Ўзбекистон республикаси президенти


Ўзбекистон ҳудудида давлатчиликнинг шаклланиши ва дастлабки тараққиёт босқичлари


Download 5.26 Mb.
bet9/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Ўзбекистон ҳудудида давлатчиликнинг шаклланиши ва дастлабки тараққиёт босқичлари.
Илк давлатчиликнинг асосий омиллари. Дастлабки шаҳарсозлик маданияти
Мавзуни ёритишдан олдин «давлат» тушунчасига изоҳ бериб ўтиш мақсадга мувофиқдир. «Давлат» тушунчасига изоҳ беришда қуйидаги умумлашган ёндошув мавжуд: Давлат – бу муайян ҳудудда олий ҳокимиятни амалга оширувчи, махсус бошқарув ва мажбурлов аппаратига эга бўлган, жамиятдаги барча ижтимоий-сиёсий гуруҳларнинг манфаатларини ифода этувчи, уларни бирлаштириб ва мувофиқлаштириб турувчи сиёсий ташкилотдир.

Давлатнинг асосий белгилари:

  1. Аҳолининг ҳудудий асосга кўра бирлашганлиги.

  2. Суверенитетга эгалиги (ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишдаги мустақиллик).

  3. Махсус бошқарув ва мажбурлов аппаратининг мавжудлиги.

  4. Ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги.

  5. Солиқ тизимига эгалиги.

Маълумки, Ўрта Осиё, умуман Ўзбекистон ҳудудларида дастлабки давлатчиликнинг пайдо бўлиши масалалари тадқиқотчилар орасида ҳамон баҳсларга сабаб бўлиб келмоқда. Турли йилларда давлатчилик, хусусан қадимги Бақтрия давлатчилиги масалалари билан А.А.Асқаров, В.М.Массон, И.М.Дьяконов, Э.В.Ртвеладзе, А.С.Сагдуллаев, Т.Ш. Ширинов, Қадимги Хоразм давлатчилиги масалалари билан С.П.Толстов, М.А.Итина, Б.И.Вайнберг, Ю.А.Рапопорт, М.Мамбетуллаев, қадимги Сўғдиёна давлатчилиги масалалари билан А.С.Сагдуллаев, Р.Х.Сулайманов, М.Х. Исамиддинов, Б.Ж.Эшов, қадимги Фарғона давлатчилиги масалалари билан Ю.А.Заднепровский, Б.Х.Матбобев, А.Анарбоев каби олимлар шуғулланганлар. Бу ўринда ушбу жараёнга асосий туртки бўлиб янада жадаллаштирган омилларни аниқлаш ниҳоятда муҳимдир. Бронза давридаёқ сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик Ўрта Осиё хўжалигининг асосини ташкил этган. Суғорма деҳқончиликнинг юқори унумдор шакллари жамиятда ҳал қилувчи ўзгаришларга олиб келди. Хусусан, деҳқончилик ривожи натижасида қўшимча маҳсулот ва хусусий мулк кўринишлари пайдо бўлди.
Жамият ҳаётида металлнинг кенг ёйилиши ҳам дастлабки давлатчиликнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунга келиб Ўрта Осиёнинг жуда кўплаб бронза ва илк темир даврига оид ёдгорликларидан (Сополли, Жарқўтон, Қизилтепа, Анов, Кўзалиқир, Афросиёб, Даратепа, Чуст, Далварзин ва бошқ.) ишлаб чиқарувчи хўжалик билан бевосита боғлиқ бўлган металл қуроллар топиб ўрганилган. Меҳнат қуролларининг металлдан ишланиши меҳнат унумдорлигининг янада ошишига кенг имкониятлар яратди.
Сўнгги бронза даврига келиб кулолчиликнинг ривожланиши натижасида Сополли, Олтинтепа, Гонур, Жарқўтон, Афросиёб кабиларда кулолчилик маҳаллалари пайдо бўлади. Шунингдек, ҳунармандчиликнинг тошга, металлга, ёғочга, суякка ишлов бериш турлари ҳам кенг тарқалади. Ҳунармандчиликнинг ихтисослашуви, алоҳида хўжалик тармоғи сифатида шаклланиб ривожланиши жамиятдаги иқтисодий тараққиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, давлатчилик пайдо бўлиши учун муҳим бўлган қўшимча маҳсулот кўпайишига туртки бўлди.
Илк давлатларнинг пайдо бўлишида ўзаро айирбошлаш, савдо-сотиқ ва маданий алоқаларнинг ҳам аҳамияти ниҳоятда катта бўлган. Даставвал шуни айтиш жоизки, Ўрта Осиё ҳудудларида яшаган аҳоли қадимги даврлардан бошлаб ўзаро муносабатларни ривожлантириб келганлар. Бронза даврига келиб шимолдаги кўчманчи чорвадор қабилалар ва жанубдаги ўтроқ деҳқончилик аҳолиси ўртасида ўзаро мол айирбошлаш ва маданий алоқалар янада жадаллашади.
Мил авв. III - II минг йиллликларга келиб Ўрта Осиё жамиятида содир бўлган иқтисодий тараққиёт жараёнлари бу ҳудудларда илк шаҳарларнинг пайдо бўлишига имкон яратди. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, илк шаҳарлар пайдо бўлиши дастлабки давлатчилик шаклланишида энг муҳим ва асосий омил бўлиб, бу иккала жараён узвий боғлиқ ҳолда кечган.
Маълумки, мил.авв. II минг йилликка келиб қадимги Ўзбекистоннинг деҳқончилик воҳаларида ўтроқ қабилалар ривожланиб аҳолининг алоҳида жойлашув манзилгоҳларидаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар - ўтроқ деҳқончиликнинг ривожланиши, аҳоли зичлигининг юқори даражаси, ҳунармандчиликнинг тараққий этиши, ижтимоий табақаланиш ва бошқарув тизимининг мураккаблашиб бориши, ўзаро алмашинув, савдо-сотиқ ва маданий алоқаларнинг кучайиши ҳамда ҳарбий-сиёсий вазият Ўзбекистон ҳудудларида дастлабки шаҳарсозликнинг пайдо бўлишида асосий омиллардан ҳисобланади.
Ўлкамиз ҳудудларида дастлабки шаҳар маданиятининг шаклланиши ҳам жамият тараққиётида бўлгани каби узлуксиз тараққиёт йўли билан ривожланган. Бу қонуниятга кўра шаҳарсозлик маданиятининг шаклланиши узоқ ва босқичма-босқич даврларни босиб ўтган. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида тадқиқотчилар қадимги шаҳар харобаларини топиб текширдилар. Кўп сонли археологик топилмаларнинг далолат беришича бу кўҳна шаҳарлар баъзиларининг ёши 2700-3000 йилдан кам эмас. Уларга Афросиёб, Кўктепа (Самарқанд), Қизилтепа (Сурхон воҳаси), Узунқир, Ерқўрғон (Қашқадарё воҳаси) ва бошқалар киради. Бу кўҳна шаҳарлар тарихи ҳозирги Самарқанд (Афросиёб-Марақанда), Китоб-Шаҳрисабз (Узунқир) ёки Қарши (Ерқўрғон) ҳудудларида давом этди.
Ўлкамиз ҳудудларида қадимги шаҳарсозлик маданиятининг асослари қуйидагилардан иборат:

  • аҳолининг ўтроқ деҳқончиликка ўтиши ва кенг воҳалар бўйлаб ёйилиши;

  • ҳунардманчилик ишлаб чиқаришининг ривожланиши натижасида иқтисодий ҳамда маданий алоқалар ва савдо-сотиқнинг тараққий этиши;

  • табиий-географик ҳамда ҳарбий-стратегик шарт-шароитлар.

Олиб борилган тадқиқотлар натижаларига қараганда шаҳар маданияти даставвал Шимолий Бақтрияга (Сурхон воҳаси) кейин эса Сўғдиёна (Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро воҳаси), Хоразм ва Фарғона ҳудудларига тарқалади. Қадимги шаҳарлар тарихий ривожланишдаги урбанистик жараёнда муҳим аҳамиятга эга бўлган жамият тараққиётининг ижтимоий асоси ҳисобланади. Фикримизча, шаҳарлар тарихини ўрганиш жараёнида даставвал энг қадимги шаҳарлар шаклланиши ва ривожланиши; аниқ ҳудудлар ёки вилоятлардаги тарихий-маданий шарт-шароитнинг таъсири; экологик, географик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик муҳитларнинг даражаси ва таъсир доираси; шаҳарларнинг вазифаси; қадимги шаҳар марказларининг тарихий-маданий жараёнлардаги ўрни ва аҳамияти масалаларига кенг эътибор қаратиш лозим.
Кўпчилик тадқиқотлар натижаларини таҳлил этар эканмиз шундай хулосага келиш мумкинки, Ўрта Осиё ҳудудларида дастлабки шаҳарсозлик маданияти мил авв. II минг йилликдаёқ, яъни, бронза давридаёқ шакллана бошлайди. Бу даврда ишлаб чиқарувчи кучларнинг ўсиши натижасида меҳнат унумдорлиги ортиб боради. Натижада турли тарихий вилоятларда жойлашган йирик мустаҳкам манзилгоҳлар ўрни ва атрофларида (Сополли, Жарқўтон, Намозгоҳ, Қизилтепа, Ерқўрғон, Бандихон, Узунқир) дастлабки шаҳар марказлари шаклланиб ривожлана бошлайди.
Хуллас, Ўрта Осиёдаги урбанизация жараёнининг хронологияси ва шакллари нисбатан турлича бўлиб, бу жараён фақат ички табиий-географик ва ижтимоий-сиёсий шароитлар ҳамда қўшни жамоалардаги маданий таъсир билан боғлиқ бўлмасдан, даставвал, Яқин ва Ўрта Шарқдаги (Миср, Месопотамия, Ҳиндистон, Эрон) жаҳон урбанистик марказлари билан ҳам чамбарчас боғлиқ эди.
Ўлкамиз ҳудудларидаги илк шаҳарлар қишлоқлардан иқтисодий, сиёсий ва маданий мавқеси билан ажралиб турган. Бу шаҳарлар асосан аҳолиси суғорма деҳқончилик билан шуғулланган воҳаларда, қадимги савдо йўллари бўйларида, ҳукмдорлар қароргоҳлари атрофларида пайдо бўлган. Бундай шаҳарлар ўзлари жойлашган воҳаларининг сиёсий, иқтисодий, маданий, диний ва ҳарбий марказлари вазифасини бажарган бўлиши шубҳасиздир.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling