Ўзбекистон республикаси президенти


Мил. авв. XII-IV минг йилликларда Ўрта Осиё


Download 5.26 Mb.
bet3/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Мил. авв. XII-IV минг йилликларда Ўрта Осиё

Тош асрининг кейинги ривожланиш даври фанда мезолит (ўрта тош) асри, Ўрта Осиёда нисбий тарзда мил. авв. 12-7 минг йилликлар деб қабул қилинган. Мезолит-одамларнинг ер юзи бўйлаб кенг тарқалиш даври бўлиб, улар шимол томонга ҳам, Помир каби баланд тоғли ҳудудларга ҳам тарқала бошлайдилар. Каспий бўйларидан Тяншань - Помиргача, Марказий Қозоғистондан Копеттоғ этакларигача бўлган ҳудудлардан мезолит даври ёдгорликларининг намуналари топиб ўрганилган. Мачай (Сурхондарё), Обишир (Фарғона водийси), Марказий Фарғона, Бўзсув, Қўшилиш (Тошкент), Айдабол, Жайронқудуқ (Устюрт), Ошхона, Чилчорчашма (Тожикистон), Дараи шўр (Вахш воҳаси) кабилар шулар жумласидандир.


Мезолит даврига келиб ер юзидаги улкан музликнинг яна шимолга томон силжиши натижасида иқлим барқарорлашиб ҳозирги даврдагига анча ўхшаб қолган эди. Бунинг натижасида Ўрта Осиё ҳайвонот олами ва ўсимликлар дунёсида анча ўзгаришлар содир бўлди. Бу ўзгаришлар мезолит даври кишиларининг ҳаётида ҳам ўзгаришлар содир бўлишига сабаб бўлди.
Бу даврга келиб кишилар нисбатан нозикроқ қуроллар тайёрлашни ўзлаштира бошладилар. Хусусан, жанубий ўлкаларда, шунингдек, Ўрта Осиёда турли геометрик шаклдаги майда қуролчалар-микролитлар пайдо бўлиб, улар учун суяк ва ёғоч дастачалардан қадама сифатида фойдаланилган. Ундан ташқари бу даврда инсоният ўз тарихидаги дастлабки мураккаб мослама - ўқ-ёйни кашф этди. Натижада чопқир, кичик туёқли ҳайвонлар ва паррандаларни ов қилиш имконияти пайдо бўлди.
Бу даврнинг энг катта ютуқларидан яна бири ёввойи ҳайвонлар -ит, қўй, эчки кабиларнинг қўлга ўргатила бошланиб, хонакилаштирилишидир. Археологик тадқиқотлар натижаларига қараганда мезолит даврига келиб, Олд, Яқин ва Ўрта Осиёнинг баъзи жойларида термачиликдан ёввойи ўсимликларни хонакилаштиришга ҳамда овчиликдан чорвачиликка ўтиш даври бошланади. Бу жараён илғор, унумдор ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиш даражаси ва табиий-географик иқлим билан бевосита боғлиқ эди.
Мезолит даврининг машҳур ёдгорликлари Сурхон воҳасидаги Мачай (Бойсун) ғор макони, Фарғона водийсидаги Обишир ғор макони ва бошқалардир. Кейинги 30-35 йил ичида Марказий Фарғона ҳудудларидан Шўркўл, Аччиқкўл, Янгиқадам, Бекобод, Замбар, Тойпоқкўл каби 80га яқин мезолит даври ёдгорликлари аниқланди. Уларнинг кўпчилиги кўл ёқаларидан топилган бўлиб, афтидан бу жойлар мезолит даври кишиларининг яшашлари учун кўпгина қулайликларга эга бўлган.
Ўрта Осиё тарихида неолит даврининг (янги тош асри) юқори чегараси мил.авв.VI-қуйи чегараси IV-III минг йилликлар билан белгиланади. Бу давр Ўрта Осиёда учта: Жойтун, Калтаминор ва Ҳисор маданиятларининг ривожланиши билан изоҳланади. Неолит даври қабилалари аксарият ҳолларда дарё соҳиллари ва тармоқлари ёқасида, кўл бўйларида яшаб, табиий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда балиқчилик ва овчилик ёки деҳқончилик ва чорвачилик, айни вақтда қисман ҳунармандчилик билан шуғулланганлар.
Жойтун маданияти Жанубий Туркманистонда, Ашгабат шаҳридан 25 км шимолдаги Жойтун манзилгоҳидан топилган бўлиб, бу маданият қолдиқлари нафақат Туркманистон, балки бутун Ўрта Осиёда машҳурдир. Жойтун қишлоғи бир неча уйлардан ташкил топган бўлиб, уй деворлари сомон аралаштирилган пахсадан қурилган. Уйлар тўғри тўртбурчак бўлиб, бир хоналик ва ҳар бир хонада алоҳида ўчоқ излари топилган. Уйлар ёнида эса омборхона, сарой ва хўжалик ўралари ҳам бор. Тадқиқотчилар фикрларига қараганда Жойтунда 30 га яқин уй бўлиб унда 130-150 киши яшаган, 5-6 кишилик оила яшаган уйларда она уруғи ҳукмрон бўлган. Уйлардан аёлларнинг лой ва тошдан ясалган ҳайкалчалари, шунингдек, ҳар хил тақинчоқ ва безаклар, буғдой, арпа излари, ёрма тош, тош болталар, парракчалар, қурол сифатида ишлатиладиган ўткир учли тошлар, тешгич парчалар, қирғичлар, камон ўқларининг учлари-пойконлар топилган. Жойтун маконидан қўлда ишланган сопол идишлар намуналари ҳам топилган бўлиб, улар Ўрта Осиёдаги дастлабки сопол намуналаридир. Жойтун қишлоғи аҳолиси мил. авв. VI-V минг йилликларда яшаб асосан деҳқончилик, чорвачилик, қисман эса овчилик билан шуғулланганлар. Жойтунда Ўрта Осиёдаги дастлабки деҳқончилик маданияти ривожланади ва бу макон ҳозирча минтақадаги дастлабки деҳқончилик қишлоғи ҳисобланади.
Калтаминор маданиятига оид маконлар дастлаб Амударё этаклари ва Хоразм ҳудудидан топилган бўлиб булар орасида Хоразмдаги Жонбосқалъа макони диққатга сазовордир. Бу ерни қазиш пайтида чайла ва ярим ертўла шаклидаги макон очилган. Бу макон ёғоч устун, синчлар билан кўтарилган. Устига кўндаланг ёғочлар ташланиб, усти қамиш билан беркитилган. Чайла ўртасидан катта марказий ўчоқ қолдиғи, атрофида майда ўчоқ қолдиқлари аниқланган. Макондан найза пойконлар, камон ўқларининг учлари ва бошқа тош қуроллар топилган. Шунингдек, маданий қатламлардан балиқ, ёввойи чўчқа, қирғовул суяклари ва жийда данаклари ҳам топилган. Топилмалар орасида сопол идиш намуналари ҳам бўлиб, тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда улар мил. авв. V-IV минг йилликларга оиддир.
Калтаминор маданиятига оид ёдгорликлар Қуйи Зарафшон ва Қашқадарё этакларидаги Дарвозақир, Катта ва Кичик Тузкон, Қоронғишўр, Пойкент маконларидир. Бу маконлардан топилган тош қуроллар ва сопол буюмлар ҳамда бошқа ашёларни ўрганиш, таҳлил этиш, Яқин Шарқ, Қозоғистон, Урал ва бошқа жойлардан топилган неолит даври ашёлари билан қиёслаш натижасида тадқиқотчилар юқорида эслатилган маконлар Калтаминор маданиятига мансуб бўлиб мил. авв. IV-III минг йилликларга оид деган хулосага келдилар. Бу маконларда яшаган неолит даври одамлари термачилик, жайрон, ёввойи чўчқа, буғу ва бошқа ҳайвонлар ҳамда балиқ овлаб кун кечиришган.
Сўнгги йилларда Ўрта Осиёнинг шарқий ҳудудларидан, Ҳисор-Помир тоғларидан кўплаб неолит даври ёдгорликлари очилди ва ўрганилди. Бу ўзига хос маданият фанда Ҳисор маданияти деган ном олди. Асосан тоғолди ва тоғликларга хос бўлган Ҳисор маданиятига мансуб ёдгорликлар 200 дан зиёд бўлиб Тутқовул, Сойсайёд, Қуйи Булён, Дараи Шўр, Газиёнтепа кабилар шулар жумласидандир. Ҳисор маданиятига мансуб ёдгорликлар асосан мил. авв. V-III минг йилликларга оиддир.
Ҳисор маданияти соҳиблари сопол идишлар ясаб, асосан чорвачилик, овчилик, қисман термачилик билан шуғулланганлар. Ҳисор маконларидан топилган турли-туман топилмалар ушбу жараёнлардан далолат беради.
Демак, Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларидан - шимолдаги Устюртдан, Марказий ва Жанубий Қозоғистондан, Қизилқум ва Қорақумдан, Қашқадарё ва Зарафшон воҳалари, Тошкент воҳаси ва Фарғона водийсидан кўплаб неолит даври маконлари очилган.
Неолит даврига келиб, мезолитнинг сўнгги босқичларида кашф этилган тош болталар анча кенг тарқалади. Меҳнат қуроллари такомиллашади. Энг қадимги даврнинг дастлабки даврида қўлга киритилган барча ютуқлар бу даврга келиб якунланади.
Неолит даврида қадимги аждодларимиз лойдан идишлар ясаб уларни оловда пишириш йўли билан кулолчиликка асос солдилар. Шунингдек, ип йигириш асосида тўқимачиликни кашф этдилар. Одамлар ёғоч ва қамишдан қайиқ ясаб (қайиқсозлик) сувда сузишни ҳам ўзлаштирдилар. Хуллас, неолит даври ютуқларга бой бўлиб, ўзидан илгариги даврларга нисбатан юксак ривожланиш даври бўлди.
Тадқиқотлар натижаларига қараганда тош ва бронза даврлари ўртасида мис-тош (энеолит) даври бўлганлиги аниқланган. Бу давр металл қуролларнинг барчаси бронзадан қилинмай соф мисдан ясалганлиги маълум. Ўрта Осиёда энеолит даври нисбий тарзда мил. авв. IV минг йилликнинг охири - III минг йилликнинг бошларини ўз ичига олади. Бу даврда мис ўзининг кимёвий хоссалари (тез эрувчанлик, эгилувчанлик) туфайли хўжалик ҳаётда устунлик қила олмади. Ишлаб чиқаришда аввалгидек тош қуроллар асосий ўринда бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам бу давр мис-тош асри деб юритилади.
Ўрта Осиё ҳудудларида қуйидаги янги тарихий-маданий жараёнлар энеолит даври билан боғлиқдир:

  1. Хўжаликнинг бошқа ҳамма турларига қараганда ҳайдама деҳқончиликнинг устунлик қилиши;

  2. Тошдан ишланган қуроллар кўп бўлган ҳолда мис қуролларнинг пайдо бўлиши;

  3. Катта-катта жамоаларнинг пахсадан ва хом ғиштдан тикланган катта-катта уйлари;

  4. Кулолчиликда муҳим техника ютуғи - хумдонларнинг ишлатилиши;

  5. Ўтроқчилик хўжалигининг ривожланиши, жамоа бирлашмаларининг уйлари ва қурилишида хом ғиштнинг пайдо бўлиши;

  6. Турли ҳайвонларнинг лойдан ясалган ва она уруғи тузумига (матриархатга) хос ҳайкалчалари;

  7. Рангдор сопол буюмлар, яъни турли тасвирлар ишланган сопол буюмларнинг мавжудлиги.

Энеолит даврига оид муҳим ёдгорликлар Жанубий Туркманистондаги Анов ва Номозгоҳтепа ҳудудларида аниқланган. Бу ердаги уй-жойлар хом ғиштдан қурилган. Моддий топилмалар орасида мис қуроллар тош қуролларга нисбатан камчиликни ташкил этади. Шунингдек, бу маконлардан топилган мил.авв. IV минг йилликка оид сирти қора бўёқда геометрик чизиқлар ва ҳайвон ёки қуш расмлари билан безатилган гулдор сопол буюмлар кулолчиликнинг ҳам анча ривожланганлигидан далолат беради.
Ўзбекистон ҳудудларида энеолит даври ёдгорликлари ҳозирча яхши ўрганилмаган. Мил. авв. IV-III минг йиллик бошларида Амударё ва Зарафшон қуйи оқимларида Калтаминор маданияти тош қуроллари, сопол идишлари ва уй-жойлари кенг тарқалаган. Ўрта Осиёнинг шимоли-шарқ даштларида ва Орол денгизи соҳилларида овчилик, балиқчилик ва илк чорвачилик хўжаликлари ривожланади. Бухоро воҳасидаги Лавлакон, Бешбулоқ маконлари ва Замонбобо қабристонининг энг пастки қатламлари энеолит даврига оиддир. Бу ёдгорликлардан сўнгги Калтаминор топилмаларига ўхшаш сопол идишлар бўлаклари ва чақмоқтош билан бирга мисдан ясалган игналар ва мунчоқлар ҳам топилган.
Юқори Зарафшоннинг Панжикент шаҳридан 15 км ғарбда жойлашган Саразм қишлоғи харобаси энеолит даври деҳқончилик қабилаларининг Ўрта Осиёни шимоли-шарқига ёйилганидан далолат бериб, қадимги деҳқончилик аҳолисининг деҳқончилик чегараларини ҳам кўрсатади. Саразмдан уй-жой ва рўзғор-хўжалик иншоотлари қолдиқлари очиб ўрганилган. Бу ерлардан сопол идишлар, металлдан ва тошдан ишланган қуроллар, (жумладан тош кетмонлар) зеб-зийнат буюмлари кўплаб топилган. Саразм моддий топилмаларида Жанубий Туркманистон, Жанубий Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон маданиятларига мансуб буюмлар ҳам бор. Улар энеолит даври қабилалари ўртасидаги кенг маданий ва иқтисодий алоқалардан далолат беради.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling