Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги термиз давлат университети магистратура бўлими
I.2. Аҳмад Заки Валидийнинг 1917-1922 йиллардаги ижтимоий-сиёсий фаолияти
Download 85.58 Kb.
|
ДИССЕРТАЦИЯ-УЛДОНОЙ
I.2. Аҳмад Заки Валидийнинг 1917-1922 йиллардаги ижтимоий-сиёсий фаолияти
1917 йил март ойидан Туркистонда янги жамият куртакларини шакллантириш учун ҳаракат бошланиб кетди. Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўлкага мухторият бериш асосий масала бўлиб қолди. Туркистонга мухторият мақомини бериш ғояси нафақат демократик зиёлилар ва тараққийпарварлар орасида, ҳатто оддий одамлар ўртасида ҳам анча оммалашган эди[2]. Ўша пайтда Туркистондаги сиёсий воқеаларнинг марказида турган таниқли бошқирд тараққийпарвари Аҳмад Заки Валидий Тўғон (1890 – 1970) кейинчалик Тошкентдаги ушбу ҳолатни ўз хотираларида қуйидагича изоҳлаган эди: “Мен ўша кунларда Тошкент эсер фирқасига ёзилдим. Бу курашларда унинг ҳам фойдаси тегди. Мустафо Чўқай ўғли Сирдарё вилоят идорасининг Зироат бўлимида кадетлар ёрдами билан лавозим эгаллади. У кадетларга мойил эди. Ҳолбуки, қозоқлардан Санжар Исфандиёров социал демократларга ва адвокат Шерали Лапин монархистлар уюшмасига дохил эдилар. Бундай рус фирқаларига кирмоқ кўп фойда бермаслигини ҳисобга олиб, мусулмонларни бирлаштириш мақсадида Туркистон миллий партиясини ташкил этиш масаласида беш-олти кишилик йиғилишлар ўтказдик. 16 апрелда Туркистон мусулмонлари конгрессида Туркистон миллий шўроси тузилди. Ўша кунларда кадет Львов ҳукумати томонидан ташкил этилган “Туркистон муваққат идораси” қўмитаси аъзолари Тошкентга келганди. Гуруҳ раҳбари кадет Н.Шчепкин эди. Бу зот Мусулмон конгресси очилишини табрик этди. Конгрессга аъзолардан навбатма-навбат раислик қилдик. Давлат идораси ва идора ташкил қилиш масалаларида ҳисобот берувчи мен эдим. Федерация ҳақидаги ғояларни атрофлича, тарихий далиллар билан исботладим. Маҳмудхўжа Беҳбудий ва қозоқлардан муҳандис Муҳаммаджон Тинишбоев ҳам бу ғояни ҳимоя қилди. Ундан кейин Садри Мақсудий сўз олиб, федерация ғоясига қарши сўзлади. Унинг ҳукумат аъзоси сифатидаги чиқишлари залдагиларга ёқмади. Эсерлардан меҳмон бўлиб келган, тўғрироғи, мен таклиф этган Вадим Чайкин эса федерация ғоясини ҳимоя қилди. Ниҳоят, қаттиқ тортишувлардан кейин у қабул қилинди”[3]. Шундай қилиб, Туркистон ўлкасининг сиёсий ҳаёти тобора тезкор суръатларга эга бўла борди. Бунда мусулмон ташкилот ва ҳаракатларининг таъсири кундан-кунга кучая борди. Улар, хусусан, подшо Россиясининг энг чидаб бўлмайдиган бошқарув идораларини бутунлай тугатишда сезиларли ҳисса қўшдилар. Бироқ Туркистон ўлка генерал-губернатори Куропаткин жойларга қатъий буйруқ жўнатган эди: “Муваққат ҳукумат фармойишларига тўлиқ бўйсуниш ва мутлақо тартибни сақлаш керак...” [4]. Россия Муваққат ҳукумати собиқ империядаги мазлум халқларнинг эзгу ниятларини амалга оширмади. У Россия таркибидаги халқларга мустақилликни раво кўрмади. Муваққат ҳукумат халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ғоясига бутунлай қарши чиқди. Марказда империяча фикрлаш мафкураси ва давлат шовинистик сиёсати 1917 йил баҳори ва ёзида ҳам ҳукмронлик қилди. Дастлаб Муваққат ҳукуматга ишонган Туркистон зиёлиларининг бир қисми кейинчалик ўз хатоларини тушуниб етишди[5]. Таниқли тарихчи олим С.Аъзамхўжаевнинг ёзишича, 1917 йил ёзида Туркистон ўлкасидаги жойларда бошқарув тизими қандай аҳволда бўлганлиги “Шўрои Исломия”нинг мусулмон депутатлари Андижон Шўроси ҳайъати аъзоси Мирзо Абдулқодирбек Мирзо Аҳмад Кушбегиевнинг 1917 йил 30 июнда Туркистон комитетига топширган маърузасида қуйидагича ёрқин кўринади: “Жамоат хавфсизлиги Андижон комитети ўз фаолиятининг дастлабки қадамлариданоқ мусулмон аҳолиси ва мусулмон депутатлари Шўросига нодўстона муносабатда бўлиб, мусулмонларни, уларнинг ташкилотларини назар-писанд қилмай ва мусулмонларга очиқдан-очиқ қарши бориб, уларни сиёсий хўрлик ва ҳатто эски тузумга тарафдорликка айблади. Комитетнинг бундай туҳматона чиқишлари, шунингдек, мусулмон депутатлари Шўросининг фаол арбобларини қамоққа олиши мусулмон аҳолиси томонидан улар устидан, тўлақонли фуқаро сифатида уларнинг ҳуқуқлари устидан қўпол зўравонлик хатти-ҳаракати сифатида тушунилди. Бундан кейин фақат уларга яқин кишиларга кучли тарғибот ўтказиш ва мусулмон аъзоларни пропорционал равишда ҳокимиятга қўймаслик душманчилик муносабатини яратди... Агар энди ҳам халққа нисбатан бефарқлик сиёсати, аввалги жаллодлар сиёсати қўлланилса, унда албатта, маҳаллий аҳоли ҳозирги ўзининг аҳволини аввалгиси билан қиёслаши учун орқага қараб қўйиши мумкин. Рус пролетариати қандай олий ғоялар, қандай чиройли сўзларни айтди, лекин ҳақиқий ҳаёт ҳар ҳолда бу олий ғоялар ва чиройли сўзлардан узоқ. Тинтувлар, терговсиз суд ва муайян бир айбномалар қўймасдан қамоққа олишлар, турар-жой эркинлигининг бузилиши – буларнинг ҳаммаси Инқилоб, эришилган эркинликларни сақлаб қолиш номидан қилинмоқда! Буткул қарама-қарши тушунчаларни қандай баён қилиш мумкин, шиорлар билан далиллар ўртасидаги зиддиятларни қандай тушунтирса бўлади? Келажакдаги ҳуқуқлар номидан очиқдан-очиқ қонунсизлик юз бермоқда”[6]. Туркистон ўлкасининг мусулмон аҳолиси ҳам фаол сиёсий кураш жабҳасига тортилди. 1917 йилнинг март – апрель ойлари ўлканинг сиёсий уйғонишида бурилиш даври бўлди. Туркистонда вужудга келаётган миллий демократик кучларнинг етакчиси тараққийпарварлар, яъни жадидлар бўлиб қолди. Улар ўзларининг аввалги бутун фаолияти билан шу вазифага тайёрланган эдилар. Жадидлар Февраль демократик инқилобига, шу инқилоб эълон қилган тамойилларга катта умидлар боғлаб, унинг ғоялари ва шиорларини амалга оширишга фаоллик билан киришдилар. Шу даврда улар халқ онги-шуурида жипслашиш, миллий бирликни мустаҳкамлаш эҳтиёжини уйғотиш бобида муҳим қадамлар қўйишга муваффақ бўлдилар. Минтақада ижтимоий ва сиёсий кескинлик кучайиб бораётган бир вазиятда 1917 йил 16 – 21 апрелда Тошкентда Бутунтуркистон мусулмонларининг I қурултойи бўлиб ўтди. “Шўрои Исломия” ташкилотининг ташаббуси билан чақирилган бу қурултойда Туркистон ўлкасидаги барча туб халқларнинг вакилларидан иборат 150 нафар делегат қатнашди. Қурултой ишида Мунаввар Қори (Мунавварқори Абдурашидхонов) – раис, Убайдулла Хўжаев (Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев) ва Шерали Лапин – раис муовинлари, Аҳмад Заки Валидий билан Содиқ Абдусатторов – мусулмон саркотиблари, Мустафо Чўқай билан Тошпўлатбек Норбўтабековлар – русча матн саркотиблари қилиб сайландилар[7]. Қурултой ишида Туркистон жадидларининг етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда Бухоро тараққийпарварларидан Фитрат, Файзулла Хўжаев, Садриддин Айний ва бошқалар қатнаша олмади. Улар бу пайтда Бухорода 1917 йил апрелда бўлган воқеаларнинг ташкилотчилари сифатида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида эди. Сўнгра Муҳаммаджон Тинишбоев Туркистонда қилинадиган ишлар, Кабир Бакиров эса Бухородаги воқеалар тўғрисидаги ахборот бердилар. Бутунтуркистон мусулмонларининг I қурултойида 17 апрелда бўлган мажлисда “Россиянинг идора усули қандай бўлади?” деган масала юзасидан Мунавварқори, Аҳмад Заки Валидий, Маҳмудхўжа Беҳбудий (Бухоро ва Самарқанддан Тошкентга етиб келган эди), Бекпўлат, Шерали Лапин ва Кабир Бакиров сўзга чиқиб, алоҳида идоралар ва уларнинг тутган йўллари, Туркистонга бу йўллардан қайси бири манфаатли эканлигини мажлис аҳлига тушунтирдилар. Бу масала юзасидан мунозара етти соатгача чўзилди[8]. Қурултойда “Россиянинг идора усули (федератив ва демократик республика) принциплари асосида чекка ўлкаларга кенг мухторият берилиши лозим”[9] деган фикрлар илгари сурилди. Туркистон мусулмонларининг I қурултойи тўғрисидаги материаллар “Улуғ Туркистон” ва “Нажот” газетасининг 1917 йил апрель сонларида батафсил ёритилган. Туркистон мусулмонлари I қурултойининг сўнгги мажлисида марказий раҳбарлик органи – Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси (Ўлкамусшўро; Краймуссовет) тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўросини тузиш миллий ҳаракатга уюшган ва марказлашган тус бағишлаш учун барча тарқоқ, бир-бири билан ўзаро боғланмаган мусулмон жамиятлари, қўмиталари ва иттифоқларини бирлаштиришни кўзда тутар эди. Миллий Мажлис таркибига ўша даврнинг машҳур сиёсий арбоблари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Убайдулла Хўжаев, Аҳмад Заки Валидий, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Ислом Шоаҳмедов, Носирхон Тўра, Муҳаммаджон Тинишбаев, Мустафо Чўқай ва бошқалар кирдилар. Шунингдек, Мунаввар Қори ва Садриддинхон афанди бошчилигида Тошкент қўмитаси ҳам тузилди[10]. Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси – Миллий марказга раис қилиб Мустафо Чўқай, унга ўринбосарлар қилиб Шоислом Шоаҳмедов, Аҳмад Заки Валидий ва Убайдулла Хўжаев сайландилар. Бу эса ташкилотларни бирлаштириш билан бирга миллий озодлик ҳаракатини изга солиб, уларни ташкилий жиҳатдан марказлаштирар эди[11]. Туркистон ўлка мусулмонлари Марказий Шўроси (Миллий Марказ) тузишдек мураккаб бир жараённинг тепасида турган ҳамда Миллий Марказ раислигига лойиқ кўрилган таниқли демократ Мустафо Чўқай (1886 – 1941) кейинчалик ёзган хотираларида 1917 йил баҳори ва ёзида Туркистон ўлкасида, хусусан, унинг сиёсий маркази Тошкент шаҳрида кечган воқеаларни қуйидагича эслайди: “Туркистоннинг ҳар томонидан сайланиб келган вакилларнинг ҳозир бўлганлиги бундай марказий бир ташкилотни сайлаб қолдириш имконини бермоқда эди. Шундай қилиб “Туркистон Ўлка Марказий Мусулмон Шўроси” исми билан марказий ташкилот қурилди. Бу марказий миллат ташкилотига ҳар вилоятдан вакиллар кирди. Вилоят миллий шўролари раислари бу Марказий Шўронинг аъзоси саналар эдилар. Тезда доимий суръатда Тошкентда ўтирмоқ учун ижроия комитети ҳам сайланди. Ўлка марказий шўросининг раиси бўлиб мен сайлангам эдим...”[12]. Дарҳақиқат, Мустафо Чўқай тўғри таъкидлаганидек Миллий Марказ ўз фаолияти давомида катта муваффақиятларга эриша олмади. Миллий Марказ фаолиятига айрим ички ва ташқи омиллар ҳам салбий таъсир кўрсатди. Туркистоннинг асосан қозоқлар ва қирғизлар яшайдиган дашт қисмида аста-секин ишчи ва солдат депутатлари Советларининг таъсири кучли бўлса, Туркистон шаҳарлари ва йирик қишлоқларида мусулмонлар Марказий Шўроси фаолроқ бўлган. Бироқ бу жойларда ҳам мусулмон ташкилотлари ичида “жадидчилик ва қадимчилик” низолари кучли эди. 1917 йил июль ойининг иккинчи ярмида Қозон шаҳрида Бутунроссия мусулмонларининг II съезди, Уламо съезди ва Мусулмонлар ҳарбий съезди каби мусулмонларнингюқори даражадаги турли анжуманлари ўтказилди. Бу съездларда қабул қилинган қарорлар туркистонликлар ҳаётига ҳам катта таъсир кўрсатди. Бутунтуркистон ўлка мусулмонларининг II қурултойи 1917 йил 8 – 10 сентябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Унда 100 дан ортиқ вакил қатнашди[13]. Бу қурултой Марказий мусулмон шўросини ҳуқуқли маҳкама деб ҳисоблаб, қуйидагича қарорга келди: “1. Бу маҳкамани барча жойда ўлка мусулмонлари номидан иш олиб боришларини таъминлаш лозим; 2. Ўлканинг ёлғиз хўжайини мусулмонлар эканлигини ёдда тутиб, аҳолининг ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқлари керак; 3. Юқори ҳукумат маҳкамаларида мусулмонларнинг иштироки тўғрисида миллий маданий мухторият Туркистон аҳолиси олдидаги энг асосий масала эканлигини эътиборга олиб сиёсат олиб боришни таъминлаши керак”[14]. “Шўрои Исломия” ташаббуси билан чақирилган ушбу қурултой ҳокимиятни ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари Советларига беришга қарши чиқди. Ушбу қурултойда қабул қилинган резолюцияларда миллий демократия ўзи тутадиган йўлнинг муҳим асосларини биринчи марта қатъий қилиб айтди: ҳукумат демократик сиёсат юргизадиган бўлса, ана шундагина мусулмонлар бу ҳукуматда иштирок этадилар. Иккинчи қурултойда фақат Миллий Марказ – Туркистон мусулмонлари Марказий Шўроси минтақадаги туб ерли аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин, деган фикр қатъий қилиб қўйилди. Қурултойда бу масала бўйича қабул қилинган қарорда аниқ қилиб қуйидагича ёзиб қўйилган эди: “Туркистон ўлка умуммусулмонлар иккинчи қурултойи солдат, ишчи ва крестьян депутатлари Советларига ҳокимиятни беришга қарши чиқадилар. Ҳокимият коалициявий бўлмоғи ва мамлакатнинг барча кучларига таянмоғи, яъни умумхалқ ҳокимияти бўлмоғи лозим”[15]. Бутунтуркистон мусулмонларининг III қурултойи қачон ва қаерда ўтказилганлиги тўғрисида ҳозиргача Ўзбекистон ва Қозоғистон тарихчилари ўртасида турли мунозаралар юради. Баъзи тадқиқотчилар бу қурултой 1917 йил сентябрь ойида, айримлари октябрь ойида, яна бошқалар ноябрь ойида бўлиб ўтган деб ҳисоблашади. Бизнингча, бу қурултой вақтини аниқлашда Р.Раджапова, Қ.Ражабов, А.Мингноров китобларида келтирилган маълумотлар тўғри бўлиб, улар Туркистонда 1917 йили чоп этилган миллий матбуот материаллари асосида қурултой санасини тўғри кўрсатганлар. 1917 йил 17-20 сентябрда Тошкентдаги “Уламо” жамияти ташаббуси билан Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг қурултойи ўтказилди. Кейинчалик бу қурултой Бутунтуркистон мусулмонларининг III қурултойи сифатида тарихга кирди. Қурултойда Туркистоннинг барча вилоятлари, шунингдек, Ўрол ва Тўрғайдан келган 500 вакил иштирок этди. Қурултой тўрт кун давом этиб, унда сиёсий ва иқтисодий масалалар муҳокама қилинди. Қурултойда “Шўрои Уламо” жамияти Тошкент шуъбасининг бошлиғи Шерали Лапин кириш нутқи сўзлайди. У кун тартибини ўқиб эшиттиради ва ишчи ҳайъати сайлашни таклиф этади. Тарихчи олим С.Аъзамхўжаевнинг ёзишича, анжуманнинг кун тартиби қуйидаги масалаларни қамраб олган: 1. Туркистон ўлкасининг бўлғуси сиёсий қурилиши. 2. Озиқ-овқат масаласи. 3. Ер ва сувдан фойдаланиш. 4. Суд. 5. Мактаб масаласи. 6. Масжидларни бошқариш. 7. Вақф масаласи. 8. Земство ҳақида. 9. Хотин-қизлар масаласи. 10. Мусулмон сиёсий партияларини ташкил этиш. 11. Мусулмон ўлка Шўроларини қайта ташкил этиш. 12. Мусулмон аҳолисини ўлкани маъмурий бошқаришга жалб этиш. 13. Таъсис Мажлиси ҳақида ва бошқа масалалар[16]. Қурултойда ҳайъат раиси этиб Мулла Шомуҳиддин Охунд сайланди. Унда Мулла Аҳмадхўжа Эшон (“Уламо”), Мулла Исахон Аълам (“Уламо”), Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мулла Тошпўлат Қори, Тўрахўжа Эшон (самарқандлик мударрис), Оллоқулибек (“Халойиқ” жамиятининг раиси), Пири Мурсилзода (Кавказ мусулмонлари қўмитаси вакили), Мулла Саид Жаббор (Чимкент), Мулла Мухторхўжа Эшон (Ўратепа), Муллажон Домла (Самарқанд), Мулла Юсуф (Чимкент уезди), Юсуфбек (Оқмачит), Муҳаммад Аминзода (Кавказ), Мулла Шомуҳиддин Охунд (“Уламо”) сўзга чиқадилар[17]. Қурултой дин ва дунёвий ишлар бир-биридан ажралмаслиги, яъни барча ишларни шариат асосида ҳал қилиниши кераклиги тўғрисидаги фикрларни илгари сурди. Жамиятнинг ўлка бошқарув усулига муносабати тўғрисида Мулла Муҳаммад Эшон билан Мулла Содиқхўжа Эшон томонидан маъруза ўқилгандан сўнг, қурултой қатнашчилари бир овоздан Туркистоннинг мухторият олишини ёқлаб қарор қабул қилдилар. Улар Туркистон ўлкаси маҳаллий ва миллий мухториятга амал қилган ҳолда барча ташқи ва ички масалаларни мустақил ўзи ҳал қилиши лозим, деган қарорга келишди. Шунга асосан Туркистоннинг мустақил миллий армияси ва милициясини ҳам тузишга қарор қилдилар[18]. Қурултойнинг сўнгги кунида бутун Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларига бошчилик қиладиган сиёсий бир фирқа ташкил этишга келишилди. 4. Хулосалар: Хуллас, бу қурултойда “Шўрои Исломия” ва “Шўрои Уламо”, “Турон” ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш йўли билан “Иттифоқи муслимин” сиёсий партияси тузилди. Қурултой ишида Туркистон ўлкасининг бўлажак сиёсий тузуми тўғрисидаги масала асосий масала бўлди. Қабул қилинган қарорда демократик Россия Республикаси таркибида ҳудудий мухтор федерация тузиш ғояси илгари сурилган эди. Қурултой мухториятга Туркистон Федератив Республикаси деган номни қўйиб, парламент республикаси асосида тузилажак бўлғуси давлат тузумининг бош тамойиллари ва меъёрларини белгилаб берди. 1919 йилдан эса давлат бошлиғи сифатида ҳукуматни бошқарди. Сўнгра ўн беш ой давомида большевиклар билан бирга бир жабҳада оқ русларга қарши курашди. У ўз даврининг фаол сиёсатчиси ва Бошқирдистон ҳукуматининг раиси, бошқирд, форс, араб, рус, немис, лотин, ўзбек, турк, инглиз, туркман, қозоқ халқларининг маънавий-руҳий ҳолатини тушуна олган ва тушунтира билган сиёсатчи эди. 1920 йил бошларида у бир аччиқ ҳақиқатни – В.И.Лениннинг ҳам, бошқа барча шўро раҳнамоларининг ҳам иккиюзламачи эканлигини англаб қолди ва уларнинг миллатлар сиёсатидаги ўз тақдирини ўзи белгилаш борасидаги сўзлари тамоман сафсата эканлигини тушуниб етди. Большевиклар барча соҳаларда ғалаба қозониб, ҳокимиятларини мустаҳкамлаганлари сайин ҳақиқий мақсадларини очиқроқ намоён этмоқда эди. Рус шовинизми устига ўрнатилган коммунизм фақат русларга хизмат қилиши, бошқа миллатлар эса қарам ҳолатда яшаши кундай равшан бўлганди. Заки Валидий большевик раҳбарларга мактублар ёзиб, уларни чалғитиб, Бошқирдистондан Туркистонга келди, бу ердаги қаршилик ҳаракатларида қатнашди. Туркистонда ўша даврдаги сиѐсий курашнинг марказида турган сиѐсий арбоблардан бири Аҳмад Закий Валидий Тўғон ҳисобланади. Унинг миллати бошқирд бўлиб, Туркистондаги қуролли ҳаракатнинг асосий ғоявий раҳнамоларидан бири эди. Махфий ҳужжатларда келтирилишича, 1920 йил май ойида Москвада Валидий бошчилигидаги бошқирд делегацияси билан Т. Рисқулов раҳбарлигидаги Туркистон республикаси делегацияси ўртасида ўзаро мулоқотлар бўлиб, совет режимига қарши биргаликда курашиш учун келишиб олинди ҳамда Туркистон ва Бошқирдистон республикаларида яшовчи туркий халқларга қарата мурожаатнома қабул қилинди. Мурожаатнома Москвада араб имлосида туркий тилда нашр қилиниб, Туркистонга олиб келинган [33; 22-23]. Маълумки, бу пайтда Туркистонда совет режимига қарши энг шиддатли жанглар кетаѐтган эди. Валидий Боку ва Туркманистон ҳамда Хоразм орқали 1920 йил декабрда Бухорога етиб келди. Валидий 1921 йил ноябр ойигача Бухоро шаҳрида яшаб, сўнгра Самарқанд вилояти ва Тошкент воҳасини кезиб, Туркистон, Бухоро ва Хоразм республикаларидаги барча қўзғолончилар гуруҳларини бирлаштира оладиган ва қуролли ҳаракатга ғоявий жиҳатдан раҳбарлик қиладиган ягона марказ тузиш учун бутун куч-ғайратини сарфлади. У Бухоро ҳукуматининг раҳбарлари Файзулла Хўжаев, Усмон Хўжа, Абдулқодир Муҳитдинов билан ўз режалари ҳақида маслаҳатлашади. Валидий бу хусусда 1921 йил октябрда Бухорога келган туркиялик машҳур саркарда Анвар Пошо билан ҳам бир неча бор суҳбатлашган эди [34; 330-337]. Аҳмад Заки Валидий Туркистон ва Бухорода 1921-1922 йиллардаги қаршилик ҳаракатида жадид намояндалари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов каби курашган инсондир. Бошқирдистон, Туркистон тараққиёти ва мустақиллиги учун олиб борган фаол ҳаракатлари шўро ҳукумати томонидан кескин қаршиликларга учраб, тазйиқлар кучая боргач, ўн бир йил давом этган сиёсий фаолиятдан сўнг Аҳмад Заки 1925 йилда Истанбулга кетиб, илм соҳасига қайтди. Шу йилнинг 29 майида Истанбулда Туркиянинг нуфузли мутахассислари ҳузурида Ўрта Осиё тарихининг асосий босқичлари мавзусида маъруза қилиб, юксак баҳо олди. 1925 йилнинг 3 июнида Вазирлар Кенгашининг унга Туркия Жумҳурияти фуқаролигини бериш ҳақидаги фармони эълон қилинди. 31 июнда Камол Отатурк билан учрашди. 1927 йилда машҳур турк олими М.Ф.Кўпрулузода уни Истанбул университетига ишга таклиф этди. Валидий 1930 йилда Вена университетида иш бошлади. Айни пайтда гимназияга кириш имтиҳонларини топширди. 1935 йил фан доктори илмий даражасини олиб, Бонн университетининг Ислом илмлари бўйича фахрий профессори бўлди. 1938 йилда Геттинген университетига таклиф этилди. 1939 йилнинг майида Туркия Маориф министрининг илтимосига биноан яна Истанбулга келиб, ўз ишини давом эттирди. 1940 йилда Назмияхонимга уйланди. Аҳмад Заки Валидий – Тўғон Истанбул университетида фаолият юритиб, 400 дан ортиқ асар ва мақолалар нашр эттирди. Унинг Амир Темур ва темурийлар даврига оид 30 та китоби нашр этилган бўлиб, шу давр тарихини ёритишда муҳим аҳамият касб этади. Тўғон Валидов Субутой Тўғон ва Есенбека Тўғон исмли икки нафар фарзандларни тарбиялаб, уларни профессор даражасига эришувига маънавий ва моддий мададкор бўлди. Аҳмад Заки Валидий 1970 йилда вафот этди. Қабри Истанбулда Қорачааҳмад қабристонида. ХХ аср жаҳон илм аҳли эътирофига сазовор бўлган таниқли шарқшунос ва туркшунос олим Аҳмад Заки Валидий-Тўғон Туркистон жадидчилари билан ҳамкорликда фаолият олиб борган ва унинг ғоявий раҳнамоларидан бири эди. Унинг Туркистон тарихи, адабиёти, маданияти ҳақидаги тадқиқотлари, кузатишлари бугунги кунда ҳам аҳамиятли саналади. Download 85.58 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling