосий шарт шуки, одамнинг когнитив қурилмаси дисгормония холатида бўлмаслиги керак. Агар шундай холат вужудга келса, одам психик жараёнлар мувозанати ва уйғунлигига эришгунга қадар бу холатни ўзгартиришга ўз интилишини юқори даражада йўналтиришга мажбур бўлади. Лаборатория эксперименти билан бирга когнитив психологияда тестлар, сўровнома, корреляцион тадқиқотлар, кузатиш, библиографик методлар ҳам қўлланади. Когнитив психологияда лаборатория эксперименти тест, сўровнома ва кузатишдан қуйидаги мезонлари билан фарқ қилади: аниқ мақсадга йўналтирилган экспериментал босим ўтказишнинг мавжудлиги, босимни назорат қилиш ва экспериментал тадқиқотда олинган натижаларни қайд этиш. Бироқ, санаб ўтилган методлардан фарқ қилиб, лаборатория эксперименти сабаб-оқибат боғланишларини ўрнатишга имкон беради. Лаборатория экспериментида олинган натижалар психологик феноменлар ва когнитив жараёнлар асосида айнан қандай механизмлар ётгани, уларнинг ривожланиши ва сифат жихатидан қайта қурилишига нималар сабаб бўлиши хақида хулосаларни шакллантиришга имкон беради. Когнитив психологиянинг амалий тақиқотлари ва назарий изланишлари натижалари когнитив ёндашув ва когнитив-хулқий психотерапия доирасида фаолият кўрсатаётган психологларнинг амалий фаолиятларида фойдаланилади. Когнитив-хулқий психотерапия индивиднинг билиш жараёнларига таянган холда одамнинг хулқини тушунтиришга йўналтирилган. Амалиётчи мутахассис-психологлар когнитив психология методикалари ёрдамида билим биринчи навбатда одамларнинг хулқига ва одамнинг атроф муҳит қўзғовчиларига реакцияларига таъсир қилишини исботлашга ҳаракат қилишади. Вербал ва новербал қўзғовчилар идрокидаги фарқлар, у ёки бу образнинг кучи ва давомийлиги ўрганилади. Когнитив-хулқий психотерапия айнан шунга асосланади, бунда шундай қоидага амал қилинадики, ҳамма психик жараёнлар бузилишлари, шунингдек, нерв ситемаси қатор касалликларининг сабаблари идрок ва тафаккурдаги хатолар ҳисобланади. Бу холатда идрок сезги органларига бевосита таъсир этиб турган предмет ва ходисаларни яхлит акс эттириш, тафаккур эса атроф олам қонуниятларини моделлаштириш жараёни, одам томонидан ахборотни қайта ишлашнинг олий босқичи, деб қаралади, айтиш мумкинки, тафаккур, бу – шахсни бошқарадиган олий психологик жараёндир. Бугунги кунда тафаккурни математик моделлаштириш когнитив психологлар илмий назарий ва амалий изланишларининг асосий майдони ҳисобланади. Когнитив-хулқий психотерапия қуйидаги мақсадларда кўплаб психик касалликларни комплекс даволаш сифатида фойдаланилиши мумкин: Касаллик симптомларини камайтириш ёки бартараф қилиш, яъни касаллик симптомлари билан курашишда; Психик касаллик пайдо бўлишининг олдини олишда; Медикаментоз даволаш самарасини яхшилашда; Мижозга жамиятга мослашишда ёрдам беришда; Дезадаптив психологик паттернлар ва “лангарлар”ни ўзгартириш ва коррекция қилишда. Когнитив-хулқий психотерапия хулқ “схемаси”нинг иккита турини ажратади: адаптив, қайсики конструктив хулққа олиб борувчи ва дезадаптив — мослашолмаслик хулқига ва когнитив бузилишлар пайдо бўлишига сабаб бўлувчи. Агар олдиндан тузилган схема нотўғри бўлса, ташқи қўзғовчини адекват идрок қилишда узилишлар вужудга келади. Психикадаги оғиш ўз-ўзини англаш жараёнининг бузилиши ва ташқаридан келаётган маълумотларни қайта ишлашдаги хатолар билан изохланади. Нотўғри тузилган шаблон ёки схемани излаш – когнитив-хулқий психотерапиянинг асосий вазифасидир. Замонавий когнитив психология перцепция, хотира, диққат, хотирада ахборотни сақлаш ва саралаш хусусиятлари, онгсиз хулқни тадқиқ қилиш, билиш, идрокни ўрганиш каби умумий мақсадлар билан бирлашган кўплаб концепциялар ва тадқиқот йўналишларидан иборат. Когнитив психология йўналган энг асосий мақсад – бу, одамнинг хулқини унинг билиш жараёнларига таянган холда тушунтириш, билиш жараёнларини ўрганиш эса ижтимоий психология, педагогик психология, сунъий интеллект назариялари, психолингвистика каби сохалар вакиллари томонидан ҳам амалга оширилади. Демак, когнитив психология сезги, идрок, образларни таниш, тушунчаларни шакллантириш, тафаккур, тасаввур каби барча когнитив жараёнларни ўрганади. Замонавий когнитив психологиянинг асосий йўналишларига кўп мамлакатларда кенг тарқалган когнитив қурилмалар тараққиёти психологияси, тил ва нутқ психологияси, одам ва сунъий интеллект назарияларини ишлаб чиқиш кабиларни киритишади. Хозирда, одам томонидан ахборотни қайта ишлаш имкониятининг чегараси қандай, деган муаммо долзарб ҳисобланади. Лекин, шуни ҳам унутмаслик керакки, билиш жараёнларини ўрганишда когнитив психология эмоциялар, одамнинг билишга ва ҳаракат қилишига сабаб бўлган ниятлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олмайди. Когнитив психология хозирда психологиянинг ҳамма бўлимларига таъсир ўтказмоқда, шу билан бирга когнитив психологияда таълимга алохида эътибор қаратилмоқда (Д.П. Озбел, Дж. Брунер). Когнитив психология таълим билан боғлиқ шундай қоидани таъкидлайдики, олдиндан субъект эга бўлган билим ва кўникмалар билан боғлиқ янги материал мавжуд когнитив қурилмага қўшилиб кетгандагина таълим самарага эришади. Айни пайтда когнитив психология кўплаб ижтимоий ва клиник психологлар томонидан самарали фойдаланилади. Собиқ совет психологиясида борлиқни психик акс эттириш сифатида билимларнинг шаклланиши ва амалда ишлашини тахлил қилиш субъектнинг амалий ва назарий фаолиятини, унинг олий ижтимоийлашган шаклларини ҳам қўшиб ўрганишни тақозо қилади, деб ҳисобланган. Download 0.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling