10.2. Қурилишда сифат назоратини ташкил этиш
Қурилиш сифатининг меъёрий ҳужжатларда келтирилган талабларга мувофиқ келишини аниқлаш ва аниқланган нуқсонларни ўз вақтида бартараф қилиш чораларини кўриш учун материаллар ва қурилиш-монтаж ишларининг ташқи ва ички назорати ташкил қилинади.
Ташқи назоратни давлат ва идоравий назорат қилиш органлари амалга оширадилар.
Буюртмачи бажарилаётган ишларнинг техник назоратини амалга оширади, уларнинг ҳажмини, бажарилиш муддатларини текширади, тайёр объектларни фойдаланишга қабул қилишда қатнашади.
Давархитектқурилишназорат ташкилоти қурилиш-монтаж ишларини бажариш учун рухсатномалар беради, ажратилган майдонда қурилишнинг тўғри боришини ва ишларни бажаришда техник қоидаларга риоя қилинишини назорат қилади.
Муаллифлик назоратини бош лойиҳалаш ташкилоти олиб боради. У барпо қилинаётган объектнинг тасдиқланган лойиҳага мос келишини текширади.
Ёнғинга қарши инспекция объектда лойиҳалаштирилган ёнғинга қарши тадбирларнинг бажарилишини назорат қилади.
Санитар инспекцияси қурилиш майдонида мажбурий санитария ва гигиена қоидаларининг бажарилишини назорат қилади.
Давтоғтехназорат ташкилоти кўтариш-ташиш машиналари ва ускуналари, босим остида ишлайдиган қозонлар ва бошқа сиғимли иншоотлар техник ҳолатини назорат қилади.
Касаба уюшмалари техник инспекцияси меҳнат муҳофазаси, меҳнат хавфсизлиги ва меҳнат қонунчилиги меъёрларининг бажарилиши устидан назорат қилади.
Молиявий назорат тегишли банклар томонидан амалга оширилиб, бунда моддий ресурслар, пул маблағларининг тўғри ишлатилганлиги ва қурилишнинг қиймати устидан назорат қилинади.
Ички техник назорат қурилиш ташкилотининг ходимлари ва назорат органлари томонидан ишларнинг барча босқичларида амалга оширилади.
Ишларнинг сифати устидан оператив назорат қилиш иш юритувчи, қурилиш устаси ва бригадирига юклатилган. Бу ишни улар узлуксиз ва доимо бажариб борадилар. Алоҳида жавобгарлик линиядаги муҳандис-техник ходимларга юклатилади. Улар ишларни бажаришда техник шартларининг ва қурилиш қонунчилигининг бузилишида шахсан маъмурий ва жиноий жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилади.
Қурилиш-монтаж ташкилоти бош муҳандиси ташкилотнинг техник бошқарувчиси бўлиб, ишларнинг сифатини тизимли танланма назорат қилиб туради.
Ички назоратнинг қуйидаги 4 та тури мавжуд: киришга оид, операцион, қабул қилиш ва лабораторияга оид.
Do'stlaringiz bilan baham: |