Ўзбекистон республикаси қонун ҳужжатлари тўплами
АХБОРОТ ЭРКИНЛИГИ ПРИНЦИПЛАРИ ВА КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Download 1.15 Mb.
|
Qonunlar to\'plami
АХБОРОТ ЭРКИНЛИГИ ПРИНЦИПЛАРИ ВА КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 1-сон, 2-модда; 2015 й., 52-сон, 645-модда) 1-модда. Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатларига риоя этилишини, ҳар кимнинг ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, фойдаланиш ва сақлаш ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишини, шунингдек ахборотнинг муҳофаза қилинишини ҳамда шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашдан иборат. 2-модда. Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. 3-модда. Асосий тушунчалар Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: [СПиТ: 1.Ахборот (ахборотлаштириш) / Ахборот] ахборот — манбалари ва тақдим этилиш шаклидан қатъи назар шахслар, предметлар, фактлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисидаги маълумотлар; [СПиТ: 1.Ахборот (ахборотлаштириш) / Ахборот мулкдори] ахборот мулкдори — ўз маблағига ёки бошқа қонуний йўл билан олинган ахборотга эгалик қилувчи, ундан фойдаланувчи ва уни тасарруф этувчи юридик ёки жисмоний шахс; ахборотни муҳофаза этиш — ахборот борасидаги хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари; [СПиТ: 1.Ахборот (ахборотлаштириш) / Ахборот ресурслари] ахборот ресурслари — алоҳида ҳужжатлар, ҳужжатларнинг алоҳида тўпламлари, ахборот тизимларидаги (кутубхоналардаги, архивлардаги, фондлардаги, маълумотлар банкларидаги ва бошқа ахборот тизимларидаги) ҳужжатлар ва ҳужжатларнинг тўпламлари; ахборот соҳаси — субъектларнинг ахборотни яратиш, қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ фаолияти соҳаси; [СПиТ: 1.Ахборот (ахборотлаштириш) / Ахборот борасидаги хавфсизлик] ахборот борасидаги хавфсизлик — ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларининг ҳимояланганлик ҳолати; [СПиТ: 1.Ахборот (ахборотлаштириш) / Ахборот эгаси] ахборот эгаси — қонунда ёки ахборот мулкдори томонидан белгиланган ҳуқуқлар доирасида ахборотга эгалик қилувчи, ундан фойдаланувчи ва уни тасарруф этувчи юридик ёки жисмоний шахс; махфий ахборот — фойдаланилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ чеклаб қўйиладиган ҳужжатлаштирилган ахборот; оммавий ахборот — чекланмаган доирадаги шахслар учун мўлжалланган ҳужжатлаштирилган ахборот, босма, аудио, аудиовизуаль ҳамда бошқа хабарлар ва материаллар; [СПиТ: 1.Ахборот (ахборотлаштириш) / Ҳужжатлаштирилган ахборот] ҳужжатлаштирилган ахборот — идентификация қилиш имконини берувчи реквизитлари қўйилган ҳолда моддий жисмда қайд этилган ахборот. 4-модда. Ахборот эркинлиги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга. Ахборот олиш фақат қонунга мувофиқ ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, конституциявий тузум асослари, жамиятнинг ахлоқий қадриятлари, мамлакатнинг маънавий, маданий ва илмий салоҳиятини муҳофаза қилиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекланиши мумкин. 5-модда. Ахборот эркинлигининг асосий принциплари Очиқлик ва ошкоралик, ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги ва ҳаққонийлик ахборот эркинлигининг асосий принципларидир. 6-модда. Ахборотнинг очиқлиги ва ошкоралиги Ахборот очиқ ва ошкора бўлиши керак, махфий ахборот бундан мустасно. Махфий ахборотга қуйидагилар кирмайди: фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларни рўёбга чиқариш тартиби тўғрисидаги, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қонун ҳужжатлари; экологик, метеорологик, демографик, санитария-эпидемиологик, фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда аҳолининг, аҳоли пунктларининг, ишлаб чиқариш объектлари ва коммуникацияларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа ахборотлар; кутубхоналарнинг, архивларнинг ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган юридик шахсларга тегишли ахборот тизимларининг очиқ фондларидаги мавжуд маълумотлар. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари жамият манфаатларига тааллуқли воқеалар, фактлар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларига хабар бериши шарт. 7-модда. Ахборотдан ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги ва унинг ҳаққонийлиги Ахборот ундан ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги таъминланган ва ҳаққоний бўлиши керак. Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади. Оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Қонуни 11-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун жавобгар бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси билан оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат, ҳақорат қилиш ва рақобатчини обрўсизлантирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Тўлиқ маълумот учун Жиноят кодексининг 139, 140, 158 ва 192-моддаларига қаранг. Ахборот мулкдори, эгаси ахборот беришни рад этганлиги устидан судга шикоят қилиниши мумкин. 8-модда. Ахборот эркинлиги кафолатлари Давлат ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқини ҳимоя қилади. Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб ахборот олиш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбурдирлар. Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Қонуни 7-моддасига қаранг. Ўзбекистон Республикасида цензурага ва ахборотни монополлаштиришга йўл қўйилмайди. 9-модда. Ахборот олиш тартиби Ҳар ким ахборот олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали оғзаки, ёзма шаклдаги, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклдаги сўров билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга. (9-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) Ёзма сўровда мурожаат этувчининг исми, отасининг исми, фамилияси, манзили (юридик шахсларнинг эса реквизитлари) ҳамда сўралаётган ахборотнинг номи ёки хусусияти кўрсатилиши лозим. Сўровлар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак. Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Қонуни 6-моддасига қаранг. Ёзма сўровда мурожаат этувчининг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Ёзма сўровда электрон манзилнинг кўрсатилганлиги мурожаат этувчининг сўровга ахборот тизими орқали электрон шаклда жавоб олишга бўлган розилигидир. (9-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) Ёзма сўровга, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида юборилган сўровга имкон қадар қисқа муддатда, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, сўров олинган санадан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай жавоб берилиши керак. (9-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) Оғзаки сўровга, имкониятга қараб, дарҳол жавоб берилиши керак. Сўралаётган ахборотни ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган муддатда тақдим этишнинг иложи бўлмаган тақдирда ахборот олиш учун мурожаат этган шахсга уни тақдим этиш кечиктирилганлиги тўғрисида хабар юборилади. (9-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) Сўралаётган ахборотни тақдим этишни кечиктириш сўров берилган санадан эътиборан икки ойдан ортиб кетмаслиги лозим. Тақдим этиш кечиктирилганлиги тўғрисидаги хабар ахборот сўраб мурожаат этган шахсга сўров олинган санадан эътиборан бир ҳафта муддат ичида юборилади. Тақдим этиш кечиктирилганлиги тўғрисидаги хабарда қуйидагилар кўрсатилиши керак: сўралаётган ахборотни вақтида тақдим эта олмаслик сабаблари; сўралаётган ахборот тақдим этиладиган сана. Агар сўров тушган орган ёки мансабдор шахс сўралаётган ахборотга эга бўлмаса, ахборот сўраб мурожаат этган шахсга сўров олинган санадан эътиборан беш кундан кечиктирмай бу ҳақда маълум қилиши шарт. Ахборот берганлик учун белгиланган тартибда ҳақ олиниши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги Қонуни 8-моддасига асосан мурожаат этувчининг хуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ахборот унинг сўровига биноан текинга берилади. Бошқа ахборотни берганлик учун томонларнинг келишувига мувофиқ ҳақ олиниши мумкин. 10-модда. Ахборот беришни рад этиш Агар сўралаётган ахборот махфий бўлса ёки уни ошкор этиш натижасида шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етиши мумкин бўлса, ахборотни бериш рад этилиши мумкин. Сўралаётган ахборотни бериш рад этилганлиги тўғрисидаги хабар сўров билан мурожаат этган шахсга сўров олинган санадан эътиборан беш кунлик муддат ичида юборилади. Рад этиш тўғрисидаги хабарда сўралаётган ахборотни бериш мумкин эмаслиги сабаби кўрсатилиши керак. Махфий ахборот мулкдори, эгаси ахборотни сўраётган шахсларни бу ахборотни олишнинг амалдаги чекловлари тўғрисида хабардор этиши шарт. Ахборот берилиши қонунга хилоф равишда рад этилган шахслар, шунингдек ўз сўровига ҳаққоний бўлмаган ахборот олган шахслар ўзларига етказилган моддий зарарнинг ўрни қонунда белгиланган тартибда қопланиши ёки маънавий зиён компенсация қилиниши ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддасига қаранг. 11-модда. Ахборотни муҳофаза этиш Ҳар қандай ахборот, агар у билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш ахборот мулкдори, эгаси, ахборотдан фойдаланувчи ва бошқа шахсга зарар етказиши мумкин бўлса, муҳофаза этилмоғи керак. Ахборотни муҳофаза этиш: шахс, жамият ва давлатнинг ахборот соҳасидаги хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олиш; ахборотнинг махфийлигини таъминлаш, тарқалиши, ўғирланиши, йўқотилишининг олдини олиш; ахборотнинг бузиб талқин этилиши ва сохталаштирилишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилади. [ОКОЗ: 1.16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.04.00.00 Жамият хавфсизлиги / 16.04.03.00 Ахборот хавфсизлиги (шунингдек, 12.08.00.00 га қаранг)] 12-модда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати Ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати ахборот соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган бўлади ҳамда шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишларини, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг, фуқароларнинг ўрни ва аҳамиятини белгилайди. [ОКОЗ: 1.16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.05.00.00 Шахс хавфсизлиги / 16.05.06.00 Одам савдосига қарши кураш. Шахс хавфсизлигининг бошқа масалалари] 13-модда. Шахснинг ахборот борасидаги хавфсизлиги Шахснинг ахборот борасидаги хавфсизлиги унинг ахборотдан эркин фойдаланиши зарур шароитлари ва кафолатларини яратиш, шахсий ҳаётига тааллуқли сирларини сақлаш, ахборот воситасида қонунга хилоф равишда руҳий таъсир кўрсатилишидан ҳимоя қилиш йўли билан таъминланади. Жисмоний шахсларга тааллуқли шахсий маълумотлар махфий ахборот тоифасига киради. Жисмоний шахснинг розилигисиз унинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотни, худди шунингдек шахсий ҳаётига тааллуқли сирини, ёзишмалар, телефондаги сўзлашувлар, почта, телеграф ва бошқа мулоқот сирларини бузувчи ахборотни тўплашга, сақлашга, қайта ишлашга, тарқатишга ва ундан фойдаланишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 166—168-моддаларига ва 21-бобига қаранг. Жисмоний шахслар тўғрисидаги ахборотдан уларга моддий зарар ва маънавий зиён етказиш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари рўёбга чиқарилишига тўсқинлик қилиш мақсадида фойдаланиш тақиқланади. Фуқаролар тўғрисида ахборот олувчи, бундай ахборотга эгалик қилувчи ҳамда ундан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар бу ахборотдан фойдаланиш тартибини бузганлик учун қонунда назарда тутилган тарзда жавобгар бўладилар. Оммавий ахборот воситалари ахборот манбаини ёки тахаллусини қўйган муаллифни уларнинг розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас. Ахборот манбаи ёки муаллиф номи фақат суд қарори билан ошкор этилиши мумкин. [ОКОЗ: 1.16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.04.00.00 Жамият хавфсизлиги / 16.04.03.00 Ахборот хавфсизлиги (шунингдек, 12.08.00.00 га қаранг)] 14-модда. Жамиятнинг ахборот борасидаги хавфсизлиги Жамиятнинг ахборот борасидаги хавфсизлигига қуйидаги йўллар билан эришилади: демократик фуқаролик жамияти асослари ривожлантирилишини, оммавий ахборот эркинлигини таъминлаш; қонунга хилоф равишда ижтимоий онгга ахборот воситасида руҳий таъсир кўрсатишга, уни чалғитишга йўл қўймаслик; жамиятнинг маънавий, маданий ва тарихий бойликларини, мамлакатнинг илмий ва илмий-техникавий салоҳиятини асраш ҳамда ривожлантириш; миллий ўзликни англашни издан чиқаришга, жамиятни тарихий ва миллий анъаналар ҳамда урф-одатлардан узоқлаштиришга, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни бузишга қаратилган ахборот экспансиясига қарши ҳаракат тизимини барпо этиш. [ОКОЗ: 1.16.00.00.00 Хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот муҳофазаси / 16.03.00.00 Давлат хавфсизлиги / 16.03.07.00 Давлат хавфсизлигининг бошқа масалалари] 15-модда. Давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлиги Давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлиги қуйидаги йўллар билан таъминланади: ахборот соҳасидаги хавфсизликка таҳдидларга қарши ҳаракатлар юзасидан иқтисодий, сиёсий, ташкилий ва бошқа тусдаги чора-тадбирларни амалга ошириш; давлат сирларини сақлаш ва давлат ахборот ресурсларини улардан рухсатсиз тарзда фойдаланилишидан муҳофаза қилиш; Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ахборот маконига ва замонавий телекоммуникациялар тизимларига интеграциялашуви; Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳудудий яхлитлигини, суверенитетини бузишга, ҳокимиятни босиб олишга ёки қонуний равишда сайлаб қўйилган ёхуд тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ва давлат тузумига қарши бошқача тажовуз қилишга очиқдан-очиқ даъват этишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишидан ҳимоя қилиш; урушни ва зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилишни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоват уйғотишга қаратилган терроризм ва диний экстремизм ғояларини ёйишни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш. 16-модда. Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 155, 218-моддаларига, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 143-моддаcига қаранг. 2002 йил 12 декабрь, 439-II-сон «ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ ВА ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР ТЎҒРИСИДА» ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШЛАР ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 99-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 52-сон, 513-модда) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади: Ўзбекистон Республикасининг 1991 йил 14 июнда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 йил, № 8, 186-модда; 1993 йил, № 9, 334-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади). ВИЖДОН ЭРКИНЛИГИ ВА ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР ТЎҒРИСИДА (янги таҳрири) 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади Ушбу Қонуннинг мақсади ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъи назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб туришдан иборат. 2-модда. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат. Қорақалпоғистон Республикасида виждон эркинлигини ва диний ташкилотлар фаолиятини таъминлашга оид муносабатлар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. 3-модда. Виждон эркинлиги ҳуқуқи Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир. Фуқаро ўзининг динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод этмасликка, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка, диний таълим олишга ўз муносабатини белгилаётган пайтда уни у ёки бу тарзда мажбур этишга йўл қўйилмайди. Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитишга йўл қўйилмайди. Динга эътиқод қилиш ёки ўзга эътиқодлар эркинлиги миллий хавфсизликни ва жамоат тартибини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, саломатлиги, ахлоқи, ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда виждон эркинлиги ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун қонунда белгиланган тарзда жавобгар бўладилар. Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 240-моддасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 145 ва 2162-моддаларига қаранг. 4-модда. Фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилиги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Фуқароларнинг динга муносабатига қараб уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш ва уларга бевосита ёки билвосита имтиёзлар белгилаш, душманлик ва адоват уйғотиш ёхуд уларнинг диний ёки даҳрийлик эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний зиёратгоҳларни оёқ ости қилиш қонунда белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради. Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 141 ва 156-моддаларига қаранг. Ҳеч ким диний эътиқодини рўкач қилиб қонунда белгиланган мажбуриятларни бажаришдан бош тортишга ҳақли эмас. Қонунга мувофиқ бажарилиши мажбурий бўлган бир вазифани диний эътиқоди туфайли бошқаси билан алмаштиришга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади. Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунининг 37-моддасига қаранг. 5-модда. Диннинг давлатдан ажратилганлиги Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди. Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди. Давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 240-моддаси иккинчи қисмига, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 2162-моддаси иккинчи қисмига қаранг. Давлат диний ташкилотлар зиммасига ўзининг ҳеч қандай вазифасини бажаришни юкламайди, уларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган фаолиятига аралашмайди. Диний ташкилотлар давлат вазифаларини бажармайди. Давлат диний ташкилотларнинг фаолиятини ҳамда даҳрийлик тарғиботига оид фаолиятини маблағ билан таъминламайди. Ўзбекистон Республикасида диний моҳиятдаги сиёсий партия ва жамоат ҳаракати, шунингдек республикадан ташқарида тузилган диний партияларнинг филиаллари ва бўлимларини тузишга ва уларнинг фаолият юритишига йўл қўйилмайди. Диний ташкилотлар амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари шарт. Диндан давлатга ва конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, душманлик, нафрат, миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, бўҳтон, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатишда, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришда ҳамда давлатга, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка кўмаклашадиган, шунингдек бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи диний ташкилотлар, оқимлар, секталар ва бошқаларнинг фаолияти ман этилади. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига, мансабдор шахсларга тазйиқ ўтказишга қаратилган ҳар қандай уриниш, шунингдек яширин диний фаолият қонун билан тақиқланади. Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 240-моддасига, ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 2162-моддасига қаранг. 6-модда. Давлат органларининг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабат борасидаги ваколатлари Давлат органлари билан диний ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига юкланади. Қўмитанинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низом билан белгиланади. Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисида»ги Низомга қаранг. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудларда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши учун қонун бўйича жавобгардирлар. 7-модда. Таълим тизими ва дин Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилган. Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар таъмин этилади. 8-модда. Диний ташкилотлар [СПиТ: 1.Нотижорат ташкилотлар / Диний ташкилот] Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади. Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади. Тегишли конфессияга қарашли диний ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва йўналтириб бориш учун уларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича ягона марказий бошқарув органлари (бундан кейин — марказий бошқарув органлари деб юритилади) тузилиши мумкин. Марказий бошқарув органи Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта ҳудудий тузилмасида (вилоят, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси) фаолият кўрсатаётган, тегишли конфессияларнинг рўйхатга олинган диний ташкилотлари вакиллари таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан тузилади. Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин. Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 20 июндаги 263-сон «Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги қарорига қаранг. Тегишли диний маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари диний ташкилотларнинг раҳбарлари бўлишлари мумкин. Диний ташкилотлар раҳбарлигига Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахсларнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиб олинади. 9-модда. Диний ўқув юртлари Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари руҳонийлар ва ўзларига зарур бўлган диний ходимлар тайёрлаш учун диний ўқув юртлари тузишга ҳақли. Диний ўқув юртлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиб, тегишли лицензия олганидан кейин фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади. Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 1 мартдаги 99-сон қарори билан тасдиқланган, «Диний таълим муассасаларининг фаолиятини лицензиялаш тўғрисида»ги Низомга қаранг. Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади. Диний ўқув юртларида диний фанларни ўқитаётган шахслар диний таълим олган бўлишлари ва ўз фаолиятларини тегишли марказий бошқарув органининг рухсати билан амалга оширишлари лозим. Хусусий тартибда диний таълим бериш ман этилади. 10-модда. Диний ташкилотнинг устави Диний ташкилотнинг устави қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак: диний ташкилотнинг номи, тури, жойлашган манзили, қайси динга мансублиги; мақсади, вазифалари ва фаолиятининг асосий турлари; фаолиятни ташкил этиш ва тугатиш тартиби; тузилиши ва бошқарув органлари; маблағлари манбаи ҳамда ушбу ташкилот ичидаги, шунингдек ундан ташқаридаги мулкий муносабатлар; уставга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тартиби; ушбу диний ташкилотга тааллуқли бошқа маълумотлар. Марказий бошқарув органларига эга бўлган диний ташкилотларнинг уставлари мазкур бошқарув органлари билан келишилган бўлиши керак. [ОКОЗ: 1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.17.00.00 Нодавлат нотижорат ташкилотлари (шунингдек, 03.03.10.03га қаранг) / 01.17.02.00 Нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил қилиш ва рўйхатга олиш тартиби. Диний ташкилотларни давлат рўйхатига олиш; 2.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.02.00 Юридик шахсларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш. Юридик шахсларни давлат рўйхатига олиш] 11-модда. Диний ташкилотларни рўйхатга олиш Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органларини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, бошқа диний ташкилотларни эса тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Диний ташкилотларни рўйхатга олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: диний ташкилот тузиш ташаббускорлари бўлган, юз нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси имзолаган ариза; диний ташкилотнинг устави; таъсис йиғилишининг баёни; тузилаётган диний ташкилот жойлашган манзилни тасдиқловчи ҳужжат; давлат божи тўлангани тўғрисидаги ҳужжат. (11-модданинг иккинчи қисми олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-197-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 513-модда) Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органини рўйхатга олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: таъсис йиғилиши (конференцияси)нинг раиси ва котиби имзо қўйган ариза; диний ташкилотлар марказий бошқарув органининг устави; таъсис йиғилиши (конференцияси)нинг баёни; таъсисчилар ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар; раҳбар орган жойлашган манзилни тасдиқловчи ҳужжат; давлат божи тўлангани тўғрисидаги ҳужжат. (11-модданинг учинчи қисми еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-197-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 513-модда) Диний ташкилотлар ҳамда уларнинг марказий бошқарув органларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза берилган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўриб чиқилади. Адлия органлари қўшимча материаллар талаб қилиб олишга ҳамда тегишли органларнинг эксперт хулосасини олишга ҳақли. Бундай ҳолда қарор рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза берилган кундан эътиборан уч ойлик муддатда қабул қилинади. Диний ташкилотнинг уставига киритилган қўшимчалар ва ўзгартишлар диний ташкилотни рўйхатга олиш каби тартиб ва муддатларда рўйхатга олиниши лозим. Диний ташкилотлар раҳбарларининг ташкилот уставини давлат органларидан рўйхатдан ўтказишдан бўйин товлаши қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга олиб келади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 240-моддаси биринчи қисмига, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 2162-моддаси биринчи қисмига қаранг. Диний ташкилотнинг фаолияти ўз уставига мувофиқлигини назорат қилиш диний ташкилотни рўйхатга олган орган томонидан амалга оширилади. Рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотлар фаолият кўрсатишига йўл қўйган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар. [ОКОЗ: 1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.17.00.00 Нодавлат нотижорат ташкилотлари (шунингдек, 03.03.10.03га қаранг) / 01.17.02.00 Нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил қилиш ва рўйхатга олиш тартиби. Диний ташкилотларни давлат рўйхатига олиш; 2.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.02.00 Юридик шахсларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш. Юридик шахсларни давлат рўйхатига олиш] 12-модда. Диний ташкилотни рўйхатга олишни рад этиш Агар диний ташкилот уставининг қоидалари ва бошқа ҳужжатлари ушбу Қонун ёки Ўзбекистон Республикаси бошқа қонун ҳужжатларининг талабларига зид бўлса, уни рўйхатга олиш рад этилиши мумкин. Диний ташкилотни рўйхатга олиш рад этилганда рад этиш асослари кўрсатилган қарор ёзма равишда аризачиларга юборилади. Диний ташкилот тузиш ташаббускорлари уставларини қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳолга келтирганларидан сўнг, уставни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза билан тегишли тарзда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ёки унинг жойлардаги органларига қайтадан мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Диний ташкилотни рўйхатга олишни рад этилганлиги ёхуд адлия органлари томонидан ушбу Қонун талаблари бузилганлиги устидан судга шикоят қилиш мумкин. [ОКОЗ: 1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.02.00 Юридик шахсларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш. Юридик шахсларни давлат рўйхатига олиш] 13-модда. Диний ташкилотнинг фаолиятини тугатиш Диний ташкилотнинг фаолияти у ўзини ўзи тарқатиб юборганда ёки ушбу Қонуннинг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси бошқа қонун ҳужжатларининг қоидалари бузилган тақдирда тугатилиши мумкин. Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 20 июндаги 263-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш» Қоидаларининг 3-бандига («Диний ташкилот фаолиятини тугатиш») қаранг. Диний ташкилот фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарор уни рўйхатга олган орган томонидан қабул қилинади. Ушбу қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин. 14-модда. Диний урф-одатлар ва маросимлар Диний ташкилотлар ибодат қилиш ёки диний расм-русумлар ўтказиш учун қулай жойлар ташкил этиш ва уларни сақлаб туриш, шунингдек зиёратгоҳларни сақлаб туриш ҳуқуқига эгадир. Ибодат, диний расм-русумлар ва маросимлар диний ташкилотлар жойлашган манзилдаги ибодатхоналарда ва уларга тегишли ҳудудларда, зиёратгоҳларда, қабристонларда, зарур ҳолларда фуқароларнинг ихтиёрига биноан уларнинг уйларида ўтказилади. Касалхоналарда, госпиталларда, кексалар ва ногиронлар уйларида, дастлабки қамоқ ва жазони ўташ жойларида ибодатлар ва диний расм-русумлар шу ердаги фуқароларнинг илтимосларига биноан ўтказилади. Диний маросим ва ибодат биноларидан ташқарида ўтказиладиган оммавий ибодатлар, диний расм-русумлар ва маросимлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сонли қарори билан тасдиқланган «Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидалари»га қаранг. Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди. Диний ташкилотлар диндорлар мажбурий пул йиғимлари ва тўловлар ундиришга, шунингдек уларга нисбатан шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи чораларни қўллашга ҳақли эмас. 15-модда. Диний ташкилотларнинг мулки Диний ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан сотиб олинган ёки яратилган, фуқаролар, жамоат бирлашмалари эҳсон қилган (васият қилиб қолдирган) ёхуд давлат томонидан берилган шунингдек чет элда жойлашган ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларда олинган, ўз фаолиятларини таъминлаш учун зарур бўлган бинолар, иморатлар, ибодат қилиш анжомлари, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва хайрия иншоотлари, пул маблағлари ва бошқа мол-мулклар уларнинг мулки бўлиши мумкин. Диний ташкилотларнинг мулкий ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги Қонунининг VII-бўлимига («Мулкий ҳуқуқнинг кафолати ва ҳимоя қилиниши») қаранг. 16-модда. Давлат мулки бўлган мол-мулкдан фойдаланиш Диний ташкилотлар ўз эҳтиёжлари учун давлат органлари томонидан шартнома асосида бериладиган бинолар ва мол-мулкдан фойдаланишга ҳақлидир. Моддий маданий мерос объектлари ва буюмларини диний ташкилотларга фойдаланиш учун бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонунининг 27-моддасига мувофиқ давлат мулкида турган маданий мерос объекти диний ташкилотларга текин фойдаланиш шартномаси шартларида бериб қўйилиши мумкин. Диний ташкилотлар учун ер ажратиш ҳамда ибодат бинолари қуриш тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан белгиланган тартибда амалга оширилади. 17-модда. Ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари уставдаги мақсадларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, ноширлик, ишлаб чиқариш, таъмирлаш-қурилиш, қишлоқ хўжалик корхоналари ва бошқа корхоналарни, шунингдек хайрия муассасаларини (етимхоналар, касалхоналар) таъсис этишга ҳақлидир. 18-модда. Фаолиятини тугатган диний ташкилотларнинг мол-мулкини тасарруф этиш Диний ташкилотларнинг фаолияти тугатилгандан кейин уларга фойдаланиб туриш берилган мол-мулк ўз эгаларига қайтарилади. Диний ташкилотларнинг фаолияти тугатилган тақдирда, уларга қарашли мол-мулкка эгалик қилиш уларнинг устави ва қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Кредиторларнинг талабларини қондириш учун ундириш қаратилиши мумкин бўлмаган ибодатга оид мол-мулк рўйхати диний ташкилотларнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Ҳуқуқий ворислари бўлмаган мол-мулк давлат мулки ҳисобига ўтади. 19-модда. Диний адабиёт ва диний мақсадларга мўлжалланган буюмлар Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари диний мақсадларга мўлжалланган буюмлар, диний адабиётлар ва диний мазмундаги бошқа ахборот материалларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлаб чиқаришга, экспорт ва импорт қилишга ҳамда тарқатишга ҳақлидир. Чет элда нашр этилган диний адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш, уларнинг мазмуни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилганидан кейин амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 апрелдаги 196-сон қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисида Низомнинг 7-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, CD, DVD ва бошқа дискларни) экспертизадан ўтказади ва мазкур фаолиятни мувофиқлаштиради. Диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари тегишли лицензия олгандан сўнг диний ибодат буюмларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш ҳуқуқига фақат улар эга бўладилар. Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган матбаа нашрларини, кино, фото, аудио, видео маҳсулотларини ва шу каби бошқа маҳсулотларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга олиб келади. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 2441-моддасига қаранг. 20-модда. Диний ташкилотларнинг хайрия фаолияти Диний ташкилотлар хайрия ва меҳр-мурувват фаолиятини амалга оширишга ҳақлидир. 21-модда. Диний ташкилотларда меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлар Диний ташкилотларда меҳнат шартномалари (контрактлари) бўйича ишлаётган фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари татбиқ этилади. 22-модда. Диний ташкилотларнинг халқаро алоқалари Диний ташкилотлар муқаддас жойларни зиёрат қилиш ёки бошқа диний тадбирларда иштирок этиш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ халқаро алоқалар ўрнатиш ва олиб боришга ҳақлидир. 23-модда. Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган мансабдор шахслар, диний ташкилотларнинг хизматидагилар ва фуқаролар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар. Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 240-моддасига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 145 ва 2162-моддаларига қаранг. 1998 йил 1 май, 618-I-сон «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаb»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 15 августда қабул қилинган Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланган 1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ЎРҚ-378-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 12, 340-модда) ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинади). 2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин; давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин; ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин. 3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ Тошкент ш., 2017 йил 11 сентябрь, ЎРҚ-445-сон Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида (янги таҳрири) 1-боб. Умумий қоидалар 1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси Ушбу Қонуннинг мақсади давлат органлари ва давлат муассасаларига (бундан буён матнда давлат органлари деб юритилади), шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (бундан буён матнда мурожаатлар деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ушбу Қонуннинг амал қилиши давлат иштирокидаги ташкилотларга ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) нисбатан ҳам татбиқ этилади. Ушбу Қонуннинг амал қилиши: кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга; (1-модданинг учинчи қисми иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 29 январрдаги ЎРҚ-463-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.01.2018 й., 03/18/463/0634-сон — 2018 йил 1 апрелдан кучга киради) давлат органларининг, шунингдек улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди. 2-модда. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. 3-модда. Асосий тушунчалар Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: ариза — ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат; таклиф — давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат; шикоят — бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат; электрон мурожаат — белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, шу жумладан давлат органининг, ташкилотнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган мурожаат, реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда берилган оғзаки мурожаатлар бундан мустасно; такрорий мурожаат — айни бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган, унинг аввалги мурожаати юзасидан қабул қилинган қарор устидан шикоят қилинаётган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилаётган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтга келиб қонун ҳужжатларида белгиланган кўриб чиқиш муддати тугаган бўлса, илгариги мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги тўғрисида хабар қилинаётган мурожаат; аноним мурожаат — жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаат, шунингдек уни идентификация қилиш имкониятини бермайдиган электрон мурожаат ёхуд имзо билан тасдиқланмаган ёзма мурожаат; мурожаатнинг дубликати — айни бир жисмоний ёки юридик шахс мурожаатининг кўчирма нусхаси; оммавий қабул — давлат органи раҳбарининг ёки бу борада ваколат берилган мансабдор шахсининг жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари билан оммавий учрашувларида мурожаатларни қабул қилишга доир ҳаракати; видеоконференцалоқа — узоқда жойлашган бир нечта абонентларнинг реал вақт режимида аудио- ва видеоахборот алмашиш имконияти билан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда интерактив ҳамкорлик қилиши; давлат иштирокидаги ташкилот — устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган тижорат ташкилоти ёхуд тўлиқ ёки қисман давлат органи томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган нотижорат ташкилоти. 4-модда. Мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари Мурожаатларни кўриб чиқишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: қонунийлик; мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш; мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги; жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши; мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги; мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги. 5-модда. Мурожаатларнинг шакллари ва турлари Мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкин. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар мурожаатларнинг турлари ҳисобланади. Мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга бўлади. 6-модда. Мурожаатларга қўйиладиган талаблар Жисмоний шахснинг мурожаатида жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатида давлат органининг, ташкилотнинг аниқ номи, мурожаат юборилаётган мансабдор шахснинг лавозими ва (ёки) фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилган, шунингдек мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Мурожаатларда мурожаат этувчиларнинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари кўрсатилиши мумкин. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин. Ёзма мурожаат мурожаат этувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат этувчи юридик шахс ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат этувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак. Мурожаат этувчиларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. 7-модда. Мурожаатлар ва оммавий ахборот воситалари Оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади. Оммавий ахборот воситаларига йўлланган мурожаатлардан оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жамоатчилик фикрини ўрганиш ва акс эттириш учун фойдаланилиши мумкин. 8-модда. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш Давлат органларида, ташкилотларда, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади. Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини ўтказувчи давлат органларининг, ташкилотларнинг раҳбарлари ёки бошқа мансабдор шахслари ҳар қандай масалалар, шу жумладан ўз ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳақли эмас, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган аввалги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган ва бу ҳақда уларга ушбу Қонунда белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкин. 9-модда. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахси томонидан амалга оширилади. Бунинг учун давлат органларида, ташкилотларда махсус таркибий бўлинмалар ташкил этилиши мумкин, қабул учун масъул бўлган мансабдор шахслар белгиланади. Давлат органларининг раҳбарлари ёки бу борада ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари томонидан жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллари, шунингдек оммавий қабуллар ташкил этилиши мумкин. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш белгиланган кун ва соатларда, қабул қилиш жадвалига мувофиқ ўтказилади. Қабул қилиш жадвали ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, қабул қилиш тартиби уларни давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек уларнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади. Жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллари, шунингдек оммавий қабуллар, зарур бўлган ҳолларда, қабул қилиш жадвалларидан ташқари ўтказилиши мумкин. Оммавий қабул ҳовлиларга (квартираларга), бошқа биноларга ва жойларга бирма-бир кириб чиқиш орқали ҳам ўтказилиши мумкин. Агар қабул давомида баён этилган масалаларни ҳал этиш давлат органининг, ташкилотнинг ёки улар мансабдор шахсининг ваколатларига кирмаса, тегишли мансабдор шахслар мурожаат этувчига мурожаатда баён этилган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтириши керак. Шахсий қабул давомида давлат органи, ташкилот раҳбарининг қарорига кўра ва мурожаат этувчига бу ҳақда хабар берган ҳолда махсус техника воситалари (аудио- ва видеоёзув, шунингдек фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин. Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ва ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак, оммавий қабул вақтида келиб тушган мурожаатлар бундан мустасно. Оғзаки мурожаатлар реал вақт режимида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан давлат органларининг, ташкилотларнинг ишонч, тезкор алоқа телефонлари орқали ва видеоконференцалоқа воситасида ҳам берилиши мумкин. Видеоконференцалоқа воситасида қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. 2-боб. Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар 10-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан мурожаатларнинг самарали кўриб чиқилишини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тузилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари юридик шахс мақомига эга бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тизимини қуйидагилар ташкил этади: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси; Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари; Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) Халқ қабулхоналари. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси келиб тушаётган мурожаатларни ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида қабул қилиш, тўплаш, таснифлаш ва тизимлаштириш, шунингдек уларнинг тўлиқ, ўз вақтида ҳамда сифатли кўриб чиқилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга ошириш имконини берувчи ахборот тизими ҳисобланади. 11-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ва Виртуал қабулхонасининг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ва Виртуал қабулхонасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат: аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизими фаолиятини таъминлаш; мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқнинг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш; Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этиш; Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушган ҳамда тегишлилиги бўйича давлат органларига, ташкилотларга юборилган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш; жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг қабулларини ўтказиш, шу жумладан видеоконференцалоқа воситасида ўтказиш; Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларни қайд этиш, умумлаштириш, тизимлаштириш, уларни кўриб чиқиш устидан мониторинг ва назорат қилиш бўйича электрон ахборот тизимини жорий этиш ҳамда юритиш орқали мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш. 12-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари қуйидаги ҳуқуқларга эга: давлат органлари, ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш, улардан ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан ҳужжатларни ва ахборотни сўраш ҳамда олиш; зарур ҳолларда, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини жойларга чиқиб ўрганиш; мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида давлат органларига,ташкилотларга таклифлар киритиш; мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини бузган, шунингдек мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини таъминламаган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари: ушбу Қонун талабларига риоя этиши; мурожаатлар билан ишлашда мавжуд ахборот тизимидан фойдаланиши; ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этиши; ўз дастурий-аппарат воситаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаши; навбатда туришнинг электрон бошқаруви тизими самарали ишлашини ва маъмурий жиҳатдан бошқарилишини, мурожаат этувчиларнинг сони уларнинг тоифалари ва тегишли соҳалар бўйича муайян давр учун (кун, ҳафта, ой) лозим даражада ҳисобга олинишини таъминлаши шарт. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин. 13-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси томонидан мурожаатларга доир масалалар бўйича реал вақт режимида маслаҳатлар бериш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси негизида турли тармоқлар ва фаолият соҳаларидан малакали мутахассисларни маслаҳатчилар сифатида жалб этган ҳолда,мурожаатларга доир масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларга реал вақт режимида маслаҳат бериш амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси негизида реал вақт режимида маслаҳат бериш, бир томондан, маслаҳатчилар ўртасида, шунингдек бошқа томондан, ўзини қизиқтирадиган масала юзасидан тезкор тартибда ахборот олиш истагида бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўртасида ахборот айирбошлаш йўли билан таъминланади. 14-модда. Давлат органларининг, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг виртуал қабулхоналарини ташкил этиш Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, шунингдек мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш мақсадида давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари ўз виртуал қабулхоналарини ташкил этиши мумкин. Виртуал қабулхоналар қайси давлат органи,ташкилот ёки уларнинг қайси мансабдор шахслари томонидан тузилган бўлса, ўша давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари номидан фаолият кўрсатади. 3-боб. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқлари кафолатлари 15-модда. Мурожаат этиш ҳуқуқини амалга ошириш кафолатлари Жисмоний ва юридик шахсларга давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатланади. Мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилади. Ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас. Мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак. Хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат органларига, ташкилотларига ва уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунга мувофиқ мурожаат этиш ҳуқуқига эга. 16-модда. Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда камситишга йўл қўйилмаслиги Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга йўл қўйилмайди. 17-модда. Мурожаат этилганда ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларга риоя этилишининг кафолатлари Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари талабларига риоя этиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриши шарт. 18-модда. Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш кафолатлари Мурожаатлар давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши шарт, ушбу Қонуннинг 29 ва 30-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. 19-модда. Мурожаатлар муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги кафолатлари Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ва, агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотнинг давлат органлари, ташкилотлар ходимлари ва улар мансабдор шахслари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди. Жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди. Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак. 20-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари муносабати билан улар хавфсизлигининг кафолатлари Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат этганлиги, шунингдек мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш ман этилади. 4-боб. Мурожаатларни бериш ва уларни кўриб чиқиш тартиби 21-модда. Мурожаатларни бериш тартиби Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ўз ваколати доирасига кирадиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига бевосита ёхуд бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатни мустақил равишда беришга, шунингдек бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёхуд мурожаатни почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда юборишга ҳақли. Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб мурожаатлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин. Мурожаатга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, мурожаат этувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно. Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига юборилганда мурожаатга илова қилиниши керак. Мурожаат почта алоқа воситаси орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унга иловалар мавжудлиги текширилади. Конвертда мурожаат мавжуд бўлмаса ёки у шикастланган бўлса, шунингдек мурожаатда кўрсатилган иловалар мавжуд бўлмаса, далолатнома тузилиб, унинг бир нусхаси мурожаат этувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича юборилади. 22-модда. Мурожаатларни бериш муддатлари Мурожаатларни бериш муддатлари, қоида тариқасида, белгиланмайди. Айрим ҳолларда, агар давлат органининг, ташкилотнинг ёки улар мансабдор шахсларининг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа асосларга кўра мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин. Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади. Ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати аризани ёки шикоятни кўриб чиқувчи давлат органи, ташкилот ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тикланади. 23-модда. Мурожаатлар бўйича иш юритиш Давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган мурожаат ўша куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса, кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши керак. Мурожаатни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди. Давлат органларида, ташкилотларда мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш дафтари юритилиб, унда мурожаатнинг тартиб рақами ва келиб тушган санаси, мурожаат этувчи жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), юридик шахснинг номи, мурожаатнинг қисқача мазмуни, ижроси тўғрисидаги белги, шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилади. Давлат органлари, ташкилотлар мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиши мумкин. Давлат органининг раҳбарига ёки ваколат берилган мансабдор шахсига оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш талаб қилинмайди. Бунда жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, мурожаатнинг қисқача мазмуни, шунингдек уни кўриб чиқиш натижаси оммавий қабул баённомасида кўрсатилади. Мурожаатни рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш бўйича иш юритиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. 24-модда.Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби Давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган мурожаатлар шу орган, ташкилот томонидан ёки мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича зиммасига мажбуриятлар юклатилган мансабдор шахслар томонидан кўриб чиқилади. Давлат органига, ташкилотга келиб тушган мурожаатлар бўйсунув тартибида қуйи турувчи бўлинмаларга ҳам юборилиши мумкин. Агар мурожаатда давлат органлари,ташкилотларнинг бир нечта таркибий бўлинмаларига тааллуқли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижрочилар этиб белгиланади. Ижрочилар ўртасида биринчи кўрсатилган таркибий бўлинма мурожаатнинг кўриб чиқилишини бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда таъминлайди. Мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлган тақдирда, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчидан, шунингдек ўз ваколатлари доирасида бошқа давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва мансабдор шахслардан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин. Агар ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, давлат органлари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ўзларидан сўралаётган ахборотни ўн кун ичида тақдим этиши шарт. Мурожаатларни кўриб чиқаётган давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари зарур ҳолларда, мурожаатнинг жойнинг ўзига бориб кўриб чиқилишини таъминлаши мумкин. Агар мурожаатда қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш учун давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида жалб этилади. Агар мурожаатни кўриб чиқишда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текшириш, шу жумладан молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) зарурати юзага келса, текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. 25-модда. Айрим мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби Такрорий мурожаатлар умумий асосларда кўриб чиқилади, ушбу Қонуннинг 30-моддасида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно. Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган мурожаатлар беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга, бошқа ташкилотларга ва мансабдор шахсларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади. Бунда келиб тушган электрон мурожаат электрон шаклда юборилиши мумкин. Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларга ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга, ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади. Агар мурожаатларда уларни тегишли давлат органларига, ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаса, бу мурожаатлар мурожаат этувчига беш кунлик муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан қайтарилади. Агар мурожаатни кўриб чиқиш давомида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, мазкур мурожаат аввал келиб тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади. Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилганидан ва жавоб юборилганидан кейин келиб тушса, бу ҳақда давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчини тегишли тартибда хабардор қилади. Мурожаатларнинг турларига киритилмаган хатларни (ташаккурномалар, табрикномалар, таклифномалар, фикр-мулоҳазаларни) кўриб чиқиш давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан уларнинг ўз ихтиёрига кўра амалга оширилади. 26-модда. Мурожаат этувчини эшитиш Мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органи, бошқа ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари ўз ташаббусига кўра ёхуд мурожаат этувчининг илтимосига кўра уни эшитишни ташкил этиши мумкин. Давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчига мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича ўз фикрини билдириш ва мурожаат бўйича қўшимча ахборот тақдим этиш имкониятини беради. Давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари мурожаат этувчини эшитишга экспертларни, мутахассисларни ва манфаатдор ташкилотларнинг вакилларини жалб этиши мумкин. 27-модда. Мурожаатларга жавоблар Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қарор қабул қилинади, бу ҳақда мурожаат қилувчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар қилинади. Мурожаатга жавобни давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг мансабдор шахси имзолайди. Жамоавий мурожаатларга жавоб, агар мурожаатда жавобни бошқа шахсга юбориш талаб этилмаган бўлса, мурожаат қилувчиларнинг рўйхатида биринчи кўрсатилган шахсга юборилади. Мурожаат, агар унда қўйилган барча масалалар ушбу Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда, кўриб чиқилган ҳисобланади. Мурожаатларга жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади, жавоблар мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни инкор этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асосларни (заруратга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) ўз ичига олган бўлиши керак. Оммавий қабуллар вақтида давлат органининг раҳбарига ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахсига келиб тушган ва жойида ҳал этилган оғзаки мурожаатларга ёзма жавоб ёки электрон шаклдаги жавоб талаб этилмайди. 28-модда. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари Ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади. Таклиф давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади. 29-модда. Мурожаатларни кўрмай қолдириш Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди: аноним мурожаатлар; жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда; мазкур Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар. Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади, у давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тасдиқланади. Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади. 30-модда. Мурожаатларни кўриб чиқишни тугатиш Мурожаатларни кўриб чиқиш қуйидаги ҳолларда тугатилади: агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса; агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган бўлса ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса; яшаш жойи, турган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ёки бошқа реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаганлиги туфайли чақиришнинг имкони йўқлиги сабабли мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти бўлмаганда; мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда; агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса. Мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисидаги қарорни давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси қабул қилади. Такрорий мурожаатни кўриб чиқиш ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига мувофиқ тугатилганда, мурожаат қилувчи такрорий мурожаатнинг асоссизлиги ва ушбу масала юзасидан у билан ёзишмалар тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади. Ёзишмалар олиб бориш тугатилган мурожаат қилувчидан такрорий мурожаат келиб тушган тақдирда, бундай мурожаатни кўриб чиқиш мурожаат қилувчини бу ҳақда хабардор қилмасдан тугатилади. Мурожаатни кўриб чиқиш уни чақириб олиш тўғрисидаги ариза бўйича тугатилганда мурожаат мурожаат қилувчига давлат органининг, ташкилотнинг ёки улар мансабдор шахсининг хати билан бирга уч кун ичида қайтарилади. Мурожаатни чақириб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди. Мурожаат қилувчи чақирилган жисмоний шахснинг ёки юридик шахс вакилининг келмай қолганлиги сабабли мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинади. 31-модда. Мурожаатга жавобни тушунтириш ва уни тузатиш Жисмоний ёки юридик шахснинг илтимосига кўра мурожаатни кўриб чиққан давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари мурожаатга жавобни унинг мазмунини ўзгартирмасдан тушунтириши, шунингдек йўл қўйилган хатолар ва арифметик хатоларни ўз ташаббусига кўра ёки мурожаат қилувчининг илтимосига кўра, мурожаатга жавобнинг мазмунига дахл қилмаган ҳолда тузатиши шарт. Мурожаат қилувчининг мурожаатга жавобни тушунтириш ва уни тузатиш тўғрисидаги илтимоси у келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқилади. 5-боб. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, давлат органларининг, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари 32-модда. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари Мурожаатлар давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга: мурожаатни кўриб чиқишнинг бориши тўғрисида ахборот олиш; важларни шахсан баён этиш ва тушунтиришлар бериш; мурожаатни текшириш материаллари ва уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш; қўшимча материаллар тақдим этиш ёки бундай материалларни бошқа органлардан талаб қилиб олиш тўғрисида илтимос қилиш; адвокат ёрдамидан фойдаланиш; мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида ёхуд мурожаатга жавобни тушунтириш ва (ёки) уни тузатиш тўғрисида илтимос қилиш; ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда мурожаат бўйича қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш йўли билан чақириб олиш; мурожаатни қабул қилишни ёки кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этганлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят қилиш. Жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. 33-модда. Мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органининг, ташкилотнинг ва улар мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга: мурожаатни кўриб чиқиш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш; мурожаат қилувчи ёки бошқа шахс йўқлигида мурожаатни кўриб чиқиш мумкин бўлмаганда ёхуд мурожаатни эшитиш учун уни чақириш; била туриб ёлғон маълумотлар кўрсатилган мурожаатни текшириш сабабли етказилган харажатларнинг ўрнини қоплаш тўғрисида судга мурожаат қилиш. Давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. Давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари: мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши; мурожаат қилувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини, агар улар давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган маълумотларни ўз ичига олмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, таъминлаши; мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон шаклда дарҳол хабар қилиши, оммавий қабуллар вақтида тушган ва жойида ҳал қилинган оғзаки мурожаатлар бундан мустасно; мурожаат юзасидан қабул қилинган қарор устидан, агар жисмоний ёки юридик шахс ушбу қарорга рози бўлмаса, шикоят бериш тартибини тушунтириши; мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши; қонунга хилоф ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) бартараф этиш юзасидан дарҳол чора-тадбирлар кўриши, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабаблар ва шароитларни ўз ваколатлари доирасида аниқлаши; жисмоний шахс, унинг вакили, уларнинг оила аъзолари, юридик шахс, унинг вакили ва юридик шахс вакилининг оила аъзолари уларнинг мурожаатлари сабабли таъқиб этилишини белгиланган тартибда бартараф этиши; агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш чораларини кўриши шарт. Давлат органлари мурожаатлар билан иш олиб борувчи ўз ходимларини ўқитади ва уч йилда камида бир марта уларнинг малакасини оширади. Давлат органларининг мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимларига нисбатан қўйиладиган талаблар, шунингдек уларни ўқитиш ва малакасини ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Давлат органи, ташкилот ва улар мансабдор шахсларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин. 34-модда. Мурожаатларнинг кўриб чиқилишини мониторинг ва назорат қилиш Давлат органларининг, ташкилотларнинг раҳбарлари ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари ўз тузилмавий бўлинмалари томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўради. Мурожаат у қайси раҳбар ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахс томонидан назоратга олинган бўлса, ўша шахс томонидан назоратдан ва ижродан олинади. Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар назоратдан олинмайди. 35-модда. Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари келиб тушган мурожаатларнинг статистик ҳисобини юритади. Статистик ҳисобга олишда келиб тушган, кўриб чиқилган, қаноатлантирилган, қаноатлантириш рад этилган, кўрмай қолдирилган мурожаатларнинг сони, шунингдек мурожаатлар билан ишлашга боғлиқ бўлган бошқа маълумотлар назарда тутилиши керак. Давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштиради ва таҳлил қилади. Давлат органлари мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра маълумотномалар (шарҳлар) тузади, уларда мурожаатлар билан ишлашнинг умумий кўрсаткичлари, мурожаатларда тез-тез кўтарилган масалалар, мурожаатларни кўриб чиқиш якунлари бўйича аниқланган асосий камчиликлар ва қоида бузарликлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш мақсадида кўрилган чора-тадбирлар акс эттирилади. Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига кўра тузилган маълумотномалар (шарҳлар) тегишли давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади. 6-боб. Якунловчи қоидалар 36-модда. Низоларни ҳал этиш Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади. 37-модда. Моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш Жисмоний ёки юридик шахснинг аризаси, шикояти ана шу мурожаатлар бўйича қонунга хилоф қарорлар қабул қилган давлат органи, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қаноатлантирилган тақдирда, ариза ёки шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарарнинг ўрни, аризани, шикоятни кўриб чиқиш учун тегишли давлат органининг, ташкилотнинг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг талабига кўра жойларга бориш муносабати билан қилинган харажатларнинг ҳамда ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақининг ўрни мурожаат этувчига суд тартибида қопланади. Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин. Жисмоний ёки юридик шахснинг аризасини ёхуд шикоятини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилганлиги муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш сифатида давлат органи, ташкилот томонидан тўланган маблағлар айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин. 38-модда. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, худди шунингдек туҳмат ва ҳақоратдан иборат мурожаат берганлик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. [ОКОЗ: Download 1.15 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling