Ўзбекистон республикаси президенти


Download 5.26 Mb.
bet29/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   25   26   27   28   29   30   31   32   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Тоҳирийлар давлати. Ҳирот вилоятининг Бушанг шаҳридан бўлган ибн Ҳусайн ўз номидаги сулолага асос солди. Бу даврда Хорун ар-Рашиднинг кичик ўғли Маъмун (асли исми Абдулла бўлган) Хуросоннинг ноиби эди. Амин ва Маъмун ўртасида ҳокимият учун бўлган курашда Тоҳир ибн Ҳусайн Маъмун томонидан туриб Аминга қарши курашди. Айрим манбаларнинг гувоҳлик беришича, 813 йилда Маъмун халифалик маркази Бағдодни эгаллайди ҳамда бир неча йил мобайнида Тоҳир ибн Ҳусайн халифа саройида юқори лавозимларда хизмат қилади. 821 йилда эса Тоҳир ибн-Ҳусайн Хуросонга ноиб этиб тайинланади (ўша даврда Мовароуннаҳр ҳам Хуросон таркибига кирар эди). Тоҳир ибн-Ҳусайн Нишопур шаҳрини ўзининг қароргоҳи этиб танлади. У ўзи ноиблик қилаётган вилоятларни халифаликдан мустақил бошқаришни орзу қилар эди. Натижада Тоҳир халифаликдан мустақил сиёсат юргизишга ҳаракат қилди. Ноибликка ўтиргандан сўнг орадан кўп ўтмай Тоҳир хутба намозидан халифанинг номини чиқариб ташлайди. Бу эса унинг халифа Маъмунга қарши очиқдан-очиқ исёни белгиси эди.
Баъзи манбаларда қайд этилишича, 822 йилда Тоҳир ибн Ҳусайн Маъмун одамлари томонидан ўлдирилди. Унинг ўрнига Талха ибн Тоҳир (822-830 й.) ноиб этиб тайинланди. Бунинг сабаби шунда эдики, халифалик айнан маҳаллий ҳукмдорларнинг кучидан арабларга қарши қўзғолонларни бостиришда фойдаланар эди. Хуросон ноибининг муҳим вазифаларидан бири эса ўзига қарашли ҳудудларда вилоят ҳокимларини сайлаш бўлган. Хусусан, Тоҳир дастлабки сомонийлар вакилларини Самарқанд, Уструшона, Фарғона ва Шошга ҳоким қилиб тайинлаган.
Талхадан кейин тахтга ўтирган Абдуллоҳ ибн Тоҳир ўзигача бўлган ноиблар сиёсатини давом эттирди. Бу даврда Хуросон ноиблигига Мовароуннаҳр, Хоразм, Сейистон, Кўҳистон, Табаристон ва Журжон ҳудудлари кирган. Ҳар бир вилоят бир неча маъмурий бирликларга бўлинган. Бу бирликлар катта ва кичик туманлардан иборат бўлган. Абдуллоҳ ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида айрим ҳарбий ислоҳотлар ўтказган эди. Бундан ташқари Тоҳирийлар юритган сиёсатнинг хусусиятларидан яна бири, уларнинг исломлаштириш сиёсати эди. Айрим маълумотларга кўра, Тоҳирийлар даврида Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларида ислом дини тарқалади.
Тоҳирийлар давлат бошқарувида турли тоифа ва қатламлар мавжуд эди. Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, Тоҳирийлар қишлоқ хўжалигини ривожлантириш мақсадида ер-сув масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Шу соҳа билан шуғулланувчи қонуншунослар “Китоб алкуний” номли қонунлар тўпламини туздилар. Бу тўплам ердан унумли фойдаланиш ва суғориш тизими масалаларига қаратилган эди.
IX асрнинг 60-70 йилларидан эътиборан тоҳирий ҳукмдорларга қарши халқ ҳаракатлари кучайди. Бу ҳаракатга Ғозийлар бошчилик қилдилар. (“Ғозийлар” асосан кўчманчи қабилалар ҳужумини бартараф қилиш мақсадида камбағал ҳунармандлар ва ерсиз зироатчилардан ташкил топган қуролли қўшин). Ғозийлар ҳаракатини ака-ука Ёқуб ва Амр бинни Лайс бошқардилар. Улар дастлаб Сейистонда ҳокимиятни қўлга олгач, 873 йилда тоҳирийларнинг қўшинларига катта зарба бериб, Хуросон пойтахти Нишопурни эгалладилар. Шу даврдан эътиборан тоҳирийлар сулоласи барҳам топди ва Хуросонда ҳокимият Саффорийлар (мисгарлар, Ёқуб ва Амр асли ҳунарманд-мисгар-”саффор” эдилар.) қўлига ўтиб кетди. Расмий жиҳатдан Хуросон ва Мовароуннаҳр устидан ҳукмронлик қилиб турган тоҳирийлар сулоласининг инқирозга учраганлиги Мовароуннаҳрдаги маҳаллий ҳокимларнинг ўлкани тўла мустақиллигини таъминлаш сари ҳаракатлари учун қулай имкониятлар яратиб берди. Энди бу даврда сомонийлар сиёсий майдондаги курашда эркин ҳаракат қила бошладилар ва улар Мовароуннаҳрда марказлашган бир бутун давлат барпо қилишга киришдилар. Бирлаштириш ғоясини шаҳарликлар ҳам, деҳқонлар ҳам қўллаб-қувватладилар. Чунки бирлашган ва марказлашган ягона ва қудратли давлатгина кўчманчи қабилаларнинг ҳужумини даф қила олиши мумкинлигини улар яхши билар эдилар. Марказлашган ягона ҳамда қудратли давлат кучли ҳарбий куч яратиш имкониятини берарди.
Сомонийлар давлати.Бу давлатга Сомон қишлоғи (Балх яқинида, баъзи манбаларда эса, - Термиз яқинида) оқсоқоли Сомонхудотнинг авлодлари асос солган. Халифа Маъмунга бўлган садоқатлари эвазига 819-820 йилларда Сомонхудотнинг набиралари Нуҳ Самарқандга, Аҳмад Фарғонага, Яҳё Чоч ва Уструшонага, Илёс Ҳиротга ҳоким этиб тайинландилар.
839-840-йилларда Нуҳ ибн Асад Исфижоб вилоятини босиб олди ва уни мустаҳкамлади. У Сўғднинг бир қисми ва Фарғонага ҳоким бўлиб олди. Лекин сомонийлар давлатини бунёд этишда Аҳмаднинг ҳиссаси кўпроқ бўлди. Унинг Наср, Яъқуб, Яҳё, Асад, Исмоил, Исҳоқ ва Ҳомид исмли ўғиллари бор эди. Нуҳ ибн Асад 842 йили вафот этгач, Самарқандни укалари Аҳмад ва Яҳё бошқарди, кейин ҳокимлик Наср (865-892) қўлига ўтди. 859-йилда Яҳё ибн Асад вафот этгач, Чоч ва Уструшона Аҳмаднинг иккинчи ўғли Яъқубга насиб этди. Кейин ташаббус Исмоил ибн Аҳмад қўлига ўтди. Бухорода тоҳирийлар мавқеи суст эди. 874 йилда Ҳусайн ибн Тоҳир Хоразм шаҳарларини талаётган бир пайтда Бухоро зодагонлари илтимоси билан Наср Бухорога Исмоил ибн Аҳмад (849-892)ни ҳоким қилиб жўнатади.
Наср Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузишга киришди. Халқ бу ишда унга хайрхоҳ эди. 875 йилда у Шовга (Туркистон яқинида)ни қўлга киритди. Халифа Муътамиддан Мовароуннаҳрни бошқариш учун ёрлиқ олишга муваффақ бўлди. Бу пайтда Бухорода кучайиб кетган Исмоил акасига тобеъ бўлишни истамади. 888 йили икки ўртадаги жангда Наср енгилди. 892 йилда Наср вафот этгач, Исмоил Мовароуннаҳрнинг ягона ҳукмдори бўлиб қолди (892-907). 893 йилда у Тарозни, сўнг Уструшонани қўлга киритди.
Мустаҳкамланиб бораётган Сомонийлар давлатини заифлаштириш мақсадида Араб халифаси 898 йилда Мовароуннаҳр ҳокимлигидан Исмоилни тушириб унинг ўрнига саффорийлар сулоласидан Амр ибн Лайсни ҳоким этиб тайинлаш ҳақида ёрлиқ жўнатади. Исмоил 899 ва 900 йиллардаги ҳарбий тўқнашувларда Амр ибн Лайс бошлиқ саффорийлар қўшинларини тор-мор келтирди. Халифа Исмоил ибн Аҳмадни ҳоким сифатида тан олишга мажбур бўлди.
Сомонийлар Мовароуннаҳр ва Хуросонда мустақил давлат тузиш учун авваламбор, кучли марказлашган ҳокимият тузиш кераклигини яхши тушунишган. Бу айниқса Исмоил Сомоний ҳукмронлиги даврида куннинг долзарб масаласига айланди. Чунки Исмоил Сомоний Мовароуннаҳр ва Хуросонни бирлаштиришга ва ягона марказлашган давлат тузишга муваффақ бўлди. Энди бу давлатни идора қилиш лозим эди. Шунинг учун Исмоил бир қанча ислоҳотлар ўтказди. Мана шундай ислоҳотлардан бири давлатни бошқариш маъмуриятини жорий қилиш бўлди. Бу ислоҳотга биноан давлатни идора қилиш саройи (даргоҳ) ва 10 та девон (ҳарбий -фуқаро маҳкамалари) ташкил этилди. Исмоил Сомоний давлатнинг мажмуини ташкил этишда Сосонийлар эрон ва Араб халифалигида қабул қилинган тажрибалардан фойдаланди ва уни замон талабига қараб мукаммаллаштирди.
Ҳокимиятнинг энг юқори поғонасида сомонийлар туриб, улар амир унвони билан давлатни идора қилганлар. Давлат мажмуини мустаҳкамлашда, Наср II Сомонийнинг маърифатли вазирлари Абуабдулло Муҳаммад Жайҳоний ва Абуфазл Муҳаммад Баламийларнинг хизматлари катта бўлган. Умуман, Сомонийлар ҳукмдорлиги даврида вазирлик мансабига асосан шу икки сулола вакиллари тайинланган. Давлат мажмуини даргоҳ ва девонларга бўлиниши маълум даражада расмий бўлган. Чунки саройнинг нуфузли кишилари кўп холларда девонларнинг ишларига аралашиб турганлар. Саройда сиёсий ҳокимият “Соҳиби хорас” қўли остида бўлган. Соҳиби Хорас Амирнинг фармонлари бажарилишини назорат қилган. Саройда Шарбатдорлар, Дастурхончилар, Таштадорлар, Отбоқарлар, хўжалик беклари каби турли хизматчилар бўлган. Саройдаги ҳамма хўжалик ишларини “вакил” бошқарган. Вакил саройдаги эътиборли кишилардан бири ҳисобланган. Наршахийнинг ёзишича, Наср II Сомоний ҳукмронлиги даврида ўн девонга Бухоро регистонида ўнта махсус бино қурилган.
Девонлар орасида вазир ёки “хўжа бузург” девони алоҳида ўрин тутган. Бу девонга бошқа ҳамма девонлар бўйсунган. У ҳамма маъмурий, сиёсий ва хўжалик маҳкамаларини назорат қилган.
Давлатни идора этишда “мустауфий девон” ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган. Бу девон давлатнинг бутун молия ишларини бошқарган ва назорат қилган. Девон хазинадор томонидан бошқарилган.
“Девон Амир-ал-мулк” ёки “ал-расаи” давлат аҳамиятига молик бўлган расмий ҳужжатларни тузиш билан шуғулланган. Бундан ташқари бу девон чет давлатлар билан бўладиган муносабатларни ҳам бошқарган.
“Соҳиб аш-шурат” девони давлатнинг бутун ҳарбий ишларини, шу жумладан амирнинг шахсий қўшинини бошқарган. “Соҳиб аш-шурат”нинг махсус ёрдамчиси-Арис бўлган. У маҳкама ва унинг бошлиғи амир қўшини хазинаси билан шуғулланган. Қўшимча бир йилда тўрт марта маош тўлаган. Давлатни идора этишда “соҳиб ал-борид” девонининг аҳамияти ҳам жуда катта бўлган. Бу девон давлат аҳамиятига молик бўлган ҳужжатларни ва хабарларни етказиш билан шуғулланган. Девоннинг ҳамма шаҳар ва вилоятларда маҳаллий маҳкамалари бўлган.
“Мухтасиба” девони бозорларни, сотувчиларни, қадоқбошларнинг оғирлиги, бозордаги молларнинг нархини, сифатини назорат қилган.
Давлат хазинасининг даромадларини ва харажатларини “мушриф” девони назорат қилган. Бундан ташқари “қози аз-зия” ва “вақф“ девонлари бўлган. “Қози аз зия” девони давлат ерларини, “вақф” девони ҳадя этилган ерларни ва мусулмон руҳонийларининг бошқа мол-мулкларини назорат қилишган.
Девонларнинг айтарли ҳаммасини вилоятларда бошқармалари бўлган. Девонларнинг вилоятлардаги бошқармалари бир томондан ўз девонларига, иккинчи томондан вилоят ҳокимига бўйсунишган. Бундан фақат “Соҳиб ал-борид” девонининг амалдорлари мустасно бўлган.
Вилоят ва туманлар амир томонидан тайинланган ҳокимлар томонидан идора қилинган. Одатда бундай лавозимга маҳаллий бой зодагонлар тавсия этилган. Сомонийлар давлатида мусулмон руҳонийларнинг таъсири ниҳоятда кучли бўлган. Улар марказий ҳокимият ишларида ҳам фаол иштирок этганлар. Сомонийлар давлатининг диний ҳаётида ҳанафийлар мазҳаблигига мансуб руҳонийлар ҳамма диний лавозимларни ўз қўлларига олишган. Руҳонийларнинг бошлиғи “устод”, кейинчалик “Шайх ул-ислом” деб аталган. “Устод” дан сўнг ўз лавозими бўйича руҳонийлар орасида “хатиб” турган. У жомеъ масжидларида жума намозида хутба ўқиш ҳуқуқига эга бўлган. Бу даврда Бухоро Шарқдаги ислом оламининг энг нуфузли марказларидан бирига айланади. Мовароуннаҳрдаги дастлабки мадрасаларнинг бу ерда барпо этилиши ҳам бежиз эмас.
Ер эгалигининг қуйидаги шакллари мавжуд бўлган:
Мулки султоний - шахсан амирга тегишли ер-сув, тегирмон, дўконлар. Бу мулкни қишлоқ чорикорлари ижарага олганлар. Яна ер эгалигининг тўъма (умрбод берилган ер), иқтоъ (меросий) турлари бўлган.
Хусусий шахсларга тегишли мулк: ҳукмдор табақа хонадони, деҳқон-зодагонларга, саййидлар, сипоҳсолор, бадавлат савдогарларга тегишли мулклар ҳисобланган. Шартли ер эгалиги ҳам бўлган.
Вақф мулклари: диний муассасалар ва мадрасаларга тегишли мулк. Бу мулкни муассаса мутаваллиси бошқарган. Жамоа мулки: яйлов, тоғ ёнбағирларидаги лалми ерлар.
Умуман, Сомонийлар даврида Хуросон ва Мовароуннаҳр қишлоқ хўжалигининг турли тармоқлари хусусан, деҳқончилик яхши ривожланган. Сомонийлар даврида деҳқончилик билан бир қаторда ҳунармандчилик ҳам кенг суръатлар билан тарқалган. Шаҳар аҳолисининг кўп қисми ҳунармандчиликнинг турли соҳалари билан машҳур бўлишган. Манбаларда қайд қилинишича, Мовароуннаҳрда, айниқса тўқимачилик яхши тараққий қилган. Бу ерларда ипак ва жундан тайёрланган турли-туман газламалар ўзининг юқори сифатлилиги, бежирим ва нафис нақшлари билан ажралиб турган. Бухоронинг Зандана, Самарқанддаги Ведар ва Сурхондарёдаги Дарзанги тўқимачиларининг маҳсулотлари фақатгина Мовароуннаҳр ва Хуросондагина эмас, балки Ироқ, Эрон ва Ҳиндистонларда ҳам маълум бўлган. Хусусан, Наршахийнинг ёзишича, Занданада тайёрланган газламаларга Шарқ бозорида эҳтиёж жуда катта бўлган. Ибн Хавқал ва Муқаддасийнинг қайд этишича, Ведарда тайёрланган юқори сифатли газламалар аҳолининг юқори табақалари орасида жуда қадрланган. Бу газламалардан асосан амирлар, вазирлар, турли амалдорлар, қозилар ўзларига либослар тиктирганлар. Ведар газламаси ҳатто Хуросон парчаси ҳам деб аталган. Газламаларнинг турли навлари бундан ташқари Кешда, Насафда, Дабусияда ва кўпгина бошқа шаҳарларда ҳам тайёрланган.
Кулолчилик ҳам Сомонийлар даврида ўз тараққиётининг энг юқори босқичларига кўтарилган. Кулолчилик чархини янада мукаммалланиши натижасида идишларни безашда сирлардан фойдаланишни кашф этилиши бу борада катта ютуқ бўлди. Бу даврда шишасозлик ҳам кенг ривожланган. Ўрта Осиё шишасозлари турли шаклдаги катта-кичик шиша идишларни тайёрлаганлар.
Сомонийлар даврида металлургия соҳасида ҳам катта ютуқлар қўлга киритилган. Ёзма манбалар ва олиб борилган археологик қазиш ишларга қараганда бу даврда кон саноати тараққиётида катта ўзгаришлар рўй берган. Бу даврда Бадахшонда кумуш, олтин, биллур, ложувард каби қимматбаҳо металл ва тошлар қазиб олиш давом этган. Уструшонанинг Минк туманида катта миқдорда темир рудаси, Буттамда олтин, кумуш, мис ва бошқа металлар, Тузкон кўлида туз, Фарғонадаги Нокад деган жойдан олтин, кумуш, Исфара яқинида тошкўмир қазиб олинган. Фарғонада нефть ҳам борлиги ёзма манбаларда қайд қилинган.
Ўрта Осиёда сомонийлар даврида қоғоз ишлаб чиқариш ҳам яхши ривожланган. Қоғоз ишлаб чиқариш бўйича энг йирик марказ Самарқанд бўлиб, ундаги қоғозларнинг маҳсулоти фақат ўрта Осиё ёки Шарқда эмас, балки Европада ҳам машҳур бўлган. Самарқанд қоғозининг олти нави манбаларда қайд қилинган.
Юқорида қайд қилинган ҳунармандчилик турларидан ташқари сомонийлар даврида Ўрта Осиёда тоштарошлик, заргарлик, дурадгорлик каби соҳалар анча ривож топган. Сомонийлар даврида кучли ва мустақил давлатниг пайдо бўлиши деҳқончилик, ҳунармандчиликнинг ривожланиши, шаҳарларнинг тараққиёти ўз навбатида ички ва ташқи савдони янада узвийлашувига ва тараққиётига олиб келди. Аввало, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги савдо кенгайди. Иккинчи томондан шаҳар ва қишлоқларни қўшни кўчманчи халқлар ва бошқа давлатлар билан алоқаси ривожланди.
Ўрта Осиёлик савдогарлар ўз молларини араб халифалиги таркибига кирган давлатларга, Кавказга, Хазар ва Булғорияга, Хитой ва Ҳиндистонга олиб бориб сотганлар. Ўрта Осиёдан Хитой билан Ўрта Ер денгизини бирлаштирувчи ва Жануби-Шарқий Европага олиб борувчи карвон йўллари ўтган. Айниқса, Ўрта Ер денгизи билан боғловчи карвон йўли анча гавжум бўлган. Бу йўл Бағдод, Ҳамадон, Нишопур, Марв, Амул, Бухоро, Насаф, Кеш, Самарқанд, Уструшона, Чоч, Боласоғун орқали Хитойга олиб борган. Хитойга Ўрта Осиёдан отлар ва шиша буюмлар олиб борилган. Хитойдан эса турли-туман ипак газламалар келтирилган. Хазар, Булғор ва Русь ерларига Ўрта Осиёдан қуруқ мевалар, турли-туман газламалар, гуруч ва кумуш чиқарилган. Ўз навбатида Жануби-Шарқий Европадан Ўрта Осиёга мўйна, мис, тери, қорамол, қуллар келтирилган. Жануби-Шарқий Европа билан бўлган савдо алоқаларида хоразмлик савдогарларнинг ўрни катта бўлган.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   25   26   27   28   29   30   31   32   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling