Ўзбекистон республикаси президенти
Download 5.26 Mb.
|
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009
Хива хонлигиАмударёнинг қуйи оқимида жойлашган, қадимий деҳқончилик марказларидан ҳисобланмиш Хоразм XIV аср охирларидан XVI аср бошларига қадар темурийлар давлати таркибида бўлган. 1505 йилда Шайбонийхон Хоразмга юриш қилган пайтда у ерда ҳукмронлик қилаётган Чин Сўфи расман Ҳусайн Бойқарога қарам эди. Шунинг учун ҳам хоразмликлар темурийлардан ёрдам умид қилиб 10 ой шаҳарни мудофаа қилдилар. Хоразмда Шайбонийхон ҳукмронлиги узоқ чўзилмади. У 1510 йилда Шоҳ Исмоил томонидан ўлдирилгач, Хоразм эроний сафавийлар қўл остига ўтди. Шоҳ Исмоил Хоразм шаҳарларини бошқариш учун юборган доруғаларининг иқтисодий, диний ва миллий зулмига қарши аҳоли кенг қатламларининг чиқишлари бошланди. Абулғозихоннинг “Шажараи турк” асарида ёзилишича Вазир шаҳрида яшовчи Умар деган кекса олим эроний қизил бошлиларга қарши курашни ташкил қилиб, унга ўзи бошчилик қилган. Хоразмликлар икки йил деганда эронийларни ўз юртларидан ҳайдаб чиқардилар. Машҳур Сайидота авлодларидан бўлган Саид Хисомиддин ташаббуси билан Шайбон уруғидан бўлган Берка султоннинг ўғли Элбарсхон Вазир шаҳрига таклиф қилинди. Элбарсхон таклифни қабул қилиб, Вазирга келаётганини эшитган халқ шаҳардаги эронийларни қириб ташлашди. Элбарснинг Вазир шаҳрига кириб келиши билан Хоразмда 1512 йилда ўзбек султонлари ҳокимияти ўрнатилди. Элбарсхон (1512-1525) Урганч ва Хива шаҳарларидан эронийларни ҳайдаб чиқариб мустақил хонликка асос солади. У билан бирга Дашти Қипчоқдан Хоразмга келган халқлар ўтроқлашдилар. 1524 йилда шоҳ Исмоил вафотидан кейин хоразмликлар Туркманистоннинг жанубий қисмини, Эрон шимолидаги Сарахс ҳудудларини, Орол ва Манғитқишлоқни эгаллашди. Янги ерларни Элбарсхон ўз ўғиллари ва укаси фарзандларига бўлиб берган эдики, бу мустақилликка интилган майда ҳокимликларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Натижада, қўшниси ерига кўз олайтирган ҳокимлар ўртасидаги, узлуксиз ўзаро низолар келиб чиқди ва Элбарсхон вафотидан кейин хонларнинг тез-тез алмашиб туришига олиб келди. XVI асрда Хоразмни Элбарсхон авлодларидан Сўфиёнхон, Аванешхон, Ақатойхон, Дўстхон, Ҳожимхон каби хонлар бошқарганлар. Битта хонадон вакиллари бўлган Берка султон ва Шайбонийхон авлодлари ўртасидаги ўзаро низо эндиликда Бухоро ва Хоразм ҳукмдорлари ўртасидаги жанжалларга сабаб бўлди. Элбарсхоннинг бешинчи вориси Аванешхон (1526-1538) даврида Шайбоний Убайдулла султон (1533-1539) Хоразмни босиб олиб, 1537 йилда ўғли Абдулазизни у ерга ноиб қилиб қолдирди. 1538 йилда Хоразм султонлари яна ҳокимиятни қайтариб олдилар. Хоразм ерлари учун Ҳожимхон (1558-1602 ) даврида Абдуллахон II (1557-1598) бир неча марта юриш қилди. 1575 йилда бошланган ўзаро урушлар натижасида Абдуллахон II 1593 йилдагина Хоразмни ўзига бўйсундирди. 1598 йилда Абдуллахон вафоти билан шайбонийлар давлатида авж олган ўзаро низо ва тартибсизликдан фойдаланиб Хоразм ўз мустақиллигини узил-кесил тиклаб олди. XVI асрнинг 70-йилларида Хоразм пайтахти Урганчдан Хива шаҳрига кўчирилди. Унга Амударё ўзанининг ўзгариб, Каспий денгизига оқмай қўйганлиги сабаб бўлди. Бу ҳолат Хоразм иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатган. Шу даврдан бошлаб Хоразм давлати Хива хонлиги деб атала бошлаган. XVII аср бошларига келиб, Хоразм тахти учун бўлган сулолавий курашлардан сўнг тахтга ўтирган Араб Муҳаммадхон (1602-1621) даврида Хива хонлигида давлат поракандалиги юқори чўққига етди. Рус казаклари, қозоқлар ва қалмиқлар талончилик юришлари қилиб мамлакат аҳолисининг тинчини бузишга сабаб бўлган бўлса, мамлакат ичида мавқеи кучайган дарвеш шайхлари таъсиридаги Араб Муҳаммаднинг ўғиллари Ҳабаш ва Элбарсларнинг отасига қарши чиқиши парокандаликни авж олдирди. Улар отасига қарши курашда муваффаққият қозониб, унинг кўзига мил тортдилар, сўнгра Хивада қатл эттирдилар. Шундай қилиб тахтга ўтирган Элбарс ва Ҳабаш султонлар (1621-1623) укалари Исфандиёр (1623-1643) томонидан тахтдан туширилдилар. Туркманлар ёрдами билан тахтга чиққан Исфандиёр даврида мамлакат сиёсий ҳаётидаги кескинлик сақланиб қолди. Орол бўйидаги ўзбек қўнғиротлари Исфандиёрга бўйсунмай қўйишди. Туркманлар хонлик сиёсий ҳаётига кўпроқ таъсир эта бошладилар. Хоразм тарихида йирик давлат арбоби ва тарихнавис ижодкор сифатида ўз ўрнига эга бўлган Абулғозихон (1643-1663) акаси Исфандиёр вафотидан кейин тахтни эгаллади. У оғир ҳаёт йўлини босиб ўтди. Акалари Элбарс ва Ҳабашхонлар исёни даврида Бухоро хони Имомқулихон саройида яшади. Исфандиёр тахтни эгаллагач, 1623 йилда Урганч ҳокими бўлди. Акаси билан келиша олмай Туркистон ҳокими Эшимхон ҳузурига борди ва унинг вафотидан кейин 2 йил Тошкентда яшади. Бухоро хонлиги орқали яна Хоразмга келгач, акаси Исфандиёр уни Эрон шоҳи ҳузурига гаров тариқасида жўнатди. 10 йил тутқинликда бўлган Абулғози 1639 йилда Эрондан яширинча чиқиб, Орол ўзбеклари олдига келди ва онаси вафотидан кейин қўнғирот ўзбекларининг ёрдами билан ҳокимиятни қўлга киритди. Унинг ҳукмронлиги даврида марказий ҳокимият нисбатан кучайди. Туркман, қалмиқларга қарши муваффаққиятли уруш олиб борган Абулғозихон Бухоро хонлиги ҳудудларига ҳам талончилик юришлари қилди. Хива аскарлари Чоржўй, Варданза, Қоракўл, Карманагача бўлган ерларни бир неча бор талашди. 1662 йилда Абдулғози Бухоро хони билан сулҳ тузди. Лекин унинг Ўғли Анушахон (1663-1687) даврида ҳам Бухоро ва Хива ўртасидаги урушлар давом этди. Бу даврда Хива қўшинлари Бухоро, Самарқанд, Қаршига ҳужум қилиб турдилар. 1685 йилда Ғиждувон яқинидаги мағлубиятдан кейин Бухоронинг Хивадаги таъсири кучайди. Субҳонқулихон Анушага қарши фитна уюштириб, унинг ўғли Эрнакка тахтни эгаллашга ёрдам беради. Отасини кўр қилиб, тахтни эгаллаган Эрнак (1687), ҳокимиятни узоқ вақт сақлаб қола олмади. Субҳонқулихон Хивадаги тарафдорлари ёрдамида тахтга Шоҳниёзни (1688-1702) ўтқазиб, амалда Хивани вассал давлатга айлантирди. Шоҳниёз хонлик мақомига эга бўлгач ўз ҳомийсидан юз ўгириб, мустаҳкам таянч қидириб, Россия ҳукмдори Петр I га хат йўллаб, Хивани Россия таркибига қўшиб олишни сўрайди. Шарқда таъсирни мақсад қилиб қўйган рус подшоси 1703 йилда Хиванинг Россия ҳудудига қўшиб олингани хақида ёрлиқ жўнатади. Лекин 1702-1715 йилларда хонлик қилган Араб Муҳаммад бунга аҳамият бермади. Бу рус подшосининг Ўрта Осиёга эътиборини қаратди, холос. У Хива хонлигини расман тобе қилиш мақсадида Александр Бекович-Черкасский раҳбарлигида Хивага ҳарбий экспедиция тайёрлади. Араб Муҳаммад ва унинг вориси Шерғозихон (1715-1728) даврида хонликдаги сиёсий низолар мамлакатнинг иқтисодини ҳам издан чиқарди. Шерғозихон олти минг рус аскари билан 1717 йилда хонлик ҳудудига кириб қолган рус ҳарбий экспедициясини яхши кутиб олди. Унинг маслаҳати билан Бекович-Черкасский қўшинларини 3 га бўлиб жойлаштирди. Қулай вазиятдан фойдаланган хиваликлар рус қўшинларини бутунлай қириб ташлашди. Натижада, рус ҳарбий экспедицияси самарасиз якунланди. Ташқи хавф бартараф этилгач хиваликларнинг ўзаро низолари давом этди. 1728 йилда ҳокимиятни қўлга олган Элбарсхон (1728-1740) ички низоларни бостириб, қўшни ҳудудларга босқинчилик юришларини уюштира бошлади. Хива қўшинларининг босқинчилик юришлари ва уларнинг Бухоро хонларига берган ёрдамлари туфайли 1740 йилда Эрон шоҳи Нодиршоҳ Хоразмни бутунлай ўзига бўйсундирди. 1741 йилда кўтарилган қўзғолон сабабли Хива эронийлар зулмидан озод бўлди. Лекин Нодиршоҳнинг ўғли Насрулло катта қўшин билан Хоразмга келгач, Нуралихон (1741) тахтни ташлаб қочди ва эронийлар 1747 йилга қадар Хива хонлигида ҳукмронлик қилдилар. 1747 йилда қозоқ султони Гаибхон тахтга ўтқазилди (1747-1757). Унинг даврида қозоқ султонларининг мавқеи ошиши Хивада қўзғолон кўтарилишига сабаб бўлди. 1757-1758 йилларда Хива тахтини унинг укаси Абдуллахон бошқарган. Хива хонлигидаги сиёсий парокандаликдан фойдаланган Бухоро ҳукмдори Муҳаммад Раҳимбий ўз одами Темур Ғозихонни (1758-1763) Хива тахтига ўтқазади. Шу даврдан бошлаб Хива хонлигида қўнғиротлар уруғининг мавқеи мустаҳкамланиб борган. Абулғозий кейинчалик, Эрондан қочиб келгач, уларнинг уруғ бошлиқларига иноқ унвонини беради. Шу даврдан бошлаб Хива хонлигида қўнғирот уруғларининг мавқеи ортиб борган. XVIII асрнинг 60-йилларидан бадавлат шаҳарликлар ва руҳонийларнинг қўллаб-қуватлашишига эришган қўнғирот уруғлари Хива хонлигида ҳокимиятни қўлга ола бошлайдилар. Иноқ Муҳаммад Амин (1763-1790) 1770 йилда туркманларнинг, 1782 йилда бухороликларнинг ҳужумини қайтариб, Хива хонлигида қўнғиротларнинг амалдаги ҳокимиятнинг мустаҳкамлайди. Аваз Иноқ (1790-1804) даврида Хива хонлигида марказий ҳокимият мустаҳкамланиб, хонликдаги иқтисодий аҳвол яхшиланди. Бу XIX аср бошларида қўнғиротлар сулоласининг ҳокимиятни расман эгаллашларига замин бўлди. 1804-1806 йилларда ҳукмронлик қилган Элтузархон иноқ Хива тахтига ўтирган қўнғиротлар сулоласининг биринчи хони ҳисобланади. Унинг вориси Муҳаммад Раҳимхон I (1806-1825) Хива хонлигини бирлаштиришни ниҳоясига етказди. 1811 йилда бўйсунмас оролликлар-қорақалпоқларни ҳам Хива таркибига қўшиб олди. У ўтказган сиёсий, иқтисодий, маъмурий ислоҳотлар натижасида бошқарув тизим такомиллашиб, солиқлар тартибга тушди. Хазина даромадлари кўпайди. Оллоқулихон (1825-1842), Раҳимқулихон (1842-1845) ва Муҳаммад Аминхон (1845-1855) даврларида Хива қўшинларининг Хуросонга юришлари кучайди, Марв шаҳри учун Бухоро амирлиги билан тез-тез урушлар бўлиб турди. Хива хонлари бу даврда Сирдарёнинг Орол денгизига қуйиладиган жойидан Туркманистон ҳудудидаги Кушкагача бўлган ерларни бошқарганлар. 1855 йилда Серахсни қамал қилиш пайтида Муҳаммад Аминхоннинг ҳалок бўлиши мамлакатда парокандаликка сабаб бўлди. Абдуллахон (1855-1856), Қутлуғмуродхонлар (1856) 6 ойдан кўп ҳукмронлик қилмасларидан ўлдирилдилар. 1856 йилда тахтни Саид Муҳаммадхон (1856-1864) эгаллади. У бўйсунмас туркманлар ва қорақалпоқларга қарши уруш уюштирганлиги натижасида бу халқларнинг кўпчилиги кўчиб кетдилар. 1859 йилда Муҳаммад Паноҳ Оренбургдан ёрдам олиб, Орол бўйида мустақил давлат тузиш учун қилган ҳаракати бостирилди. Хиваликлар томонидан дарёга тўсиқ қўйилиши натижасида Бутаков флоти қорақалпоқларга ёрдам бера олмади. Хива хонлигидаги сўнгги мустақил ҳукмдор Феруз тахаллуси билан ижод қилган Муҳаммад Раҳимхон II (1864-1910) бўлди. Унинг даврида хонликнинг сиёсий, иқтисодий, маданий жиҳатдан юксалиши кўзга ташланади. Лекин 1873 йилда Россия Хива хонлигини босиб олди ва Муҳаммад Раҳимхон II ва Кауфман имзолаган Гандимиён шартномасига кўра Хива хонлиги Россияга қарам давлатга айланиб қолди. Хива хонлиги бошқарув тизими асосан Бухоро ва Қўқон давлатларидагидек бўлиб, фарқи XIX аср бошларидан Хон ҳузурида Кенгаш (Девон) бўлган. Энг юқори амалдорлар аъзо бўлган кенгаш ваколати чекланган бўлиб, асосий қарорлар хон томонидан қабул қилинган бўлса-да, амалдорларнинг хонлик бошқарувида мавқеи баланд бўлган. Мансаб ва унвонлар хонликларда ҳарбий-маъмурий, ҳарбий ва диний тоифаларга бўлинган. Иноқ, оталиқ, бий, амир ул-умаро, меҳтар, қушбеги, беклар беги, девонбеги ва бошқа унвон ва мансаблар хонлик иқтисодий, сиёсий, молиявий, ҳарбий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Хонликда суд ишлари асосан диний уламолар қўлида бўлиб, уларнинг мамлакат ҳаётида таъсири кучли бўлган. Хонликда давлат тили ўзбек тили бўлиб, Бухоро ва Қўқондан фарқли ўлароқ барча фармонлар, давлат ҳужжатлари фақат ўзбек тилида ёзилган. Ижтимоий ҳаётда хон ва унинг амалдорлари ва диний уламоларнинг мавқеи юқори бўлиб, иқтисодий ҳаётнинг асосини ташкил қилувчи ер ҳам асосан улар қўлида бўлган. Кам ерли ва ерсиз деҳқонлар улардан ижарага ер олиб ишлаганлар ва аҳволи жуда оғир бўлган. Сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик мамлакат иқтисодида муҳим ўрин тутгани учун Амударёдан чиқарилган каналларни қазиш давлат аҳамиятига молик иш ҳисобланган. Шунингдек, чорвачилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ҳам иқтисодий ҳаётда муҳим ўрин тутган. Хонлик ҳарбий қўшини ва қурол аслаҳасини яхшилаш жуда паст даражада бўлган. Қўшинни кўпроқ ярим кўчманчи туркманлар ташкил этган. Олдинги даврлардаги ҳарбий соҳадаги ижобий тажрибалар ривожлантирилмай ташлаб қўйилган. Хива хонлиги Бухоро, Қўқон, Эрон ва Россия каби қўшни давлатлар билан савдо-сотиқ ишларини олиб борган. Солиқлар барча мусулмон давлатларидагидек хирож, закот, бож ва жизьядан иборат бўлган. Шу билан мажбурий меҳнатнинг баъзи турлари амалга оширилган. Хива хонлигида ҳам адабиёт, тарихнавислик, меъморчилик бир мунча ривожланган бўлса ҳам табиий ва техника фанларига, дунёвий илмларга эътибор қаратилмаган. Бошланғич мактабда ўқиш-ёзишни ўрганган болалар мадрасаларда ўқитилган. XIX асрда Хива хонлигида 1500 га яқин бошланғич мактаб ва 130 та мадраса мавжуд бўлган. Хива шаҳрининг ўзида 22 та мадраса бўлган. XIX асрда Хива хонлигида адабиёт, тарихнавислик, ҳаттотлик, мусиқа санъати, меъморчилик ва маданиятнинг бошқа соҳаларида катта ютуқлар қўлга киритилган. Шермуҳаммад Мунис Хоразмий, Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий, Феруз, Комил Хоразмий, Камрон, Баёний, Хусравий, Муродий, Рожий, Мутриб, Лаффасийлар асарлари ўзбек адабиёти ривожида ўзга хос ўринга эга. Танбур чизиғи нотасини яратган Комил Хоразмий “Мақоми Ферузшоҳий” асари ва “Панжгоҳ” мақоми билан ўзбек мусиқа санъати ривожига катта ҳисса қўшди. Абулғозийхон “Шажараи Турк”, “Шажараи тарокима” асарлари билан Хоразм тарихнавислик мактабини бошлаб берган бўлса, Мунис ва Огаҳийлар тарихнавислик ва таржимонлик мактабини яратиб, “Фирдавс ул-иқбол”, “Зубдат ут-таворих”, “Риёз уд-давла”, “Гулшан ул-давлат”, “Жомийъ ул-воқеоти султоний”, “Шоҳид ул-иқбол” асарлари билан тарих соҳасини ривожлантирдилар. Баёнийнинг “Шажараи хоразмшоҳий”, “Хоразм тарихи” асарлари юқоридаги асарлар каби Хива хонлиги тарихини ўрганишда асосий манбалар ҳисобланади. Ҳозирги Хива шаҳрида сақланиб қолган қадимий меъморчилик иншоотлари асосан хонликлар даврида қурилган бўлиб, энг қадимийси XVI асрда қурилган Сайид Ота мақбараси бўлса, энг кейинги XX аср бошларида қурилган Нуриллабой саройидир. Ичан қалъадаги ўнлаб иморатларнинг кўпчилиги XIX асрда қурилган бўлиб, улар халқимиз буюк заковатининг бир қисми сифатида қад кўтариб турибди. Download 5.26 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling