Шартли равишда ташувчилар қуйидаги тоифаларга бўлинади:
Ўткир ташувчилар - касалланиб ўтганларидан сўнг 3 ойгача бактерияни ташқи муҳитга ажратувчилар. Касалланиб ўтганларнинг кўпчилиги ўткир ташувчи бўлиб қоладилар (20 % ва ундан юқори).
Сурункали бактерия ташувчилар – касалланиб ўтгандан сўнг 3 ва ундан ортиқ ой давомида, кўпинча умрининг охиригача бактерияни ташқи муҳитга ажратувчи шахслар бўлиб, уларнинг улуши касалланиб ўтганларнинг 3-5 % га тўғри келади. Паратиф “В” да бактерия ташувчилик ич терламага нисбатан кўпроқ шаклланади. Илгари ич терлама ёки паратиф билан оғриб ўтмаган одамлардан олинган ўт суюқлиги таҳлилидан ҳеч бўлмаса бир маротаба ич терлама ёки паратиф касаллик қўзғатувчиси ажратиб олиниши бу одамни сурункали ташувчилар тоифасига киритилишига асос бўлган.
Транзит бактерия ташувчилар - ташувчиликнинг бу хили ич терлама ёки паратиф бактерияларининг инфекцияга мойил бўлмаган кишилар (касалликни ўтказганлик, эмлаш оқибатида ва б.) ичагига ҳар қандай тушиш натижасида ёки кам миқдорда тушганда вужудга келади. Бунда микроблар қонга ёки ички органларга ўта олмайди ва бир неча кунгача ичакдан ташқарига касаллик белгиларисиз ажралиб туриши мумкин. Одатда транзитор ташувчиликда қўзғатувчи бир марта нажасда аниқланади. Бактерияларнинг сийдик ёки ўт суюқлигида мавжудлги транзитор ташувчиликни бекор қилади. Сурункали ташувчи ёки транзитор ташувчиликни фақат шифохона шароитидагина аниқлаш мумкин. Озиқ – овқат ва унга тенглаштирилган корхоналарга ишга кирувчилар ўртасида бактерия ташувчилик аниқланса, улар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг амалдаги норматив ҳужжатлари асосида текширилади.
Беморни шифохонадан чиқарилиши. Антибиотик олган реконвалесцентлар нормал ҳароратнинг 21 кунидан, олмаганлар эса 14-кунидан шифохонадан чиқарилади. Ич терлама ва паратиф беморларини шифохонадан чиқаришда назорат тариқасидаги бактериологик текширувда касаллик қўзғатувчиларини анализда ажратиб олиниши, беморни шифохонадан чиқарилишига тўсқинлик қилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |