Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази


Download 1.62 Mb.
bet2/78
Sana31.01.2023
Hajmi1.62 Mb.
#1145375
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   78
Bog'liq
44 «Бухгалтерия хисоби ва Аудит» номли дарслик 1 вариант6 03 2011

I-Қисм . БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ


1.1. Хўжалик ҳисоби ва унинг турлари.


1.1.1. Хўжалик ҳисоби, унинг моҳияти, вазифалари ва аҳамияти.
Корхоналарни бошқариш, унинг олдига қўйилган режа кўрсаткичларига доир вазифаларни бажариш мақсадида хўжалик фаолияти устидан кундалик кузатиб боришни талаб қилади. Бундай кузатиш ва бошқариш хўжаликда юритиладиган ҳисоб ёки қисқача айтганда хўжалик ҳисоби ёрдамида амалга оширилади.
Корхона ва ташкилотларнинг хўжалик фаолияти устидан раҳбарлик қилиш ҳамда ишлаб чиқаришнинг боришини бошқариш мақсадида ахборотларни олиш учун фақат кузатувни амалга оширишнинг ўзи кифоя қилмайди. Олинган маълумотларни ўлчаш, корхонанинг бошқарувчиларига, яъни менежерларга зарур бўлган маълум бир миқдорий кўрсаткичларда ифодалаш лозим бўлади. Ундан сўнг бу кўрсаткичлар бошқаришга зарур бўлган йўналишда ахборотни гуруҳлаш, корхоналар фаолиятини кейинчалик баҳолаш ва ахборотнинг сақланишини таъминлаш ҳамда аудитни ташкил қилиш мақсадида ҳисобнинг тегишли регистрларида рўйхатга олиниши лозим.
Демак, ҳисоб деганда олинган маълумотлардан маълум бир амалий ва бошқа мақсадларда кейинчалик фойдаланиш учун, масалан, корхона ихтиёридаги маблағларни ҳаракати устидан назорат ўрнатиш, содир бўлиб ўтган турли хўжалик ҳодисаларини далиллаш, уларни қайд этишни тушунмоқ керак.
Хўжалик ҳисоби бутун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даврида бир хил бўлмаган. Шунинг учун ҳам хўжалик ҳисоби унинг олдига қўйилган талабларига мос шаклда, ижтимоий ривожланишнинг ҳар бир босқичида доимо ўзгариб борган.
Ишлаб чиқариш усули, бошқариш тизимининг ўзгариши барча иқтисодий ва сиёсий тузумлар (уклад)нинг ўзгаришига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, албатта хўжалик фаолияти устидан раҳбарлик қилиш, уни амалга ошириш, назорат қилиш усулларининг ўзгаришига, яъни хўжалик ҳисобининг ҳам ўзгаришига олиб келади. Ижтимоий ривожланишнинг ҳар бир босқичида хўжалик ҳисоби ўз мақсади, вазифаси, шакллари ва ташкилий хусусиятларига эга бўлган. Бозор муносабатлари шароитида эса у аниқ ифодаланган бошқарув характерига эга.
Юқоридагиларни умумлаштириб, хўжалик ҳисобининг қуйидагича таърифлаш мумкин:
Хўжалик ҳисоби деб, хўжалик фаолиятининг ривожланиш истиқболларини аниқлаш, уни бошқариш ва назорат қилиш мақсадида шу жараённи миқдорий (натурал, қиймат, меҳнат ўлчовларида) акс эттириш ва сифат жиҳатидан тавсифлашга айтилади.
Маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида корхоналарнинг фаолият юритишидан асосий мақсади фойда олиш ҳисобланади. Демак, тадбиркорларнинг ўз корхоналаридан фойда олиши бозор иқтисодиётида хўжалик фаолияти юритишнинг бош рағбатлантирувчи омили ҳисобланади.
Бозор иқтисодиётининг ана шу асосий иқтисодий қонуни хўжалик фаолиятининг мақсадини, яъни хўжалик ҳисобининг ҳам мақсадини белгилайди.
Бозор иқтисодиёти шароитида мулкдорлар хўжалик ҳисобидан фойдани максимал даражада ундириш ва ўстириш учун фойдаланади ва бунда мулк эгалари унинг ёрдамида қўйилган маблағлар ва капиталнинг юқори самарали ишлатилиши устидан кузатишни амалга оширишга ҳаракат қилишади.
Хуллас, бозор иқтисодиётидаги хўжалик ҳисобининг мақсади фойданинг шаклланиши жараёни устидан кузатув олиб бориши ҳисобланиб, унинг ёрдамида тадбиркорлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот (иш, хизмат)лар сифатини яхшилаш ҳамда яратилган маҳсулот таннархини камайтириш имкониятига эга бўладилар.
Шундай қилиб, бозор иқтисодиётида хўжалик ҳисобидан тадбиркорлар - мулк эгалари манфаати учун фойдаланилади. Шуни таъкидлаш лозимки, бунда хўжалик ҳисоби тадбиркорлар учун нафақат ҳисобот тузиш, балки энг аввало корхона фаолиятининг юқори самарадорлигига эришиш учун ишлаб чиқаришни бошқариш қуроли сифатида хизмат қилади.
Бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик ҳисобининг кўрсаткичлари ички фойдаланувчилар – корхона раҳбари, менежерлар ва ташқи фойдаланувчилар -акционерлар, ҳиссадорлар, муассислар ва бошқа мулк эгалари томонидан фойдаланилади. Аммо, хўжалик ҳисобининг бу маълумотлари мулкчиликнинг турли шакллари ва соғлом рақобатчиликнинг ривожланиши шароитида объектив равишда ташқи - эълон қилинадиган ва ички - тижорат сири ҳисобланган қисмларга бўлиниши керак. Буни юзага чиқариш учун тижорат сирини ҳимоя қилувчи қонун ишлаб чиқилиши ва тадбиркорларга ўз корхоналари иши билан танишиш учун фақат ташқи фойдаланувчиларга мўлжалланган ахборотни бериш ва тижорат сири ҳисобланган ички ахборотни эса сақлаб қолиш хуқуқини таъминлаш лозим. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг ташқи фойдаланувчилар учун тақдим этадиган ахборотини бузиб кўрсатишини олдини олиш мақсадида бозор муносабатлари механизмининг зарур шартларидан ҳисобланган мустақил аудиторлик фаолиятини жорий этилади.
Шундай қилиб, хўжалик ҳисобининг турларидан бири ҳисобланган бухгалтерия ҳисоби – бу фаолият кўрсатаётган субъектнинг мулки, мажбуриятлари ва хўжалик муаммолари тўғрисидаги ва улар ҳаракатини ёппасига узлуксиз ҳужжатлаштириш йўли билан тартибли йиғиш, назорат қилиш, ўлчаш, рўйхатга олиш, ишлов бериш ва пул кўринишида юритиш тизимидир.
Бухгалтерия ҳисобининг асосий мақсади – тўлиқ ва ишонарли ахборотларни шакллантириш, ички ва ташқи фойдаланувчиларни улар билан таъминлаш, шунингдек бошқарув ва молиявий қарорлар қабул қилиш учун ахборотлардан фойдаланиш.

Download 1.62 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   78




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling