Ўзбекистон республикаси президенти


Жадидчилик ҳаракати ва миллий уйғониш


Download 5.26 Mb.
bet50/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   46   47   48   49   50   51   52   53   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Жадидчилик ҳаракати ва миллий уйғониш
“Жадид” арабча сўз бўлиб, “янги” деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам янгилик ва ислоҳотчиликка интилувчи, тараққийпарвар миллий зиёлилар тарихда “жадид” деган номга мушарраф бўлдилар. Жадидчилик деб номланган бу ҳаракатнинг пайдо бўлиши бевосита ўша даврдаги ички муҳит ҳамда ташқи халқаро майдондаги ижтимоий-сиёсий ва демократик янгиланишлар билан боғлиқ бўлди.
Жадидчилик ҳаракати баъзи-бир тарихга оид адабиётларда айтилганидек, “олдин маданий-маърифий ҳаракат бўлиб, кейин ижтимоий-сиёсий ҳаракатга ўсиб ўгани” йўқ. У ўз табиати мақсад ва моҳиятига кўра, дастлабки кунданоқ, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ва ислоҳотчилик ҳаракати бўлган.
Хулоса шуки, биринчидан, жадидчилик Исломдаги тараққиётпарварлик, илм-фанга рағбат ва дунёвийликнинг янги даврдаги кўриниши сифатида пайдо бўлди. Жадидлар Исломни ҳар хил мутассиблик бидатлардан асраб ривожлантирди. Иккинчидан, жадидчиликни пайдо бўлиши ва ривожланишига Шарқ ва Ғарб мамлакатларида ривожланган қуйидаги демократик, миллий-озодлик, ислоҳотчилик ҳаракатларининг таъсири ҳам кучли бўлди:
1. Жамолиддин Афғоний (1839-1897) ва Муҳаммад Абдолар (1848-1903) асос солган мусулмон дунёсидаги ислоҳотчилик ва “наҳда” (уйғониш) ҳаракатлари.
2. XIX асрнинг 90-йилларидан бошланиб, 1905-1907 ва 1917 йилларда катта ғалабаларга эришган рус ижтимоий демократик ва инқилобий ҳаракатлари.
3. Туркиядаги аксилмонархистик, конституцион демократик, ижтимоий-миллий уйғониш ҳаракатлари: Танзимат (1840-1860), Ёш усмонлилар (1865-йилдан 80-йилларгача), Ёш Турклар (1889-1918) ва 1908-1909 йиллардаги демократик-инқилобий ҳаракатлар.
4. Жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлиб, ривожланишида қримлик Исмоилбек Гаспиралининг (1851-1914) ҳиссаси беҳад катта бўлди. У Қримда XIX асрнинг 80-йиллардаёқ, Россия босиб олган мусулмон халқлари орасида биринчи бўлиб жадидчиликка асос солди. Унинг рус ва туркий тилларда чоп этилган “Таржимон” (1883-1914) газетаси, “Россия мусулмонлиги” (1881), “Оврупа маданиятига бир назар мувозини” (1885) ва бошқа асарлари ҳамда жадид мактаби учун ёзган дарслик ва қўлланмалари Туркистонга тез кириб келди.
Исмоилбек Гаспирали 1893 йилда Тошкентга келади ва зиёли уламолар билан учрашади. Самарқандда бўлади. У ердан Бухорога бориб, амир Абдулаҳадни жадид мактаби очишга кўндиради ва бу мактабга “Музаффария” деган номни беради. Жадидчилик ғояси Туркистонда XIX аср 80-йилларининг иккинчи ярмидан бошлаб тарқалиб, шу асрнинг 90- XX асрнинг 5-йили оралиғида мунтазам ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаракат сифатида шаклланди.
Жадидчилик ҳаракати асосан икки даврга бўлинади: 1) XIX асрнинг 90-йилларидан-1917 йил февралгача; 2) 1917 йил февралдан-1929 йилгача. Биринчи даврнинг ўзи уч босқичга бўлинади: 1) Жадидчилик ғоясининг пайдо бўлиши ва мунтазам уюшган ҳаракат шаклига эга бўлиши (XIX асрнинг 90-йиллари-1905 йил); 2) Жадидчилик ҳаракатининг нисбатан тез ва қаршиликсиз ривожланиши (1905-1909 йиллар); 3) Жадидчиликнинг чоризм томонидан озодлик, демократик ва инқилобий ҳаракатларга қарши курашни кучайтирган даврдаги ривожланиши (1909-1916 йиллар). Иккинчи давр ҳам воқеалар ривожланишига қараб уч босқичга бўлинади: 1) 1917 йил февраль- октябрь; 2) 1917 йил ноябрь-1924 йил; 3) 1925-1929 йиллар.
Жадидчилик ҳаракати, шу вақтгача Ислом дунёсида сира ҳам кўринмаган илғор ва тезкор ўқитиш “Савтия” (товуш) усулига асосланган жадид мактаблари ташкил топишидан бошланди. Бу мактабларда болалар бир йилда савод чиқариб, мукаммал ўқиш ва ёзишни ўзлаштиради.
Жадид мактабида диний ва дунёвий таълим-тарбия ҳамда илм ўзаро уйғунлаштирилди. Болалар қулай парталарда ўтириб, харита ва расмлар ёрдамида тез савод чиқарди ва диний – дунёвий илмларни ўрганди. Жадид мактабларида Қуръони Карим, математика, география, она тили, рус, араб тиллари, ашула ва ҳатто жисмоний тарбия ўқитила бошланди.
Жадид мактаблари тўрт (бошланғич) ва етти йиллик эди. Масалан, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг етти йиллик мактабини битирган ёшлар дунёвий илмларни, рус тилини яхши ўзлаштирган ҳолда жадид мактабида ўқитувчи, масчитларда имом бўлиш, мадраса ва ҳатто, хориждаги дунёвий олий ўқув юртларида ўқиш, савдо ва бошқа корхоналарда котиб бўлиб ишлаш малакасига эга бўлганлар. Бундай етти йиллик мактаблар Тошкентдан ташқари, Қўқон, Самарқанд каби йирик шаҳарларда ҳам очилади.
Жадид мактаблари пуллик эди. Ҳар ойига ота-оналар баҳоли қудрат, эллик тийиндан бир ярим сўмгача пул тўлади. Бу ўринда ҳар ота-она ўзларининг бойлик ва камбағаллик даражаларини шариат асосида белгилаб пул берадилар. 35 фоизгача камбағал ва ночорларнинг болалари текин ўқитилди. Ўзига тўқ оилалар эса ўз ҳоҳиши билан уч сўмдан ва ундан ҳам кўп пул берган. Булардан ташқари жадидларнинг ўзлари ташкил этган хайрия жамиятлари ҳам жадид мактабларини маблағ билан таъминлаб турган.
Жадид мактабларининг очилишига рус амалдорлари, мусулмон мутаассиблари қаршилик қиладилар. Жадидлар катта матонат ва фидойилик билан эски мактабларга тегмай намуна сифатида жадид мактабларини ташкил этиб, омма орасида катта обрў қозондилар. Жадид мактаблари қатъий низом ва дастур ва дарсликларга асосланди. Тарихда биринчи бўлиб, жадидлар ўқувчиларга кундалик, чорак ва йиллик баҳолар қўйишни жорий этдилар. Ўқувчилар синфдан-синфга ўтиш ва битириш учун жамоатчилик олдида очиқ чорак, йиллик ва битирув имтиҳонларини топширганлар.
Мактаб очган жадидлар дастур, қўлланма ва дарсликларни ҳам ўзлари яратдилар. Саидрасул Саидазизовнинг “Устоди аввал”, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Адиби аввал”, “Адиби соний”, “Тажвид” (Қуръонни қироат билан ўқиш усулига оид қўлланма), “Ҳавойижи диния” (Шариат қонунлари тўплами), “Ёр юзи”, “ Усули ҳисоб”, “Тарихи анбиё”, “Тарихи ислом”, Абдулла Авлонийнинг “Биринчи муаллим” ва “Иккинчи муаллим”, “Туркий гулистон ёҳуд аҳлоқ“, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Қисқача умумий география”, “Болалар мактуби”, “Исломнинг қисқача тарихи”, “Амалиёти ислом”, “Аҳоли географиясига кириш”, “Россиянинг қисқача географияси” ва бошқалар шулар жумласидандир.
Жадидлар олий таълимнинг асоси-университет ташкил этиш учун Тошкент шаҳар Думасидан ҳам фойдаландилар. Мунавварқори, Фитрат, М. Беҳбудий, У. Асадуллахўжаев ва бошқа жадидлар миллий дунёвий олий таълим ғоясини ўз асар ва мақолаларида кенг тарғибот-ташвиқот қиладилар. Олий таълимга замин яратиш учун, жадид мактабларида дунёвий илмлар ўқитилди, хорижга ёшлар ўқишга юборилди.
Дунёвий ҳозирги замон олий ўқув юрти – университетга асос солишга жадидлар фақат 1918 йилда Мусулмон халқ дорулфунунини ташкил этиш билан муваффақ бўлдилар. Умуман, жадидлар жуда қисқа вақт ичида бутунлай янги яъни жадид халқ маорифи тизими яъни, ҳозирги замон халқ маорифи тизимига асос солдилар.
Жадидчилик ҳаракатининг иккинчи бир муҳим фаолияти миллий матбуот ва журналистикага асос солиш бўлди. Тошкентда Исмоил Обидий “Тараққий” (1906), Мунавварқори Абдурашидхонов “Хуршид” (1906), Абдулла Авлоний “Шуҳрат” (1907), Саидкарим Саидазимбоев “Тужжор” (1907), Аҳмаджон Бектемиров “Осиё” (1908), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев “Садои Туркистон” (1914-1915) газеталари, шунингдек, Абдураҳмон Содиқ ўғли (Сайёҳ) “Ал-Ислоҳ” (1915) журналини нашр этишга муваффақ бўлдилар. Самарқандда эса Маҳмудхўжа Беҳбудий “Самарқанд” русча (1913) газетаси ва “Ойна” (1913-1915) журналини, Қўқонда Обиджон Маҳмудов “Садои Фарғона” (1914) газеталарини чиқарди. Бу газета ва журналлар доимо махфий полиция “охранка”нинг айғоқчилари кузатуви, таъқиби остида бўлди.
Жадид матбуоти 1917 йил февралда рус подшоси тахтдан ағдарилгач, янада ривожланди. Жуда қисқа вақт оралиғида февралдан октябргача Тошкентда Мунавварқори Абдурашидхонов “Нажот” (1917 й. март), А. Баттол “Шўрои ислом” (1917 й. май), Абдулла Авлоний “Турон” (1917 й.), Аҳмад Заки Валидий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Кенгаш” (1917 йил июн), “Улуғ Туркистон” (1917 й.), Қўқонда Бўлат Солиев “Эл байроғи” (1917 й. сентябр) газеталарини, Ҳ.Ҳ. Ниёзий “Кенгаш”, Ашурали Зоҳирий “Юрт” (1917 йил июн) журналларини, Самарқандда эса Шоҳмуҳаммадзода “Ҳуррият” (1917 йил апрель) газеталарини чоп этдилар.
Буюк миллатпарвар жадидлар, жадид матбуоти орқали миллатни ўз маданий-иқтисодий аҳволи, сиёсий қарам ва ҳуқуқсизлигини англатишга, унда босқинчиларга қарши нафрат, миллий истиқлолга ишонч руҳини тарбиялашга муваффақ бўлдилар. Шунинг билан бирга улар миллий мухторият ва жумҳурият ғоясини, миллатлараро тенглик ва қон-қариндошликни тарғибот қилишни тўғри йўлга қўядилар.
Жадидчилик ҳаракати жадид адабиётининг асосчилари бўлган йирик истеъдод эгалари-жадид адиби, шоири, драматурги ва санъати арбобларини ҳам тарбиялади. Жадидшунос таниқли олим профессор Бегали Қосимовнинг таъкидлашича, уларнинг 1905-1917 йилларда адабий-маданий ҳаракатчиликда қизғин фаолият кўрсатганлари саксондан ортиқ бўлган. Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919), Саидаҳмад Сиддиқий Ажзий (1864-1927), Васлий Самарқандий (1869-1925), Мунавварқори Абдурашидхонов (1878-1931), Абдулла Авлоний (1878-1934), Тўлаган Хўжамёров - Тавалло (1882-1939), Сидқий Хондайлиқий (1884-1934), Аваз Ўтар ўғли (1884-1919), Муҳаммадшариф Сўфизода (1869-1937), Абдурауф Фитрат (1886-1938), Садриддин Айний (1878-1954), Абдулвоҳид Бурхонов (1875-1934), Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929), Абдулла Қодирий (1894-1938), Абдулҳамид Чўлпон (1897-1938) ва бошқалар шулар жумласидандир.
Мутахассисларнинг аниқлашича, 1917 йил октябр тўнтарилишигача драматургия соҳасида ўттиздан ортиқ драма, трагедия, комедия асарлари ёзилган ва уларнинг кўпчилиги театрларда саҳналаштирилган. Ўзбек жадид драматургияси ва театрига илк бор асос солган Маҳмудхўжа Беҳбудий бўлди. Унинг “Падаркуш” драмаси биринчи бор 1914 йил 27 февралда Тошкентдаги “Колизей” театрида қўйилиши жуда катта маданий-маърифий воқеа бўлди. Бу кун ўзбек театрига асос солинган сана сифатида тарихга кирди.
Ҳар қандай ишда бўлгани каби бу ҳаракат ҳам ўз иқтисодий асосига эга. Унинг иқтисодий таъминот манбаини маданий-маърифий хайрия жамиятлари, бой-бадавлат кишилар томонидан савоб олиш ва миллат нуфузини кўтариш учун берилган беминнат эҳсонлар ташкил этди. Жадидчилик ва жадидлар асосан ўрта ҳол мусулмон зиёлилари ҳамда дунё кўрган илғор руҳдаги савдогардан иборат бўлди. Тошкентлик Саидкарим Саидазимбой ўғли, туркистонлик Саидносир Миржалилов (таниқли ёзувчи Ойбекнинг қайнотаси), андижонлик Миркомил Мирмўминбоев ва бошқа бойлар жадидчилик ҳаракати ривожланишига катта иқтисодий ҳисса қўшдилар.
Тошкентда 1909 йилда “Кўмак”, 1913 йилда «Дорилу ожизин», Бухорода 1910 йилда “Тарбияи атфол” хайрия жамиятлари ташкил этилади. Уларнинг олдига қўйилган асосий мақсад сармоя топиб, жадид мактабларига ёрдам бериш ва иқтидорли ёшларни Туркия ва бошқа хорижий мамлакатларга ўқишга юборишдан иборат бўлди.
“Кўмак”нинг таъсисчилари Мунавварқори Абдурашидхонов, Низомқори Ҳасанов, Абдулла Авлоний, Башарулла Асадуллахўжаев ва Тошхўжа Туёқбоевлар бўлди. Бу ва “Тарбияи атфол”нинг ёрдамида 1911 йилда 15 та, 1912 йилда 30 та туркистонлик иқтидорлик ёшлар Истанбулда ўқиганлиги ҳақида маълумот бор.
Тошкентда Мунавварқори, Абдулла Авлоний ва бошқалар 1911 йилда ташкил этган кўп тармоқли “Турон” номли жамият шўро ҳокимиятининг дастлабки йилларигача самарали фаолият юритади. Унинг қошида театр труппаси (1913 й.), “Турон” номли кутубхона ва нашриёт (1913 й.) ҳам ташкил этилади. Булар бутун Туркистон бўйлаб маърифат ва зиё, илм-фан тарқалиши, китоб чоп этиш ва босмахона ишлари ривожланишига катта ҳисса қўшдилар.
Қўқонда “Ғайрат” (1913 й.), Самарқандда “Зарафшон”, Тўрақўрғонда (Наманган вилояти) “Кутубхонаи Исҳоқия” (1908 й.) номли кутубхоналар ташкил топади. Шунингдек, жадид босмахонаси ва китоб дўконлари анча кенг тармоқ отди.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   46   47   48   49   50   51   52   53   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling