Ташаббусли аудит деганда хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ташаббуси билан ўтказиладиган аудит тушунилади. Бундай аудитнинг буюртмачилари бўлиб хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзлари, уларнинг инвесторлари, таъсисчилари, акционерлари, шунингдек очилган жиноий ишларни якунлаш мақсадида аудитни тайинлаган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва бошқа назорат органлари (прокуратура, суд, ички ишлар органлари, солиқ қонунчилигини бузилишига қарши курашиш депортаментлари) ҳисобланади. Ташаббусли аудит комплекс ва тематик характерга эга бўлиши мумкин.
Тематик аудит деганда хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек бошқа қизиқувчи томонларнинг ташаббуси билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига тегишли бўлган у ёки бу операцияларни, жараёнларни, аниқ активлар ва мажбуриятларни, молиявий муносабатларни, бухгалтерия ҳисобининг тегишли бўлимларини ёки хужжатларини аудиторлик текширувидан ўтказиш тушунилади. Тематик аудитда аудиторлик хулосаси фақатгина текшириш объектига нисбатан берилади. Мақсадига кўра тематик аудит тасдиқловчи аудит ҳисобланади, чунки унинг натижасида аудиторлар текшириш объекти бўйича мавжуд ҳолатларни харакатдаги қонунлар ва бошқа меъёрий хужжатларга мос келиш ёки келмаслиги тўғрисида хулоса берадилар. Иқтисодий адабиётларда тематик аудитни турлича бошқа номлар билан ҳам атайдилар, масалан, молиявий аудит, бошқарув аудити ва бошқалар.
Молиявий аудит – бу хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий ҳолатига баҳо бериш мақсадида ўтказилган аудит.Ушбу аудит корхоналарнинг ўзлари, унинг инвесторлари ва таъсисчилари, акционерлари, кузатув кенгаши ва назорат органлари ташаббуси билан ўтказилади.
Бошқарув аудити деганда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг бошқарув тизими самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилган аудит тушунилади. Бошқарув аудитининг объекти бўлиб хўжалик юритувчи субъектларнинг ташкилий тузилмалари (бўлинмалари) фаолияти, хўжалик жараёнлари, уларга сарфланган харажатлар ва бошқалар ҳисобланади. Ушбу аудит хўжалик юритувчи субъектлар, уларнинг таъсисчилари ва инвесторларининг ташаббуси билан ўтказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |