Ўзбекистон республикаси президенти


Совет ҳокимияти даврида Ўзбекистоннинг маънавий-маданий қарамлиги ва унинг оқибатлари


Download 5.26 Mb.
bet58/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   54   55   56   57   58   59   60   61   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Совет ҳокимияти даврида Ўзбекистоннинг маънавий-маданий қарамлиги ва унинг оқибатлари
ХХ аср 20-30-йилларидаги мураккаб ижтимоий-сиёсий вазият республика маънавий-маданий ҳаётида ҳам ўз аксини топди. Айниқса бу кишилар онгини ўзгартиришда муҳим омил бўлган илм-фан, маданият, санъат, маориф, олий таълим соҳаларида жиддий тус олди. Дастлабки йилларда маданият ва уни бошқариш жабҳаларида демократик тамойиллар бирмунча мавжуд бўлиб, ҳокимият маҳаллий урф-одат ва хусусиятларни ҳисобга олишга мажбур бўлган эди. Кейинчалик маъмурий-буйруқбозлик усуллари кенг қулоч ёйиб, «маданий инқилоб» йўли ва усуллари устунлик қила бошлади. Советларнинг «маданий инқилоб» тадбири жамиятдаги синфий кураш ғоясига асосланган эди, совет давлати сиёсати ҳақида ўз фикрига эга бўлганлар эса «синфий душман қаршилиги» деб баҳоланар эди. Совет ҳокимияти дастлабки вақтларданоқ анъанавий таълим, рус-тузем таълим тизими йўқ қилиниб, унинг ўрнига советча “миллий” мактаблар тармоғини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратди. Мазкур мактабларга эхтиёж катта бўлса-да, жадид мактаблари, эски мактаблар муаллимларидан фойдаланилмади. Аксинча, уларга синфий душман сифатида қаралди, улар ишлаган мактаблар 20-йиллар охирларига келиб бутунлай беркитилди.
РСФСР Халқ Комиссарлар советининг «Черковни мактабдан, мактабни черковдан ажратиш тўғрисида»ги Декрети асосида, 1918 йил ноябрда Туркистонда динни давлатдан, мактабни диндан ажратиш тўғрисидаги декрет асосида масжид, мадрасалар ёпила бошланди. 1927 йил июндаги Ўз КР МҚ VI пленуми қарорлари бошлаб берган, дин асосларини емириш бўйича янгидан авж олган ҳаракат эски мактабга етказилган асосий зарба бўлди. Вақф мактабларини ислоҳ қилишга йўл қўймаслик, уларнинг ўрнига совет мактабларини очиш, шунингдек, мактабларда руҳоний шахслар таълим беришини тақиқлаш қатъий белгиланди.
Совет ҳукумати ташкил этган мактаблар бўлса талабга жавоб бермасди, чунки муаллимлар етишмас, борларининг ҳам билим даражаси етарли эмас эди. Ҳукумат олиб борган тадбирлар натижасида ўқитувчиларнинг фақат миқдорий ўсиши таъминланган эди. Масалан, 1917 йилда Тошкент, Андижон, Самарқанд, Қўқонда дастлабки ўқитувчилар тайёрлайдиган қисқа муддатли курслар ташкил этилиб, 1920 йилларнинг бошларига келиб, мана шундай курслар орқали 3 минг маҳаллий миллат ва 802 та европалик ўқитувчи тайёрланди. 1920 йилга келиб, ТАССРда “социалистик” турдаги 2080 та мактаб фаолият кўрсатиб, улардаги ўқувчилар сони эса, 174820 тани ташкил қилди.
Мана шундай шароитда маҳаллий зиёлилар замонавий миллий олий таълим тизимини яратиш, дунёвий билимлардан дарс бера оладиган ўқитувчилар тайёрлаш лозимлигини ҳис этиб, замонавий миллий университет яратишга ҳаракат бошладилар. 1918 йил 9 апрелда Мунавар қори Абдурашидхонов ташаббуси билан Мусулмон Халқ Университети ташкил этиш мақсадида 9 кишидан иборат ташкилий гуруҳ тузилди. Мусулмон Халқ Дорилфунуни 1918 йилнинг 12 майида Тошкент шаҳрининг эски шаҳрида очилди. Шу йилнинг 31 майида Мусулмон Халқ Дорилфунунининг олий таълим босқичи - Мусулмон Дорилмуаллими ташкил этилади. Мазкур ўқув даргоҳида машғулотлар 1918 йилнинг 1 июнидан бошланди. Мусулмон Халқ Дорилфунуни 1918 йилнинг кузигача фаолият кўрсатди. Совет давлати Туркистон Халқ Университетини ривожлантиришга эътибор қаратганди. Шу мақсадда Университет очилиб, унинг биринчи ректори, доцент В.Попов тайинланди. Лекин, 1918 йилнинг 5 апрелида Туркистон Халқ Университетининг очилишига бағишланган тантаналарда бирорта ҳам мусулмон вакилларига сўз берилмади. Шундай бўлса-да, 30-йилларнинг иккинчи ярмига келиб республика ўқув юртларининг тармоғи ошди. Самарқандда Ўзбекистон Давлат университети, Бухоро, Фарғона, Наманган, Андижон, Марғилон, Тошкент, Нукус, Хива, Урганч шаҳарларида олий мактаблар очилди. Агар 1932 йилда республикадаги 31 та олий ўқув юртида 12,2 минг талаба ўқиган бўлса, 1941 йилга келиб уларда таълим олаётган талабалар сони 18 минг кишига етди.
Совет ҳукумати аёлларнинг жамият сиёсий ҳаётида эркаклар билан тенг ҳуқуқда иштирок этишига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ўлканинг қатор вилоят, туманларида хотин-қизлар бўлимлари ташкил этилди, фаоллар эҳтиёткорлик билан хонадонларда тушунтириш ишлари олиб бордилар, аёллар учун клублар, артеллар, дўконлар ташкил этилди. Лекин, совет ҳукумати бу ҳаракатларни янада тезлаштириш мақсадида “Ҳужум” ҳаракатини ташкил этди. “Ҳужум”нинг дастлабки ҳаракати паранжи, кўп хотинлик, балоғатга етмаган қизларни турмушга бериш, қалин пулини йўқ қилишга қаратилди. Аёллар орасида бу ҳаракатни қўлллаб-қувватловчилар бор бўлиб, жамият ҳаётида иштирок этиш, савод чиқариш ҳар қандай аёлнинг орзуси эди. 1927 йил 8 мартда Ўзбекистоннинг турли жойларида ўтказилган митингларда иштирок этган аёллар паранжиларини ташладилар.
Лекин бу ҳаракатларда ўзбек халқининг узоқ йиллар давомида шаклланиб келган урф-одатлари эътиборга олинмади, ихтиёрийлик ўрнини зўравонлик, мажбурлаш эгаллади. Шундай ҳолатлар бўлдики, масъул лавозимларда ишлаган кишилар коммунист сифатида хотинларини паранжи ёқиладиган жойларга олиб келиб паранжисини ташлатиб, эртасига эса яна паранжи ёпинишга мажбур этишар эди. Советларнинг бундай йўл билан иш олиб бориши бегуноҳ аёлларнинг қурбон бўлишига ҳам сабаб бўлди. 1927-1928 йилларда Ўзбекистонда 2,5 мингдан ортиқ фаол хотин-қизлар ўлдирилди. 1928 йил 8 мартда Ўзбек давлат концерт-этнография гуруҳи иштирокчиси Тўпахон саҳнанинг ўзида ўлдирилади, бир йилдан сўнг эса Нурхон исмли актриса халок бўлади.
Шундай бўлса-да, “Ҳужум” ҳаракати муваффақиятларга ҳам эришди. 1927 йил баҳорига келиб 100 минг нафар аёл паранжи ташлади, 5 минг нафар аёл саводсизликни тугатиш курсларида таҳсил олди. 5.202 нафар аёл эса вилоят, шаҳар, туман судларига халқ маслаҳатчилари қилиб сайландилар. Ташкил этилаётган хотин-қизлар артелларига ишга жойлашдилар. Дастлаб, бу жуда эҳтиёткорона тарзда амалга оширилган бўлса, 20-йиллар охирига келиб эркаклар билан аёларни тенглаштиришга эътибор берилди. 1939 йилга келиб аёллар эркаклар бажарадиган ишнинг 50 фоизини эгаллашди.
Таълим тизимида араб ёзувини лотин графикасига алмаштириш ҳақидаги Қарор ҳам муҳим бўлди. ”Анъанавий арабча ёзув фақат диний мусулмон анъаналари нуқтаи назаридан қимматли”лиги таъкидланиб, 1929 йилда эски ўзбек ёзуви лотин графикасига ўзгартирилди. Ваҳоланки, Ўрта Осиёни араблар истило қилган VIII асрдан бошлаб нафақат диний китоблар, балки фаннинг барча соҳаларида ўн уч аср мобайнида яратилган ёзма маданият ёдгорликлари, ўлка аҳолиси амал қилиб келган ҳуқуқ манбалари ана шу ёзувда яратилган эди.
1940 йилда эса лотин графикасининг кирилл алифбоси билан шошилинч алмаштирилди. Маънавий ҳаёт тўла руслаштирилиб, ҳамма жойларда ўзбек тили имкониятлари чекланди.
Шунга қарамасдан, ўзбек халқининг билимга бўлган интилиши ортиб, 30-йилларнинг бошларига келганда саводхонлик учун умумхалқ юришини бошлаб берди. 1920 йил 17 сентябрда ТАССР Маориф халқ комиссарлиги томонидан аҳоли орасида Саводсизликни (ликбез) тугатиш тўғрисида Декрет қабул қилинди. Унга мувофиқ, 8 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча фуқаролар ўқиш ва ёзишни ўрганишлари шарт эди. ТАССР Маориф халқ комиссарлиги ҳузурида эса саводсизликни тугатиш билан шуғулланувчи фавқулодда комиссия таъсис этилди. 1920 йилнинг охирига келиб, “ликбез”ларнинг сони бир мингдан ошиб кетди.
1924 йилнинг бошида эса “Битсин саводсизлик!” жамияти вужудга келди. Ушбу жамият томонидан дастлабки пайтда 35 та мактаб очилиб, 10.200 киши саводини чиқарди. Расмий статистик маълумотларга кўра, 1932 йилга келиб, республикада 707 минг киши, шу жумладан, қишлоқларда 615,4 минг аҳоли саводсизликни тугатиш курсларида ўқитилди. “Саводсизликни тугатиш” мактабларига тортилган катта ёшдаги аҳолининг араб графикасидаги ўзбек ёзувидан олган билимлари ҳисобга олинмади. Аксинча, ташкил этилган ўқув муассаларида таълим ишларини олиб бориш жараёнларида тарбияланувчилар қадимдан мавжуд бўлиб келган миллий таълим-тарбия анъаналари асосларидан узоқлаштирилиб, улар онгига ҳам социализм ғоялари сингдирилди. Юқоридагиларнинг барчаси саводхонликнинг ортиши билан боғлиқ бўлса-да, лекин 20-йиллардан бошлаб шаклланган ижтимоий ҳаётда маъмурий-буйруқбозлик тузуми таркиб топди. Мамлакатда аҳолини ёппасига пролетарлаштириш оқибатида янгидан таркиб топиб келаётган таълим тизимида ҳам секинлашиш юзага келди.
Ижтимоий ҳаётни коммунистик мафкура измига солиш адабий жараёнда ҳам кўзга ташланади. Бу соҳада пролетар адабиётини яратиш муҳим ҳисобланарди. Ўзбек адабиётида ҳам совет даврини куйлашга жалб этиш бошланди. Ўзбек адабиётининг кекса авлоди, умумтуркий бадиий тафаккурининг забардаст сиймолари Фитрат, Чўлпонларнинг эркин ижод этишига йўл қўйилмади. Улар совет ҳукумати белгилаган йўлдан эмас, ўз йўлидан боришга ҳаракат қилдилар ва ўз асарларида ўрнатилган мавжуд тузумни қаттиқ танқид қилган ҳолда, унинг барча камчиликларини аёвсиз фош этдилар. Улар ҳатто, 1934 йилнинг март ойида ташкил этилган Ўзбекистон ССР Ёзувчилар уюшмаси сафига ҳам қабул қилинмади.
Абдулла Қодирий ҳам ўзининг ноёб истеъдоди билан адабиётда ёрқин из қолдирди. Адиб “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарлари билан ўзбек романчилигига асос солди. Кейинчалик А.Қаҳҳорнинг “Сароб”, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” каби романлари яратилди. Ҳамза ҳам ўз шеърларида фақат маърифатга чақирибгина қолмай, у қадимий Туркистоннинг сиёсий-ижтимоий аҳволини ўйлайди, мухторият ғояларини улуғлайди. Шу тариқа совет ҳукумати ўзбек адабиётини жаҳон адабиёти ютуқларидан баҳраманд бўлишга имкон туғдирса-да, лекин миллатпарварлик ва миллий тараққиёт ғояларини тарғиб этувчи асарларни яратишга тўсқинлиқ қилиб келди.
Маънавий ҳаёт коммунистик мафкура йўлига мослаштирса-да, миллий санъат бирмунча тараққий этди. 1918 йилда Ҳамза Фарғонада “Ўлка Сайёр” сиёсий труппасини ташкил этди. М.Қориёқубов, É.Эгамбердиев, Ҳ.Исломов, М.Кузнецовалар шу театр қалдирғочлари бўлдилар. Ўша йили Маннон Уйғур Тошкентда “Турон” жамияти қошида театр тузди. Бу гуруҳ кейинчалик Ўлка Давлат намуна театрига айланди. Театрнинг биринчи актёрлари - Аброр Ҳидоятов, Музаффар Муҳамедов, Обид Жалилов, Фатхулла Умаров, Сайфи Олимов, Маъсума Қориева, Босит Қориев, Зиё Саидлардир. Маннон Уйғур ватанпарварлик ва маърифатпарварлик ғоялари билан суғорилган Фитрат, Ғулом Зафарий, Чўлпон, Қодирий, озарбайжон драматурги Ҳусайн Жовид асарларини саҳналаштирди.
Шу йилларда Қори Ёқубов ташаббуси билан биринчи ўзбек халқ мусиқа ансамбли ташкил этилди. 1926 йилда эса юзага келган биринчи ўзбек давлат концерт-этнографик ансамблига атоқли ўзбек хонанда, актёр, созандалари жалб этилиб, 1929 йилда унинг заминида Самарқандда Ўзбек давлат мусиқали театри ташкил топди. Айнан ўша даврларда атоқли ўзбек ижрочилари чет эл гастролларида бўлишган: Тамарахоним, Қори Ёқубовлар Париж ва Берлинда (1925) катта муваффақият қозонишган. 1936 йилда Ўзбек давлат филармониясининг ташкил этилиши ижрочилик санъатининг маълум даражада тизимланишига асос бўлди. Ўзбек халқ чолғу асбоблари оркестри, ашула ва рақс ансамбллари, хор капелласи, симфоник оркестр унинг таркибида иш бошлади.
20-йилларнинг ўрталаридан бошлаб Ўзбекистонда қатор илмий ва ўқув муассалари ташкил этилди. Хусусан, Туркистон Халқ Университети қошида тупроқшунослик ва геоботаника, биология, зоология, педагогика ва психология, физика-математика, экология илмий-тадқиқот институтлари фаолият кўрсата бошлади. Шунингдек, республикада 20-йиллар охири – 30-йиллар бошида Тропик тиббиёт институти, Тиббий паразитология ва гелüминтология илмий-тадқиқот институти, Сув хўжалиги тажриба-тадқиқот институти ва бошқа илмий муассасалар ташкил қилинди.
30-йилларда республикамиз ҳамда минтақада илм-фан равнақига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий миллатга мансуб олимлар етишиб чиқдилар. Улар Т.Қори-Ниёзий, Т.Саримсоқов, С.Сирожиддинов, О.Содиқов, Т.Зоҳидов, У.Орипов, С.Умаров ва бошқалардир.
1932 йилга келиб, Ўзбекистон олимлари Республика Фанлар Академиясини ташкил этишга киришдилар. Бу йўлдаги илк қадам бўлиб 1932 йил 11 октябрда Ўзбекистон илмий-текшириш муассасаларига раҳбарлик қилувчи республика қўмитаси тузилди. 1940 йил 9 январда Фан Қўмитаси СССР ФАнинг Ўзбекистон филиалига айлантирилди. 1940 йилда унинг негизида СССР ФА Ўзбекистон филиали (ЎзФАН) тузилди. Шу даврдан ЎзФАН Ўзбекистоннинг илмий-тадқиқот марказига айланди. Унинг таркибига геология, ботаника, кимё, сув хўжалиги муаммолари, тарих, тил ва адабиёт институтлари; тупроқшунослик, зоология, физика ва математика секторлари; Тошкент астрономия обсерваторияси; иқтисодий тадқиқотлар ва картография бюроси киритилди.
1943 йилда ЎзФАН асосида Ўзбекистон Фанлар Академияси (ЎзФА) ташкил этилди, унинг биринчи президенти этиб академик Тошмуҳаммад Ниёзович Қори-Ниёзий сайланди.
Умуман, маданий-маънавий ривожланишни бир қолипда ушлаб туришга интилган маъмурий-буйруқбозлик тузуми миллий-маънавий тарбиянинг аҳамиятини эътиборга олмади. Миллий маданиятга шубҳа билан қараган марказ қабул қилган қатор қарор ва режалар вазиятни тушунмаган ҳолда қабул қилинди. Бундай ҳаракатлар ўша вақтларда ўзбошимчаликнинг ҳақиқий бир кўриниши эди. Партиянинг мафкуравий масалаларга доир йўл-йўриқлари ва уларнинг рўёбга чиқарилиши адабиёт, санъат ва ижтимоий фанлар ривожланишига тўсиқ бўлди, жойларда ижодкор ва илмий зиёлиларнинг бошқача фикрловчи вакилларини йўқ қилишга олиб келди. 40-йиллар охири-50-йилларнинг бошларида маданий мерос таъқиб остига олинди. Ўзбекистонлик бир гуруҳ ёзувчилар, шоирлар ижодий ишлари коммунистик мафкуранинг андозаларига мос келмаганлиги учун, гўёки улар ўз асарларида «миллатчилик ғояларини» олиб кирганликлари учун «миллатчи» тамғаси ёпиштирилди. Уларнинг бир қанчаси қатағон қилинди.

Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   54   55   56   57   58   59   60   61   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling