Ўзбекистон республикаси президенти


Download 5.26 Mb.
bet12/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Биринчи давр – мил.авв. II минг йилликнинг иккинчи ярми – Ўзбекистон жанубида эмбрионал шаклдаги давлатга ўхшаш тузилманинг қарор топиши. Давлатнинг бундай намунаси Жарқўтонда ўз аксини топган дейиш мумкин.
Иккинчи давр – мил.авв. I минг йилликнинг боши – мил.авв. 539 йил – Бақтрия, Сўғд, Хоразм каби тарихий-маданий вилоятларнинг шаклланиши. Уларда сиёсий ҳокимият тўлишининг шахобчали тизимига эга бўлган давлатнинг илк шаклларини кўриш мумкин. Авесто маълумотлари бунга мисол бўла олади.
Учинчи давр – мил.авв. 539 йил – мил.авв. 330 йил – Аҳамонийлар босқини ва Ўрта Осиёнинг аҳамонийлар давлати таркибига кириши туфайли келиб чиққан маҳаллий давлатчилик ривожланишидаги танаффус.
Тўртинчи давр – мил.авв. IV аср охири – мил.авв. II аср иккинчи ярмининг боши – Александр Македонский босиб олишдан бошлаб эллинлар сиёсий ҳукмронлиги охиригача. Бу даврда маҳаллий давлатчиликнинг тикланиш жараёни юз беради. Мил.авв. IV аср сўнгги чорагида Хоразмда подшолик пайдо бўлган бўлса, III аср охири – II асрда Бухорода, Даванда (Фарғона), Сўғдда алоҳида мулклар шаклланади. Кейинчалик бутун мулкларни бирлаштирган Қанғ давлати шакллана бошлайди.
Бешинчи давр – мил.авв. II асрнинг иккинчи ярми – янги эранинг I асри боши – маҳаллий давлатлар: Қанғ, Хоразм подшолиги, Бухоро, Сўғд, Даваннинг мустаҳкамланиши ва янада ривожланиши, Юечжи давлатининг қарор топиши ва ҳокимиятининг Гандхаргача ёйилиши. Ушбу мулкларда кумуш ва мис тангалар зарб қилиниши, маҳаллий сўғд, хоразм ёзувларининг пайдо бўлиши ривожланган давлатчиликнинг асосий белгилари ҳисобланар эди.
Олтинчи давр – янги эранинг I асри боши – III асри биринчи ярми – антик даврда маҳаллий давлатчиликнинг равнақ топиши. Ўзбекистон жанубининг конфедератив Юечжи давлати асосида пайдо бўлган Кушон империяси таркибига кириши. Чочда янги мулкчиликнинг пайдо бўлиши. Хоразмда Африғийлар сулоласининг ҳокимият тепасига келиши ва бу ерда сулолавий бошқарувнинг анъанавийлашуви.
Кўпчилик тадқиқотчилар Ўрта Осиёда илк давлатларнинг шаклланиш ва ривожланиш жараёнини аҳамонийларгача бўлган даврда деб ҳисоблайдилар ва мил. авв. IX-VII асрлар билан белгилайдилар (М.Дункер, В.Томашек, Ф.Альтхайм, С.П.Толстов, М.М.Дьяконов, И.М.Дьяконов, В.М.Массон, М.Дандамаев, Я.Ғуломов, Б.А.Литвинский, Э.В.Ртвеладзе, И.В.Пьянков, А.С.Сагдуллаев ва бошқалар). Илмий адабиётлар Ўрта Осиёда аҳамонийларгача бўлган даврда мавжуд бўлган қуйидаги давлат уюшмалари ҳақида сўз юритади: 1.Арёшаёна - Ўрта Осиёдаги қадимги вилоятларнинг “даҳиёсасти” уюшмаси; 2. Арёнам Вайжо - бу ҳам Арёшаёнадек, ёки унинг маркази Ария ва Марғиёнада бўлган “Катта Хоразм”, ёки Амударёнинг қуйи оқимидаги Хоразм давлати; 3. Қадимги Бақтрия давлати. 4. Кўчманчи қабилалар конфедерацияси.
Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар ва масалага янгича ёндошув асосида ушбу рўйхатга қадимги Сўғдиёнани ҳам киритиш имконияти пайдо бўлди. Тадқиқотлар натижаларига қараганда, давлатчиликнинг асосий омиллари бўлган жараёнлар сўнгги бронза ва илк темир даврига келиб янада жадаллашади. Сўғдиёна ҳудудларига одамлар энг қадимги даврлардаёқ кириб келиб, тоғ, дарё воҳалари, кейинчалик эса дашт ҳудудларига тарқаладилар. Бу ҳудудларда мавжуд бўлган қулай табиий-географик шароит ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётнинг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратади. Шунингдек, четдан бўлган ташқи таъсирни (иқтисодий, маданий-сиёсий ва ҳарбий) ҳам эътироф этиш лозим бўлади. Мил. авв. IX-VII асрларга оид тарихий-маданий ёдгорликлар (айниқса, кўҳна шаҳар харобалари) Сўғдиёна ҳудудларида давлатчилик тарихи айнан мана шу даврдан бошланганлигидан далолат беради.
Илк давлатчилик масаласида жуда кўплаб илмий баҳслар бўлиб ўтган бўлишига қарамай, бу масала ҳануз ўз ечимини топган деб ҳисобланмайди. Хусусан, “Катта Хоразм” (Авесто тилида Хваризам, қадимги форс тилида Хваразмиш, қадимги юнон тилида Хорасмия) давлатининг ҳудудий жойлашуви ва пайдо бўлган даври масалалари ҳам анча мунозарали мавзу. Археологик тадқиқотлар айрим ҳолларда ёзма манбалар маълумотларини тасдиқламайди. Мил. авв. IX-VIII асрлар Хоразм маданияти Амиробод номи билан машҳурдир. Бу маданиятнинг меъморчилик ёдгорликлари асосан чайла ва ярим ертўлалардан иборат бўлиб мустаҳкам турар жойлар учрамайди. Хоразмдаги деҳқончиликнинг ривожидан дарак берувчи йирик суғориш иншоотлари, мустаҳкам мудофаага эга бўлган турар жойлар (Кўзалиқир, Динғалжа) мил. авв VI-V асрларга оиддир.
Қадимги Хоразмнинг жойлашув ҳудудлари ҳам анча мунозарали мавзу ҳисобланади. Айрим тадқиқотчилар (Тарн, Альтхайм) аҳамонийларгача хоразмийлар Парфия чегараларидан шарқий йўналишда Копетдоғ ёнбағирларида жойлашган десалар, айримлари (Хеннинг, Гершевич) бу давлатнинг маркази Марв ва Ҳирот атрофида бўлиб, Кир II босиб олганидан сўнг Қуйи Амударёга - ҳозирги Хоразм ҳудудларига кўчиб ўтган дейдилар. Айрим тадқиқотчилар фикрича (С.Толстов, М.Воробьева) қадимги Хоразмнинг чегаралари ҳозирги Хоразм ҳудудларидан анча кенг бўлиб, Ўрта Амударёдаги Қўшқалъадан бошлаб Орол денгизигача бўлган ҳудудларни ўз ичига олган.
Умуман, мил. авв. VII асрнинг охири - VI асрда Хоразм давлати мавжуд бўлганлиги аниқ. Бу давр Хоразмда қурилиш ва ҳунармандчилик анча ривожланган. Тадқиқотлар натижасида бу ҳудудлардан бронза ва темирдан ясалган меҳнат ҳамда ҳарбий қуроллар, сопол урчуқлар, бронза игна, бигизлар, сопол идишлар топилган. Бу топилмалар қўшни Марғиёна, Бақтрия ва Сўғдиёна топилмаларига ўхшаб кетади.
Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, Ўрта Осиёдаги илк давлат уюшмаларидан бири Қадимги Бақтрия давлатидир. Бақтрияликларнинг юрти Сурхон водийси, Афғонистоннинг шимоли-шарқи, Тожикистоннинг жанубий ҳудудларида жойлашиб, турли ёзма манбаларда Бахди, Бақтриш, Бақтриёна, Бақтрия, Бахли, Бахлика деб тилга олинган.
Бронза давридаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш (Сополли, Жарқўтон, Олтинтепа ва б.) кейинги даврларда янада жадаллик билан ривожланади. Натижада мил. авв. IX-VIII асрларда Бақтрия ҳудудида ҳарбий аҳамиятга эга бўлган сиёсий бирлашмалар ташкил топади. Мил. авв. VIII-VII асрларга келиб Қадимги Бақтрия давлати Шарқдаги кучли давлатлардан бирига айланади. Ушбу жараённи археологик ва ёзма манбалар маълумотлари ҳам тўла тасдиқлайди. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, бу давр Бақтрия таркибига Марғиёна ва Сўғдиёна ҳам (тарихий-маданий бирлик сифатида) кирган бўлиши мумкин.
Маълумотларга қараганда, Бақтриянинг табиий бойликлари қадим даврлардаёқ Шарқ давлатларида машҳур эди. Буюк Ипак йўлидан анча илгарироқ қадимги йўлларнинг Бақтрия орқали ўтганлиги бежиз эмас.
Сўнгги йилларда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида қадимги Бақтрия ҳудудларидаги манзилгоҳлар ва кўҳна шаҳарлар сони анчагина кўпайди. Давлатнинг пойтахти Бақтра ва Қизилтепа, Бандихон каби кўплаб ёдгорликлардан топилган кўп сонли турли-туман топилмалар бу ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, шунингдек, ўтроқ ва кўчманчи аҳоли ўртасида ҳамда Яқин Шарқ ва Олд Осиё билан ўзаро иқтисодий, маданий алоқалар гуркираб ривожланганлигидан далолат беради.
Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўзбек халқининг илк давлатчилиги тарихи географик, ҳудудий маънода нафақат Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳудуди билан, балки бутун Ўрта Осиёда қадимда юз берган этник, маданий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар билан боғлиқ ҳолда талқин этилмоғи лозим. Тарихнинг қадимги даврларида илк давлатлар орасида ва аждодларимизнинг яшаш жойлари орасида аниқ маъмурий чегаралар йўқ эди. Қадимги Бақтрия, Хоразм, Сўғд чегаралари табиий бўлиб, яқин ҳудудлардаги жойларнинг географик бўлувчиси сифатида даштлар, чўл ва тоғлардан фойдаланилган.
Ҳозирги кунга қадар тўпланган археологик маълумотлар асосида Ўзбекистонда илк давлатларнинг шаклланиши ва ривожланиш жараёни қуйидаги даврлар билан саналаниши аниқланди:
1. Бронза даври. Мил. авв. II минг йилликнинг ўрталари ва иккинчи ярми. Унчалик катта бўлмаган деҳқончилик воҳалари асосида (мисол учун Шеробод воҳаси) илк давлатчилик тизимига ўтиш даври.
2. Бронза асридан темир асрига ўтиш даври. Мил. авв. IX-VIII асрлар. Майда давлат ташкилотларининг ривожланиши ва ҳарбий сиёсий уюшмаларнинг вужудга келиши.
3. Илк темир даври. Мил. авв. VII-VI асрлар. Қадимги Бақтрия, Хоразм ва Сўғдиёна мисолидаги давлат уюшмаларининг пайдо бўлиши.
Ўзбек халқи ва унинг аждодлари илк давлатчилиги тараққиёти ўтроқ деҳқончилик хўжалиги ва қадимги шаҳарлар тарихи билан узвий боғлиқ бўлган. Илк давлатлар ташкил бўлишида, жамият ривожланишининг ички қонуниятларидан ташқари ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг юқори даражаси - ҳунармандчилик, алмашинув ва савдонинг кучайиб бориши, сиёсий қарама-қаршиликлар ва ҳарбий тўқнашувлар ҳам таъсир қилди.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling