Одамлар ва ҳайвонларда куйдирги касаллигининг профилактикаси ва эпидемияга қарши чора – тадбирлар тўғрисидаги услубий қўлланма
I. Умумий ветеринария – санитария чора-тадбирлар
Куйдирги касаллигининг профилактикаси ветеринария ва тиббий-санитария чора-тадбирларига бўлинади. Ветеринария хизмати қуйидаги тадбирларни амалга оширади:
- куйдирги бўйича нохуш стационар пунктларни аниқлаш, рўйхатга олиш ва уларнинг паспортини тузиш, картаграмма қилиш;
- нохуш стационар пунктларда қишлоқ хўжалик ҳайвонларини куйдирги касаллигига қарши режали тарзда мажбурий эмлаш;
- касалликдан нобуд бўлган ҳайвонлар кўмилган жойлар (скотомогильник), чорва моллари ҳайдаб ўтиладиган йўллар, яйловлар ва чорва моллари боқиладиган объектлар устидан тегишли назорат олиб бориш;
- чорва моллари маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва хом ашёларига қайта ишлов беришда ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат олиб бориш;
- куйдирги билан касалланган ҳайвонларни ўз вақтида аниқлаш, уни алоҳидалаш, даволаш ва ўчоқда эпизоотологик текширув ўтказиш, касалликдан нобуд бўлган ҳайвонлар жасадини зарарсизлантириш (ёқиш), ўчоқда мажбурий, жорий ва якуний дезинфекция тадбирларини ўтказиш;
- аҳоли ўртасида ветеринария-санитария тушунтириш ишларини олиб бориш.
II. Одамлар ўртасида куйдирги касаллиги бўйича
санитария-эпидемиология назоратини олиб бориш
2.1. Куйдирги касаллиги бўйича санитария - эпидемиология назоратини олиб бориш бу эпидемик жараённи динамик кузатиш, одамлар ўртасида касалликни тарқалиши ва эпидемик ўчоқни келиб чиқишига йўл қўймаслик, вазиятни баҳолаш ва эпидемияга қарши санитария тадбирларини мос равишда ишлаб чиқишдан иборатдир.
2.2. Одамлар ўртасида куйдирги касаллиги бўйича санитария – эпидемиология назоратини олиб бориш қуйидагиларни ўз ичига олади:
- одамлар ўртасида куйдирги билан касалланишнинг ҳар бир ҳолатини рўйхатга олиб, мониторинг олиб бориш;
- куйдирги касаллиги қўзғатувчисининг циркуляцияси устидан мониторинг олиб бориш, касаллик бўйича нохуш стационар пунктларни аниқлаш, рўйхатга олиш, паспортини тузиш ва уларнинг санитария ҳолати ва фаоллашувини доимий назоратга олиш;
- куйдирги касаллигининг эпидемик кечишига асосланиб, ҳудудлар кадастрини тузиш ҳамда ушбу ҳудудлардаги куйдирги касаллиги бўйича эпидемик ва эпизоотик ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотлар билан доимий равишда ахборот алмашинувини олиб бориш;
- ҳар йили куйдирги бўйича нохуш стационар пунктларнинг аниқланиш ҳолатини, фаоллашувини ва ўзгарувчанлигини тахлил қилиб бориш;
- касбига кўра, куйдирги касаллигини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган шахсларни касалликка қарши профилактик эмлаш ишлари устидан назорат олиб бориш;
- ўтказилаётган тадбирларни самарадорлигини баҳолаш;
- эпидемиологик ҳолатни башорат қилиш.
Do'stlaringiz bilan baham: |