Ўзбекистон республикаси президенти


Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан иқтисодий-сиёсий алоқаларининг йўлга қўйилиши


Download 5.26 Mb.
bet73/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   69   70   71   72   73   74   75   76   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан иқтисодий-сиёсий алоқаларининг йўлга қўйилиши
Ўзбекистоннинг ўз ташқи сиёсатида минтақалараро ҳавфсизликни таъминлашда халқаро ташкилотлар фаолияти, уларнинг дастурларидан ҳам кенг фойдаланиши истиқболли натижаларни кўрсатди. Бир қатор минтақавий ташкилотлар, чунончи, НАТО, ЭКО, Ислом конференцияси, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқалар билан ҳам самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. 1994 йил июль ойида Ўзбекистон НАТОнинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” Дастурига қўшилди. Бу дастурга кўра Ўзбекистон ҳарбий қисмлари Шимолий Королина (АҚШ)даги Кемп Лежюп денгиз пиёдалари полигонида ўтказилган ҳарбий машқларда, Ўзбекистон ҳудудида америкаликлар билан ўтказилган десантчиларнинг “Ультрабаланс – 96” ҳарбий машқларида қатнашдилар. Шунингдек, Республика ҳарбий билим юрти талабалари 1997 йил Норвегияда ўтказилган “Кооператив банкерс-97” машқларида ҳам қатнашдилар. Бу каби алоқалар жангчиларимиз учун ўзига хос маҳорат мактаби, тажриба бўлиб, уларнинг жанговарлик қобилиятини оширишларига ёрдам берди. 1999 йил апрелда И.А.Каримов Шимолий Атлантика Иттифоқи қошидаги “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастурининг аъзоси сифатида НАТО нинг 50 йиллик юбилейи тантаналарида қатнашди. Ўзбекистоннинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” Дастурида иштироки Марказий Осиё минтақасида коллектив хавфсизлик ва барқарорликнинг кенг тизимини вужудга келтиришни режалаштиришда, Ўзбекистоннинг иштирокини кафолатлади. Президентимиз таъбири билан айтганда, “НАТО билан ҳамкорлик қилиш ҳарбий-сиёсий воқеалардан хабардор бўлиб туриш, бу уюшма доирасида амалга оширилаётган тадқиқотлар ва ишланмалардан баҳраманд бўлиш учун имкон берар эди”. НАТО Бош котиби Х.Солана ва АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Р.Хантернинг Ўзбекистонга ташрифлари Ўзбекистон ва мазкур ташкилот ўртасидаги тинчлик йўлидаги сиёсатининг ҳамоҳанг эканлигини кўрсатди.
Ўзбекистон БМТга аъзо бўлиб кирган йиллари ЕХҲТнинг катта мансабдор ходимлари қўмитасининг Прагадаги йиғилишида МДҲ таркибидаги давлатларни ушбу ташкилотга аъзо бўлиб кириши масаласи кўтарилди. 1992 йил 26 февралга келиб Ўзбекистон ҳам бу ташкилот кенгашининг якунловчи ҳужжатига имзо чекди. Мазкур ҳужжат имзоланган вақтдан бери Ўзбекистоннинг Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бўлинмаларидаги иштироки тобора кенгайиб бормоқда. ЕХҲТнинг Марказий Осиё билан алоқалари бўйича Бюроси минтақада барқарорликни таъминлаш мақсадида минтақадаги республикалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб олгани қувонарли ҳолдир. Ушбу бюронинг ташаббуси билан Тошкентда ÅХҲТнинг “Инсон хуқуқлари бўйича миллий институтлар”, “Оммавий ахборот воситалари демократлаштириш шароитида” мавзуидаги бир қатор анжуманлари ўтказилди. Бундай йиғилишларда Ўзбекистоннинг иштироки танчликпарвар ташқи сиёсат юритишида асосий омил бўлиб қолди. Ўзбекистоннинг 1996 йил Лиссабон Саммитида иштироки республика раҳбариятининг хавфсизлик доирасига кирувчи қарашларини баён этишга ҳам имкон берди. Унда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан “хавфсизликнинг, шу жумладан, Европа хавфсизлигининг чегараси йўқ. Шундан келиб чиққан ҳолда, бизнинг фикримизча, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг роли, аҳамияти, қолаверса, масъулияти Европа билангина чегараланиб қолмаслиги, ундан ташқаридан келаётган хавфни ҳам ҳисобга олиши керак бўлади” деб айтилган сўзлари алоҳида аҳамият касб этди. Мазкур анжуманда Ўзбекистон хавфсизлик муаммосига доир ўз қарашларини баён этиш ҳуқуқига эга бўлди. Президентимиз йиғилиш иштирокчиларига Марказий Осиё минтақасини ядросиз зона деб яна бир бор эълон қилди. Ўзбекистон раҳбариятининг можаролар кучайиб бораётган ерларга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш ҳақидаги фикри Лиссабон учрашувининг якунловчи ҳужжатига киритилди.
1999 йил 18-19 ноябрь кунлари мазкур ташкилотга аъзо 54 мамлакат раҳбарларининг Туркиянинг Истамбул шаҳрида Олий даражадаги учрашуви бўлиб, мазкур анжуманда анча долзарб муаммолар ҳал қилинди. Йиғилишда Ўзбекистон раҳбарининг маърузаси дунё мамлакатлари иқтисодий тараққиёти ва фуқароларнинг ижтимоий турмуш тарзини фақатгина хавфсизлик таъминлангандагина амалга ошириш мумкинлигига қаратилди. И.А.Каримов йиғилишда глобал аҳамиятга эга бўлган терроризмга қарши марказ тузиш ҳақидаги таклифини киритди ва турли қабих ниятдаги кимсаларга ёрдам бераётган ташкилотларни илдизи билан йўқотиш орқалигина мамлакатлар хавфсизлигини таъминлаш мумкинлигини алоҳида таъкидлади. Бу ўринда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги масаласига ҳам тўхтаб ўтмоқ жоиз. Мазкур Иттифоқ билан ҳамкорлик учун тузиладиган битим бўйича ишлар республикада 1995 йилдан бошланган бўлиб, бу музокаралар 1996 йилга қадар давом этди. Бу музокараларнинг натижаси ўлароқ Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги битим 1996 йил 21-22 июнь кунлари Италиянинг Флоренция шаҳрида ЕИ давлатлари раҳбарларининг йиғилишида Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов томонидан имзоланди. Флоренциянинг “Фортезза де бассо” қалъасида Европа Иттифоқига кирувчи давлатлар ва ҳукумат бошлиқларининг навбатдаги учрашуви-саммитда имзоланган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги бу ҳужжат Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига дадил кириб бориши, ўз ўрни ва овозига эга бўлишида катта аҳамият касб этди. И.А.Каримов қўлга киритилган бу битимни “Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда “янги турмуш нуқтаси” деб атади. Мазкур битим Ўзбекистонни Европанинг ривожланган давлатлари билан ҳар томонлама алоқалари республика салоҳиятини юзага чиқаришда, демократия ва бозор ислоҳотларини амалга ошириш йўлида муваффақиятли ҳаракат қилиш учун катта имконият яратди. Хусусан, Италия, Германия, Франция, Буюк Британия каби илғор давлатлар билан бўлаётган ҳамкорлик давлатларнинг иқтисодий, маданий алоқаларида катта аҳамиятга эга бўлди. Илм-фан, маданият, санъат, таълим соҳасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кенг кўламда олиб борилиши ҳам республика тараққиёти учун муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон Республикаси Ислом конференцияси, Қўшилмаслик ҳаракати каби минтақавий ташкилотлар билан ҳам самарали алоқалар ўрнатди. Булар орасида, айниқса, юздан ортиқ аъзога эга, 1985 йилда тузилган Қўшилмаслик ҳаракати томонидан олиб борилаётган сиёсат Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари, халқаро келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиш, турли ҳарбий-сиёсий блоклар фаолиятида қатнашмаслик, тинчликсеварлик каби йўналишларга тўла мос келади. Ўзбекистон бу ташкилотга 105-аъзо бўлиб кирди.
Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига мос келадиган пухта ташқи сиёсатида – жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш, хорижий мамлакатлар билан сиёсий, дипломатик, иқтисодий, илмий-техникавий, маданий алоқалар ўрнатиш масалалари долзарб вазифалар қаторига кирди. Шу боис Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётида интеграциялашиш йўлидан бориб, Жаҳон банки, Халқаро Валюта фонди, Халқаро молия корпорацияси, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашув ташкилоти ва бошқа молиявий иқтисодий ташкилотларга аъзо бўлиб кирди ва улар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб олди. Шу билан бирга, Ўзбекистон БМТ доирасидаги ихтисослашган муассасалар – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро Меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, БМТ нинг болалар фонди, Халқаро почта иттифоқи, Электр алоқаси бўйича халқаро иттифоқ, Жаҳон метеорология ташкилоти, Халқаро олимпиада қўмитаси, Халқаро автомобилчилар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқаларини тиклаб олди. Уларнинг ваколатхоналари Республикамизда очилди ва фаолият кўрсатмоқда. Шу кунларда БМТ нинг таълим, илм-фан ва маданият масалаларига ихтисослашган ЮНЕСКО ташкилоти билан ҳам Республикамиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Ўзбекистон 1993 йил ЮНЕСКОга аъзо бўлган эди. (Ўша пайтдаёқ ЮНЕСКО дастурига буюк мунажжим Муҳаммад Тарағай Улуғбек таваллудини дунё миқёсида нишонлаш масаласи Ўзбекистон билан ушбу ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг янги асосдаги ривожини бошлаб берди.) 1994 йилга келиб эса, Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ташкил этилди ва бу ҳам ўзаро ҳамкорлигимизнинг самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлди. 1996 йилга келиб, Тошкентда ЮНЕСКОнинг ваколатхонаси очилди. Шу ўтган вақтдан бери Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ташкилоти ўртасидаги алоқалар йилдан-йилга кенгайиб борди. Айниқса, 1995 йил август ойида ЮНЕСКО Бош директори Ф.Майорнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи, унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов билан музокаралари муҳим тарихий воқеа сифатида тарихга битилди.
1996 йил Ўзбекистон Президенти ҳам ЮНЕСКО қароргоҳига расмий ташриф билан борди. Бу ташриф чоғида И.А.Каримов ЮНЕСКО ижроия кенгашининг 149-сессиясида нутқ сўзлади. ЮНЕСКО нинг Бош директори ва Франция Президенти иштирокида ЮНЕСКО қароргоҳида “Темурийлар даврида фан, маданият ва маърифатнинг гуллаб-яшнаши “ кўргазмаси очилди.
Ўзбекистон билан ЮНЕСКО нинг ўзаро ҳамкорлиги кенгайиши натижасида ЮНЕСКО иштирокида Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти очилди, 2000 йилда 28 декабрда эса Шаҳрисабз ЮНЕСКО рўйхатига киритилди. Шаҳрисабз бу рўйхатга киритилган республикамиздаги учинчи шаҳар бўлди. Бундай алоқалар, ўз навбатида, муносабатларимизни янада юқори поғонага кўтариб, ҳамкорлигимиз соҳаларини кенгайтирди. Мустақиллик йиллари республикада ўтказилган барча тадбирларда ЮНЕСКО иштирок этди. Амир Темур таваллуд топган кунининг 660 йиллиги, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Жалолиддин Мангуберди каби буюк шахсларнинг юбилей тантаналари, Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги, “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги каби тадбирлар бевосита ЮНЕСКО ҳомийлигида ўтказилди.
Мустақил Ўзбекистон 2001 йилнинг июнь ойида «Шанхай бешлиги» деб юритилган халқаро ташкилотнинг ХХРнинг Шанхай шаҳрида чақирилган Саммитида бу ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди. 1998 йили ташкил этилган «Шанхай бешлиги»да - Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари аъзодир. Шундан кейин ташкилот «Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти» номи билан юритилиб, ҳар томонлама ҳамкорлик ўрнатиш, айни бир вақтда халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашни ташкилотнинг фаолият марказида турадиган бўлди. Терроризмга қарши кураш қароргоҳи (штаби) Бишкекдан Тошкентга кўчирилди. Ташкилотнинг аниқ вазифалари Ташқи ишлар, Мудофаа вазирликлари кенгашларида ҳал қилинади.
2005 йилнинг 2 июль куни Қозоғистоннинг Астана шаҳрида «Шанхай ҳамкорлик» ташкилотининг ўнинчи учрашуви бўлиб ўтди. Саммитда доимий аъзо давлат раҳбарларидан ташқари Мўғулистон Республикасининг вакили кузатувчи сифатида қатнашди. Кенгаш Ҳиндистон, Покистон ва Эрон давлатларини ташкилотга кузатувчи сифатида қабул қилди ва уларнинг вакиллари саммитда иштирок этди. Астана учрашуви қатнашчилари «Терроризм ва экстремизмга қарши кураш концепцияси»ни якдиллик билан қабул қилдилар. Ўзаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш тўғрисида ҳужжатларни имзолади.
2006 йил июнь ойида Шанхай ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Саммитда ШҲТни янада ривожлантириш, минтақавий аксилтеррор тузилма ва ишбилармонлар кенгаши фаолиятини такомиллаштириш, аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий алоқаларни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилинди ва бир неча битимлар имзоланди.
Кейинги йилларда ёш мустақил давлатлар ичида Марказий Осиё давлатлари учун дини, урф-одатлари ва анъаналари яқин бўлган Шарқ мамлакатлари билан ўзаро алоқалар олиб бориш имкониятлари бу мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни кенгайтирди. Бу ўринда, биринчи навбатда, Саудия Арабистони билан алоқаларни айтиб ўтиш ўринлидир. Шунингдек, Ўзбекистон 1992 йил 6 февралда Туркия, Покистон, Эрон томонидан тузилган иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиб кирди ва 1992 йил Эрон, Туркия, Покистон, Туркманистон, Қозоғистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан имзоланган “Транс-Осиё” темир йўл алоқасини тиклаш мақсадида Тажан-Серахс-Машҳад йўли қурилиши ҳақидаги битимда фаол иштирок этди. Бу Ўзбекистон учун денгиз йўллари, халқаро транспорт тармоғи, товар ва капитал халқаро бозорига чиқиш имкониятини берди. Араб мамлакатлари билан олиб борилган алоқалар маданий ва диний томондан ҳам узвий боғлиқ бўлди. Бу йўлдаги ҳаракатлар натижасида савдо-сотиқ, туризмни ривожлантириш ва кадрларни ўқитиш имкониятларига йўл очилди.
Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикаси билан ҳам алоқалари кенгайиб бериб, бу икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик бир-бирининг ишига аралашмаслик тамойилига асосланди. Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йил 27 декабрда тан олди ва 1992 йили 2 январда дипломатик алоқалар ўрнатди. 1992 йилда икки мамлакат ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгандан кейин иқтисодиёт, савдо, фан ва техника, маданият ва санъат соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадал ривожланиши учун кўпдан-кўп имкониятлар вужудга келди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир неча бор ХХР га қилган давлат ташрифлари хусусан, 1992 йилнинг май ойида, 1994 йилнинг октябрдаги, 1999 йилнинг ноябр ойидаги, 2006 йил июнь ойидаги махсус ташрифлари, ХХР Давлат Кенгаши раиси Ли Пеннинг 1994 йил апрелидаги, ХХР ҳукумати раисининг муовини Ху Цзин Таонинг 1995 йил октябрдаги, ХХР раиси Цзянь Цзе Миннинг 1996 йил июнидаги Тошкентга қилган Махсус ташрифлари натижасида икки мамлакат ўртасида сиёсий, иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ҳамкорликлар, Хитой инвестицияси билан ишлаётган корхоналар, шу жумладан, қўшма корхоналар кўпайиб бормоқда. Икки давлат ўртасида ташриф, олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда. Хусусан, 1977 йили Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетида Хитой тили бўлими очилган эди. 2004 йили икки давлат Тошкентда институт очишга келишган эди, натижада 2005 йили Конфуссий номидаги Хитой Институти очилди. Ўзаро маданий алоқаларда фан, маданият, санъат аҳлининг ўзаро фойдали ҳамкорлигини кучайтириш борасида ҳам турли-туман тадбирлар амалга оширилди. Тошкент ва Самарқандда ўтказиладиган халқаро кино ҳамда мусиқа анжуманларида икки давлат маданият арбобларининг иштирок этиб бориши ҳам фикримизнинг далилидир. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ХХРга 2005 йилнинг июнь ойидаги ташрифи икки давлат ўртасида муносабатларнинг янги, юқори босқичини очди. И.Каримов ва ХХР раиси Ху Цзин Тао ўртасида Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикасида стратегик шерикчилик тўғрисида битим имзоланди. Ўзбекистонда энергетика-ёқилғи саноатини ривожлантириш, халқаро терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш тўғрисида тузилган битимлар алоҳида аҳамият касб этади.
Президентимизнинг жаҳондаги турли мамлакатларга ташрифи Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, Президентнинг Япония, АҚШга ташрифи давомида бу мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳал этилди. Бу ўринда АҚШ билан бўлаётган ўзаро алоқаларга тўхтаб ўтмоқ жоиз. Дунёнинг етакчи давлати, жуда катта сиёсий, иқтисодий, ҳарбий-техникавий, интеллектуал салоҳиятга эга бўлган АҚШ билан ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳам икки давлат учун муҳим бўлган йўналишлардаги муносабатлар изчиллик билан ривожланди. Ўзбекистон раҳбариятининг 1995 йил АҚШ вице-президенти Альберт Гор билан учрашуви давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли алоқалар ривожига ҳамда МДҲдаги хавфсизликка дахлдор масалалар ҳал этилди. Айни пайтда, АҚШ Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги етакчилик ролини тан олиб, республикамиз билан терроризм, наркобизнесга қарши кураш, минтақавий хавфсизлик ва И.Каримовнинг АҚШга ташрифи чоғида муҳокама этилган бошқа масалалар соҳасида тенг ҳуқуқли ҳамкорликни ривожлантириш ниятида эканлигини маълум қилди.
Ўзбекистон раҳбарининг 1996 йил июнь 2002 йил март ойида АҚШга қилган етти кунлик ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатида ўзига хос ўрин тутади. Мазкур ташриф давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш, Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизлик масалаларига оид фикрлар юритилди. Сиёсий жиҳатдан ушбу ташрифнинг аҳамияти шундан иборат бўлдики, Ўзбекистон раҳбарияти АҚШда камдан-кам қўлланадиган удум - мукаммал аскарий ташрифот билан кутиб олинди.
Ҳеч бир мамлакат иқтисодий ҳамкорликсиз ривожлана олмаслигини ҳозирги кун воқеалиги исботлаб турибди. Ўзбекистон раҳбариятининг бу вазиятга чуқур ёндашиши орқали ташқи иқтисодий алоқаларда Республикамиз иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб этишга катта аҳамият берилди. Иқтисодиётга хорижий сармояларни жалб этишда Ўзбекистон қуйидаги тамойилларга амал қилади:
-ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш;
-Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий сармоядорларни кенг жалб қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий ижтимоий, иқтисодий шарт-шароитлар яратиш, ташкилотлар ва муассасалар тузиш;
-илғор технологиянинг кириб келиши, хўжалик таркибини замонавийлашишига кўмаклашадиган хорижий сармояларга нисбатан “очиқ эшиклар” сиёсатини ўтказиш;
-республика мустақиллигини таъминлайдиган ўта муҳим соҳаларни ишлаб чиқариш воситалари билан таъминлаш ҳамда рақобат - бардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратиш.
Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва бу алоқаларни эркинлаштиришни ҳуқуқий жиҳатдан таъминловда қонунларнинг аҳамияти катта бўлди. “Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида”, “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги ва “Хорижий инвесторлар ва инвестицияларга кафолат бериш тўғрисида”ги, “Банкротлик тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар шулар жумласига киради. Шу қаторда бу республика чет эл инвестицияларини ишончли суғурта билан ҳимоялашни ҳам таъминлади. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар ташқи иқтисодий фаолиятни кенгайтириш, халқаро шартномалар тузиш ва уларни бажариш учун шарт-шароитлар яратди. Амалдаги қонунлар чет эллик инвесторлар учун кафолатлар билан бир қаторда, солиқ соҳасида кенг имтиёзлар берди. Биринчи навбатда, Ўзбекистон иқтисодига умумий ҳажми 50 миллион доллардан ортиқ миқдорда қилинадиган инвестициялар бож тўлашдан озод қилинди. Бу инвестицияларнинг давлат инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларда иштироки натижасида етти йил мобайнида фойдадан солиқ тўлашдан ва корхоналар даромадларининг ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ва технология билан қайта жиҳозлашга сарфланадиган қисми ҳам солиқ тўлашдан озод қилинди. Ишлаб чиқарилган товарларни импорт ва экспорт қилиш учун божхона тўловлари анча камайтирилди.
Шу ўринда айтиб ўтмоқ лозимки, чет эллик инвесторларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистонда ихтисослаштирилган ташкилотлар ва муассасалар тармоғи ташкил этилди. Булар қаторида “Ўзбекинвест” Миллий экспорт-импорт суғурта компанияси, чет эл инвестициялари бўйича агентлик, товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси катта аҳамиятга эга бўлди.
Ана шундай яратилган қулай шарт-шароитлар, имкониятлар натижасида Ўзбекистон ҳукумати жаҳондаги нуфузли давлатлар - Германия, XXР, Туркия, Япония, Италия, Бубк Британия билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатди.
Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларда ўз мавқеига эга бўлиб бориши қувонарли ҳолдир. Бу ўринда мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб АҚШ билан ўзаро ҳамкорлик ва иқтисодий алоқаларни кенг миқёсда олиб борилиши хусусида тўхтаб ўтмоқ лозим. Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида имзоланган ўзаро манфаатли шартномалар асосида Ўзбекистонга АҚШнинг сармоялари кириб келди. Бу сармоялар иштирокида республикада қўшма корхоналар ташкил қилиниб, фаолият юритмоқда. Ўзаро тузилган шартномаларга кўра АҚШ Ўзбекистондаги бепоён ер ости ва ер усти бойликларини ўзлаштириш учун катта сармоя маблағларни ажратишни ўз зиммасига олди, натижада республикага Американинг замонавий техникаси кириб келди. Ўзбекистонда Американинг “Ньюмонт-Майнинг” компанияси билан ҳамкорликда олтин қазиб оладиган “Зарафшон-Ньюмонт” қўшма корхонаси қуриб ишга туширилди.
Шунингдек хорижий сармоялар натижасида Ўзбекистонда “СамКучавто”, “УзДЭУавто”, Кўкдумалоқ компрессор станцияси, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қурилди.
Жанубий Корея сармоядорлари билан “ЎзДЭУавто”, “ЎзДЭУ электроникс” ҳиссадорлик бирлашмалари кенг фаолият натижаси ўлароқ Ўзбекистон жаҳондаги автомобиль ишлаб чиқарувчи 28 мамлакат қаторидан ўрин эгаллади ва юқори баҳоларга сазовор бўлди. Бу мамлакат билан ҳамкорликда телефон тармоқлари янгиланди.
Ўзбекистон билан Корея ўртасида бошланган халқаро алоқалар 1992 йилда бошланган бўлиб, у асосий савдо-иқтисодий шерикларидан саналади. 2005 йилга келиб, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 38 фоизга ошган ҳолда Кореянинг Ўзбекистонга киритган сармояси 1,5 миллиард доллардан ошди. Жанубий Корея Республикаси киритган сармоялар билан ишлаётган корхоналар 2006 йилга келиб 138 тага етди. Хусусан, Корея Республикаси томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар миқдори 77 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, бу маблағ телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш, икки юздан зиёд коллежни ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилди.


Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   69   70   71   72   73   74   75   76   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling